Эргаш Умаров. «Муқаддамат – ул-адаб» қайси туркий тилда ёзилган? (2008)

Филология фанлар номзоди, дотсент Машариф Сафаров “ХII асрда яратилган “Муқаддамат –ул-адаб” ўзбек тили ёдгорлиги ҳисобланади” деган каминанинг фикрига қарши чиқиб, ўзининг “Ёзма ёдгорликлар яхлит бойлигимиз” («Ҳуррият» 2007 йил 19 декабр №51 сон) мақоласида шундай ёзади: “Ўзбек тилида ёзилган асарлар ХИВ асрдан, яъни умумхалқ ўзбек адабий тили пайдо бўлганидан кейин вужудга келди. Ундан олдин яратилган асарлар эса туркий тилга (қадимги ёки эски туркий тилга оид ҳисобланади. Бундай қараш бутун туркологлар томонидан тан олинган. ХII асрда яратилган “Муқаддамат –ул-адаб” эски туркий тилга оид ёдгорликдир”.

Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан Хоразмда алломага бағишланган конферентсияда қатнашган олимлар якдиллик билан Бухорода ўқиб, Отсиз Хоразмшоҳ даврида котиблик қилган Маҳмуд Замахшарийни хоразмлик ўзбек, у яратган “Муқаддамат – ул-адаб”ни ўзбек тилининг ноёб ёдгорлиги деб эътироф этилган бир пайтда дотсент М. Сафаров “Муқаддамат – ул-адаб”ни – туркий ёдгорлик деб турса-я! Ахир, Хоразмнинг Замахшар қишлоғида туб ўзбекларнинг ота- боболари яшаганми ё бошқа туркий халқлар умргузаронлик қилишганми? Хоразмда — ўзбекларнинг юртида битилган ёдгорликнинг бошқа туркий халқларга қандай алоқаси бор экан?!

Энди шу ўринда бир нарсани ойдинлаштириб олайлик: туркий ёдгорлик дегани нима ўзи? Дунёда йигирмадан ортиқ туркий тил бор: ўзбек, қирғиз, уйғур, қозоқ, татар, озор, ёқут, бошқирд ва бошқа. Хўш, “Муқаддамат – ул-адаб” қайси туркий тилда ёзилган? Шуни баралла айта оламизки, бу асар ўзбек тили ёдгорлиги ҳисобланади. Исбот учун икки мисол билан чекланамиз. Ўзбек адабий тили ва унинг шеваларида Худо, Аллоҳ маъносида Тангри, Тенгри сўзи ишлатилади. Бу сўз “Муқаддамат –ул-адаб” нинг 398-саҳифасида ҳам худди шундай шаклда учрайди: янди тенгрига- тангрига тавба қилди. Озор ва турклар бу сўзни танри, ёқутлар тангара, қозоқ ва қорақалпоқлар тенгир, қир­ғизлар тенгири, татарлар тангре шаклида ишлатадилар. Луғатда бўрининг маънодоши қурт сўзи ҳам учрайди (196 а бет.). Озорларда бу сўз ғурд, туркларда курт, турк­манларда ғурт шаклида учрайди. Бу мисол ҳам “Муқаддамат – ул-адаб” ўзбек тилига оидлигини кўрсатади. Мен яна Марғилонда Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзонинг марғилонлик Мирсаид Аҳмадга 1469 йили уйғур хатида битилган ёрлиғини ҳам ўзбек тилига оидлигини таъкидлаганман. Гапимнинг исботи учун ёрлиқнинг боши: “Султон Умаршайх баҳодир сўзим” ва охиридаги жумлани келтираман: “муҳурлик нишон уй(сигир) йил шаввал ойининг йигирма саккизи Андаган (Андижон)да битулди”. М. Сафаров бу фикримга ҳам эътироз билдиради. Умаршайх ахир, ўзбек-ку! Бобур қайси халқнинг шоир ва саркардаси? Менимча, ҳеч бир ёдгорлик “туркий” деган умумий ном билан аталиши жоиз эмас. Ҳар бир ёдгорликда у ёки бу тилга тегишли фонетик, лексик, фразеологик, морфологик белгилар устувор бўлади. Ана шу устувор белгилар асосида улар у ёки бу тилга оид бўлади. Туркий, умумтуркий деган ном умумий тушунчалардир. Хуллас, “Муқаддамат – ул-адаб”ни туркий ёдгорлик деб аташ ўрнига биз баралла уни ўзбек халқининг бебаҳо ёдгорликларидан биридир”, десак хато бўлмайди. Афсуски, айрим олимларимиз қадимий қўлёзмаларни аслиятдан ўқий олмасдан ҳамон баъзи эски туркшуносларининг нотўғри фикр­ларини қайтариб келмоқдалар.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).