Бу учрашув чамаси йигирма йиллар аввал рўй берган эди…
Андижонлик бир қадрдонимнинг волидаси қазо қилганини эшитиб, кўнгил сўраб келиш ниятида йўлга отландим. Мен чипта олган поезд Москвадан келиб, Тошкент орқали, Андижонга кетар экан. Пласкарт вагоннинг пастки ўриндиғидан жой эгаллагач, у ёқ-бу ёққа кўз югуртирдим. Бўлмада мендан бошқа фақат бир қария бўлиб, у қаршимдаги ўриндиқда газета ўқиб ўтирарди; чеҳрасида водийликларга хос камтарлик, самимийлик барқ уриб турибди. Соқоли ҳам эпақали, таомилга яраша – икки эн узунликда бўлиб, мошгуруч тусда эди. Эгнида ёшига яраша кийим-бош, кўкрагини қўша-қўша орден безаган. Қария бошлаб қўйган мақоласини ўқиб битирди чоғи, газетани бир четга ташлаб, “Йўл бўлсин! Водийни бир айланиб келай, дебсиз-да?” дея гап очиб қолди. Мен нима мақсадда йўлга чиққанимни айтдим. “Ҳа, савоб ишга бел боғлабсиз. Кам бўлмайсиз”, деб қўйди бош ирғаб қария. Бир оз ундан-бундан гаплашиб ўтириб, суҳбатимиз ҳам қовушди-қолди. У киши бирга жанг қилган олис юртдаги дўсти билан дийдорлашиб қайтаётган экан. “Эҳ-ҳэ, биз у билан қанча оловларни бирга кечиб ўтганмиз”, деб чуқур хўрсиниб қўйди отахон…
– Ношукурлик, кибр-ҳаво – одамзод бошига ёғиладиган барча ғам-кулфат, уруш-қирғинларнинг заҳар-заққум булоғи, – дея сўз бошлади у бир дам ўтгач. – Замахшарийнинг “Довуд алайҳиссалом бир ғорга кирди ва у ерда ўлиб ётган киши бошида бир лавҳага кўзи тушди. Унда бундай деб ёзилган экан: “Мен фалончиман, минг йил подшоҳлик қилдим, мингта шаҳар барпо этдим, ҳарамимда мингта маъшуқа тутдим, мингта қўшинни мағлуб қилдим. Шундай замон бўлдики, нон келтиргани бозорга бир халта дирҳам чиқардим. Нон йўқ экан. Сўнг бир халта динор чиқардим – нон йўқ. Кейин бир халта гавҳар чиқардим – нон яна йўқ. Охири шу гавҳарни майдалаб оғзимга солдим-да, ўша жойимда тиришиб ўлдим. Ким тонгда уйғонса-ю, бир дона нони бўлса ва ўзини ер юзининг энг бой одами деб санамаса, Оллоҳ унга ҳам худди меникидек ўлим раво кўрсин”, деган мазмундаги ривоятини тез-тез эслаб тураман. Бу ривоят кишини ношукурлик ва кибр-ҳаводан қайтаради, а лаббай, нима дейсиз?
– Отахон, камина ҳам Замахшарийнинг мухлисларидан. Бироқ сиз айтган ривоятни эшитмаган эканман. Ҳозир уни тинглаб, кўп таъсирландим. Замахшарийнинг ҳар бир асари – маънолар хазинаси. Шом ҳокими Музаффариддин Мусо кимки Замахшарийнинг “Ал-Муфассал” асарини ёд олса, унга беш минг кумуш танга ва бош-оёқ сарупо ҳадя этишини эълон қилган экан. Бир неча киши “Ал-Муфассал”ни ёд олиб, мукофотга ҳам сазовор бўлган. Замахшарийнинг бошқа асарлари ҳам бундан кам баҳоланган эмас…
Қария ҳам, мен ҳам бир муддат ўз хаёлимиз билан банд бўлдик. Нигоҳим гоҳ ҳамроҳимнинг орденлар безаб турган кўксига қадалса, гоҳ вагон ойнасидан лип-лип ўтаётган тун манзарасидан завқ оларди…
– Отахон, булар қанақа орден? Уларни қайси жангларда олгансиз? Малол келмаса, гапириб берсангиз, – дея илтимос қилдим.
Қария менга бир кўз ташлаб, чин дилдан сўраётганимга ишонч ҳосил қилди чоғи, “Исмим Тўйчи, фамилиям Йигиталиев”, дея сўз бошлади.
Бирдан миямга Тўйчи Эрйигитов номи келди-да, қариянинг гапини бўлиб, “Ие, сизни ҳамма билади-ку! Номингиз Ўзбекистонда машҳур!” дедим ҳовлиқиб. Бироқ қария вазминлик билан ҳовуримни босди:
– Исми-шарифимиз ўхшаш, холос. Сиз айтган Тўйчи асли тожикистонлик чўпон йигит. Биз ҳеч қачон юзма-юз келмаганмиз. Унинг хотирасига қишлоғида ҳайкал ўрнатилган, ўқиган мактаби, яшаган совхозига номи берилган. У ҳақда шеър, баллада, достонлар ёзилган. Мен эса Фарғонанинг Бувайдасиданман. Урушда разведкачи бўлганман. Қисмимизда ўзбек боласи биргина мен эдим. Орденларни сўрайсиз-да, ҳар бири бир тарих. Масалан, мана бу орденни олишим жуда қизиқ бўлган. Мен бошлиқ беш аскар “тил” тутиб келгани душман тарафга ўтдик. Зим-зиё тун. На ой, на юлдуз кўринади. Пистирмада пусиб, пайт пойлаб ётибмиз. Бир вақт душман аскари шақир-шуқур қилиб “котелок”ларда овқат олиб ўтди. Биз шарпа чиқармай изидан қорама-қора боравердик. У, ерни кавлаб ясалган аллақандай блиндажга тушиб кўздан ғойиб бўлди. Блиндажда командирлар тўпланган шекилли, деган ўй ўтди хаёлимдан. Секин эмаклаб бориб, пастга туша бошласам, бир қўл томоғимга ғиппа ёпишса бўладими! Мен ҳам довдираб қолмай, қурол қўндоғи билан бир уриб душманни ер тишлатдим. Бу ҳодиса кўз юмиб очгунча бўлиб ўтди. Ортимдан бошқа жангчилар ҳам блиндажга тушишди. Эшик ортидан кимнингдир зардали оҳангда гапираётгани ҳамда ошпазнинг идишларни тарақ-туруқ қўяётгани эшитиларди. Мен андак орқага тисарилиб, елкам билан эшикни туртган эдим, у гурс этиб ичкарига ағнаб тушди. “Хенде хоҳ!“ дейишга ҳам ҳожат қолмади – душман офицерлари икки қўлини кўтариб турарди. Беш киши ўн бир асирни (улар орасида ошпаз солдат ҳам бор) олдимизга солиб қайтдик. Қисмимизга етай деб қолганда юролмайдиган аҳволга тушдим. Душман бўғзимга ёпишганда оғир шикастлаган экан. Томоғим шишиб, кўзларим бақрайиб қолди. Асирларни штабга етказишни буюриб, ўзим “санчаст”га бурилдим. Бир муддат госпиталда даволанишга тўғри келди. Соғайиб чиққандан кейин қисмимизни қидириб топдим. Эшитсам, асирлар штабга элтиб топширилгач, қисм командиримиз тузук сўраб-суриштирмай, “тил” воқеаси юзасидан ахборот берган ўринбосаримни “герой”ликка тақдим қилиб юборибди. Бу менга роса алам қилди. Хизматнинг каттасини мен қилсам, яна жароҳатланиб госпиталда ётсам-у, ўринбосарим “герой”ликни илиб кетса! Бисотимда бор ўрисчаю ўзбекча сўкишлар билан командирни “сийлаб” олдим. Командир эса, “Бўлар иш бўлди, бошқа чора йўқ”, деб мени мана шу орденга тавсия қилди…
Дарвоқе, орадан бир неча кун ўтиб, янги “герой” бошчилигида бизни душман орасига юбормоқчи бўлишди. Мен “Геройингиз ўз йўли билан кета берсин, мен ўзим якка “ов” қиламан”, дедим. Командир ноилож рози бўлди-да, бир-икки аскар қўшиб берди. Биз топшириқни адо этиб қайтсак, қисмимизда – мотам. Топшириқни адо этиш чоғида “герой”ни душман аскарлари отиб қўйибди. Унинг жасадини қандай қилиб қисмга олиб келиш ҳақида ўйлаб ҳамманинг боши қотган. Ахир, “герой” жанг майдонида қолдирилмайди, у тантанали вазиятда кўмилиши шарт. Бироқ қани энди, унинг жасадини олиб чиқишнинг иложи бўлса! Шу вақтгача олти жангчимиз бунга жазм этиб, дзот ўқидан ҳалок бўлибди. “Билмадик, яна нечта қурбон берар эканмиз“, дерди аскарлар маъюс тортиб. Йигитларнинг жони увол кетганига ачиндим. “Қани, бўлмаса, тепамдан бетўхтов ўқ ёғдириб, бошимга ўқлардан том ясаб, душмандан пана этиб туринглар-чи, мен сизларга ўша жасадни олиб чиқиб берай”, деб немис дзоти сари эмаклай кетдим. Ҳайтовур, “герой”нинг жасадини олиб чиқдим…
Отахон орденлар тарихини ҳикоя қилиш асносида, “Бир кун душман генералини ҳам қўлга олганмиз”, деб қолди. “Бу жасоратингиз учун қандай орден олгансиз?” деб сўраганимда, “Бунинг учун ҳеч вақо беришмаган”, деб беҳафсала қўл силтади.
– Сабаби, генерални “тил” қилиб тутиб келаётганимизда қўққис бир аскаримизни йўқотиб қўйдик, – дея сўзида давом этди кейин. – Уруш қонунига кўра, разведкачи ўликми-тирикми, албатта гуруҳ билан бирга қайтиши шарт. Агар бирор разведкачи “ов”дан қайтмаса, гуруҳ иши барбод бўлган ҳисобланади. Шунинг учун ҳеч ким бизга, генерални тутиб келибсан, деб раҳмат айтмади. Бир қултум сув ичмай, бир бурда нон емай, дарҳол сафдошимизнинг ўлиги ёки тиригини топиб келиш учун ортга қайтдик. Излаб душман дивизияси штаби томон борсак, бир хонада беш-олти немис офицери уни тик турғизиб, сўроқ қиляпти. Сафдошимиз саволларга жавоб қайтаряпти-ю, кўзини деразадан узмайди. Бу ҳам разведка қоидаси. Мабодо аскар қўлга тушиб қолса, ҳибсхона деразасидан кўз узмаслиги лозим. Биз – икки киши сўроқ ўтказилаётган уй деразасининг икки ёнида туриб “ракета” отдик-да, ичкарига кетма-кет бир неча граната ташладик. Разведкачимиз унга ишора қилиб отилган “ракета”ни тез пайқаб, ўзини панага олишга улгурди. Бошқалар эса граната парчаларидан тил тортмай ўлди. Бу чоқда бошқа шерикларимиз эшик олдидаги соқчиларни бир ёқли қилиб бўлган эди. Ниҳоят, қисмимизга барчамиз соғ-саломат, яна сафдошимиз билан бирга қайтдик. Лекин, табиийки, бундай шароитда мукофот ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас эди.
– Дарвоқе, разведкачимизни қутқариб олгач, йўлда бир кулбага кириб нафас ростладик, – дея ҳикоясини давом эттирди отахон сал тин олгач. – Кулбада бир кампир ёлғиз яшаркан. Мўрчасида маза қилиб ювиндик. Оқ қайин шохи билан баданимизни хивичлатиб, обдон буғланиб роҳатландик. Дастурхонга тортилган карамшўрвадан ҳўплай туриб, “Раҳмат, бувижон, мўрчангизга ҳам, шўрвангизга ҳам, кўпдан бери бу қадар маза қилмаган эдик”, деб миннатдорлик билдирсам, бирдан уввос тортиб йиғлаб юборди боёқиш. Сўнг эса ҳиқиллаб, “Нега мени ҳадеб “кампир”, “буви” дейсизлар, эндигина 18 ёшга тўлдим-ку”, деса бўладими! Чиндан ҳам, разм солиб қарасак, қаршимизда ёшгина қиз турибди. Уруш ғам-андуҳи уни қаримсиқ қилиб қўйган экан…
Ҳикоя таъсирида хаёлга чўмганимни кўриб:
– Энди бунисига қулоқ тутинг, ҳозир эшитганингизнинг гўё давоми… – деб қолди Тўйчи ота. – Олмониянинг бир шаҳрида қасрдек бир уйга кириб борганим ёдимда. Ўн-ўн беш чоғлиқ хонанинг бирортасида ҳам зоғ йўқ. Бир эшик қулф экан, бир-икки тепган эдим, қарсиллаб очилиб кетди. Қарасам, ичкарида 18 яшарлар гўзал бир қиз бурчакка суқилиб, яширинишга уринаётир. Қиз бунинг иложи йўқлигини англади шекилли, немисчалаб бир нималар деди-да, полга пар тўшакларни сола бошлади. Сўнгра парёстиқларни ҳам келтириб қўйди, ниҳоят, пана жойга ўтиб, оқ ҳарир либос кийиб чиқди. Англадимки, бу қиз турмушга чиқиш арафасида, мени нияти бузуқ деб ўйлаб, тақдирга тан бериб тургани экан бу. Шу тобда кўзимга бизни мўрча ва шўрва билан сийлаган ҳалиги қиз кўриниб кетди-ю, ўша фаришта ҳаққи бу бегуноҳ қизга заррача озор етказмасликка аҳд қилдим. Сўнг урушга лаънатлар ўқиб, ҳарбийча честь бердим-да, шартта ўгирилиб чиқиб кетдим…
Бу орада Тўйчи ота манзилига ҳам яқинлашиб қолди. Поезд Бувайдага ярим кечаси кириб борар экан. “Ўғилларим кутиб олишади. Уларга яхши тарбия берганман, ҳалол луқма едирганман”, деди отахон вагон ойнасига мамнун кўз ташлаб. Тўйчи ота боя суҳбат чоғи жарима батальонида ҳам бўлгани ҳақида сўз қистириб ўтган эди. Фурсат танг бўлса ҳам, “Отахон, шу батальон ҳақида ҳам бир-икки оғиз гапириб беринг”, деб тихирлик қилдим. Оқсоқол бу гал ҳам раъйимни қайтармай, сўз бошлади:
– Гоҳо разведкага йўл олганда, дала-даштдан ўтаётиб, ўзбек йигитларини учратиб қолардим. Уларнинг бир нечаси билан дўст ҳам бўлиб олдим. Шу қадрдонлар билан дийдорлашсам, кўнглим яйраб-яшнаб кетарди. Кишининг ҳовурини киши олади-да. Бир гал разведкадан қайтаётиб, Аҳмад исмли оғайнимга дуч келдим. Негадир шашти пастроқ кўринди. “Ҳа, биродар, нима бўлди, кайфиятинг йўқ?” десам, “Янги командир келган. Жуда қаттиққўл одам. У куни арзимаган бир иш учун тўппонча чиқариб Эшматни шартта отиб ташлади”, деди. Бу шумхабардан дилим хуфтон бўлди. Бошқа гал учрашганимизда Аҳмаднинг шашти янаям паст кўринди. Билсам, командир яна бир ўзбек оғайнимиз жонига зомин бўлибди. Ичим ёняпти-ю, бироқ… қўлимдан нимаям келади? Ахир, командир командир-да, урушда унинг айтгани айтган, дегани деган. Орадан бир неча кун ўтиб, яна Аҳмаднинг қисмига йўлим тушди. Даҳшатли бир манзара устидан чиқдим: Аҳмад тиз чўккан-у, командир унга тўппонча ўқталган… “Нима бўлди, командир? Қўй, бу яхши йигит, отиб қўйма тағин. Энди сўзингни икки қилмайди”, деганимни биламан, у бирдан тўппончани менга тўғрилаб, ўшқира кетди: “Йўқол ҳозироқ! Бўлмаса, сени ҳам бу итга қўшиб отиб ташлайман!” Ғазабдан кўзимга қон тўлди. Ўзимни бошқаролмай қолдим. Хуллас, автомат тепкисини босиб юборибман. 72 ўқнинг бари командирнинг кўксидан жой олди. Ҳарбий трибунал шу қилмишим учун жарима батальонига жўнатди. Бизни олдинги сафга тизиб қўйиб, ўзлари орқамиздан милтиқ ўқталиб боришади. Ортга тисарилганни шартта отиб ташлашади. Олға юрган эса – душман ўқига нишон. Хуллас, “жарима батальони” дегани икки ажал оралиғи экан. Бу ерда менга ўхшаш ёш, чапдаст йигитлардан ташқари, аввал командир бўлган қорни катталар ҳам бор. Ҳужумга ўтганда душман ўқ ёмғирига дуч келиб, ерга узала тушиб ётиб оламиз. Шунда аввал командир бўлганлар ҳам бизлардек ётиб олади-ю, аммо қориндорлигидан кети дўмпайиб қолади. Душман айнан шу ерини мўлжалга олиб ўқ узади. Кетига ўқ текканида уларнинг қандай сакрашига қараб куламиз денг. Шундай, ука, кулги урушга ҳам қарамас экан. Бу – хунук кулги, ўлим кулгиси. Бу инсоннинг ўз ночорлиги устидан отган аянчли қаҳқаҳаси… – Шу ерга етганда ҳамроҳим бир оз сукут сақлаб, намли кўзини дастрўмолига артди-да, менга бир ийманиш билан жилмайиб қўйиб, сўзини давом эттирди:
– Жарима батальонига тушганимга уч ойча бўлганида, бир куни штаб биқинидаги ғўла устида ўтирсам, аввал хизмат қилган қисмимдан уч зобит штаб сари келяпти. Ўрнимдан сакраб туриб честь берсам, беэътибор, ичкари кириб кетишди. Бир оз фурсат ўтиб, каминани штабга чақиришди. Янги командирларим менга ишора қилиб, “Мана, ўша сизлар сўраган Йигиталиев”, деган эди, эски командирларим “Йўқ, бу бошқа аскар”, деб кетишга чоғланишди. Улар ортидан эргашиб чиқиб, “Мен қисмингизда хизмат қилганман”, десам ҳам, қани энди ишонишса! Шунда нима жин чалиб, бисотимдаги бор сўкиш билан уларни “сийладим”. Иттифоқо, улардан бири “Бўлди, бўлди, бу ўша ўзимизнинг Йигиталиев. Мен уни сўкинишидан танидим”, деб қолди. Маълум бўлишича, ҳув мен отиб қўйган командир, аслида, душман орамизга ташлаган жосус экан. Жарима батальонидаги уч ойлик хизмат аянчли аҳволга солиб қўйгани учун улар мени дарров танишмабди…
Ниҳоят, уруш ҳам поёнига етди. Насиб қилган экан, юртимга қайтдим. Эрта баҳор қишлоқ айланиб, кимнинг тераги бўлса, бутаб бераман, хизмат ҳақига фақат шох-шабба берсангиз кифоя, деб анча-мунча қаламча тўпладим. Уларни ҳовлимиз гирдига суқиб чиқдим. Ўз касбим – бўғалтирликни қилдим, бола-чақали бўлдим. Тераклар аррага келгач, бир қисмини сотдим, бир қисмига эса уй кўтариб, том ёпдим. Ҳозир ҳам деҳқончилик қилиб, Тошкентнинг Олой бозорига ҳар йили булғор қалампирини биринчи бўлиб мен етказиб бораман. Деҳқончиликдан топиш-тутишим дуруст бўлгани учун давлат нафақасидан воз кечиб юборганман. Мусулмон одам меҳнатга яроқли, топармон-тутармон бўлса, нафақа олиб ётиши нораво деб ўйлайман. Бир умр ҳалол ишлаб, ҳалол яшадим. Луқмага ҳаром аралашса, касофати наслга уради. Ўғилларимдан бири сал ўжарроқ чиққан. Баъзан гап қайтариб қолади. Онасидан “Нега бундай бўлди-я, ҳаромдан сақланар эдик-ку?” десам, “Бу фарзандингиз фалон зиёфатдан қайтганингизда бўлган”, деб сабабини эслатади… Мана, поездимиз Бувайдага ҳам етди. Бизникига юринг, меҳмон бўлинг, ука!..
Мен отахонга узримни айтдим. У поезддан тушиб қолди. Айтганидек, ўғиллари кутиб олди.
Шундан сўнг мен ҳар гал Олой бозорини айланганимда булғор қалампири растасига кўз ташлаб ўтишни одат қилдим. Лекин, минг афсус, ўша отахонни ҳеч учратмадим. Учратсам, бир тўнли зиёфат албатта менинг гарданимда эди. Чунки бундан ортиғига, яъни у ҳақда шеър, баллада ёки достон ёзишга, у ўқиган мактаб, у яшаган хўжаликка номини қўйиб, ҳайкал тиклашга қурбим етмайди…
“Тафаккур” журнали, 2013 йил, 4 сон, 44-49 бетлар