Сўнгги йиллар ўзбек адабий танқидчилигида модернизм ва модерн адабиёти ҳақида кўп ёзишаяпти, баҳс-мунозаралар билдирилмоқда. Аслида, ўтган аср Ғарбий Европа ва Америка адабиёти ва санъатида етакчи оқим саналган модернизм танқидий реализм, хусусан социалистик реализм ақидаларига қарама-қарши позицияда турган адабий оқим бўлиб, асрнинг олтмишинчи йилларида ўз умрини яшаб бўлди ва ўрнини постмодернизм деб аталувчи янги оқимга бўшатиб берди. XX асрнинг охирига келиб постмодернизм ҳам инқирозга юз тутди. Эндиликда жаҳон адабиётидаги авангард доиралар яна янгича услубларни кашф этишга уринмоқдалар.
Модернизм XX аср ғарб адабиёти ва санъатининг умумий тавсифи тарзида бир неча ўлчовларда мавжуд бўлиб, бизнингча уларни қуйидаги мазмунда хулосалаш мумкин.
Биринчидан, модернизм – бу замонлар оралиғидаги тафовутни, «эскилик» ва «янгилик» ўртасидаги ихтилофларни ўз ғоявий қарашлари бош мезони қилиб олган юз йилликнинг маънавий қиёфасидир. Унинг ортида Ф.Ницшенинг «худолар ўлими» фалсафаси, Европа харитасини қайта тузган сиёсий инқилоблар ва илмий кашфиётлар, тоталитар тузумга асосланган диктатуралар, хунрезлик урушлари, информацион портлашлар, цивилизациянинг коинотга чиқиши каби глобал ўзгаришлар ётибди. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, унинг ортида «марказсиз дунё» (У.Б.Йейтс)нинг юзага келишига сабаб бўлган объектив борлиқ қонуниятларининг инсоният тарихида чуқур илдиз отолмаганлиги, мустаҳкам ўрнашиб ололмагани, эпис-темологик дудмоллиги ҳамда муайян шаклга келтирилган утопик (илмга асосланмаган, амалга ошмайдиган, хомхаёл) орзу-умидлар билан шаклсиз, ноаниқ антиутопик воқелик ўртасидаги ҳал қилиб бўлмайдиган зиддиятларнинг мавжуд эканлигида эди.
Даставвал башариятни очарчилик ва қашшоқликни енгишга даъват қилган йигирманчи аср вақт ўтиб ўзининг инсонпарварлик, юксалишга интилиш, жамоатчиликка таяниш, илмий-техника тараққиётининг чексиз ривожланишига хайрихоҳ бўлиш каби тамойилларига қарши турди, амалда «эскирган» бўлиб чиқди. Айни пайтда, умуминсоний тамойилларнинг ғайриинсоний тузум қонунлари олдида эрксизлиги, воқеликнинг ҳардамхаёллиги, сиёсий ёлғон сафсаталар, жамиятнинг ҳаддан ташқари ҳимоясизлиги ва ҳаттоки беъманилиги рўпарасида тизилган одамларнинг фожеавий ёлғизлиги замони бўлиб қолди.
XX асрнинг ҳалокатга юз тутиши муаллифнинг “метафизикага иштиёқини» кучайтирган, якка тартибда ижод қилишга ундаган бўлса, ушбу идеализмнинг дарду ғамини ҳам шу алфозда белгилаб берди. Бундай муҳитда «шеъриятга ўрин йўқлиги»(Г.Адамович)ни жаҳон урушларида ҳалок бўлган, тоталитар тузум тарафидан отиб юборилган ёки сургун этилган, ақлдан озиб ўз ҳаётига суиқасд қилган, аламзада ҳолатда ижоддан воз кечган қатор қаламкашларнинг фожиали қисматидан, деб тушунмоқ лозим бўлади. Асрнинг шу каби руҳини немис файласуфи Т.Адорно қуйидагича таърифланганди: «Освенцимдан кейин шеър ёзиш – бу бадавийлик (варварлик) ҳисобланади…» (Minima Моraliа. Мажруҳ ҳаёт ҳақида ўйлар, 1951).
Иккинчидан, ўтган йигирманчи юз йилликда кечган адабий жараён кўпгина раддияларга қарамасдан модернизмни инкор этиб, бир четга суриб ташлагани йўқ, аксинча, уни инкор қилиш орқали янада давом этишига ёрдам берди ва ўз доирасига «модернизмдан ташқаридаги модернистлар» дея ҳисоблаган муаллифлар. С.Кьеркегор, Ҳ.Ибсен, Г.Мелвилл, Ш.Бодлер, А.Рембо, С.Малларме, Ф.Ницше, Ф.Достоевский, Г.Жеймс, А.Стриндберг, Ж.Конрад ва бошқаларнинг асарларини оғдириб олди. Аксинча, айрим буюк номлар (В.Скотт, В. Гюго, А.де Виньи, Ч.Диккенс, А.Теннисон, Г.Лонгфелло)нинг бадиий ижоддаги қадр-қиммати пасайтирилди, бошқалари (Г.Флобер, Э.Золя, Ж.Эллиот, У.Уитмен, П.Верлен) эса асос-исботсиз жаҳон адабиёти пешсаҳнасига чиқариб қўйилди. Энг муҳими, модернизм XX асрнинг асосий ижодий кашфиёти – субъективликни тадқиқ қилишда давом этди ва тезис-антитезис, «модернизм»-«контрмодернизм» воситасида индивидуал услубнинг стилистик имкониятларини амалга тадбиқ қилди. Постмодернизм даврига келиб у услубдан кўра кўпроқ сифат кўринишига эга бўлди.
Учинчидан, модернизм – аслида бу бир-бири билан кураш олиб борган, ўзича мустақил ҳаракат қилган алоҳида модернистик уюшмалар, манифестлар, дастурлар (масалан Лотин Америкасида символизм ўзича модернизм номини олганди) мажмуасидир. Модернизмнинг бир жабҳаси авангардизмга, яъни лингвистика нуқтаи назаридан илмий тажрибалар ўтказишга, санъатлар ва дискурслар синтезига, полистилистика (футуризм, дадаизм, сюрреализм, имажинизм, вортицизм, француз «антиромани», Лотин Америкаси «сеҳрли реализм»)га мойиллик билдирган бўлса, бошқа бир кўриниши экспрессионизм тарафдорларини барокко ва романтизм анъаналари билан, инглиз-америка модернизмини (Ж. Жойс, В.Вулф, Э.Паунд, Т.С.Эллиот, У.Стивенс) символизм билан, Ж-П.Сатр ва А.Камю прозасини экзистенциализм фалсафаси билан яқинлаштиришга интилди. Бизнингча, фақат модернизм ва унинг тараққиёти контекстида у инкор этган «реализм», «социалистик реализм» (А.Барбюс, Л.Арагон, И.Р.Бехер, М.Андерсен-Нексьё, А.Зегерс) ва постмодернизм феноменлари адекват баҳоланиши мумкин, халос. Айни пайтда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, модернизм адабиёти матни ўзининг стилистикаси жиҳатдан ҳам кўп қиёфалидир. Бир жиҳатдан, у XIX аср адабий оқимлари (романтизм, натурализм, символизм ва ҳоказо) дан узоқлашган бўлса, иккинчидан уларга янги урғу ва оҳанглар (Ж.Ромен, Ж.Дюамель) олиб кирди, натуралистик, яъни воқеликни тасвирлашда маиший тафсилотлар, икир-чикирлар билан чекланиб, умумлашмалардан қочадиган тасвирий услуб (Ж.-П.Сартр)ни сингдирди, зарурат туғилганда эса, бироз тўғрилаб натурализмни (Р.Мартен дю Гар, Ж.Стейнбек) янада сайқаллаштирди. Шу тахлит традиционализм (анъанавийлик)нинг турли кўринишлари модернизм билан олиб борган баҳсида модернизмга зарардан кўра кўпроқ фойда келтирди, шунингдек ундаги структуравий ўлчовлар: “классика” ва “романтика”, “реализм” ва “абстракция”, “миллий” ва “байналмилал”, “шимолий” ва “жанубий” каби тамойилларнинг мавжудлигига диққат-эътиборни қаратди.
Тўртинчидан, модернизм – бу Ж.Жойс ва Г.Стайн, Ф.Кафка ва Г.Кайзер, Л.Пиранделло ва Ю.О’Нил, Т.Манн ва У.Фолкнер, А.Дёблин ва Ж.Дос Посос, Б.Брехт ва Э.Ионеско, Х.Л.Борхес ва Г.Г.Маркес, А.Мёрдок ва Г.Грассларнинг модернизм руҳидаги матнларидан иборатдир. Уларнинг барчаси модернизм нуқтаи назаридан ўзига хос, бошқаларга ўхшамайдиган, уларнинг ҳар бири алоҳида ёндашишни, модернизмнинг бутун типологиясига, терминологик ва стилистик тавсифларига аниқлик киритишни тақозо этади. Ж.Жойс қаламига мансуб «Улисс» романи ҳам символизм, ҳам авангард, ҳам «юксак модерн», ҳам «постмодерн» қолипидаги асардек ўқилиши мумкин. Шунга яраша мазкур романнинг адабий жараёндаги мавқеи ва тутган ўрни унга ҳамоҳанг ўзгариб бориши ҳам муқаррардир.
Алҳосил, бешинчидан, модернизм – бу параллел равишда мавжуд бўлган матнларнинг полифонияси (кўповозлилиги)дир. Ушбу инкор этишлар ва тасдиқларнинг ўта мураккабли майдони ноклассик бўлган масофани ҳосил қилади, ўз маконига оид чегараларини доим аниқлаб турувчи қандайдир бир ўзига хос адабий жараёнга ўхшайди. Уни шартли равишда субъективликдан узил-кесил озод этувчи, марказдан қочирадиган куч, яъни гирдибод билан қиёслаш мумкин. Жамиятнинг барқарор мувозанатдан чиққанлиги, ундаги субъект ва объектнинг бир-бирига мос келмаслиги, ҳис-туйғулар таъсирида яшаётган шундай рамзий фаолликнинг дастлабки кўтарилиб тушиши француз адабиётининг XIX аср охирига тўғри келади. Аслида миллий адабиётлар наздида мавжуд бўла туриб, маълум маънода уларнинг ҳал қилувчи, муҳим воқеа ва ҳодисаларини ўзаро қориштириб юборадиган ушбу «тўлқин» ўзини гоҳ XX аср бошларидаги немис экспрессионизми, гоҳ 20-йиллар инглиз-америка модернизми, гоҳ 1930-1940-йиллар француз экзистенциализми андозасидаги проза, гоҳ 1950-йиллар «абсурд театри» орқали намойиш қилиб, 1960-йилларда Лотин Америкасигача етиб борди-да, ўша ерда инқирозга юз тутиб, ўз кучини йўқотди. Модернизм йўриқларининг «кўтарилиши» ва «пасайиши» каби ҳолатларни ўзида жамлаган бу каби инқилобий ҳаракатнинг даврларга бўлиниши ўта даражада шартлидир. Қолаверса, модернизм тахминан уч ижодий муҳит билан вобаста кечди. Булар: постсимволизм ва авангардизм (1910-1940 й.); экзистенциализм (1940-1960 й.) ва постмодернизм (1980-2000 й.)дир. Уларнинг ҳар бирида ўз типологик белгиларининг ўзаро уйғун бирикмасини, ўз фаоллари ва мушоҳада қилувчиларини, ошкор ва ноошкор «модернист»ларини, «модернизм» замондошлари ва «контрмодернист»ларини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.
XX аср адабиётида модернизмдан устун турувчи яна бирор ижодий оқим мавжудмиди, деган саволнинг бўлиши табиий. Бу саволга ижобий ёки салбий маънода жавоб топиш осондек туюлса-да, фикримизча, модернизм адабиётни ўрганиш доирасидан чиқиб кетди. Аслида модернизмнинг ўзи ва унинг қонун-қоидалари аниқ кашф қилинмаган бир ҳолатда XX аср қаламкашларининг қарийб барчаси у ёки бу тақлидда “модерн касали”га мубтало бўлдилар.
Нафсиламр, бадиий адабиёт 1930-йилларда инсон интеллектуал ҳаётидаги бўш вақт устидан юз йиллаб давом қилган ўз ҳукмронлигини кинематографияга бўшатиб бера бошлади. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг китоб эгаллаб келган ижтимоий ўринга техник санъат турлари: телевидение, масс-медиаларнинг турли шакллари даъвогар бўлиб чиқди. Аср охирига келиб эса бунга компьютер ҳам қўшилди. Эндиликда гап жиддий мафкуравий давлат танглиги ҳақида эмас, ўз манфаатлари йўлида бадиий қадриятлар билан ҳийла ва найранг қилаётган мафкуралар танглиги ҳақида эмас, борган сари эклектизмга асосланаётган, мутахассисларга, университет профессор-ўқитувчиларига, гуманитар факультет талабаларига мўлжалланган жиддий мазмунли адабиёт ҳақида эмас, балки адресат танглиги, китоб билан шахсий муносабат тажрибасини йўқотаётган китобхон инқирози хусусида бормоқда. Шунингдек, адабий жараёнда чинакам информацион босим, яъни мажбурий плюрализм ва релятивизм (лот. relativus – нисбийлик) ўтакетган замонавийлик оқибатида пайдо бўлаётган хирахондон ҳиссиётлар остида қолиб бораётган китобхон танқислиги юзага келмоқда.
Ахборот коммуникацияларининг қудратли кучи хусусида 1960-йиллардаёқ америкалик танқидчилар қайд қилганидек, эндиликда энг топқир ёзувчининг ҳам газетада босилган, телевидениеда берилган, интернет орқали узатилган ахборот билан беллашишга қурби етмайди, бу унинг кўлидан ҳам келмайди. Газета, телевидение ва интернет хабарлари исталган тўқима ва уйдирмадан иборат бўлса-да «шубҳасиз тўғри», «моҳирона ишланган», одамларда «кучли таассурот қолдирадиган» янгилик бўлиб бормоқда.
Дарвоқе, XX аср охирлашиб қолган бир пайтда унинг яна ўз бошига қайтганидан дарак берувчи аломатлар сезила бошлаганди. Яъни юз йил бурун айтилган «Ғарб цивилизациясининг поёнига етганлиги» мавзусига яна қайтилди. Француз шоири Шарль Бодлернинг «Биз ҳаммамиз гўёки абадий дафн маросимида қатнашаётгандекмиз» мазмунидаги ҳикматли сўзларини англаб олишга, мағзини чақишга қайтганлигимиз билиниб қолди. Айримлари, Ж.Папини қаламига мансуб «Охирги одам», О.Шпенглернинг «Европа заволи», А.Блокнинг «Гуманизм ҳалокати», П.Валерининг «Руҳ танглиги», Э.Гуссерлнинг «Европа одами ва фалсафасининг танглиги» бошқа номлар, яъни Романо Гвардини қаламига мансуб «Янги замон охири», Даниэл Беллнинг «Мафкура интиҳоси», Ролан Бартнинг «Муаллиф ўлими», Ихаб Хасаннинг «Орфей ҳалокати», Ф.Фукуяманинг «Тарих хотимаси ва охирги одам», Сэмюел Хантингтоннинг «Цивилизациялар тўқнашуви» билан алмашди. Барибир ҳам, Зигмунд Фрейд айтганидек, шартли равишда «маданият қаноатланганлиги» деб ном олган тамойил ўзгармасдан эскича ҳолида қолаверди. Гап шундаки, илғор ғарб маданияти ўзининг либерализм руҳидаги идеалларига содиқ қолиб, келажак лойиҳаларини тузишни, тарихнинг у ёки бу «хато»ларини тузатишни давом эттиргани билан, айни вақтнинг ўзида, инсон эркинлиги муаммоси билан боғлиқ зиддиятлар ҳал қилинмаганлиги туфайли, барибир орқага қайтишга мажбур бўлди.
Шундай қилиб, XX аср модернизм адабиёти ҳам худди XIX аср романтизм адабиёти сингари маданий маъно доирасига айланди, унинг ичида ғарб дунёси қадриятлари танқидий жиҳатдан текширувдан ўтказилди. Улар жаҳон адабиёти тарихида яшаб қолишга, XX аср адабиётида яловбардор бўлишга лойиқми ёки йўқми – буни келажак кўрсатади.
“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 3-сон.