Публицистика жамият ҳаётига, воқеа-ҳодисаларга тезкор муносабат билдирувчи ижодий-таҳлилий тафаккур маҳсулидир. Бу жанр, айниқса, бадиий публицистика ўқувчи онгига тез таъсир кўрсатади, бирор-бир умуммиллий вазифа ёки муаммо хусусида жамоатчилик фикрини юзага келтиради, уни зарур йўналишда ривожлантиради.
Публицистика ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олади ва шу боис, бадиий ижод каби бир неча (ижтимоий-сиёсий, илмий, иқтисодий, адабий-бадиий, маданий-маърифий, ҳажвий) соҳаларга бўлинади. Бу соҳалар ичида бадиий публицистика, яъни ёзувчи публицистикаси алоҳида мавқега эга.
Маълум маънода Амир Темурнинг Шарқ ва Ғарб ҳукмдорларига ёзган мактублари ва Алишер Навоийнинг “Муншаот” асарини ўзбек публицистикасининг илк намуналари дейишимиз мумкин.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шахсий ҳаёти ва бой маънавий мероси ҳам бугунги янги авлодни ҳар жиҳатдан баркамол тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, истиқлол йилларида адибнинг фарзандларига ёзган мактублари ҳам эълон қилинаётгани қувонарлидир. Бу мактублар Заҳириддин Бобурдек йирик шахс, давлат арбоби, саркарда ва шоир ҳақидаги таассуротларимизни янада бойитади, унинг замонга, ён-атрофида кечаётган воқеаларга, фарзандларига нисбатан муносабатини ойдинлаштиради. Чунончи, “Бобурнома”нинг янги илмий-танқидий матни нашрида (“Шарқ”, 2002, нашрга тайёрловчи Саидбек Ҳасанов) Бобурнинг тўнғич ўғли Ҳумоюн мирзога йўллаган махфий мактуби ҳам эълон қилинган (таржимон Ансориддин Иброҳимов). Мактубда Бобур яна бир карра, жиддий тусда Ҳиндистон масаласини ўртага қўяди. Бу мактуб васиятнома бўлиб, Бобурнинг изчил сиёсати, унинг темурийлар салтанатининг яхлитлиги учун бир умр қайғурганлигидан далолат беради. “Эй фарзанд! Ҳиндистон мамлакати турли мазҳаблардан иборат. Субҳонолло таоло ҳаққи сенга буюрилдики, ҳар бир мазҳабга пок қалб билан қарагин, ҳар бир мазҳаб ва тариқатга адолатли бўл. Хусусан, сигирни қурбон қилишдан сақлангинки, бу Ҳиндистон халқининг қалб ардоғи ва бу вилоят аҳлини подшоҳга яхши назар билан боғлайди. Исломнинг тараққиёти эҳсон тиғи билан яхшироқдур, зулм тиғи билан эмас. Аҳли суннат ва шиаларнинг икир-чикиридан кўзингни юм. Чунки исломга қаршилар бор. Турли эътиқоддаги халқларни тенг тутгинки, шунда салтанат ҳар хил ташвишлардан холи бўлади”.
Х1Х аср адабиётининг илғор вакилларидан бири шоир Фурқат ижодида ҳам бадиий публицистика жуда яққол кўзга ташланади. Шоирнинг олис Кашмирдан “Туркистон вилоятининг газети”га ва дўстларига йўллаган мактублари фикримизга далил бўла олади. Худди шундай, А.С. Пушкиннинг “Арзирумга саёҳат”, Л.Толстойнинг “Иқрорнома”, “Жим туролмайман”, Н.В. Гоголнинг “Ал-Маъмун”, В.В. Маяковскийнинг “Мен кашф этган Америка”, асарлари, Илья Эренбург, Ҳамид Олимжон қаламига мансуб мақолаларни ҳам ўша давр бадиий-ижтимоий публицистикасининг юксак намуналари дейиш мумкин.
Бадиий публицистикада кескин рад қилувчи, фош этувчи ёки бирор-бир муаммодан жамиятни огоҳ қилувчи фикр-мулоҳаза, воқеа-ҳодисаларга ҳозиржавоблик билан билдирилган муносабат асосан адабий-бадиий, образли воситалар орқали баён қилинади. Буни Оноре де Бальзакнинг “Х1Х аср француз ёзувчиларига мактуб”ида ҳам кўриш мумкин. Унда адабиёт республикаси деб эътироф этилган, фуқароларнинг бошқа мамлакатларда тан олинмаган кўплаб ҳуқуқларини тан олишга ва тасдиқлашга бел боғлаган француз инқилобидан кейин мамлакатда адабиётга, ёзувчиларга, бадиий тафаккурга бўлган эътиборнинг ниҳоят даражада сусайиб кетгани, ижодкорлик иши инқилоб боис қабул қилинган “ваҳшиёна қонун асоратига бериб қўйилгани”, ёзувчиларнинг асарлари жамоат мулки деб эълон қилингани ва бунинг ижод, тафаккур эркинлигига бениҳоя нохуш таъсири қаламга олинади: “Шундай қилиб, жаноблар — сиз шоирлар, сиз машшоқлар, сиз драматурглар, сиз носирлар, сизларким, яъни мамлакатнинг шон-шарафи учун меҳнат қилаяпман деган фикр билан яшовчилар, сиз ким аср руҳини барпо этаётганларнинг ҳаммаси, сизким шуҳрат қуёшидан шуълаланган ҳаволардан симирмоқ учун қашшоқлик қаъридан юксакларга парвоз қилганлар ва сизким парвоздан қўрқиб, шубҳалар исканжасида эзилиб ўлиб кетадиганлар, орзулар юки остида ин-қиллаган шўрлик болалар, сизким иродангизнинг кучи билан тантана қилувчилар — ҳамма-ҳаммангиз ўз-ўзингизга меросхўр бўла олмайсиз, деб эълон қилиндингизлар. Қонун савдогарнинг молларига, моддий меҳнат деб аталмиш нарса ёрдамида қўлга киритилган, баъзан эса разиллик эвазига топилган пулларга нисбатан ҳурматга тўла: қонун ерни ҳимоя қилади, тер тўкиб меҳнат қилувчи пролетариатнинг уйини ҳимоя қилади, лекин шу қонуннинг ўзи фикрлаш билан меҳнат қиладиган шоирнинг ишини мусодара қилади”.
Бальзак муаммони жуда кескин қўяди, муросасозлик йўлини тутмайди, раддиясини ошкора ифода этади. Бу билан у ўз ҳамкасбларини жамият ҳаётида кечаётган жараёнлардан четда турмасликка, ижод, фикр ривожини бўғаётган “адабий қароқчилик”ни қабул қилмасликка даъват этади. Биров хотинингизни тортиб олса, бундан хафа бўлманг, чунки у бу ишни хотинингизнинг розилиги билан қилган, аммо ўн беш йил ишлаб, азоб чекиб, тунларни тонгларга улаб, муҳтожлик машаққатларини енгиб яратган асарингизни тортиб олса, бунга асло тоқат қилиб бўлмайди, дейди. Ва ниҳоят, бу муаммо юзасидан ўзининг сўнгги сўзини айтади: “Хулоса ўрнида бир гапни таъкидламоқчимиз: бизнинг юқорида айтганларимиз ғалаёнга чақирувчи хитоб эмас, биз эҳтиросларни жунбишга келтиришга даъват ҳам қилаётганимиз йўқ: бу — қашшоқлик фарёди, холос. Бу – қонундан ташқари чиқариб қўйилган, адолат излаб тополмаган одамларнинг ҳайқириғи. Қўйинг, майли, бу ҳайқириқ акс-садо берсин, ҳамдардлик уйғотсин, сўниб бораётган ватанпарварлик туйғуларига қайтадан жон ато қилсин. Биз овозимизни кўтариб ҳайқирган бўлсак, буни уйғоқлар учун, изтироб чекаётганлар учун, тил хазинасига ва бадри имкон ўз улушини қўшишга интилаётганлар учун қиламиз… Қонун чиқарувчи жаноблар, Италия Англиядан келадиган тилланинг учдан икки қисмини сарфлаб, ўзининг ажойиб даҳоларига эга бўлди. Санъат билан тилни эҳтиёт қилиб асранглар, негаки, моддий манфаатларингизни бартараф қилганингиздан сўнг сизлар бизнинг асарларимизда ҳаёт кечиришда давом этасизлар. Бизнинг асарларимиз эса ҳеч қачон ўлмайди ва ҳатто мамлакатимиз ғойиб бўлиб кетганда ҳам улар “Бу ерда Франция бўлган эди!” дея оламга жар солиб турадилар”.
ХУ1-ХУП асрларда ривожланган, мўмай даромадга эга қатор Европа давлатлари айни шу даврда иқтисодий жиҳатдан таназзулга юз тутган Шарқ мамлакатлари томон босқинчилик, талончилик юришларини бошлайдилар. Кўплаб мамлакатларнинг халқлари колонизаторларнинг зулми остида қолади, асрлар давомида тўпланган бойликлар талон-тарож қилинади, зулм ва зўравонлик кучаяди. Миссионерлар бу юришларни оқлашга жон-жаҳдлари билан уринадилар, аммо Европа жамиятининг илғор қисми, хусусан ижодкор зиёлилар ўз ватандошларининг бу қилмишларини очиқ-ойдин қоралайдилар. Натижада Европа адабиётида ўзига хос публицистик оқим юзага келади — ёзувчилар ўз асарларида босқинчиларнинг зулми остида қолган халқларга хос бўлган эзгу фазилатларни қаламга ола бошлайдилар. Бу оқимнинг фаол вакили бўлган Вольтернинг шарқ мавзусидаги драмалари, Монтескьенинг “Форс мактублари” фикримизга далил бўла олади.
Бу даврнинг ҳарбий, сиёсий, иқтисодий талотўплари моҳиятини тўғри анг-лаш ва тўғри хулосаларга келишда ижтимоий публицистика руҳида ёзилган асарлар муҳим аҳамият касб этади. Буни Фитратнинг “Шарқ сиёсати” рисоласида яққол кўриш мумкин. “Африқоға кирган мусулмонлар Амриқо ва Африкони босқон маданий овруполилардек ерли халқни битирмак учун тиришмадилар,— деб ёзади Фитрат. — Унларға маданият бердилар. Амриқоға қўноқ бўлуб кирган Оврупа маданийлар Амриқо ерли халқини битираёздилар, буни билмаған йўқдир. Африқони босиб олған Оврупа жаҳонгирлари у ердаги қора халқни ўлат каби ўлдириб туралар. Холбуки, мусулмонлар Африқонинг Жазоир, Тунис, Фас (Марказий Африка — М.А.) каби ўринларини олғач, у ерларни тараққий этдурдилар, халқини тинчлантурдилар, улардан буюк одамлар етушдирдилар. Шарқ ўзининг тарихи, сиёсати, ҳунари, инсофи, адолати, ахлоқи ва хидмату эътиборлари билан унча юксалмиш, у қадар тараққий этмиш эдиким, тасаввури ҳам бизнинг мияларимизга сиғмайдур. Шарқ маданий йирт-ғучи эмас эди. Шарқ бошқаларнинг хақларини олмас эди. Шарқ башариятнинг юксалиши учун тиришар эди. Шарқ маданият ўчоғи, инсоф бешиги, ахлоқ мактаби, билим мадрасаси эди. Биз, шарқликлар, башариятга қилғон хидматларимиз учун бу кунги қонли Оврупаға қарши яхшиғина махтана олурмиз. Биз, шарқликлар, маданият йўлинда тутдигимиз хидматларда давом этганда букун башарият дунёсини кўб юксак мавқеъларда кўрмак мумкин эди. Негаким, Шарқ билим, ҳунар йўлинда Оврупа жаҳонгирлари ўртоқ қони ичмак орқадош уйин таламоқ учун эмас, инсонлик дунёсини юксалтирмоқ учун тиришар эди. Ёзуқлар, эсизларким, Шарқ ўз йўлинда давом эта олмади, маданият тарихининг энг буюк ва энг тугал қоидалариндан бири шудир: бир улус тирикчилигининг ҳар тўғрисинда юксалиб, тараққий қилиб тинчланса, бирор ёқда кучлироқ бирон бири кўринмаса, ўлкаси кенгайиб, оқчаси кўпайса, ул улуснинг бора-бора ахлоқи бузулар, тотлиғи йўлдан чиқа бошлар. Биз, шарқликлар, даҳи тинчлик ва роҳат сўнгинда бузулиб қолдиқ, йўлдан оздик, эзгу тилакларимизни унута бошладик. Билим ва ҳунардан юз қайтардик, бирлик ва ахлоқдан айрилдук, оқчаға берилдук, оқчаға сотилдук… Шарқнинг бутун ишлари онгсиз беклар, тушунчасиз хонлар, миясиз муллалар, билимсиз эшонларнинг қўлиға ўтди. Бунлар Шарқнинг бутун тузук ва интизомини бузуб юбордилар. Хонлар ўз қоринларини тўйдирмоқ учун халқни бир-бири билан уруштирдилар, мамлакатнинг жонли ва муҳим ўрунларини сотдилар, муллалар ўз уставлариға “дин” отини тоқиб бозорға чиқардилар, дин, тангри, пайғамбар, учмох ва тамуғ орқали Шарқ халқини талай бошладилар. Шарқнинг тараққий йўли кўмулди. Саодат ва тинчлик эшиклари боғланди, саодатнинг энг юксак тепасига чиққан Шарқ йўқсулликнинг энг теран чуқуриға тушди”.
“Шарқ сиёсати”да Овруполиларнинг Шарққа томон босқинчилик, талончилик юришлари замиридаги маънавий ахлоқсизлик, инсоний худбинлик жуда чуқур очиб берилади, бу юришларни сохта маданий либосга ўраш орқали тарихни чалғитиш ҳаракатлари аёвсиз фош этилади: “Оврупа жаҳонгирларининг Шарқ сари юришлари бошқаларнинг қонини тўкуб, ўз қурсоқларини тўлдурмоқ, ўзгаларнинг уйини ёндириб, ўз қозонларини қайнатмоқ учун эди. Лекин улар тилакларини улусға билдирмас эдилар. “Шарқ халқи ваҳшийдир, уларни маданийлашдурмак учун борармиз”, “Шарқ халқи билимсиздир, уларға билим тарқатмоқ учун борармиз”, “Шарқ халқини хоч буйруқлариға бўйсундирмак учун борармиз”, деб ўз ишчи ва деҳқонларини алдаб, бизим устимизга юборур эдилар”.
Бундай таъсирчан, кучли мантиққа, тарихий далил ва исботларга асосланган фикрларни Алихонтўра Соғуний асарларида ҳам кўриш мумкин: “Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи жоҳилият ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби — динни асоси билан тушунмаган илм-маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар… Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиши бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур”.
Уэльс шаҳзодаси Чарльзнинг (Чарльз Филипп Артур Жорж) 1993 йилнинг октябрь ойида Оксфорд университети қошидаги Ислом тадқиқотлар марказида ушбу марказнинг ҳомийси сифатида сўзлаган машҳур “Ислом ва Ғарб” нутқида бу фикр янада кенг талқин қилинади. Маълумки, 1412 йили Колумб Американи кашф этади. Шу йили Европада саккиз аср давом этган Ислом тамаддуни таназзулга юз тутади. Нотиқ йигирманчи аср адоғида Ғарб ва Шарқ ўртасида юзага келган ўзаро ишончсизлик, бир-бирларини тушунмаслик, қўрқув ҳақида фикр юритар экан, ислом фалсафаси ва маданиятининг туб моҳиятини тўғри ва холис талқин этади: “…экстремизмга фақат мусулмонларнинг белгиси деб қарамаслигимиз лозим. Экстремизм бошқа динлар, жумладан, христианликка ҳам дахлдор. Аксарият мусулмонлар шахсан динга ўта даражада берилган бўлсалар ҳам, лекин сиёсатдаги интилишлари мўътадилдир… Ислом табиати ҳақида Ғарбда тарқалган тушунмовчиликлар билан бирга, биз маданият ва цивилизациямиз Ислом дунёси олдида қанчалар қарздор эканлигини яхши англамаймиз. Менингча, бунга сабаб бизга мерос бўлиб қолган тарихдадир. Ўрта асрларда Ислом дунёси Марказий Осиёдан тортиб Атлантик океани соҳилигача етиб борган олиму фузалолари билан равнақ топган дунё эди. Бироқ биз Исломни Ғарбнинг душмани, ғаним ва бегона бир маданият, жамият ва эътиқод тизими сифатида кўришга интилганимиз сабабли, Исломнинг тарихимизга кўрсатган катта таъсирини ҳам унутиб қўйдик. Мисол учун, саккизинчи ва ўн бешинчи асрлар мобайнида Испанияда мавжуд бўлган Ислом жамияти ва юқори маданиятининг муҳимлигини камситиб келганмиз. Мусулмон Испаниянинг инквизиция даврида юнон классик назарияларини сақлаб қолгани, кейинчалик Ренессанс даврининг равнақ топишига ўз ҳиссасини қўшгани аллақачон тан олинган эди. Билимларни тўплаган ва сақлаб қолган Испанияни биз фақат омборхона сифатида кўрмаслигимиз лозим. Мусулмон Испания қадим юнон ва рим маданиятининг зеҳний меросини наинки асраб қолган, балки мазкур билимларни қайта изоҳлаб, янада ривожлантириб, бутун дунёга тарқатиб, инсоният ақл-заковатининг аксарият соҳаларига, яъни астрономия, математика, алгебра (бу сўзнинг келиб чиқиши ҳам араб тилидандир), қонуншунослик, тарих, тиббиёт, фармакология, оптика, зироат, илоҳиёт, мусиқа каби фанларга ўзининг муҳим ҳиссасини қўшган ҳам… Ислом илмий изланиш ва интилишларни ҳамиша ёқлаб келган. Айтилишича, “олимнинг сиёҳи шаҳид қонидан муқаддасроқдир”. Ўнинчи асрда Қуртуба Оврупанинг энг юксак маданиятга эга шаҳари бўлган. Ажабланарли томони шуки, Британияда қирол Альфред таомлар соҳасида ислоҳотларини амалга ошираётганида, мусулмон Испанияда китобларни абонемент бўйича олиб ўқиш мумкин бўлган кутубхоналар фаолият юритар эди. Маълумотларга кўра, мусулмон Испания ҳокимининг шахсий кутубхонасида тўрт юз минг китоб бўлиб, бу рақам ўша йиллари барча Оврупа ерларида мавжуд бўлган жамики кутубхоналардаги китобларнинг умумий сонидан анча кўп бўлган…”
Дарҳақиқат, публицистика, айниқса, ёзувчи публицистикаси ҳамиша даврнинг, жамиятнинг ўта муҳим, долзарб, гоҳо зиддиятли, ечими топилмаган, муроса қилиш мумкин бўлмаган муаммоларидан баҳс очади. Бундай публицис-тикани бир кишининг, конкрет бир ижодкорнинг куюнчаклиги, ижодий фаоллиги билан бирга жамиятнинг фикрловчи, мушоҳада юритувчи илғор қатлами вакилларининг умумлашма фикри, муносабати ҳам деб ҳам тушунмоқ зарур. Чунончи, Чингиз Айтматов “Кассандра тамғаси” публицистик романида, агар огоҳ бўлинмаса жамиятда ота-онасининг кимлиги номаълум, ҳар қандай буйруқни сўзсиз бажаришга тайёр зомби-зурриётлар пайдо бўлиши хавфидан огоҳ қилар экан, бу жонсараклик миллат, Ватан тақдири ва келажагига бефарқ бўлмаган ижодкор зиёлиларнинг ҳам фикри-назари эди. Собиқ тузум шароитида айни шундай ясама кадрларни тайёрлаш ва тарбиялаш ҳаракатлари мавжудлиги эндиликда ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бу ва бошқа иллатлар, инсоният бошига беҳисоб кулфатлар олиб келувчи хатарли режалар тўғрисида биринчи бўлиб публицистлар бонг уришди. Чунончи, Шукур Холмирзаев бозор иқтисодиёти шароитида бадиий адабиётнинг тақдири қандай бўлишидан хавотирга тушиб, жамият, миллат, адабий жамоатчилик олдига “Адабиёт ўладими?” деган саволни кўндаланг қўйди. Дадахон Нурий, Ёқубжон Хўжамбердиев табиатни, атроф-муҳитни асраш мавзусида тинимсиз қалам тебратишди, уларнинг “Шаҳарга бомба керакми?”, “Уммат Ўзбековнинг тирикчилиги”, “Косага тушган илон” каби ўткир мушоҳадали таҳлилий мақолалари муҳокама ва мунозарага сабаб бўлди. Бундай фаолликни ижодкор зиёлининг, публицистнинг уйғоқ виждони, инсонийлик бурчи деб тушунмок керак бўлади. Публицист ана шундай заҳматли меҳнатни, муросасиз “жанг”ни, ногаҳоний зарбаларни ихтиёрий равишда ўз зиммасига олади.
Таниқли шоира Турсуной Содиқова эътироф этганидек, “Сўз излаш, сўз ўйлаш, сўзга ранг-тус бериш, уни чиройли ижрода тақдим этишга уриниш, кўзларни, қулоқларни ўзингга мубтало қилиш учун жон терига тушиб жанг қилиш, сўзда ўлиб, сўзда тирилиш”публицистнинг қисматига айланади. Поляк адиби Ян Парандовский ўзининг “Сўз кимёси” асарида қуйидагиларни ёзади: “Ёзувчини унинг касб-корига олиб келадиган куч, сира енгиб бўлмайдиган қудратли даъват нимадир? Бундай даъватнинг илдизларини қидирар эканмиз, биз инсон табиатининг хусусиятларидан бирига эътиборимизни қаратмоғимиз лозим… Ҳамма одамларга хос бўлган бу хусусият шундан иборатки, одамлар ҳаётда мавжуд бўлган ҳар қандай ҳодисани сўзда ифодалашга эҳтиёж сезадилар ва бу билан боғлиқ равишда ўз-ўзларини намоён қилишга ҳам эҳтиёж сезадилар. Бу эҳтиёж деярли физиологик эҳтиёждир ва унинг заифлашиши ёхуд бутунлай йўқ бўлиб кетиши инсон табиатининг моҳиятига зид келади”.
Бу фикрнинг нақадар тўғрилигини мустақиллик йилларида матбуотимизда эълон қилинган чуқур таҳлилли мақолалар, хусусан, Озод Шарафиддинов, Одил Ёқубов публицистикасида кучли мантиқий таҳлил, нуқсонларга муросасизлик, фикрни очиқ ва лўнда ифодалаш, Шукур Холмирзаев, Иброҳим Ғафуровда, ҳиссий мушоҳада ва образлилик, Хайриддин Султонов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Мирпўлат Мирзо ва бошқаларда образли бадиий эстетик туйғу ҳосил қилиш, дадиллаш ва ишонтириш маҳорати устиворлик қилади.
Истиқлолимиз арафаси ва дастлабки йилларида матбуот жамиятдаги турли қатламларга мансуб кишиларни ягона мақсад йўлида бирлаштирадиган, янги шароитдаги бурч ва масъулиятини тўла англашларига ёрдам берадиган ошкора, дадил ва таъсирчан сўзига кучли эҳтиёж пайдо бўлди.
Гап шундаки, бу даврга келиб, дунёда тамомила янги ижтимоий ҳолат юзага келди, инсоният ҳаёти, тафаккури ва келажаги билан боғлиқ тушунчаларни қайта идрок этиш зарурати пайдо бўлди. Юқорида ҳам, қуйида ҳам бундан буён эски андозалар, тақиқ ва чекловлар, хомхаёл шиорлар билан яшаб бўлмаслиги, коммунистик тузум ҳукмронлик қилаётган мамлакатларда инсон дунёқарашини сиёсий мафкура тамойиллари асосида шакллантиришга ва уни бошқаришга доир уринишлар самара бермаслиги, дунё кескин бурилиш нуқтасида турганлиги аён бўлиб қолганди. Республиканинг янги раҳбари Ислом Каримов мустақиллик арафасидаёқ мамлакатда ижтимоий адолатни тиклаш, миллатнинг ор-номуси, шаън-шавкатини жой-жойига қўйиш, дин ва диндорларга муносабатни ўзгартириш, улуғ аллома аждодларимиз меросини ўрганиш, мустақиллик эълон қилинганидан кейин эса эски тузумнинг ғайриахлоқий шиорлари, маънавиятга зид қонун-қоидаларидан тезроқ қутулишни жамият олдидаги асосий вазифа деб белгилади. Бу вазифани бажармай туриб, жамиятни тараққий эттириш, халқнинг эртанги истиқбол кунларига ишончини мустаҳкамлаш, янги инсонни камолга етказиш мумкин эмас эди.
Мустақиллик йилларида ўзбек бадиий публицистикаси жанговар, ҳозиржавоб жанр сифатида қайта оёққа турди, янги демократик жамият қурилишининг фаол иштирокчисига, йиллар давомида бир ўзанга тушиб қолган фикр мудроқлигига барҳам берди, жамият ҳаётида бошланаётган янги жараёнларнинг толмас тарғиботчисига айланди, баҳс-мушоҳада, ҳиссиётли муҳокама жўшқинлигини юзага келтирди. Яна бир муҳим жиҳати, тўқсонинчи йилларнинг биринчи ярмида нафақат ижодкор зиёлилар, оддий касб эгалари, мактаб ўқитувчилари, саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт соҳаси ходимлари, кўп болали оналар ҳам қўлларига қалам олдилар. Матбуот улар учун эркин мушоҳада минбарига айланди, фикр алмашиш, бошқаларни ҳам эшитиш, қиёслаш, хулоса чиқариш имконияти пайдо бўлди. Таҳририятларга йўлланаётган мактубларнинг аксариятида муаллифларнинг шахсий талаблари эмас, жамият ривожи, миллат тақдири билан боғлиқ куюнчак мулоҳазалар устиворлик қиларди.
“Адабиёт, сўз санъати азалдан халқ қалбининг ифодачиси, ҳақиқат ва адолат жарчиси бўлиб келади, — деб таъкидланади Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида. — Хусусан, мустақиллик йилларида юртимизда маънавиятимизнинг ғоят муҳим ва узвий қисми бўлган адабиётни ривожлантириш, шоир ва ёзувчиларимизнинг эзгу меҳнатини қадрлаш ва муносиб рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз ҳосилини бераётгани, бадиий адабиётимиз мавзулар кўлами жиҳатидан ҳам, жанрлар нуқтаи назаридан ҳам ранг-баранг бўлиб бораётгани, адабиёт майдонида янги-янги номлар пайдо бўлаётгани китобхон халқимизни, албатта, қувонтиради. Буларнинг барчаси миллий тикланиш жараёнлари қалам аҳлининг ижодий изланишлари учун қандай катта уфқлар очиб берганини яна бир бор кўрсатади. Дей-лик, ҳозирги пайтда тарихий мавзуни ёритишда — бу Имом Бухорий ёки Имом Термизий бўладими, Жалолиддин Мангуберди ёки Амир Темур сиймосини яратиш бўладими, олис ва яқин ўтмишимизнинг ҳали очилмаган саҳифаларини аск эттириш бўладими — буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли тасвирланган кўплаб асарлар юзага келмоқда”.
Собиқ тузум шароитида бунга асло йўл берилмади. Бадиий адабиётда, матбуотда ёки оддий давра суҳбатида ўтмиш аждодларнинг номини тилга олишнинг ўзи “тарихни идеаллаштириш, феодал замонларни қўмсаш” деб баҳоланди. Кўпчилик ижодкорлар шундай оғир шароитда ҳам имконият даражасида қалам тебратишга, тарих ҳақиқатига қарши бормасликка ҳаракат қилдилар. Давлатимиз раҳбарининг миллий адабиётимизни янада ривожлантириш, Ёзувчилар уюшмаси фаолиятининг самарадорлигини ошириш юзасидан билдирган фикр-мулоҳазаларида бу тўғрида жуда аниқ айтилган: “Шуни айтиш жоизки, аксарият ёзувчиларимиз совет даврининг тарбиясини олган, узоқ йиллар ҳукм-рон мафкура руҳида ижод қилган. Лекин яна бир ҳақиқат ҳам борки, уларнинг кўпчилиги коммунистик тузум ғояларини сўзда маъқулласа ҳам, аслида ич-ичидан уларни қабул қилмаган. Негаки, коммунистик тузум инсоннинг, бинобарин, миллат ва халқнинг эркин ва озод яшашига, миллий тафаккур, диний қадриятларга қарши бўлганини ижод аҳли ҳаммадан кўра чуқурроқ англаган. Табиийки, давр тақозосига кўра, ёзувчилар яшаш учун, ўз истеъдодини рўёбга чиқариш учун коммунистик тузум билан муроса қилишга мажбур бўлган. Шу маънода, мустабид тузум даврида виждон азобини ким кўпроқ тортган, деса, мен, доимо бу ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсоннинг қадр-қиммати, эл-юрт тақдири ҳақида қайғуриб яшайдиган одамлар ва уларнинг олдинги қаторида бўлган ижод аҳли, деб айтган бўлардим”.
Бу юксак эътироф матбуотимизнинг фидойи ва журъатли вакилларига ҳам тааллуқли десак тўғри бўлади.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 4-сон.