Мана, бир неча ойдирки, “сариқ” матбуот олами ва бу оламнинг дунёда яккахон қиролларидан бирига айланган Мердоклар империясини янги “уотергейт” машмашалари титратиб турибди. Гап бизнесмен ота-боланинг иш юритиш, даромад топиш усуллари устида бўлса майли эди, аммо бу галги жанжалга Англиядек обрўли мамлакатда чоп этилаётган қатор нашрларнинг бош муҳаррирлари, Лондон полицияси амалдорларининг дахлдорлиги маълум бўлгач, кўпларга кўп нарсаларда мураббийлик қилишни ўзларига эп кўрадиган инглизларнинг кайфияти чинакамига бузилди, жамоатчилик оёққа қалқди. Инсон ҳуқуқлари, одамларнинг шахсий ҳаётига аралашмаслик, фуқаролик манфаатларига дахл қилмаслик тўғрисида тўхтовсиз бонг уриб турилган бир пайтда пойтахт Лондонда эшитган кишининг эти жунжикадиган қонунбузарликлар содир этилаётганини қандай баҳолаш мумкин? Бу нима — бизнес оламининг “така бўлсин — сут берсин” шиорими ё беҳисоб бойлик таъсирида шайтон васвасасига учишми? Салкам 6 миллиард доллар шахсий маблағга эга бўлган Мердокларга яна нима етишмаётган экан-а?
Гап шундаки, бундан бир муддат аввал ота ва бола Мердоклар бевосита раҳбарлик қилаётган “Ньюс-Корпорейшн”га қарашли “News of the World” газетаси журналистлари нима қилиб бўлса-да, шов-шувли, олди-қочди факт ва маълумотларни қўлга киритиш учун минглаб ватандошларининг телефон орқали сўзлашувларини қонунга зид равишда эшитиб, шахсий почталарини ўқиб, улардан ўз манфаатлари йўлида сурбетлик билан фойдаланиб келганлар. Ўзларини адолат ҳомийлари деб эълон қилган ноширлар бу қабиҳ жиноятлари билан журналистика номига ўчмас доғ туширганлар.
Дастлабки тергов натижаларида 160 йилдан бери узлуксиз чоп этиб келинаётган, газетхонларнинг ишончини қозонган, инглизларнинг бир эмас, бир неча авлоди ўқиб, ахборотларига ишониб келаётган, адади миллион нусхадан ошиб кетган “News of the World” газетаси репортёрлари 4 мингдан ортиқ мобил алоқа воситаларини, 5 мингдан ортиқ шаҳар телефонларини мунтазам равишда эшитиб келишган. Кейинги хабарларда айтилишича, бу рақамлар яна икки-уч бор ошиши ҳам мумкин экан. Жабрланганлар орасида қироллик оиласи аъзолари, террорчилар ҳужуми натижасида мамлакатда ва Афғонистондаги урушда ҳалок бўлганларнинг яқин қариндошлари, таниқли кишилар бор.
Британия парламентининг махсус комиссияси бу можарони жиддий ўрганишга киришди. Дастлабки натижалар кишини ҳайратга солади. Скотланд-Ярднинг собиқ бошлиғи Пол Стивенсон (бу мулозим ва унинг ўринбосари Жон Йейтс ушбу иш боис истеъфога чиқишди), ота ва ўғил Руперт ва Жеймс Мердоклар парламентнинг маданият, оммавий ахборот воситалари ва спорт масалалари бўйича комиссияси аъзоларининг саволларига жавоб қайтаришга мажбур бўлдилар. Икки соатдан кўпроқ давом этган савол-жавоб чоғи дунё медиа бозорида якка ҳукмронлик қилаётган магнатлар ошкор бўлган воқеадан афсусланиб, ўз ватандошларидан, айниқса, жабрланганлардан узр сўрашди, 80 ёшли кекса Руперт Мердок: “Жуда афсусдаман, бугун ҳаётимдаги энг таҳқирли кун”, деди. Аммо айбига иқрор бўлмай, газета журналистлари қонунга хилоф равишда ахборот тўплаётганларидан мутлақо бехабарлигини қайта-қайта такрорлади. Аслида ҳам шундаймикин?
Можаро юзага қалқиб чиққач, воқеалар ривожи жуда тезлашиб кетди. Дастлаб “News of the World”нинг бош муҳаррири Ребекка Брукс ҳибсга олинди. Унинг раҳбарлигида чоп этилаётган газета журналистлари қотиллар томонидан ўғирлаб кетилган ва кейинчалик ўлдирилган мактаб ўқувчиси Милли Даулернинг овозли почтасидаги баъзи маълумотларни ўчириб (бундай пасткашлик дунёда камдан-кам содир бўлади), тергов ходимларини чалғитишган. Полиция ва қизчанинг ота-онаси газета материалларига ишониб, Миллини тирик деб ўйлашган. Бундан ташқари, газета репортёрлари Лондон полицияси билан махфий тил бириктириб, улардан мансабдор шахсларнинг шахсий ҳаётига доир муҳим маълумотларни доимий равишда, албатта, маълум моддий манфаатдорлик эвазига олиб туришган ва бу билан ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол қилишган. Бундай маълумотлар “Ньюс-Корпорейшн”га тегишли нашрларнинг умумий тиражига, демакки, муассисларнинг чўнтагига тушадиган мўмай даромадга ижобий таъсир кўрсатган.
Наҳотки бу жиноятлардан бош муҳаррир ва у билан газета йўналиши хусусида маслаҳатлашиб, тегишли кўрсатмалар бериб турадиган муассис бехабар бўлса? Газетанинг навбатдаги сонига имзо чекаётган раҳбар журналистлар топиб келган шов-шувли материаллардаги маълумотлар қаердан, қайси манбадан ва қай тарзда олинганига қизиқиши лозим эди-ку?! Бундай мулоҳаза тажрибали, ўзи ҳам бир вақтлар газета нашр этган ота Мердокнинг хаёлига келиши керак эди-ку?! Брукс хонимнинг хотиржам: “Мен ҳозир ҳибсдаман, баъзи саволларга жавоб қайтара олмайман, ходимларимнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан икки ҳафта аввал хабар топганим рост” деган сўзларига ишониш қийин. Кўпларнинг фикрича, у ошкора тилёғламалик қилмоқда.
Комиссия аъзолари кейинги беш йил ичида Лондон полицияси бошлиғи сэр Пол Стивенсон “News of the World” газетаси вакиллари билан 18 марта, газета бош муҳаррири ўринбосари Нил Уоллис билан 7 марта астойдил тушлик қилганини аниқлашди. “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” деганларидек, Лондондек гувиллаб ётган шаҳар полициясининг бошини қашишга вақти йўқ бошлиғи бекорга шундай қилмаган бўлса керак!
Комиссия аъзоларида бундай мулоҳаза билдиришга етарли асослар бор. Чунончи, Лондон полициясининг жамоатчилик билан алоқалар департаменти директори Дик Фидорчио парламент аъзолари ҳузуридаги чиқишида мазкур департаментнинг 45 нафар ходимидан 10 таси “News of the World” газетасининг собиқ ходимлари эканини маълум қилган. Шу газетанинг собиқ муҳаррирларидан бири Энди Коулсон бир муддат мамлакатнинг ҳозирги бош вазири маҳкамасида матбуот котиби бўлиб ишлаган. Бош вазир Дэвид Кэмерон Коулсонни ишончли дўст, ҳақиқий профессионал сифатида ҳурмат қилишини айтган. Сэр Стивенсон эса полициянинг жамоатчилик билан алоқаси бўйича ўзига маслаҳатчи қилиб, гўёки мамлакатда бошқа нашр йўқдай, айни шу газета бош муҳаррирининг ўринбосари Нилл Уоллисни танлаган. Яна бошқа фактлар ҳам бор. Аммо шу келтирилганларнинг ўзи комиссия аъзоларида Лондон полицияси ва “News of the World” ўртасида икки томонлама келишувли алоқа мавжудлиги хусусида фикр уйғотмоқда. Шунга асосланиб, Коулсон ва яна газетанинг айрим ходимлари, полициячилар, хусусий изқуварлар ҳибсга олинди. Бундан анча вақт илгари “News of the World” газетаси репортёрлигидан бўшаган ва ҳамкасбларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари тўғрисида биринчи бўлиб маълумот берган Шон Хорнинг мурдаси Хардфордшир графлигидаги уйидан топилган. Полиция марҳум ўз ажали билан вафот этганини таъкидлаётган бўлса-да, бу воқеага дахлдор саволлар озайиш ўрнига кўпаймоқда.
Парламент комиссиясининг аъзолари ота-бола Мердоклардан компания ходимларининг одамларнинг шахсий ҳаётига доир маълумотларни титкилаш, полиция билан жиноий тил бириктириш, ҳуқуқ-тартибот органларини чалғитиш, сиёсатдонларни ўз томонларига оғдириш каби жиноий хатти-ҳаракатларини изоҳлаб беришни қатъий талаб қилишди. Савол-жавоблар чоғи парламент вакиллари 2008 йилнинг апрель ойида нима сабабдан ёки қайси асосга кўра Жеймс Мердок Англия профессионал футболистлари ассоциацияси бошлиғи Гордон Тайлор номига ёзилган 700 минг фунт стерлинг миқдоридаги чекка имзо қўйгани билан қизиқишди. Балки бу “гонорар” Тайлорнинг жим туриш, баъзи маълумотларни ошкор қилмаслиги учун берилгандир? Ахир, унинг телефони ҳам узоқ вақт кузатилган эди-да.
Руперт Мердок бир қарашда жуда хотиржамга ўхшайди. Ёши саксондан ошган, ўз соҳасининг бетакрор билимдонига айланган, тиниб-тинчимас бу қарияни савол билан чалғитиш қийинлигини парламент комиссияси аъзоларининг бири иккинчисидан ўткир, унча-мунча кишини довдиратиб қўядиган икки юздан ортиқ саволларига қандай жавоб қайтарганини кўриб ишонч ҳосил қилдик (Бу тадбир “Россия-24” каналида тўла намойиш этилди). Комиссия аъзоларидан бири: “Сиз мамлакат бош вазирлари билан доимо яхши муносабатда бўлгансиз, уларни керак пайтларда қўллагансиз, тез-тез учрашиб тургансиз. Аммо, айтинг-чи, нега ҳар сафар, сизни бош вазир қароргоҳига таклиф қилишганида, олд эшикдан эмас, орқа эшикдан кирардингиз?” деган саволига ҳам хотиржамлик билан: “Ҳа, шундай бўларди, сабаби менга маълум эмас”, деб жавоб берди-қўйди. Кўпчилик саволлар унинг газета муҳаррирлари билан қандай ишлаши тўғрисида бўлди. Мердок “Муҳаррирлар билан аҳён-аҳёнда кўришиб тураман, ички ишларига аралашмайман, аммо уларга ишонардим, афсуски, баъзилари ишончимни оқлашмади. Корпорацияда 53 минг киши ишлайди, ҳаммасини билиш қийин, “News of the World” ялпи бизнесимнинг атиги бир фоизини ташкил қилади”, дейишдан нарига ўтмади.
2003 йили ўттиз бир йиллик никоҳдан сўнг рафиқаси Анна Торв билан ажрашиб, 31 ёшли Венди Денг исмли аёлга уйланган Руперт Мердокнинг ҳаёт йўлига бир назар ташлайлик. У 1931 йили Мельбурн шаҳрида туғилган. Австралияда чоп этиладиган бир қатор газеталарда ишлаб, маълум тажрибага эга бўлгач, Буюк Британия ва АҚШ медиа-бозори томон йўл олади ва бирин-кетин шов-шувга ўч “сариқ” матбуот нашрларини сотиб ола бошлайди, ўзи ҳам бир неча янги газета-журналлар ташкил этади. 1979 йили “Ньюс-Корпорейшн”га асос солади. 1985 йили АҚШ фуқаролигини қабул қилгач, Американинг бир неча йирик телекомпаниялари эгасига айланади. Кейинроқ “Dow Jopes” компанияси ҳам унинг ихтиёрига ўтади.
Кекса Мердокни баъзилар мақташади, баъзилар аёвсиз танқид қилишади. “У жуда бой, аммо ўта хасис” дегувчилар, “Бирон-бир фойдали келишувдан қуруқ қолмаслик учун деярли ухламайди, арзимаган пул учун эринмай тортишади, аммо аукционда бойлигини кўз-кўз қилиб, масалан Ван Гогнинг оддий асари учун 49 миллион доллар тўлашга рози бўлади”, дея писанда қилувчилар ҳам йўқ эмас.
Мердок, шубҳасиз, мураккаб шахс. Дунёқараши ғарб оламининг аёвсиз қоидалари, раҳмсиз талаблари, “Ё сен янчиб ўтасан, ё сени янчиб ўтишади” қабилидаги ўзгармас шиорлари асосида шаклланганига шубҳа йўқ. Йўлига соя ташлаётганларни ёқтирмайди. Буни қуйидаги мисол билан исботлаш мумкин. 1994 йили Мердок Миллий футбол лигасига 1,6 миллиард доллар тўлаб, мамлакат стадионларидаги жамики футбол ўйинларини тўрт йил давомида трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритади. Трансляция билан кейинги қирқ йил ичида муттасил шуғулланиб келаётган ва бу борада катта тажрибага эга CBS компанияси эса оғзини очиб қолаверади. Чунки жаноб Мердок савдо баҳосини бирданига уч баравар кўтариб юборади.
Мердок қалтис вазиятлардан жуда кўп ҳолларда силлиққина чиқиб кета олган. Унинг мамлакат расмий доиралари, нуфузи баланд мулозимлар билан дўстона алоқа ўрната олиш, уларни ўз таъсири доирасида тутиб туриш маҳоратини инкор этишнинг иложи йўқ. Йирик сиёсатдон ва тадбиркорларни қачон ва қай ҳолатда қўллаб-қувватлашни, ким билан ва қаерда ош-қатиқ бўлишни, бозорга қачон чиқишни ва нима харид қилишни яхши билади. У 1981 йили дунёдаги энг қиммат савдо белгиси — “The Times” газетасини харид қилар экан, анча узоқни кўзлаган эди. Касаба уюшмаси ходимлари, журналистлар инглизларнинг ўнлаб авлодлари муттасил ўқиб келаётган ушбу обрўли нашрнинг Мердок қўлига ўтишини маъқулламай, норозилик намойишлари ўтказишади. Аммо ўша пайтдаги бош вазир Маргарет Тэтчер кутилмаганда Мердокнинг ёнини олади. Бунга жавобан Мердок газета саҳифаларида “темир хоним”нинг мемуарларини эълон қилишга киришади. Мана буни ишбилармонлик деса бўлади.
Руперт Мердокнинг ҳаёти, медиа-бизнес оламидаги муваффақиятлари бугун кўпчиликнинг эътиборида. У аввал бошданоқ қартани гоҳ очиқ, гоҳ ёпиқ, баъзи ҳолларда эса қоидага зид равишда қалтис ўйнагани маълум. Биргина мисол. Ёш Руперт 1953 йили ўз ватанида ношир ва муҳаррир отасидан мерос бўлиб қолган “The Adelaide News” газетасига раҳбарлик қилаётганида рақобатчилари ундан газетани арзимас баҳога сотишни талаб чиқишади, рози бўлмасанг, сенга қарши тил бириктириб, газетангни касодга учратамиз, дея дўқ-пўписа қилишади. Руперт бу таклифга кўнмайди, аксинча, рақобатчиларнинг хаёлига ҳам келмаган ишга қўл уради — газетанинг биринчи саҳифасида савдо-сотиққа доир ошкор қилиш мумкин бўлмаган бир конфиденциал таклифни эълон қилиб юборади ва бу билан бир йўла икки қуённи уради: рақобатчилар уни тинч қўйишади, газетанинг тиражи эса икки баробар ошади.
Мердокнинг бу ўйинлари ўтган асрда қолиб кетгани аниқ, аммо унинг медиа-бозоридаги сиёсати кўпинча айни шундай қалтис қарорларга, кутилмаган бурилишларга асослангани сир эмас.
Ҳозирча текширувлар давом этмоқда. “News of the World” ёпилди, журналистлар ўзларига иш изламоқдалар. Унинг сўнгги номери 3,8 миллион нусхада чоп этилди ва жуда тез сотилди. Айни чоғда Мердоклар асос солган “Ньюс-Корпорейшн”га қарашли йирик нашрларнинг адади кун сайин тушиб бормоқда. Кимга тўй, кимга аза. Бу ҳолатдан унумли фойдаланган рақобатчилар отларини қамчилаб қолишди. Масалан “Дейли стар санди”нинг шу йил 17 июль кунги сони аввалгисидан уч баробар кўп нусхада чиқди. “Гардиан”, “Индепендент”, “Миррор” каби кундалик газеталарнинг ҳам нусхалари кўпайди. Айни чоғда “Ньюс-Корпорейшн”нинг қимматли қоғозлар бозоридаги баҳоси 17,4 фоизга ёки 8,3 миллиард долларга арзонлашди. Мердокларнинг шахсий мулки 1 миллиард долларга камайди. Тажрибали миллиардер учун бу йўқотиш ҳеч гап эмас. Аммо парламент текширишлари натижасида ота-бола Мердокларнинг ушбу жиноий ҳатти-ҳаракатлардан хабардорлиги аниқланса, “Ньюс-Корпорейшн”дай улкан империянинг жанозасини ўқиса ҳам бўлаверади.
Бу можародан англашиладиган хулоса шуки, матбуот ўз моҳиятига кўра ҳамма жойда ва ҳамиша ўз ўқувчилари олдида холис ва адолатли бўлиши, фақат асосли, текширилган ахборотларни тарқатиши, ноўрин шов-шув кўтармаслиги, одамларнинг шахсий ҳаётига аралашмаслиги, инсоний ҳис-туйғуларини ҳурмат қилиши, жамиятдаги айрим куч ва доираларнинг бошқалардан ўч олиш минбарига айланиб қолмаслиги керак. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида амал қилаётган хартия ва кодексларда, хусусан, журналистлар халқаро федерациясининг ҳужжатларида ва мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қабул қилинган қонунларда бу талаблар аниқ-равшан белгилаб қўйилган.
Давлатимиз раҳбарининг кўплаб нутқ ва маърузаларида мустақиллик йиллари матбуотининг мақсад ва вазифалари тўғрисида гап борар экан, бу матбуот, энг аввало, “инсон манфаатларининг ҳимоячиси, давлат ва жамият ўртасида холис воситачи сифатида фаолият юритиши, фақат шу йўл билан эркин ва холис минбарга айланиши лозимлиги” алоҳида таъкидланади. “Сўз ҳам кучли, ҳам кескир бир қуролдирки, уни эҳтиёткорлик билан оқилона ишлатмоқ зарур. Бу қуролни нияти пок, мақсади ҳалол… кишиларга топшириш зарур”, деб таъкидлайди Юртбошимиз.
Ўзбекистон босма ахборот воситалари ва ахборот агентликлари журналистларининг ахлоқ-одоб кодексида (2006 йил) қуйидагиларни ўқиймиз: “Журналист ўз вазифасини адо этишда… инсон шаъни ва унинг шахсий ҳаёт кечиришга бўлган ҳуқуқини ҳурмат қилиши, халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунлар талабларига мувофиқ инсон ҳуқуқлари ва унинг шаънини ҳақоратлар, ғийбатлар, уйдирма ва айбловлардан ҳимоялаши… зарур”.
Афсуски, бу талабларга ғарб мамлакатларида ҳамиша ҳам тўла амал қилинмайди. Фойда кетидан қувиб, дуч келган ахборотни, жумладан уйдирмалиги, соғлом мантиққа зидлиги аввалдан маълум ғаразли миш-мишларни ҳам бемалол газета саҳифасига олиб чиқиш, тарқатиш кўплаб нашрлар учун оддий бир ҳолга айланиб қолган.
Шармандаларча ёпилган “News of the World” газетаси билан боғлиқ можаро матбуот олами учун жиддий сабоқ бўлиши табиий. Бу сабоқвоқеа сифатида журналистика соҳасига оид дарсликларга кириши ҳам мумкин. Аммо бир нарса аниқки, бу жиноятнинг жамики иштирокчию раҳнамолари тегишли жазога тортилиб, Мердокларнинг медиа империяси “сариқ” матбуот бозорини бутундай тарк этганида ҳам, мамлакат бош вазири ваъда қилганидек, ота-боланинг айби исботланиб, улардан матбуот устидан ҳукмронлик қилиш ҳуқуқи олиб қўйилганида ҳам, бу уринишлар қотиллар қўлида ҳалок бўлган қизчанинг онаси кўзидаги бир томчи ёшга арзимайди.
Бу воқеа ғарб матбуоти тарихида шармандали саҳифа сифатида узоқ вақт сақланиб қолади.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 8-сон.