Аҳмаджон Мелибоев. Самимият ва холислик либоси

Улуғ устозлардан илмнинг ибодатга қиёсланиши мазмунидаги ҳикматни эшитганимда китоб ўқишга бўлган қизиқишим икки-уч баробар ошган.  Бошқа бир устознинг “Ўқиган китобларингдаги муҳим фикрлар, факт ва рақамлар, воқеа-ҳодисаларнинг қисқача баёни,  муҳим сўз ва иборалар, мақол ва маталлар, ноёб айтимларни  ён дафтарингга қисқача ёзиб қўй (яъни конспект қилиб ол) деган гапи эса мени китобхонлик оламининг сирли оламига етаклаган. Узоқ йиллар давомида бу одат мен учун қатъий қоидага айлангани боис, бундан ўн-ўн беш йил аввал ўқиган китобим ҳақидаги ёзувларимни варақлар эканман, асарнинг бош  мазмуни,  хулосаси хотирамда аниқ жонланади. Мақолаларимда, талабаларга дарс бераётганимда улардан ғоят унумли фойдаланаман. Жалолиддин Румийнинг “Ичиндаги ичиндадир”, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”,  Радий Фишнинг “Уйқудагилар уйғонажак” каби асарларидан, Маҳмуд Асад Жўъшон маърузаларидан келтирилган  иқтибослар тингловчиларда яхши таассурот қолдиради.

“Калила ва Димна”ни биринчи марта қачон ўқиганимни эслай олмайман. Аммо ундаги ҳайвонлар тилидан айтилган кўплаб пурмаъно ҳикматлар ёдимда қолган. Оловда ёнаётган Жанна д-Арк ва Тарас Булбанинг  нидосини, “Бой ила хизматчи”да Жамилага ошиқ бўлган бойнинг деворда ҳақи бўлса, ҳўллаб сомонини олишга тайёр қирриқ домлага қараб, “Тақсир, бир-иккита ривоятни биз томонга қараб юмалатворсангиз бўлди-да”, деган маккорона сўзларини ҳали-ҳануз айтиб юраман. Яхши китоблар ўқувчи нутқини равон қилади,  идрок  даражасини оширади.

Сўнгги йилларда авваллари ўқимаган, аммо ўқишим зарур бўлган кўплаб китобларни ўқидим. Бирор сабаб билан эмас,  эҳтиёж пайдо бўлгани боис ўқидим. Китобларни мактаб ёки олийгоҳ ўқитувчисига имтиҳон топшириш, баҳо олиш учун эмас, ўзинг учун ўқи, бу оламга ўзингни ўзинг бошла, деган маънода алоҳида рисола ёздим. Абу Райҳон Берунийнинг “Қимматбаҳо жавоҳирлар ҳақида билимлар китоби (Минералогия), Атомалик Жувайнийнинг “Жаҳон фотиҳи тарихи”, Светлана Алексиевичнинг “Уруш аёлларнинг иши эмас”, поляк адиби Луиш Монтейрунинг “Майизхўр эркак”, туркман адиби Отажон Тоғоннинг “Бегона” асарлари мутолааси, таниқли публицист Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси”, Фитратнинг “Шарқ сиёсати”, Исмоил Гаспринскийнинг қадим Андалузияга доир туркум мақолаларини қайта ўқиш  менга кўп нарса ҳадя қилди.

Яна тўртта асар – Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзонинг “Каллахоналик йигитча”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилором Каримованинг “Пўртана”, таниқли иқтисодчи олимлар Баҳодир Умрзоқовнинг “Ойжамол”, Тоҳиржон Иминовнинг “Хотира саодати” китоблари ўқувчилар қўлига бориб етди. Ёзувчиликка даъволари йўқ, бошқа касб соҳиблари бўлмиш  тўрт муаллифнинг мароқ билан ўқиладиган тўртта асари.

Алишер Мирзо романининг бир қарашда жанр талабларига тўғри келмайдиган айрим “жиҳат”лари бордек: асар воқелиги ҳаётда, ижтимоий турмушда қандай содир бўлган, ёш Алишер онг-шуурига қандай муҳрланган, хотирасига  нақшланган бўлса, шундай тасвирланади. Муаллиф бадиий бўёқдан, ортиқча зеб-зийнатдан, сюжетни кучайтириш, уни янада қизиқарли қилиш учун ижодий тўқима, орттирма-бўрттирмадан фойдаланмайди. Жўн, халқона, енгил тушуниладиган жумлалар. “Каллахоналик йигитча”ни ўқиган китобхон кўз ўнгида  ўзининг ҳам олис болалик, ўспиринлик йиллари, бўлиб ўтган хуш-нохуш воқеалар тафсилотлари, турфа  тақдирлар-у, турфа чеҳралар намоён бўлади. Хотира уйғонади. Асарнинг  ютуғи шунда.

“Ойжамол” романида ҳам деярли шундай “манзара”га дуч келамиз. Поён Равшанов, Рустамбек Шамсутдинов каби фидойи олимларнинг йиллар давомида олиб борган заҳматли тадқиқотларида акс этган советларнинг ёвуз ният билан босқичма-босқич, ҳар гал аниқ бир мақсадни кўзлаб, ўзимиздан чиққан шоввоз ижрочиларнинг  режаси  асосида амалга оширган қатағон сиёсати ва унинг мудҳиш оқибатлари  “Ойжамол”да бир оила бошига тушган азобу айрилиқлар, оғир йўқотишлар, бу қисқа ҳаётнинг  англаб бўлмас, интиҳосиз имтиҳонлари мисолида очиб берилади. Айни чоғда, дунёнинг ёзилмаган, англанмаган не-не ҳикматлари, ҳақиқатнинг синмаслиги, адолатнинг енгилмаслиги, жиноятнинг жазосиз қолмаслиги  ўқувчи онг-шуурига сингиб боради.

Дилором Каримованинг “Пўртана” асари ҳам шу таҳликали давр ҳақида. Ўқувчи кўз ўнгида жадид боболаримизнинг аянчли тақдири, амалга ошмаган орзу-умидлари, асоссиз айбловлар, оила аъзоларининг таҳқирланиши, “болшавой”ларнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ғоратгарликлари, Ватанни тарк этишга мажбур бўлган не-не иқтидор эгаларининг мунгли қиёфалари намоён бўлади. Адабиётшунос олим Сувон Мели бу китобни ҳақли равишда “Ота ҳақида мунгли қўшиқ” деб атади.

Чиндан ҳам мунгли, афсусли қўшиқ. Муаллиф қалбида адолат излаб исён кўтараётган ботиний туйғуларни, ҳамон жавобсиз қолаётган изтиробли саволларни фарзандлар, набиралар ҳис этадиларми? Бугунги дориломон кунлар, миллатнинг тикланган эрки, фахри-ғурури қандай оғир йўқотишлар, ҳақсизлик, таҳқиру зўравонликларни чидам билан енгиш эвазига қўлга киритилганини тушунадиларми, қадрига етадиларми? Очиқ ҳавода, эркинликда туғилиб вояга етган булбул қафас нималигини билмайди. Буни эътибордан соқит қилмаслигимиз керак.

Таниқли олим Тоҳиржон Иминовнинг “Хотира саодати” китобини ўқиш мен учун осон бўлгани йўқ. Аслида, қизиқарли китоб ҳеч бир қийинчиликсиз ўқилади, асар воқелиги сизни ўзига тортиб кетади. Бош кўтармай ўқийсиз. “Хотира саодати” ўқувчидан мавзуга доир маълум тайёргарликни ҳам талаб қилади. Боиси,  сўзбошида ушбу китоб бир сулола шажараси хусусида дейилган бўлса-да, аслида мавзу қамрови анча кенг: шўролар даврида илм-маърифатли, имон-эътиқодли, диёнатли инсонларнинг аянчли тақдири, алифбонинг икки марта ўзгартирилиши оқибатлари, қулоқлаштириш сиёсати келтирган жабру жафолар… Буларнинг барчаси аянчли ҳикоялар, сулола вакиллари тақдирига доир ҳаяжонли хотираларга айланади.

Китобни ўқир эканман, ёшлиги Украинада сургунда ўтган Тўрахон дом­лага эътибор бердим. Гарчи у кишини ҳаётда кўрмаган, суҳбатларидан баҳраманд бўлмаган бўлсам-да, менга танишдай, худди кўпдан бери биладиганимдай, бир нималарни ўрганган мўътабар устозимдай кўриниб кетди кўзимга. Муаллиф шундай ёзади:  “Тўрахон домла ва у киши кабилар ахлоқ, эътиқод, маънавият ва маърифат бобида ўз даврининг пешқадамлари бўлган. Ёшлигимизда мактабда “Эски домлалар дин вакилларидир, дин эса афъюндир” деган фикр онгимизга сингдирилган эди. Бу муҳтарам зот таъсирида кўплар ислом динининг асл ва чин маърифатидан баҳраманд бўлишди. Бундай инсонлар зиммасига исломий маданият ва ақоидлар асосида миллатнинг илғор фикрлари, урф-одатлари ва маънавий бойлигини асраб-авайлаш, ёшларга руҳий-жисмоний покликка эришиш йўлларини кўрсатиш масъулияти юкланганини аста-секин англаб бордик”.

Бу жумлалар менга Тўрахон домланинг таниш туюлиши сабабини англатди: у зот менга қўқонлик марҳум Жўрахон тўра ва тақдир тақозоси билан туғилган қишлоғим Сафед Булонга бориб қолган,  охират сафаригача шу ерда истиқомат қилган, ўзларидан қобил фарзандлар қолдирган аллома Абдуназар қорини эслатган эканлар.

Жўрахон тўра Қўқоннинг илм-маърифатли, серфазилат инсонларидан бири эди. У киши билан бор-йўғи бир марта суҳбатлашган, юз ёшли ота­лари ҳақидаги хотираларини тинглаган, ёқимли талаффузда Бобо Машрабдан, Бедилдан, Фузулийдан ўқиган ғазаллари маъносидан баҳраманд бўлган кишининг, агар кўнгли тошдек қотиб қолган бўлса, мойдек юмшар, ғуссага ботган бўлса, дилида умид чироғи ёнар, жаҳл отига минган бўлса, эгардан тушар, йўлидан адашганлар диёнат кўчасига бурилиб кетарди. Бу ёруғ оламни эрта тарк этган яна бир қўқонлик маърифатпарвар инсон – Нуриллахон ака билан бу мўътабар инсоннинг суҳбатларини кўп бор тинглаганмиз. У кишининг чоққина хонадонларидан узоқ йиллар маънавий зиё, маърифий ёғду таралиб турганига гувоҳман.

Абдуназар қори ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. У кишининг исломий ва дунёвий илмлари  чуқур, бунинг устига, кўп жиҳатдан ўзаро уйғун эди. “Дил ба ёру даст ба кор” деган ҳикматни илк бор шу устоздан эшитганман. Бу қоидага, аввало, ўзлари амал қилар эдилар. Қишлоғимизга  келиб узоқ вақт сувоқчилик қилдилар. Уй қураётган киши ишга айтса, ким бўлишидан қатъи назар, йўқ демасдилар. Исломий маърифат, одоб-ахлоқ, ҳалол ва ҳаром, ризқ-насиба, бировнинг ҳақи, омонат, гувоҳлик масъулияти, ғийбатнинг оғир юки, иззанинг ҳаромлиги  ҳақидаги суҳбатлари қулоғимда қолган. Жўрахон тўра, Абдуназар қори каби инсонлар Тоҳиржон Иминовнинг китобида тавсиф этилган Тўрахон домладек “минг шамлик чироқ” эдилар. Таассуфки, собиқ тузум бундай даҳоларнинг қадрига етмади, улардан таралаётган зиё нуридан баҳраманд бўлмади, аксинча, бошларига кўп кулфатлар ёғдирди.

Бундай кулфатлардан бирини Тоҳиржон Иминов китобда ғоят таъсирчан қилиб кўрсатган: собиқ тузум оталарнинг имон-эътиқодига қарши курашди,  фарзандларини динсизлик, эътиқодсизлик йўлига бошлади, айрим ҳолларда бунга эришди ҳам. Оталар фожиаси ёнига фарзандлар фожиаси қўшилиб, жамиятни  жар ёқасига олиб келди.

“Хотира саодати”да ғоят муҳим бир маълумот келтирилади. Қуръони каримни рус тилига ўгириш ҳаракатлари Русияда Пётр 1 даврида бошланиб, биринчи марта 1716 йили амалга оширилган экан. Узоқ йиллар давомида турли даражадаги таржималар ўн олти марта нашр этилган. Аммо уларнинг аксарияти араб тилидан эмас, бошқа тиллардан таржима қилингани боис, кўп ноаниқликларга йўл қўйилган. 1871 йили Д.Н. Богуславский биринчи марта Оллоҳнинг бу каломини рус тилига араб тилидан ўгирган. Лекин бу таржима ҳам, бошқалари ҳам  мукаммал бўлмаган. Рус исломшунослари академик И.Ю.Крачковскийнинг таржимасини  нисбатан мукаммалликка яқин деб ҳисоблашади. Бу вариант 1998 йилгача беш марта чоп этилган.

Бу фактларни келтиришдан мақсад шуки, маърифий дунёда  бундай ҳаракатлар бўлиб турган  пайтда шўролар тузуми бутунлай бошқача йўл тутди – диний эътиқодга қарши муттасил кураш олиб борди, мамлакатда узоқ йиллар ялпи даҳрийлик ҳаракати ҳукм сурди, никоҳ ўқитиш  қораланди, уйида Қуръон китоби ёки араб имлосида ёзилган оддий рисола бор киши устидан  авж олган чақув не-не алломаларнинг умрига зомин бўлмади. “Хотира саодати”ни ўқиган ўқувчи бунга чуқур амин бўлади.

Совет тузуми дунё дунё бўлганидан бери ҳеч бир давлатда, ҳеч бир жамиятда ва ҳеч бир ҳолатда қўлланилмаган  ғайриинсоний бир ишга қўл урди: диндорлик учун жазо белгилади, тадбиркорликни тақиқлади, ўқимишли, илмли кишиларни “халқ душмани” деб эълон қилди, ишбилармонларнинг мол-мулкини мусодара қилиб,  юртидан, оиласидан ажратиб, олис-олисларга бадарға қилди. Кўплари ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетишди.  Ўзбекистондан олис йўл босиб, не машаққат билан Украинанинг Херсон вилоятидаги Михайловка қишлоғига бориб, шу ердаги қабристонлардан бирида бобо ва бувилари, бошқа ҳамюртлари қабрини излаб топиб, уларга ёдгорлик тоши ўрнатаётган, кўзда ёш билан Қуръон тиловат қилаётган, қаровсиз жойларни тозалаётган жабрдийда ватандошларимизни бир кўз олдингизга келтиринг. Гуноҳсиз марҳумларнинг чирқиллаб ётган руҳларини бир тасаввур қилинг.

Олис Украина туманларидан бирининг собиқ раҳбари, уруш қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, Ўзбекистон ҳақида яхши таассуротга эга Злих исмли кишининг “Хотира саодати”да келтирилган  сўзларига эътибор берайлик. Бу инсон аждодлари хотирасини унутмаган андижонлик меҳмонларга қараб шундай дейди: “Ўзбекистондан бу ерларга сургун қилинганларнинг аслида ҳеч қандай айби йўқ, бегуноҳ одамлар. Уларни бу ерга қулоқлик баҳонасида пахта етиштириш учун ишчи кучи сифатида олиб келишган. Аждодларингизнинг заҳматли меҳнати билан ўша йиллари бу ерда ташкил этилган кўплаб хўжаликлар оёққа турган. Биз, украиналиклар,  буни ғоят қадрлаймиз ва унутмаймиз. Машаққатли йўл босиб шу ергача келганингизнинг ўзи ҳаммамизга ибрат ”.

Тинч-тотув яшаётган, ҳалол меҳнат қилиб, ўзига яраша даромад топаётган имон-эътиқодли одамларни “қулоқ” деб эълон қилишдан кўзланган мақсаднинг нималиги шу сўзларда аниқ-равшан кўринмоқда. Афсуски, адолатсиз йилларни, аянчли тақдирларни ортга қайтариб бўлмайди.

“Хотира саодати”ни мутолаа қилган ўқувчи ўзи учун бундан-да кўп ва муҳим маълумотларга эга бўлади. Муаллиф матн устида  ишлашни давом эттирса, уни янги маълумот ва мушоҳадалар, хотиралар билан бойитса, талабчан китобхонларимиз жавонларида олис ва яқин ўтмишимизнинг машъум саҳифалари ва улардан англашиладиган сабоқлар ҳақида  ёшлар тарбияси учун ғоят муҳим  бир асар пайдо бўлиши шубҳасиз.

Юқорида  қисқа бўлса-да, таҳлилга тортилган тўрт ҳужжатли китобдан қандай умумий фикр келиб чиқади?

Адабиётнинг муҳим вазифаларидан бири ҳаёт воқелигини бадиий ифода воситалари орқали тасвирлашдан иборат. Адабиётни, демакки, бадиий тафаккурни  юксак мақомда тутиб турадиган, ўқувчини образли мушоҳадани тўғри идрок этишга ўргатадиган ўзгармас қоида бу. Аммо жаҳон адабиётида бошқача қараш ва тажрибалар ҳам бор. Чунончи, соф бадиий асарларда гоҳо реал ҳужжатлиликка, ҳужжатли асарларда эса юксак бадиийликка ҳам дуч келамиз. Португалиялик адиб Луиш де Стау Монтейрунинг “Майизхўр эркак” романи руҳан ва маънан бир-биридан мутлақо йироқ  эркак ва аёлнинг бахтсиз турмуши, аёлнинг фожиали ўлими ҳақида. Асар ғоят таъсирчан, аммо ноанъанавий ифода услубида ёзилган. Унда шундай “ҳужжатли” ўринлар ҳам борки, улар асар воқелиги кечаётган жой ва муҳитни  кўз олдингизга жуда аниқ келтиради. Биргина иқтибос: “Ҳар сафар португалияликлар вақтичоғлик қиладиган жойларга борганимда, мени бир нарса ҳайратга солади: бутун дунёда кабарелар кечқурунлари мижозлар билан тўлиб кетади, томоша залларида бирорта бўш ўриндиқ қолмайди. Одамлар мириқиб дам олишади, бемалол хурсандчилик қилишади. Португалияда бўлса бундай жойлардаги кечки ҳаёт кундузги ҳаётнинг давоми – зерикарли, бир хил. Одамлар рақсга тушишмайди, дурустроқ кулишмайди ҳам. Қаҳқаҳа ўз умрини яшаб бўлгандай.  Кулишдан қўрқишади – кимдир кўриб қолиши мумкин-да”.

Шу асардан яна бир мисол:  “Фабрикалар иш бошлаганидан кейин аёллар саноат соҳасида ишлашга ўтиб кетишди. У ерда кўпроқ пул топишади, пул бўлгандан кейин кўнгилларига келган ишни қилишади. Даҳшат. Вақти келиб бу йўлни танлаганларидан афсусланишади. Улар кўп  имкониятларга эга бўлган иссиқ уйларимизни ташлаб кетишмоқда, ҳайҳотдай фабриканинг ҳаракатдаги бир мурватига айланишмоқда”.

Бадиий асарлардаги бундай ҳужжатли тасвирларга хорижий адабиёт намуналарида, масалан, Жеймс Ганн, Жан Рей, Анери де Ренье, Гюнтер Грасс қиссаларида ҳам дуч келамиз. Америкалик журналист-адиб Сара Жионинг “Эрта очилган бинафша”, “Шўршамол”, “Камелия” каби романлари бугун дунёнинг йигирмадан ортиқ мамлакатларида чоп этилиб, завқ билан  ўқилмоқда. Болгар ёзувчиси Елена Алексиеванинг “Мадам Мисима” сарлавҳали монодрамасини жанр нуқтаи назаридан янгилик дейиш мумкин. Янгича,  ноанъанавий услубда ёзилган бу асарда ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатлари ҳужжат даражасида аниқ тасвирланганки, уларга эътироз билдириш қийин. Шу асардан бир кўчирма: “Ёзувчиларга хос муҳим бир хусусият шундан иборатки, улар ижодий тасаввурларига чунонан берилиб кетадилар, шу тасаввурлар ичида яшай бошлайдилар, кейин-кейин эса… бу тасаввурларнинг кўпи реалликка айланади. Тасаввурдаги бахт ва омад билан бирга, фожиа, оғриқли йўқотиш ва азоб-уқубатлар ҳам…”

Бундай китоблар бугун бутун дунёда соф бадиий асарлар каби мутолаа қилинмоқда. “Таом ейилса,  тўн кийилса, от минилса маъқул” деганларидек, ижод маҳсули, у қайси жанрда ёзилган бўлмасин, савияси жойида, эга-кесими ўрнида, тишли-фикрли  бўлса, албатта,  ўқилади. Бугун адабиётимизда турфа хил хотиралар, умр йўллари ва улардан англашиладиган хулосалар асосида ёзилган мемуарлар нисбатан кўпроқ кўзга  ташланмоқда. Фикримизча, бу янги йўналишни  маъқулламоқ зарур. Ёзувчилик касб эмас,  ёза билишлик муҳим. Шундай экан, бошқа касб эгаларининг қўлга қалам олишларида  ҳам маълум ҳикмат бордек. Таниқли публицист Ян Парандовскийнинг фикрича, сўз санъатини эгаллаган ижодкорларни аллақандай алоҳида ҳодиса сифатида ёхуд… психологик жумбоқ тарзида оммадан (оддий одамлардан) ажратиб қўйиш керак эмас. Ҳамма ҳам шахсий ҳаётида бошқаларни қизиқтирадиган, баъзан эса ҳайратга соладиган, лол қолдирадиган ажойиб-ғаройиб саргузаштларни бошидан кечиради, уларни  сўзда ифодалашга, шу орқали  ўзларини намоён қилишга ҳаракат  қиладилар. Кўп одамлар пинҳона, бирор кишига ошкор қилмай, чоп этилишини хаёлларига ҳам келтирмай ҳам кундалик тутадилар, хотиралар, иқрорнома, ҳасби ҳол ёзишади. “Гарчи,  қоғозга тушганида бироз хира тортса-да, улар аслида бўлғуси адабий асарнинг бошланмасидир”.

Ғоят аниқ гап. Аммо ҳамма бошланма ҳам бирдек бўлавермайди. Адабиётда эса,  Назар Эшонқул “ЎзАС”да тўғри  таъкидлаганидек, энг муҳими  – савия. Савия бирор жойда тайёр ҳолда турмайди, уни бора солиб, эгаллаб олишнинг иложи йўқ. Бировнинг таҳорати билан… дегандай, кимнингдир савиясига орқа қилиб адабиёт майдонига кириш эса гуноҳи азим. Савия баъзан  эрта, баъзан умр поёнидагина намоён бўлади. Намоён   бўлмаслиги ҳам мумкин.

Шунга қарамай, адабиётдаги кичик бир ирмоқча, билинар-билинмас из ёки шивирга ҳам эътибор бермоқ зарур, деб ўйлайман. Чингиз Айтматов ёшлардан (баъзан эса катталардан ҳам) фақат толстойча, чеховча, бунинча ёки шолоховча ёзишни талаб қилиш тўғри эмас, бундай талаб ижодкорларни майиб қилиб қўяди, дейди. Назар Эшонқул бу фикрни давом эттиради:  “…янги адабиётни тушунмаслик оқибатида (бошқаларни) шунчаки ўзларига ўхшаб ёзмаётгани, изларидан эргашмаётгани учун данак пўчоғига қўшиб мағизни ҳам ташлаб юбориш ҳалоллик эмас, бу хил фикрлаш тарзида холислик йўқ. Фақат холис ва самимий муносабат бўлсагина, адабиёт ўз ҳақиқатларини даврга ошкор этади”.

Юқорида номлари зикр қилинган тўрт асарни  мен ўзбек адабиётида фавқулодда ҳодиса дейиш фикридан йироқман. Аммо улар ва, Хуршид Дўстмуҳаммад  эътироф этган яна кўплаб шундай асарларда, муҳими,  холислик, самимият ва ростгўйлик бор. Шу фазилатлардан униб чиққан истеъмолга яроқли  “мева”лар улар.

Бир ҳолатдан қатъий умидворман. Биз бугун миллий адабиётимизнинг қадамлари  қутлуғ ва умидбахш ушбу кунлар шиддати ва мазмунига мос бўлишини, дунё кенгликларига дадил йўл олишини орзулаб турибмиз. Халқимиз бошига яқин ўтмишда тушган азоб-уқубатлар, собиқ тузумнинг ҳийлаю найранглари ҳақида ҳали кўп  ёзилади, кўп нарса ошкор бўлади. Ўтмиш аждодларимиз ёди билан бирга, кеча-яқинда сафимизда бўлган, умрини халқимизнинг чин маънодаги эрки ва саодати учун бағишлаган даврдошларимиз хотираси учун ҳам шундай қилишимиз керак. Шундай қилсак, эҳтимол, дунё адабий-маданий кенгликлари сари йўл оладиган бадиий китобларимиз карвони орасида холислик ва самимият либосига буркалган мемуар асарлар ҳам бўлар…

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 9-сон