Маълумотларга кўра, айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва порахўрлик натижасида йилига бир триллион долларга тенг пул ўзлаштириларкан. Боз устига, коррупция муаммолари билан шуғулланувчи Transparency International ташкилотининг маълумотларига қараганда, порахўрлик эвазига келтирилган бу зарар ҳисобланганда, ўзга мулк ва пулни ўзлаштириш ва бунга тегишли бошқа жиноий ҳаракатлар ҳисобга олинмаган.
Энди бу ёғини ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг. Агар ана шу маблағлар ҳам халқ фаровонлиги йўлида ишлатилса борми…
Хўш, коррупция шунчалик хавфли экан, ўзи нима у ва унинг моҳияти қандай деган савол туғилиши табиий. Коррупция сўзи инглиз тилидан таржима қилинганда “corruption” — пулга сотилиш, бузилиш, айниш деган маъноларни англатади. Коррупция билан боғлиқ жиноятларга мансабдор шахсларнинг ўз вазифаларини суиистеъмол қилишлари ва мансаб сохтакорлиги каби ҳолатлар киради. Яъни давлат хизматчиларининг, мансабдор шахсларнинг ўз мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, жиноят олами вакилларига номоддий ва моддий жиҳатдан сотилишлари, пора олиш, бериш, воситачилик қилишлари ва ҳоказолар…
Коррупция ва порахўрлик авж олган давлат ич-ичидан емирилади. “Еттинчи канал” интернет сайтининг Исроил давлатида давлат раҳбарларининг ҳам коррупция ва порахўрликка аралашиб қолаётганлигини назарда тутиб, мамлакатда авж олган корруптсияни миллат учун ядро қуролидан ҳам қўрқинчлироқ деб таърифлагани бежиз эмас. Давлатнинг бош бўғини жиноятчилар билан олди-берди қилса, охир-оқибатда жиноятчиларнинг ўзлари ҳокимият тепасига келиб қолиш эҳтимоли ҳақиқий воқелик билан тенглашса, яна нима ҳам бўлиши мумкин дейсиз?
Шу сабабли ҳам коррупция ва порахўрликни бир сўз билан чинакамига “Халқаро офат” деб аташ мумкин.
Бу иллатлар ҳаттоки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳам олдида турган ечими чигал долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади.
Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарида коррупция ва порахўрлик ҳақида тўхталиб, “Жиноятчилик ва коррупциянинг авж олиши давлатнинг конститутсиявий асосларини емиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий тарзда бузилишига олиб келади. “Қонунлар ва фармонларни қабул қилишдан мақсад уларни четлаб ўтишдир” деган мутлақо ярамас қоида жамиятнинг энг оддий ҳуқуқий тартибот ва жамоат тартибини сақлаб туриш қобилиятидан маҳрум бўлишига олиб боради”, деб таъкидлайди. Айтиш жоизки, мамлакатимизда ҳозирда ички ишлар, прокуратура органлари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот тизимларида “Коррупцияга қарши кураш” бўлимлари тузилган. Бу бўлимлар айни дамда шу иллатга қарши курашиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлашнинг муҳим замини бўлиб хизмат қилмоқда. Яқинда эса, яъни 2008 йилнинг 7 июл куни БМТнинг “Коррупцияга қарши” Конвенциясига (Нью Йорк 2003 йил йил 31 октябр) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун асосида миллий қонунчилигимизга қўшимча ва ўзгартириш киритиш чоралари ҳамда янги қонунлар, бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилмоқда. “Ўзбекистоннинг давлат хизмати тўғрисида”ги, “Жабрланувчилар, гувоҳлар ва бошқа жиноят жараёни иштирокчиларини давлат томонидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан. Ҳозирда мазкур қонун лойиҳалари устида таклифлар билдирилмоқда.
Матбуот — жиноятни фош этувчи асосий кучлардан бири
Коррупция ва порахўрлик иллатлари ўзининг манфур башарасини ўзгартириб, турли қиёфага киришга шу қадар уста бўлиб кетганки, бугун у билан нафақат прокуратура органлари, балки ватан равнақи ёдида бўлган ҳар бир фуқаро курашиши керак. Айниқса, бу ўзига хос фош этиш жараёнида ОАВ ходимларининг изланувчанлиги ва довюраклиги муҳим аҳамият касб этади. Бунга дунё миқёсида жуда кўплаб мисолларни келтириш мумкин.
Масалан, Халқаро Олимпия қўмитасининг болгариялик аъзоси Иван Славковнинг 2012 йилги Олимпиада ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида қўмита аъзоларининг овозларини сотганлиги оддий бир мухбир томонидан фош этилган. Мухбир бир йил давомида яширин камера ёрдамида Славковни кузатган. Шу тарзда изланувчи журналист катта машаққатлар эвазига жиноятчининг асл башарасини тўсиб турган махфийлик пардасини очиб ташлаган. Таъкидлаш ўринли, коррупцияни фош этишда журналистдан нафақат етарлича ахборот тўплаш, балки улкан жасорат ҳам талаб этилади.
Журналистик текширув ёки тадқиқотлар журналистикаси деб аталувчи соҳанинг янги бир йўналиши бу нафақат маҳаллий, балки халқаро миқёсда изланишлар олиб боришдир. Тўғри, кўп ҳолларда катта пул аралашган ишларда ҳақиқатни топиш қийинроқ кечади. Унга тегишли материаллар чоп этилгач эса, журналистнинг ҳаёти хавф остида қолиши ҳам мумкин. Чунки бугун дунёда коррупция шундай кучга эгаки, унинг изидан тушишга журъат этган журналистга ҳам осон бўлмайди. Бунга мисол сифатида 2000 йилда мозамбиялик журналист Карлос Кардоза коррупция ҳақида ёзган мақоласи учун ўз машинасида отиб ўлдирилганлигини келтиришимиз мумкин. Бироқ, юқоридаги хавфга қарамай коррупцияни фош этиш ОАВнинг асосий вазифасидир. Фақат шундагина халқ давлат хизматчиларининг фаолиятидан тўлақонли бохабар бўлиб туради.
Коррупция ва порахўрликка мажозий таъриф берадиган бўлсак, у жамият илдизига тушган қуртдир. Бу иллатни иложи борича зудлик билан йўқотиш зарур. Аммо афсуски, ҳар бир давлатда бўлгани каби, мамлакатимизда ҳам бу иллат озми кўпми, учраб турибди. Масалан, 2000-2008 йилларда “Ўзқурилишматериаллари” АК бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Собир Эргашев ўз мансаб ваколатини қасддан суиистеъмол қилиб, шахсий бойлик орттириш мақсадида Италиянинг “Роверой ЛТД” фирмаси раҳбари А.Чернишова, Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки лойиҳавий молиялаштириш Маркази директори П.Зимин, “Лангар” ОТАЖ раҳбари М.Ҳамроев, “Лангар Гранит” ШК директори Д.Кобилов, Навоий вилоят божхона бошқармаси ходимлари У.Равшанов, К.Муминов, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирининг ўринбосари Ш.Абдуллаева ва бошқалар билан жиноий тил бириктириб, жуда катта миқдордаги валюта кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган. Аммо жиноят жазосиз қолмайди. “Олмоқнинг бермоғи бор”, — дейди доно халқимиз. Юқоридаги кимсаларнинг уюшган жиноятлари фош бўлди ва қилмишларига яраша жазо олишди. Бу ҳам мамлакатимизда коррупция ва порахўрликка қарши қатъий кураш олиб борилаётганлигидан далолат беради.
Порахўрлик — бедаво нафс балосими?
Яқинда Жаҳон банки дунёнинг ашаддий “клептократлар”и, яъни порахўрликка руҳан чалинган одамлар рўйхатини эълон қилди. Ундан ўнлаб ўзларини ривожланган, демократия гуллаб-яшнаган деб билгувчи мамлакатларнинг собиқ арбоблари ўрин олган.
Масалан бир вақтлар АҚШ витсе-президенти Дик Чейни томонидан бошқарилган йирик нефт компанияси Ҳалибуртон АҚШнинг Ироқдаги қатор мақсадларини амалга ошириш учун йўлланганди. Натижада ушбу компания бир қанча ноқонуний ишларни амалга ошириб, айнан шу ишларни ёпиш мақсадида кўплаб амалдорларни пул билан сийлаган экан.
Кейинги пайтларда юқоридаги каби вазифаси жиноятчилик, шу жумладан коррупция ва порахўрликка қарши курашиш бўлган баъзи бир давлат арбоблари, суд-ҳуқуқ тизими, прокуратура ходимларининг ўзи ҳам бу иллат домига илиниб, жиноятчилар билан “ош-қатиқ” бўлаётгани дунё ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солмоқда. Масалан, шу йилнинг январ ойида судга тортилган Интерпол президенти ва ЖАР полицияси раҳбари Жеки Селебени олайлик. Интернет тармоғидан олинган маълумотларга қараганда, у ўзининг беш йиллик фаолияти давомида жиноий тузилмалардан жами 170 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган. Албатта, бу ҳолдан ҳар бир киши сергак тортиши табиий. Аммо мана шундай чигал вазиятларда ҳам коррупцияни фош этувчи инсонлар топилади. Қонунларни менсимасдан, уни четлаб ўтишга уринган кимса эса, ким бўлишидан қатъи назар қачон бўлмасин қонун олдида жавоб бериши муқаррар.
Коррупция масалалари билан шуғулланадиган мутахассисларнинг айтишича, кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балосидан қутилиш амри маҳол. Бироқ, катта ва кичик, бой ва камбағал давлатларда коррупцияга қарши курашишнинг самарали стратегиялари мавжуд. Шулардан бири мазкур муаммони очиқ-ойдин муҳокама қилишдир.
Украинада эса тез орада 10-11 синф ўқувчилари мактабда янги “Коррупция ва коррупция фаолияти учун жавобгарлик фанини” ўргана бошлашади. Ўқув дастури муаллифи Лвов вилояти давлат комитети бошлиғи Ярослав Кашубанинг фикрича, бу ҳатто бутун мамлакатнинг таназзулига сабаб бўлиши мумкин бўлган коррупция ва порахўрлик ҳолатларини таг-томири билан йўқ қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Дарҳақиқат, коррупцияга ботган мамлакатларда юлғич мулозимларни жазога тортиб, порахўрликни бутунлай йўқотиш игна билан қудуқ қазишдек ўта машаққатли ишдир. Шу боисдан ҳам бу хавфли иллатларнинг оқибатларини ёш авлод онгига сингдириб бориш, жамиятда коррупция ва порахўрликнинг батамом йўқолишига замин ҳозирлайди.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).