Қадимги шарқ қўлёзмаларида “жилд” ва “сайланган”, “танланган” (яъни мунтахаб ёки интихоб) кўринишида атамалар учрайди. Бироқ улар бугунгиларидан фарқ қилади. Жилд ибораси кўп ҳолларда йирик асарларнинг бир неча таркибий қисмлардан ташкил топганини ифодалаш учун “жилди аввал”, “жилди дуввум”… шаклида ишлатилган. Айни дамда “биринчи дафтар”, “иккинчи дафтар”… атамалари ҳам худди шундай вазифани бажарган. “Ал-Ҳидойа” (Бурҳониддин Марғиноний), “Маснавийот” (Жалолиддин Румий) каби муаллифларнинг асарларида худди шундай манзарани кузатамиз. Шарқда кўп жилдлилик асосан жуғрофийа, луғат ёки тилшуносликка оид йирик асарларга хосдир. “Китаб ал-ансоб” (Абдукарим ас-Самъоний, XII аср), “Муъжам ал-удабо”, “Муъжам ал-булдон” (Ёқут Ҳамавий, XIII аср) каби асарларда бу аниқ кўзга ташланади. Кўп жилдли китоблар одатда битта асардан иборат бўлган. Кейинги жилдлар олдингиларини тўлдириб бораверган. Агар битта мавзуга тегишли бўлмаса, жилдлар орасига муаллифнинг бошқа асарлари қўйилмаган. Бошқаларидан янги жилдлар ҳосил бўлган. Кўп жилдли китоблар муаллиф ва саҳҳоф ёки китобатчи ҳамкорлигида дунёга келган. Баъзан бу жараёнда муаллиф иштирок этмаган. Умуман, ўтмишдаги аллома аждодларимизнинг бирортасида бизнинг ҳозирги тушунчамиздаги “кўп жилдли асарлар яратиш” ғоясини учратмайсиз. Улар ҳамиша бирор соҳа ёки мавзуни мукаммал ёритишни мақсад қилишган ва уларнинг кўп жилдлари шу тариқа пайдо бўлган.
Шарқ мумтоз адабиётида “куллиёт” атамаси ҳам мавжуддир. Таркибий тузилишига кўра у бизнинг давримиздаги “жилд” тушунчасига бир оз яқинлашади. ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида Хоқоний (№9079), Саъдий Шерозий (№4448), Хусрав Деҳлавий (№9661), Абдураҳмон Жомий (№2122), Мирзо Абдулқодир Бедил (№7470) каби кўпгина шоирларнинг куллиётлари сақланади. Кўпинча куллиёт шоирнинг бир нечта девонидан таркиб топган бўлади. Куллиётларнинг муаллиф вафотидан кейин ёки ижодкор тириклиги чоғида тузилганлари ҳам учрайди. Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” асари ҳазратнинг ҳаётлигидаёқ шаклланган эди. Ушбу асар шоирнинг “Ғароиб ус-сиғар” (№7463), “Наводир уш-шабоб” (№9847), “Бадойиъ ул-васат” (№3458) ва “Фавойид ул-кибар” (№646) номли тўртта девонидан таркиб топган. Унинг “Хазойин ул-маоний интихоби” деб номланган “танланган” (сайланма) нусхаси ҳам мавжуддир. Қўлёзмалар хазинасида ушбу сайланманинг турли даврларда кўчирилган икки юзга яқин нусхаси сақланади. Мазкур сайланма Навоийнинг дўстлари учун махсус тузилган. Сатрларни шоирнинг ўзи танлаган. Машҳур хаттот Султон Али Машҳадий бу “сайланма”дан кўчирган нусхалар ҳам (790, 3984) қўлёзмалар хазинасида сақланади. Ҳазрат Навоий асарлари асрлар давомида елкалаб келаётган юк салмоғини битта биз ўзбеклар эмас, дунё аҳли жуда яхши билади.
Қўлёзмалар каталогидан жой олган куллиётларнинг кўпчилиги муаллиф вафотидан кейин кўчирилган ё тузилган. Аввало, куллиёт таркибини ҳосил қилган “девон”ларни тузишнинг ўзи машаққат эди. “Девон” бармоқ вазни билан ишлаш эмас. Унинг орқасида шеъриятнинг оғир ва мукаммал илми турибди. Адиб уларни билмаса, девон тузолмасди. Девон якунлангач, ижодкор уни адабий даврага тақдим қиларди ва очиқ ҳамда шафқатсиз синовдан ўтказарди. Куллиёт шундай девонлардан бир нечтасини бирлаштирган. Шу сабабдан мумтоз адабиёт вакиллари орасида ҳамма адиб ва шоирлар ҳам куллиёт тузишга жуда “иштиёқманд” бўлаверишмаган.
Қўлёзмалар орасида нуқсонли, чала кўчирилган ёки шеърлар аралаш берилган куллиётлар ҳам учрайди. Бу, бир томондан, ҳиссиз Вақтнинг иши, иккинчи тарафдан, шу ишнинг ўзи осон бўлмаганини кўрсатади.
Бадиий ижод масаласида мумтоз адабиёт вакиллари билан давримиз ижодкорлари ўртасидаги фарқ анчагина каттадир. Қадимги адиб ўн ёки бир неча ўнлаб асар ёзган бўлиши мумкин. Шунга қарамай, аксарият ҳолларда муаллиф ўз асарининг бир, нари борса икки-уч нусхадан ортганини кўрмаган. Асар соҳибидан кейин ўзи мустақил яшашга маҳкум эди. У вақт тўфони ва турли ижтимоий ҳодисалар гирдобидан омон чиқиши учун, албатта, бадиий пишиқ ва жамиятнинг қандайдир юкини кўтарган бўлиши лозим эди. Босмахоналар пайдо бўлгач, ҳаётнинг барча синовларини енгиб ўтган муаллифлар асарларидан “жилд”лар тузилиб, “сайланма”лар олиш бошланди. Ҳаётийлик, юксак бадиият мумтоз адабиётда жилд ва сайланмаларнинг дунёга келиши ҳамда яшаб қолишидаги асосий ва оддий мезон, талаб эди. Институт хазинасидаги қўлёзмаларда махсус “жилд”чилик ё шунга ўхшаган жараён, ёки бирор муаллифнинг кўп жилдли асарлар ёзиш шиори билан атайин ҳаракат қилгани кўринмайди.
Мумтоз адабиёт намуналарини нашр этишда тадқиқотчи ва ношир сўзсиз амал қилиши лозим бўлган қатъий ва аниқ белгиланган ягона қоида йўқ. Масалан, Навоий асарлари қайсидир нашриётда 10 ва бошқасида 15 ё 20 жилд қилиб чоп этилиши мумкин. Нашр ишида бир неча ҳолатга дуч келамиз. Жумладан, жилдлар ҳажмининг белгиланишида нашр этилажак асарларнинг қай даражада илмий тадқиқ этилгани, унинг зарур илмий шарҳ ва изоҳлар билан қанчалик таъминлангани каби жиҳатлари эътиборга олинади. Асарнинг оддий ёки танқидий матнига қараб ҳам иш тартиби ва нашр меъёри ўзгаради. Бир муаллифнинг нашр этиладиган асарларини жилдларга ажратишда уларнинг ҳажми, мавзуси ва турлари ҳам ҳисобга олинади. Шунингдек, асарнинг бадиий савияси ва тарихий аҳамияти, миллат ва жамият ривожига хизмат қилиши каби муҳим жиҳатлари “жилд” ёки нашр устида ишловчиларнинг диққат-марказида туради.
Ҳозирги тушунчамиздаги саф-саф кўп жилдли замонавий асарлар нашриёт ва босмахоналар маҳсулидир. Улар Адабиётнинг гуркираб ривожланганидан дарак берувчи ҳодиса эмас. Нашр этилаётган замонавий кўп жилдли асарлар сафида пишиқларига нисбатан ғўр ва ўртамиёналарининг салмоғи муттасил ошиб бормоқда. Буни зукко мунаққид жуда яхши билади. Фақат у жим… Мазкур жараённинг олдини олиш ёки секинлаштириш мумкинми? Улардан қутулишнинг иложи борми? Муаммо шунда. Ушбу саволлар худди: “Нега бу дарахт меваларининг ярми ҳар йили пишмай қолади?” деган кабидир. Дарахтнинг эгаси эса ҳаёт.
Ҳозир нашриёт саноати, деган нарса бор. Унинг мурватларини моддийлик ҳаракатга келтиради. Шунингдек, “пишиқ” ва “ғўр”лик масаласи фақат Ўзбекистонга хос эмас. У Европа, Осиё ва Америкада ҳам мавжуд. Бизнингча, узун баҳс ёки махсус қарорлар бунга чек қўя олмайди. Агар ижодкорларни истеъдодли ва истеъдодсиз тоифаларга ажратсак, улар азалдан бор. Бундан кейин ҳам бўлади. Фақат “ғўр” аcарларнинг авж олиши – адабиёт хасталиги аломатидир. Аслида ҳар ўн-ўн бешта ғўр ва ўртамиёна аcар ёнида битта юксак ва мукаммал бадиий асар пайдо бўлиб турса, бу хасталикни даволашга кифоядир.
Абдуcаттор Жуманазар,
ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшуноcлик инcтитути илмий ходими
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 28-сонидан олинди.