ХХ аср бошларида дунёга келган ва шу даврнинг мураккаб ижтимоий-маданий шароитида қалам тебратган ёзувчилар орасида Шокир Сулаймоннинг муносиб ўрни бор. 30 — 50-йиллардаги сиёсий қатағон оқибатлари фош этила бошлаган йиллари Шокир Сулаймон ҳаёти ва ижодига ҳам бирмунча қизиқиш пайдо бўлди: у ҳақда баъзи бир мақолалар ёзилди; «Ўч» номли ҳикоялар тўплами нашр этилди; Франциянинг Тошкентдаги Ижтимоий тадқиқотлар институтида Ш.Сулаймон шеъриятига қизиқиш пайдо бўлган бўлса керакки, немис олимаси И.Балдауф шу ҳақда маъруза ўқиди… Лекин ёзувчи туғилган куннинг 100 йиллиги фақат Педагогика университети филологларининг кичкина бир даврасидагина эслаб ўтилди, холос. Ш.Сулаймонга нисбатан бундай эътиборсизликнинг сабабларидан бири, шубҳасиз, адабий жамоатчиликнинг ёзувчи ҳаёти ва ижодидан хабарсизлигидир.
Шокир Сулаймон 1900 йили Қўқонда туғилган. Афсуски, унинг қандай оилада дунёга келгани, қаерда дастлабки таълимни олгани, ижоди қачон бошлангану, илк асарлари қаерда эълон қилинганлиги тўғрисида аниқ маълумот сақланмаган. Аммо шу нарса маълумки, у Оренбургдаги ўша даврнинг нуфузли билим масканларидан бири — «Ҳусайния» мадрасасида таҳсил кўрган.
1941 йил 27 август куни НКВД ходимлари томонидан қамоққа олинган Ш.Сулаймон 6 сентябрда бўлиб ўтган тергов пайтида таржимаи ҳолига ойдинлик киритувчи бундай маълумотларни берган:
«Октябр инқилоби йиллари мен ўқитувчи ва ҳаваскор ёзувчи эдим. Қўқон газеталарида эълон қилинган шеърларим маҳаллий миллатчи зиёлиларнинг эътиборларини ўзига қаратди. Турли-туман кишиларнинг таклифлари билан мен ўша вақтда ўқитувчилар, ёзувчилар, журналистларнинг йиғилишларига бориб, секин-аста улар доирасига кирдим…
«Иттиҳоди толибон» деган ошкора жамият ишларида қатнаша бошлашим ҳам худди шу даврга тўғри келади. Бу жамият Қўқон ўқувчилари ва ўқитувчиларини ўзаро бирлаштирган бўлиб, у, масалан, эски ва янги ўқитувчиларни миллий кадрлар учун, Туркистоннинг озодлиги учун русларга қарши кураш шиори остида жипслаштиришга қаратилган ишларни олиб борди. Жамият раиси руҳонийлардан чиққан Отабеков Абдуллабек (қамоққа олинган), унинг ўринбосари Ҳоди Файзий эса (қамоққа олинган) жадид зиёлиларининг раҳбарларидан эди. Мазкур жамият вақф маблағлари ҳисобидан ўқитувчиларга моддий ёрдам кўрсатиб турган. Менинг жамият ишларидаги икки йиллик иштироким «Миллий иттиҳод»га аъзо бўлиб киришимга замин ҳозирлади.
«Халқ газетаси»га Оқилов Зоҳид муҳаррирлик қилган. Мен бу газетада миллатчилик руҳидаги шеърлар, капиталистлар — «миллий бойлар» мол-мулкларининг совет идоралари томонидан тортиб олинишига қарши мақолалар билан чиққанман. Шулар оқибатида мени ЧКга чақиришган ва мен советларга қарши чиқишларга чек қўйиш тўғрисида кўрсатма олганман…».
Шокир Сулаймоннинг бу сўзлари терговчи таҳриридан ўтганлиги сабабли ундаги маҳаллий зиёлилар шаънига айтилган «миллатчи», «қамоққа олинган» сингари ифодаларга дуч келамиз… Умуман, 30 — 50-йиллари тузилган тергов қайдномаларида берилган аксар маълумотларга ишониш қийин. Шунга қарамай, Ш.Сулаймоннинг «Иттиҳоди толибон» ва «Миллий иттиҳод» ташкилотларига аъзо бўлганлиги ҳақидаги маълумотда жон бўлиши мумкин. Зеро, бизга маълумки, Ш.Сулаймон 1917 йил ноябр-декабр ойларида Туркистон Мухторият ҳукумати ғояларини Фарғона водийси аҳолиси ўртасида тарқатган ва уларда мухториятчиларга нисбатан хайрихоҳлик уйғотган Қори Ёқубов бошчилигидаги «бадиий бригада» таркибида фаоллик кўрсатган. Мухторият тугатилгандан кейин эса бундай кишилар турли аксилшўровий ва аксилинқилобий ташкилотларга аъзо бўлиб, совет давлатига қарши фаолият олиб борганлар.
Энди «Халқ газетаси»га келсак, бу газета 1917-1918 йиллари Қўқонда ўзбек ва рус тилларида нашр этилган. «Халқ газетаси»нинг 1-сони 1918 йил 4 декабрда, Ш.Сулаймон маълумот берганидек, Зоҳид Оқиловнинг эмас, балки миллий ишлар комиссари Аҳмад Девишевнинг муҳаррирлигида нашр этилган.
Ш.Сулаймоннинг тергов пайтида берган маълумотидан маълум бўлишича, 1919 йили «Миллий иттиҳод» ташкилоти йиғилишларида қўқонлик ёшларни келажакда Германияга ўқишга юбориш учун немис тилини ўрганиш бўйича махсус курслар ташкил этиш, айрим ёшларни эса Бокудаги дорулфунунларга юбориш ҳақида қарор қилинган. Шундай қарорларнинг натижаси бўлса керак, Ш.Сулаймоннинг ўзи ҳам 1920 йили Тошкентга келиб, ўлка маориф институтига ўқишга кирган. У Туркияда таҳсил олган Холид Саид директорлик, Салимхон Тиллахонов ва Шокиржон Раҳимий муаллимлик қилган институтда икки йил таҳсил кўргач, 1922 йил Туркистон Марказий ижроия қўмитасининг йўлланмаси билан Москвага борган. Шу йили бир гуруҳ ёшлар Германияга, 17 кишидан иборат бошқа бир гуруҳ эса Москвага ўқишга юборилган. У дастлаб Москвадаги ишчилар учун очилган факултетларнинг бирида, кейин педагогика институтида таҳсил кўрган. Москвага келган ёшлар орасида, Ш.Сулаймондан ташқари, Саидғани Валиев, Отажон Ҳошим, Наим Саид, Шариф Толипов ва бошқалар бор эди. Туркистоннинг Москвадаги ваколатхонаси уларга кўз-қулоқ бўлиб турган. Саидаҳмад Назиров, Қамчинбек, Боту сингари Москвага бироз аввал ўқишга борган ёшлар эса уларнинг моддий таъминоти учун жавобгар бўлганлар. Ботуга, бундан ташқари, Москвага ўқишга келган ёшлар гуруҳи билан Берлиндаги гуруҳни ўзаро боғлаб туриш вазифаси ҳам топширилган.
Ана шу тарзда Ш.Сулаймон мансуб бўлган «ўн еттилар» гуруҳи Берлиндаги ўзбек талабалари ҳаётидан яхши хабардор бўлиш билан бирга, Ботулар гуруҳи билан ҳам яқин муносабатда бўлди. Айниқса, 1924 йили, бир томондан, Фитрат бошлиқ Бухоро халқ жумҳурияти собиқ раҳбарларининг сургунга келишлари, иккинчи томондан эса, шу вақтда Назир Тўрақулов, Ҳоди Файзий, Файзулла Раҳимбоев сингари ватандошларимизнинг марказда хизмат қилаётганлари туфайли Москвада ўзбекона ажойиб бир давра тўпланиб қолди. Энди Шокир Сулаймон тенгдошлари билан фақат Ботунинг ётоқхонасида эмас, балки Фитратнинг ижара уйида кечган гурунгларда ҳам иштирок этиб, бадиий дидини ўстирди, билим доирасини кенгайтирди.
«1924 йил ёзида, — дейди Ш.Сулаймон кўрсатма берар экан, — мен, Фитрат, Ҳоди Файзий, Наим Саид, Файзулла Раҳимбоев таътил пайтида Москвада қолиб, чорбоғда яшадик. Татар миллатчи ёзувчиси Олимжон Иброҳимов (ҳозир қаердалигини билмайман), Лутфий (Туркияга кетиб қолган), Назир Тўрақулов (қамоққа олинган) бизнинг ҳузуримизга тез-тез келиб турдилар.
Мен 1926 йили Ўзбекистонга қайтиб келдим. Икромов ва бошқалар мендан аввалроқ қайтишган ва масъул лавозимларни эгаллашган эди: Икромов — Марказқўм котиби, Иноғомов Раҳим — матбуот бўлими мудири, Боту — халқ комиссари ўринбосари, Назиров Саидаҳмад — Ўздавнашр правлениеси раиси. Мен Раҳим Иноғомовнинг тавсияси билан «Маориф ва ўқитғувчи» журнали таҳририятига котиб этиб тайинландим. Журналга Икромовнинг яқин кишилари — Отажон Ҳошим, Рамзий, Боту раҳбарлик қилишган, журналнинг нашр этилишида эса Миён-Бузрук Солиҳов, Берегин, Бўлат Солиев, Ғози Олим Юнусов ва Назрулла Иноятов иштирок этганлар.
1926 йили Самарқандда «Қизил қалам» ёзувчилар жамияти тузилди. Икромов, Рамзий, Иноғомов жамиятнинг ғоявий раҳбарлари эдилар. Улар мени жамиятга раис этиб тайинладилар».
Ш.Сулаймон берган маълумотга қараганда, жамиятнинг ўша кезлари бўлиб ўтган йиғилишларидан бири Чўлпонга бағишланган. Унда Вадуд Маҳмуд шоир ижоди ҳақида маъруза қилган. Кечада қатнашган Акмал Икромов йиғилишдан норози бўлиб, ғазаб билан чиқиб кетган. Шундан кейин жамият раҳбарияти тарқатиб юборилган ва раҳбариятга Отажон Ҳошим, Боту ва Сорокин келган.
Тергов ҳужжатларини ўрганиш шундан далолат берадики, 20 — 30-йиллари яшаган зиёлилар ўртасида аҳиллик бўлмаган. Улар мураккаб тарихий жараёнда бир-бирлари билан жипслашган ҳолда ишлаш ўрнига бир-бирларининг тагларига сув қуйиб турганлар. ОГПУ-ГПУ-НКВД ходимлари Ўрта Осиё халқлари менталитетига хос ана шу иллатдан ғоят усталик билан фойдаланганлар. Зиёлиларимиз эса сохта амбициялари ва ноаҳилликлари туфайли бу ғаразли кучларнинг ўз мақсадларига осон эришишларида ҳатто уларга ёрдам ҳам берганлар. 30-йиллардаги қатағоннинг Ўзбекистонда, айниқса, фожиали ўтишига сабаб бўлган омил ҳам республиканинг икки раҳбари — Акмал Икромов билан Файзулла Хўжаев ўртасидаги сиёсий курашдир.
Ботунинг маориф халқ комиссарига, яъни ўзига ўринбосар этиб тайинланганини кўрган Рамзий хавотирга тушиб, унга қарши ошкора кураша олмаган бўлса-да (Ботунинг орқасида А.Икромов турган), у билан яқин алоқада бўлган Ш.Сулаймоннинг пайини қирқади. 1929 йили Рамзийнинг буйруғи билан «Маориф ва ўқитғувчи» журнали таҳририятидан озод этилган Ш.Сулаймон «Қизил Ўзбекистон» газетасига ишга ўтади. Унинг газета таҳририятида қанча вақт ишлаганлиги тўғрисида бирор маълумот йўқ. Аммо маълумки, Ш.Сулаймон муайян муддат Самарқанддаги Педагогика академиясида (ҳозирги Самарқанд давлат университети) ўқитувчилик қилган. 1937 йили Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевнинг қамалиши билан у ҳам ишдан ҳайдалган…
1941 йил 27 августда қатағон навбати Ш.Сулаймоннинг ўзига ҳам етиб келди. Шу пайтда у Ўзбекистон Фанлар қўмитаси ҳузуридаги А.С.Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим сифатида хизмат қилаётган эди.
Шокир Сулаймоннинг ижодий фаолияти асосан 1917 йил Феврал инқилоби туфайли Оренбургдан қайтиб келганидан кейин бошланган. У шу даврда шеър, ҳикоя ва мақолалар ёзган. 20 — 30-йиллар матбуоти саҳифаларида унинг кўплаб шеър ва ҳикоялари эълон қилинган бўлса-да, уларни бадиий жиҳатдан бақувват, дейиш қийин. Аммо номи юқорида тилга олинган немис олимаси профессор И.Балдауф Ш.Сулаймонни ўзбек шеъриятида сочма вазннинг майдонга келиши ва шаклланишига катта ҳисса қўшган шоир, деб ҳисоблайдики, бу фикр ҳақиқатга озми-кўпми яқиндир.
Ш.Сулаймон В.Маяковский, Д.Бедний, С.Маршак, А.Тўқай, Ҳ.Тоқтош шеърларини ўзбек тилига таржима қилишдан ташқари, «Эрк куйлари» (1926), «Ғалаба марши» (1928), «Давр ҳайқириғи» (1932), «Танланган асарлар» (1934) номли шеър ва достонлардан иборат китобларини эълон қилган. Унинг «Қотил», «Паразитлар», «Ҳукм», «Лолазордаги шумғия», «Ўч», «Фармоза отаси», «Ямо билан Ҳамо» каби ҳикоялари бор. У ўрта ва олий ўқув юртлари учун адабиёт фани бўйича ўқув қўлланмалари ва мажмуалар тузишда ҳам фаоллик кўрсатган. Ш.Сулаймоннинг 1917-1918 йиллари «Иштирокиюн», «Эл байроғи» газеталарида босилган шеърларида эрксеварлик ғоялари жилва бериб туради. Аммо шоир кейинчалик замонавий мавзудаги асарларида воқеликда кечаётган жараёнларни маъқуллашга, бу жараёндаги салбий ҳодисаларга муносабатини эса хорижий халқлар ҳаётидан олинган асарлари орқали ифодалашга уринди.
1942 йил 24 июнда тузилган Айблов хулосасига кўра, Ш.Сулаймонга бундай айблар қўйилган:
«Сулаймонов Шокир Оренбург шаҳридаги «Ҳусайния» татар мактабида ўқиган, ёшлик йилларидан бошлаб жадидлар ва пантуркистларнинг тарбиясини олган, Октябр инқилобидан кейин эса Қўқондаги буржуа миллатчи унсурлар муҳитига бевосита алоқадор бўлган.
Сулаймонов Шокир 1918 — 19 йиллари буржуа миллатчилари ташкил этган турли-туман йиғилишларда иштирок этиб, пантуркистларнинг «Иттиҳоди толибон» жамиятига кирган, бу жамият эса миллий кадрлар учун, Туркистоннинг озодлиги учун, Туркистоннинг Туркияга қўшилиши учун русларга қарши кураш шиори остида эски ва янги ўқитувчиларни бирлаштиришга қаратилган ишларни амалга оширган.
Сулаймонов Шокир 1919 йили таниқли қўқонлик миллатчи Қодиров Убайдулла Махсум томонидан «Миллий иттиҳод» яширин ташкилотига жалб этилган, бу ташкилот эса ўз олдига Совет ҳокимиятини ағдариб ташлаш мақсадини қўйган. У «Миллий иттиҳод» ташкилотининг аъзоси сифатида буржуа миллатчи кадрларни тайёрлаш, жамоатчилик фикрини чалғитишга қаратилган аксилшўровий-миллатчилик мазмунидаги шеърларни матбуотда эълон қилиш йўли билан ташкилотнинг аксилинқилобий фаолиятида фаол иштирок қилган…»
Кўрамизки, Ш.Сулаймонга қўйилган бу айбларнинг бирортаси ҳам унинг 30 — 40-йиллардаги фаолиятига мутлақо алоқадор эмас. Сирасини айтсак, улар қуруқ туҳматдан иборат. Шундай экан, «Нега у ҳолда Шокир Сулаймон қатағон этилган? Унинг айби нимада?» деган саволлар туғиладики, бу саволларга қуйидагича жавоб беришимиз мумкин: биринчидан, Шокир Сулаймон, юқорида айтиб ўтганимиздек, устозлари ва ёр-дўстлари ҳақида НКВДга маълумот бериб турмаган. Унинг қамоққа олиниши учун 30 — 40-йиллари шунинг ўзи ҳам етарли бўлган. Иккинчидан, совет разведкаси тўплаган маълумотга кўра, вермахт шу йиллари Эрон орқали Ўрта Осиёга бостириб киришни режалаштирган. Агар немис армияси совет давлати сиёсатидан норози бўлган Ўрта Осиёга бостириб киргудайин бўлса, «Миллий иттиҳод»га мойил кишилар немислар тарафига ўтиб, советларга қарши курашишлари мумкин эди. Шунинг учун ҳам Сталин урушнинг дастлабки йилларида халқнинг маълум бир қисмини яна қатағон қилган.
Шундай қилиб, Шокир Сулаймон 1942 йил 8 августда ўзи билан бирга қамоққа олинган адабиётшунос Сотти Ҳусайн, шоир ва журналист Юнус Латиф ҳамда географ олим Шариф Обидов билан бирга отиб ташланди. Маҳбуснинг мол-мулки, шу жумладан, Шаҳрисабз кўчасидаги хонадони мусодара этилди. Унинг хотини Зайнаб Мирсалимова Марат ва Пўлат деган икки ўғли ҳамда Нодира ва Мунира деган икки қизи билан бирга Андижонга, қариндошлариникига кўчиб кетишга мажбур бўлди. Шокир Сулаймоннинг Қўқон шаҳрида истиқомат қилаётган Яҳё ва Қодир деган укалари ҳам оила аъзолари билан ғурбатда қолдилар…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 33-сонидан олинди.