Тўрт-беш ёшимдаги гўдаклик пайтларим… Бобом Генжамурод Наҳан Қураш (Наҳан Қураш у кишининг лақаби – чўгирмадан ҳам катта телпак дегани) чордона қуриб, мени олдига олиб ўтирарди. Унинг ўғли Алламберган – менинг отам “Алпомиш”, “Қоблан”, “Эдигей”, “Қирқ қиз”, “Чориёр” достонларидан тўлғов ёки термалар, катта-кичик шеърий парчаларни ёддан куйларди. Бобом жуда кучли, савлатли одам эди. Лекин у шунча ғайратли, кучли бўлгани билан, таъсирчан, кўнгли бўш – ёш боладек юраги беғубор чол эди. Ўша достонлардаги юракни тебратадиган мисралар кўп бўлгани туфайли бобом ўз руҳида уйғонган тўлғонишларини завқу шавққа тўла сўзлар билан изҳор этиб ўтирарди.
Унинг кўз ёшлари соқол-мўйловларидан шўрғалаб бўйнимга томчилайди. Менинг ҳам юрагимда аллақандай сезгилар бош кўтара бошлайди… Нафасимни ичимга ютиб ўтираман. Бобомнинг кўз ёшларининг қайноқ ҳарорати ҳамон бўйнимдан кетгани йўқ… Балки адабиётга ихлос ўша пайтлардан, ўша сезимлардан бошланган бўлиши ҳам мумкин.
Дастлабки шеърларим нашр этилиб, илк китобим шеърият мухлисларига ҳавола этилганда фақат ўзимгагина маълум қадрли нарсаларни йўқотиб, ҳеч кимга номаълум яна бир азиз нарсаларни топиб олгандек ҳолатлар бошимдан кечган. Улар қувонч ва шодликдан бошқачароқ сезгилар эди… Ул туйғуларни қандай номлаш кераклигини ҳозиргача ҳам билмайман.
Илк китобим “Офтобнинг умри” деб номланади. 1987 йил Нукусда нашр этилди. Сўнг “Саратон”, “Ўқ қадалган ой” шеърий тўпламларим бирин-кетин босмадан чиқди. Бундан ташқари жаҳон шоирлари шеърларини қорақалпоқ тилига таржима қилиб “Жаҳон лирикасидан” номи билан 1992 йилда нашр этганман. Лин Бо, Ду Фу, Хитомаро, Сайжо, Атико, Микеланджело, Роберт Бёрнс, Валтер Скотт, Пушкин, Тютчев, Блок, Есенин ва бошқа жаҳон шоирлари шеърларини таржима қилганман.
Айниқса, 2006 йилда Тошкентда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона нашриётида “Ўкуздарё битиклари” номи билан ўзбек тилида нашр этилган шеърлар ва достонлар китобим менга катта қувонч келтирган. Чунки мана шу китобим қўлёзмасини тайёрлаш асноси таниқли ўзбек шоирлари билан ишлаш жараёни мен учун катта адабий муҳит яратиб берди. Китобдаги барча шеър ва достонларни шоир Рустам Мусурмон таржима қилди. Атоқли шоир Азим Суюн “Маде хон ёҳуд Чин ипагидаги битик” достонимни ўқиб, “Ҳа, Ватан ҳақида шундай ёзилади!” дея менга мактуб ёзди. Бу мактуб Тошкентдаги ва Қорақалпоғистондаги газеталарда эълон қилинди. Азим оғанинг достон ҳақида билдирган ҳароратли сўзлари менинг кўнглимни кўтарди.
Ўзбекистон халқ рассоми Жавлон Умарбеков “Укуздарё битиклари” китобим муқоваси учун ўзининг “Икки қўрғон” асарини ҳадя этди. Китоб нашри арафасида таржимоним Рустам Мусурмоннинг “Сиз тарихни қандай рангда тасаввур этасиз?” деган саволига: “Қорамтир, кулранг тусда” деб жавоб бергандим. Рустам асарларнинг руҳидан келиб чиқиб сурат танлади. Иккимиз Жавлон оғадан суратни муқовада босиш учун рухсат олдик.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов китобимни ўқиб, илиқ фикрлар билдирди. Тошкентдаги барча шоир дўстларим, устозларим мени қўллаб-қувватладилар. Уларнинг ҳар бири менга оға-инидек туғишган бўлиб қолди.
…Устоз деганда кўз олдимга бирдан китоблар келади. Ўнинчи синфда ўқиб юрган кезларимда уйимиз ёнидаги тепадан пастга сирғаниб, қўлимни синдириб олганман. Қиш фаслида қор кўп ёққанида тепаликнинг юқорисидан ҳар куни сув сепавериб, сўқмоқни ойнадек ялтираган музга айлантирганмиз. Ўша сирпанчиқ йўлакдан пастга қараб катта тезлик билан қушдек учиб тушаётганимда ноқулай йиқилдим. Натижада чап қўлим “вақтинча танаффусга чиқиб қолди”. Касалхонада ётганимда мактабимиз кутубхоначиси Сапаргул опа Жонатан Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари” китобини олиб келди. Бу китобни ўқиш лаззатига шунчалик берилиб кетганимдан даволовчи врачларнинг аччиқ-чучук танбеҳларини эшитишимга тўғри келди. Касалхонадан чиққанимдан сўнг мактаб кутубхонасининг бўсағасини тўздирган ўқувчилардан бирига айланганман. Ундан кейин – туман кутубхонаси, маданият уйи кутубхоналарини ҳам бирин-кетин ишғол этганман. Инсоннинг турмуш тарзидаги барча ҳодисаларнинг илдизлари болаликдаги кўнгил кайфиятларига, ҳайратларига бориб тақалади. Ижодкорликни ҳам шундай деб ўйлайман.
Улуғ инсон – Устознинг ҳам турмушимга, ҳам ижодимга кўрсатган таъсирини, айниқса, бошимда булутлар айланган пайтлардаги ғамхўрлигини бутун умрим давомида унутишим асло мумкин эмас…
Яшил булут ёрилиб олтин нур тушди –
Тилла пиёлали малаклар экан.
Тамшаниб қирқ қултум обиҳаёт ичдим,
Бу неъмат осмондан, фалакдан экан.
Тасбеҳли ҳазрат Пир – нурли, асоли,
Кўрсатди – олисда оқ булутли тоғ…
Тўрт тарафим – Қуёш, қибла мисоли,
Қайта туғилганга ўхшадим шу чоғ…
Узундан-узун шеърлар ёзишга, тўғриси, кўплаб китоблар чиқаришга унчалик қизиқмаганман. Қизиққан бўлсам-да, ўзимни ҳаётда “оғир қўзғаладиганлардан” деб ҳисоблайман. Китобларимни нашр этиш масаласида ҳеч қачон шошилмаганман. Бугунги кунда еттита китобим, шу жумладан иккита ўзбекча китобим ўқувчилар қўлига етиб борди. Уларнинг умумий нусхаси – ўн олти минг.
…Журналистларнинг баъзан “Фарзандларингиз ичида шоирликка қизиққанлари ҳам борми?” деган саволи мени ўйлашга мажбурлайди. Агар адабиёт тарихига бир назар солсангиз, бу саволга жавоб топиш қийин бўларди. Жуда олислаб кетмай қўя турайлик: Пушкин, Толстой, Достоевский, Блок, Есенин, Махтумқули, Абай, Ажиниёз, Бердақ, Чўлпон, Фитрат… Хўш, бу улуғ сўз санъаткорларининг қай бирининг фарзанди ота изидан юриб қалам билан дўстлашган экан, деган савол бир маҳаллар мени ҳам қизиқтирган эди. Балки бордир… Лекин саволимга жавоб топа олмаганман. Деҳқоннинг фарзанди деҳқон, чўпонники – чўпон, юристники – юрист, жуналистники – журналист, генералнинг боласи – генерал бўлган ҳолатлар кўплаб учрайди, худди узукка кўз қўйгандек. Бироқ шоирнинг боласи шоир бўлганини кўрмаганман.
Қизим Наргиза ва ўғлим Ёқуббек журналистик таълим олган. Ёқуббек халқаро Эразмус Мундус ҳамкорлик ташкилотидан TOSCA лойиҳасини ютиб олгани учун ҳозирги пайтда Польшадаги Адам Мицкевич университетида бир йиллик илмий стажировкада.
…Жаҳон адабиётининг улкан бир бўлимини туркий адабиёт ташкил этади. Шунинг ичида ўзбек ва қорақалпоқ адабиёти ҳам бор. У ўзининг яшаши учун зарур бўлган элексирни қадимги даврлардан олиб турибди. Ўрта Осиё табиати учун Худо тарафидан берилган тўрт фасл – ёз, куз, қиш, баҳор ёт эмас. Қиш фасли бўлмайдиган элатлар бир мучаси ҳали тўлиқ ривожланмаган одамга ўхшаб кетади.
Бизнинг Ватанимизда юқорида айтилган тўртта фаслнинг барчаси яшайди. Шунинг учун турли-туман адабий йўналишларнинг ҳеч бирини ўгай деб ҳисобламаслигимиз кераг-ов. Илгариги даврларда адабиётдан “ёмонлик” изловчилар жуда кўплаб учрар эди, бундай иллатлар бугунги кунда ҳам топилади. Уларни қандай бартараф этамиз?..
…Жаҳон адабий жараёнида мавжуд бўлган ҳар хил адабий оқимлар ва йўналишлардан қўрқиш – бу сўз қадрини тўғри баҳолай билмасликдан келиб чиқади. Инсоннинг руҳий дунёсидаги ўзгача ҳолатни тасвирлаш зарурияти бошқача ифода яратадиган шоирларни дунёга келтиради. Бунинг нимаси ёмон?.. Лекин санъатнинг барча турларида, шунингдек, шеъриятда ҳам “ёлғончилар” бор: “ёлғон модернчи”лар бор. Уларнинг жонли сезим ва туйғуларга бутунлай қони ёт, муздек “қурбақа қуруллашлари”, албатта, ўқувчиларда ёмон таассурот қолдиради. Ҳақиқий модерн ва ёлғон модерннинг орасида осмон билан ерча фарқ бор…
Юртбошимиз Ислом Каримов “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида шундай деган эди: “Менинг фикримча, ёзувчилик – бу оддий касб эмас, Худо берган истеъдоддир. Бу – қисмат, пешонага ёзилган тақдир. Бу касбга ҳеч қаерда ўқитиб, ўргатиб бўлмайди. Ёзувчиликнинг мактаби ҳам, дорилфунуни ҳам битта. У ҳам бўлса, бир умр ҳаётнинг ичида бўлиш, ўз халқи билан ҳамдарду ҳамнафас бўлиб яшаш, ҳақиқат ва адолатга садоқат билан хизмат қилишдир”.
Ёзувчи қисмати ва масъулияти ҳақида айтилган нақадар жонли ва ҳаётий, ҳаётнинг ўзи каби ҳақиқий фикрлар. Бу гаплар бизни ижодга руҳлантиради. Шу сўзларни ўқирканман, бир пайтлар Оролни кўриш учун Амударё орқали резина қайиқда эшкак эшиб сафарга чиққаним эсимга тушади. Узоқ давом этган бу сафарнинг натижасида “Ўкуздарё битиклари” номли туркум шеърларим дунёга келган. Демоқчиманки, ҳар бир асар ҳақиқий бўлиши учун ҳаётни чуқур ўрганиш зарур. Бердақ бобонинг ўй-хаёллари, дарду армони қандай бўлганини ҳис этиш учун Нукус – Тўрткўл катта йўли ёқалаб Шиппиқ қалъасигача яёв йўл юриб, аждодлар руҳини зиёрат этганман. “Бердақ фарёди”, “Бу юртнинг ботирлари қайда?” сингари шеърларим шундай ёзилган.
Адабиётимизни ривожлантиришга давлат даражасида эътибор қаратилган. Бизнинг вазифамиз энди белни маҳкам боғлаб ижод қилишдан иборат. Қорақалпоқча айтганда, қобирғаларимизнинг орасидан юрак, жигар ва ўпкамиз кўриниб туриши даркор… “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ва “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Жаҳон адабиёти”, “Амударё” журналлари адабиётимизнинг ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда…
Ёзувчи-шоирларимиз дунё мамлакатларига ижодий сафарларга чиқиб, улардаги сўз заргарлари билан жонли мулоқот ўрнатса, ўзга эллар халқларининг ҳам қалбига қулоқ тутса – уларнинг яшаш шароити, маданий ҳаёти билан танишса, албатта, адабиётимиз янада юқори чўққиларга кўтарилишида имкониятлардан бири бўлур эди…
…Бутун умрим давомида режаларим билан тайинли муросага келолмай яшамоқдаман. Баъзида режаларим менга бўйсунмайди, гоҳо мен режаларимнинг тизгинидан чиқиб кетаман…
Бу йил барчага омад ёр бўлсин!
АДИБ ҲАҚИДА:
Бахтиёр Генжамурод 1959 йилнинг 11 майида Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида туғилган. 1985 йилда Нукус Давлат университетини битирган. Қорақалпоқ тилида: “Офтобнинг умри”, “Саратон”, “Ўқ қадалган от” шеърий тўпламлари, “Лирика” таржима китоби нашр этилган. “Ўкуздарё битиклари” шеърлар, ва шу номдаги достонлар китоби, “Мадехон ёхуд Чин ипагидаги битик”, “Қар-Оқ-Алп-Оқ” достонлари Тошкентда ўзбек тилида нашр этилган. 2002 йилда “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.
Шеърлари рус, корейс, турк, немис, француз, қозоқ тилларига таржима қилинган. Ҳозирда Нукус Давлат университетида фаолият кўрсатмоқда.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 2-сонидан олинди.