Мумтоз адабий меросимизни ўрганиш бўйича 2012 йили олиб борилган изланиш ва тадқиқотлар натижаси, асосан, илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган мақолалар, монография ва рисолаларда ўз аксини топган. Улар хусусида фикр юритар эканмиз, кўнгилдан, аввало, шу давр мобайнида назарий жиҳатдан бақувват, янгиликка эга бўлган тадқиқотлар чоп этилдими? Адабиётга қандай янги топилдиқлар олиб кирилди? Чоп этилган илмий ишларнинг кўлами қандай, улар тадқиқот-тарғибот хусусиятига эгами ёхуд бир жойда депсиниб туришдан нарига ўтмаяптими, деган саволлар ўтади.
Масалага шу нуқтаи назардан бирқадар ойдинроқ ёндашилса, назарда тутаётганимиз – ўтган йилги адабиётшунослик манзараси намоён бўлади.
Ўзбек мумтоз адабиётини тадқиқ этиш борасидаги энг муҳим тадқиқотлар, мақола ва тақризлар, асосан, “Ўзбек тили ва адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ҳамда илмий тўплам ва илмий анжуманлар материаллари саҳифаларида ўз аксини топган. Шу ўринда “Маърифат” газетасидаги айрим мақолаларнинг илмий қимматини эътироф этиш муҳим. Чунки уларда чоп этилаётган мақолаларнинг савияси ва илмийлик даражаси журнал мақолаларидан қолишмайди.
Таъкидланган манбаларнинг ўзида юзга яқин мақола, мақола-тақриз, ахборот-мақолалар чоп этилган. Ўнга яқин китоблар нашрдан чиққан. Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, мазкур йилда чоп этилган монографиялар сони ўтган йиллардагига қараганда камроқ. (Буни ушбу йилда номзодлик, кўпроқ докторлик диссертациялари ёқланмаганлиги билан изоҳлаш мумкин.) Шунга боғлиқ ҳолда, матбуотда аввалги – 2011 йили нашрдан чиққан монографияларга таништирувлар, айниқса, таҳлилий тақризларга тез-тез кўзингиз тушади. Бу ҳам мумтоз адабиётшуносликка оид муайян бир йўналишнинг жонланганлигидан далолат.
“Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг илк сони Иброҳим Ҳаққулнинг “Навоий ва юнон адабиёти” мақоласи билан бошланади. Шарқ шеъриятида юнон адабиёти ва тарихига алоқадор образларга муносабат билдирилган бу мақола айрим мавҳум масалаларга ойдинлик киритади. Шунингдек, Нусратилла Жумахўжа, Дилором Салоҳий, Ҳасан Қудратиллаев каби олимларнинг мақолалари бу йилги адабиётшуносликда, айниқса, навоийшунослик ва бобуршуносликда алоҳида аҳамиятга эга. Шу ўринда филология фанлари номзоди Қодиржон Эргашевнинг илмий ишларига тўхтаб ўтиш ўринли. Унинг масалага холис ёндашиши, қатъий илмий далилларга риоя қилиши, изчил тадқиқотлар олиб бориши эътиборни тортади. Жумладан, “Ўзбек тили ва адабиёти” журналидаги “XVI асрнинг биринчи ярмида тарихий наср хусусиятлари”, “Янглиш талқинлар” деб номланган – илмда Навоий биографиясини ёритишда йўл қўйилган айрим чалкашликлар ҳақидаги мақолалари тадқиқот характерига эга. Ҳар икки мақолада ҳам муаллиф ўз хулосаларини ифодалаш учун кўплаб манбаларни қиёслаб ўрганган, ишонарли далиллар келтирган ва тўғри хулосалар чиқарган.
Кейинги йилларда изчил фаолият кўрсатаётган Иқболой Адизованинг мақолалари, асосли фикрлари билан муаммоларни тўғри англаб, ечимини тақдим этишга уринаётган Абдурасул Эшонбобоевнинг изланишларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. И.Адизованинг Фузулий, Увайсий, Нодира ижодий меросига оид мақолаларида янги талқинларга ўтиши бу борадаги ишлар кўламининг кенгайишига имкон беради. Тадқиқотчи А. Эшонбобоевнинг “Ўзбек иншо санъати” номли тақризи ёки “Навоий асарларининг илмий-танқидий нашри ҳақида”ги мақоласида бугунги куннинг энг оғриқли нуқтаси ҳақида тўхталиб, бу муаммони ўрганиш ва ҳал этишга даъват этилган. Бироқ сўнгги йилларда бир адабиётшунос кўтарган муаммога бошқаларнинг бефарқ бўлиши адабиётшунослигимизнинг бир ерда узоқ депсиниб туришига сабаб бўлмоқда. Масалан, 2012 йили бир илмий тўпламда профессор Ҳамидулла Болтабоевнинг “Ўзбек адабиёти тарихини даврлаштириш тамойиллари” деб номланган мақоласи чоп этилди. Конференцияда қизиқиш билан тингланган маърузада бугунги адабиётшуносликнинг энг долзарб ва баҳсталаб муаммоси кўтарилди. Бироқ ҳанузгача унга акс-садо йўқ. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бундай баҳсни давом эттириш, у ҳақда ўйлаш, аслида, ҳар бир адабиётшуноснинг иши. Баҳсталаб мақолалар керак бўлгани каби, уларга жавоблар бериш, муносабат билдириш пайти ҳам келди.
Яна бошқа бир мақолага эътибор қаратайлик. Адабиётшунос Рустам Тожибоев “ЎзАС” газетасида чоп этилган “Вазн талаби ёхуд ғазалдаги ғализликлар хусусида” мақоласида матншунос ва манбашунослар зиммасидаги масъулият, мумтоз асарларнинг бугунги нашрларидаги муаммоларни ўринли ўртага ташлайди. Мақола муаллифи, матнни нашрга тайёрлаётган мутахассис ҳар бир шеър вазнини аниқлаб олиши ва уларнинг жорий ёзувдаги нашрда тўғри берилишига жиддий эътибор қилиши лозим. Қолаверса, вазнга эътиборсизлик оқибатида қўпол хатолар юзага келиши мумкинлигини матншунос доим ёдда тутиши зарур, деб, Комёб ва Ҳувайдо “Девон”лари нашрига оид камчиликларни кўрсатиб берган.
Тадқиқотчи Бобомурод Эралиевни жиддий изланишлар натижаси бўлган мақолалари – “Фарҳоднинг ташрифи”, “Тўрт қаср тарҳи” мақолалари тадқиқот характерига эга. Уларда масаланинг моҳияти ишонарли очиб берилган. Айниқса, ўртага ташланган масаланинг Румий асарларига боғлаб тушунтирилиши ёки Сизиф тимсоли ёрдамида қизиқарли ва қиёсий талқин этилиши, қайсидир жиҳатлари билан устоз Нажмиддин Комилов бошлаган йўлни давом эттираётганлиги кишида умид уйғотади.
Таҳлилий мақолалар ҳақида сўз кетганда, Олимжон Давлатовнинг “Навоий девонларида ишора санъати”, “Ажаб йўқ одамилиғни унутсанг” каби Навоий ижодий ниятини илмий, диний-тасаввуфий манбаларга боғлаб очиб берадиган мақолалари ҳам эътиборни тортади. Уларни тадқиқотчидан Навоий ижодини жиддий ўрганиш қанча кўп билим талаб этилишини кўрсатадиган яхши мақолалар қаторига қўйиш мумкин.
“Маърифат” газетасида чоп этилган Полвон Отабекнинг “Навоий ҳақидаги ҳақиқатлар” мақоласи ҳам жиддий таҳлилий мақолалардан. Унда Шуҳрат Сирожиддиновнинг кўпчилик эътиборини тортган “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” монографияси ўрганилиб, унинг бугунги навоийшуносликдаги ўрни ва аҳамияти хусусида фикр юритилган.
Тадқиқотчи Бурҳон Абулхайров эса “Миён Бузрукнинг ўзбек адабиётида тасаввуф масаласига оид қарашлари” мақоласида 20-30-йилларда ўзбек мумтоз адабиётини тадқиқ этиш билан жиддий шуғулланган адабиётшунос олимнинг ўзбек мумтоз адабиётига, хусусан, тасаввуф адабиётига муносабатини ўрганади, тадқиқ этади ва баҳолайди. Тадқиқотчининг бу йўналишдаги яна бир хизмати “ЎТА” журналининг 5-сонида Е.Э.Бертельснинг “Бедил ҳақида мулоҳазалар” мақоласини нашрга тайёрлаб, чоп эттирганида кўринади.
Журналларимиз саҳифаларида қисман бўлса-да, танқидий руҳдаги мақолалар чоп этилаётганлиги хусусида юқорида ҳам таъкидлаган эдик. “Шарқ юлдузи” журналининг “Меросимизни ўрганамиз” рукнидаги Валижон Қодирова Акрамжон Ваҳобовнинг “Бобурнома”даги таърих – муаммолар муаммоси” мақоласида “Бобурнома”нинг табдил – транслитерация қилинган нашрларида таърих санъати орқали ифодаланган саналарнинг бузилганлик ҳақидаги фикрлар асосли кўрсатиб берилган. Унда матншуносликдаги жиддий камчиликлар очиб берилади. Бу борада иш олиб бораётган ноширлару тадқиқотчиларни сергаклантиради, янги мақолаларни –изланишларни талаб этади. Бироқ, мақола муаллифлари ўртага ташланган муаммони 1989 йили чоп этилган “Бобурнома”га асосланиб ўрганганлар. Бундай тадқиқотлар мукаммалроқ ва охирги нашрларга, жумладан, “Бобурнома”нинг 2002 йили Эйжи Мано танқидий матни асосида яратилган янги нашрига таяниб ўрганилганда, унинг илмий қиммати яна ҳам ошарди.
Мақола аввалида, бу йил адабиётшунослигимизга қандай янги топилдиқлар – манбалар олиб кирилди? – деган савол қўйилган эди. Бу масалада Афтондил Эркиновнинг “Навоийнинг мухлислари томонидан тузилган яна бир девони” ва “Амир Умархон туҳфаси”, афғонистонлик тадқиқотчи Ҳалим Ёрқиннинг “Низомий Ганжавийнинг туркий девони” мақолаларида янги топилган манбалар ҳақида маълумотлар берилади. Дунёнинг турли кутубхоналаридан ўзлари излаб топган бу манбаларга илмий баҳо берган мазкур олимларнинг ишлари таҳсинга сазовор.
Ўтган йили чоп этилган монография, рисолалар жумласига Нодирхон Ҳасаннинг “Яссавийликка доир манбалар ва “Девони ҳикмат” монографияси, устоз Нажмиддин Комиловнинг “Маънолар оламига сафар”, Ҳамиджон Ҳомидийнинг “Фирдавсий ва ўзбек адабиёти”, турк олими Мустафо Эсоннинг “Тазкирадан биографияга”, озарбойжонлик Гулшан Алиева-Кангарлининг “Фузулийшунослик тарихи ва назарияси” монографиялари 2012 йили мумтоз адабиётимиздаги энг муҳим ва илмий қимматга эга китоблар, деган фикрдамиз.
Айниқса, сўнгги икки тадқиқот нафақат янги манбалар билан бизни таништиради, балки янги тадқиқ усулларининг ҳам кириб келишига йўл очади. Умуман, чет эллик олимларнинг ўз тадқиқотлари билан ўзбек матбуоти саҳифаларида қатнашаётганлиги ижобий ҳодиса. Жумладан, Республикамизга келиб, тадқиқот олиб бораётган Жанубий Корея давлати Сеул шаҳри, Донгдок хотин-қизлар университети профессори, Низомий номидаги ТДПУ ўқитувчиси Инкёнг О,нинг мақолалари ҳам кўпчилик эътиборини тортди. “Ёшлик” журналида чоп этилган “Ўзини яратган қаҳрамон” мақоласида у “Жумўнг” ва “Алпомиш” достонлари орасидаги ўхшашликка эътиборни қаратгани бизнинг адабиётшунослик учун ҳам янгилик бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, ўтган йил чоп этилган мақолалар, китоблар ва бошқа тадқиқотлар мумтоз адабиётимизни ўрганиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлигини намойиш қилади ва, айни пайтда, бу адабиётшунослик олдида турган, келгусида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларни белгилашда муҳим аҳамиятга эга.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 3-сон.