Сарлавҳани ўқиб, ажаблансангиз ҳам ажаб эмас: таржима ижодий иш бўлса, бунда клон қурғурга нима бор?
Шошманг-да, азизим. Илмга шак йўқ деган гапни эшитмаганмисиз? Қурғур клонлаштириш чиқдию турмушнинг теша тегмаган соҳаларигача таралиб кетди. Ҳозир уни ўз соҳасига татбиқ эта олмаган одам ношуд, ҳаётдан орқада қолган саналади. Ўтли-шудли, эпчил, ишбилармон, абжир одам эса ҳамма нарсанинг йўлини топади, қойиллатади, пировардида қарасангиз, клон маҳсулотини тақдим этиб турибди-да! Нимаям дердик, қандини урсин азамат, деймиз-да. Чунки ҳаётдан орқада қолган одамнинг турмуши ҳам мундайроқ бўлади, унақаларни биров таниса, биров танимайди.
Каминангиз қайдаю, клонлаштириш қайда? Бизга аравани жўн тортиб юриш ҳам давлат. Ҳолбуки, мен ҳам ҳаётдан орқада қолмай дейман, рўзғоримни бутлагим келади. Энди… биздақа одам ўнта иш қиладиган бўлса, шунинг саккиз-тўққизтаси натижа бермас экан. Нима қилсам экан, деб излана-излана, Ог Мандино деган амиркон олимнинг “Яхши яшаш сири” деган китобчасини бир ўртоғимдан икки кунга аранг сўраб олдим. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт уни ўтган йили икки минг нусхада чоп этган экан.
Э хайрият-э, бор экан-ку, чораси ҳам, топилар экан-ку!!! — дея ҳайқириб юбордим-да, уни бош кўтармай, яъни ётволиб ўқишга тушдим. Китоб дегани ана мундоқ бўпти! Иши юришмай, турмуш ташвишларидан зада бўлганларга аталган рецептлар, маслаҳату кенгашлар, асар жозибасини ошириш учун ҳар икки-уч саҳифада муаллиф ё таниш-билишларнинг бошидан ўтган бир чимдиму, бир чекимлик ибратли лавҳаларнинг тизилиб келишини қаранг! Ҳар бир қоида алоҳида фасл қилиб берилади. У фасл бошида тақдим этилгач, бир қанча ҳангомалар орқали тафсилланади, пировардида бояги қоида яна келади ва у аксиома каби кўнгилдан жой олади.
Бу Ог Мандино дегани Мандино эмас, бир бало экан, ўн бешта китоб ёзибди, улар ўттизга яқин тилда эллик миллион нусхада чоп этилибди ва сон-саноқсиз одамлар ҳаётини енгиллаштиришга, оздир-кўпдир кўмаклашибди. Аммо йигирма миллионлик ўзбек китобхонига икки минг нусха китоб нимаям бўларди? Шуни ўйлаб шекилли, роса бир ой деганда “Давр-пресс” нашриёти ҳам уни яна шунча нусхада чоп этди. Энди қулоғингизга бир гап: шу кейинги нашрдан бир нусхасига биз ҳам илиндик.
Яхши китоб кишига рўзу шаб ҳамроҳ эрур, деб айтган экан бир машойих. Шунданми, ё китоб энди ўз мулким бўлиб қолгани учунми, отаси олиб берган янги велосипедини ҳар соатда артиб-суртадиган болага ўхшаб, мен ҳам дам-бадам унинг саҳифаларига кўз югуртирадиган бўлиб қолдим.
Такрорлаш — билимнинг онаси, деб ким айтувди? Отасига раҳмат ўшанинг! Қайта-қайта ўқийвериб, “Яхши яшаш сири”даги ҳар бир жумлани сув қилиб ичвордим. Аммо мени лол қолдиргани шу бўлдики, Ғафур Ғулом нашриётида чиққан китобга мутаржимлар Асрор Мўмин, Баҳодир Комил номи битилган бўлса, “Давр-пресс” китобининг мутаржими — Насиба Юсупова экан! Аммо иккала китобнинг ҳар бир абзац, ҳар бир жумласи эгизаклардек бир хил. Ғалати-а? Мана, дуч келган саҳифани очиб қарайлик:
Ҳар бир яшаб ўтилган кун ҳаётингизда ана шундай из қолдириши керак.
Бироқ энг муҳими – тонгни қувонч билан қарши олишда. Бош чайқаяпсизми? Начора, бу оддий машқ ҳам сизга оғир туюлаётган бўлса, агар эрталаб уйғониб, қувониш учун бирон сабаб йўқлигини ҳис қилсангиз, тушкунликка тушманг. Бу ҳамманинг ҳаётида бўлади. Шундай кунлар бўладики, ҳатто дунёдаги энг қувноқ одамлар ҳам ўзларини қуршаган олам билан мулоқот қилишдан кўра тўрт девор ичида ёлғиз қолишни афзал кўрадилар. “Ёмон” кунлар ҳаммада, ҳатто энг обрўли сиёсий арбоблар, машҳур спортчилар ва йирик корпорацияларнинг президентларида ҳам учрайди. Ҳаммамиз ҳам баъзан гавжум бекатларда автобус кутиш, қайсар мижозларга сим қоқиш ёки қўпол бошлиқ билан учрашиш ўрнига бошимизни юмшоқ ёстиқ остига яшириш истаги билан уйғонамиз.(А.Мўмин, Б.Комил таржимаси, 110 — 111-бетлар. Фарқли ўринлари остини чизиб кўрсатдик).
Ушбу саҳифанинг ҳаммасини пеш тутсам, сизни қийнаб қўяман. Шу сабабли, унинг охирги жумласига бир кўз ташлайлик:
Агар эрталаб ўзингизга нисбатан қаттиқ ачиниш ҳисси билан уйғонсангиз, янги газетани олиб ўқинг. Фақат биринчи саҳифасига қараманг, акс ҳолда… (111 — 112 б).
Биз эса Насиба Юсупова таржимасининг 100-саҳифасига қарайлик:
Ҳар бир яшаб ўтилган кун ҳаётингизда ана шундай из қолдириши керак.
Энг муҳими, тонгни қувонч билан қарши олишда. Бош чайқаяпсизми? Начора, бу сизга оғир туюлаётган бўлса, эрталаб уйғонаркансиз, қувониш учун бирон сабаб йўқлигини ҳис қилсангиз, тушкунликка тушманг. Бу ҳамманинг ҳаётида бўлади. Шундай кунлар бўладики, ҳатто дунёдаги энг қувноқ одамлар ҳам ўзларини қуршаган олам билан мулоқот қилишдан кўра тўрт девор ичида ёлғиз қолишни афзал кўрадилар. “Ёмон” кунлар ҳаммада, ҳатто энг обрўли сиёсий арбоблар, машҳур спортчилар ва йирик корпорацияларнинг президентларида ҳам учрайди. Ҳаммамиз ҳам баъзан гавжум бекатларда автобус кутиш, қайсар мижозларга сим қоқиш ёки қўпол бошлиқ билан учрашиш ўрнига бошимизни юмшоқ ёстиқ остига яшириш истаги билан уйғонамиз (100- бет).
Ва бояги сўнгги жумла:
Агар эрталаб ўзингизга нисбатан қаттиқ ачиниш ҳисси билан уйғонсангиз, янги газетани олиб ўқинг. Фақат биринчи саҳифасига қараманг, акс ҳолда… (ўша бет).
Қойилмисиз? Агар сизни юқоридаги жумлада айтилган “қаттиқ ачиниш ҳисси” чулғаб олмаган бўлса, Насиба Юсупова телепатия орқали Асрор Мўмин ва Баҳодир Комил билан мулоқотга киришиб, шундай ажойиб мўъжиза — аввалгисига икки томчи сувдек ўхшаш таржима яратганини эътироф этасиз. Салгина тавофут ҳам йўқ эмас, албатта – дастлабки ўн-ўн беш саҳифада абзацларнинг бошида, жумлаларнинг аввалидаги кириш сўзларда бир-иккита сўзлар ўзгартирилган. Иккинчи ўзгачалик эса “Тўртинчи қоида” қисмидаги бир шеър таржимасида кўринади. “Давр-пресс” нашрида шеър ўгирмаси остига “Н.Юсупова таржимаси” дея изоҳ берилибди. Тавба, дейсиз, бутун китобни Н.Юсупова ўгиргани ҳолда, унинг ичидаги шеърий парчани ҳам шу опахон ағдарганини алоҳида дарж этиш айни шеърдан ўзгасини бошқа биров ўгирганини кўрсатмайдими?
Мен, ниҳоят, бу таржималарнинг бири ҳақиқий меҳнат маҳсули, иккинчиси эса унинг катта муваффақият билан дунёга келтирилган клони(кўчирмаси) экан, деган хулосага келиб қолдим. Хўш, ким кимдан кўчирган, ким кимнинг ижод маҳсулотини ўғирлаб, ўзлаштирган?
Ҳар иккала таржима нашр этилган сана орасидаги тавофут атиги бир ой, деган эдик. Бунча қисқа вақт ичида бир қаламкаш бошқасининг меҳнати маҳсулини ўз номидан чиқариб юбориши амримаҳол, албатта.
Хўш, унда нега Н.Юсупова таржимасини ўғирлик, ёки юмшоқ қилиб айтганда, тайёр ошга баковуллик, деб атаяпсиз, деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, “Яхши яшаш сири” китоби 2009 йили (бир йил аввал) Асрор Мўмин ва Баҳодир Комил таржимасида “Жаҳон адабиёти” журналининг 6 — 7-сонларида чоп этилган экан. Журнал матнидан бир парча:
Ҳар бир кунингизни яхши ният асосига қуринг. Мавжуд ёки хаёлий камчиликларингизни ўйлаб ғам чекманг. Сиз — Худонинг бандаси эканлигингиз, ҳар қандай орзуингизни ёлғиз ирода кучингиз билан амалга оширишга қодир эканлигингизни ўзингизга тез-тез эслатиб туринг. Сиз ҳатто қанот чиқариб учишингиз ҳам мумкин, фақат шундай қилишга қодир эканлигингизга ишонсангиз бас. Мағлубиятни хаёлингизнинг кўчасига ҳам келтира кўрманг. Шунда дилингиздаги барча орзуларингиз амалга ошади. Лабингиздан табассум аримасин! (7-cон, 184-бет).
Бу парчани “Н.Юсупова таржимаси”га қиёслаб кўргач, каминанинг ҳам лабидан табассум аримай қолди. Ўгитда айтилганидек, мағлубиятни хаёлининг кўчасига ҳам келтирмаган мутаржим “Худонинг бандаси” калимасини “Тангрининг қули” билан алмаштирибди-да, бир юмалаб “таржима муаллифи” бўлиб олибди. Мана, ўзингиз таққослаб кўринг:
Ҳар бир кунингизни яхши ният асосига қуринг. Мавжуд ёки хаёлий камчиликларингизни ўйлаб ғам чекманг. Сиз Яратганнинг қули эканлигингизни, ҳар қандай орзуингизни ёлғиз ирода кучингиз билан амалга оширишга қодир эканлигингизни ўзингизга тез-тез эслатиб туринг. Сиз ҳатто қанот чиқариб учишингиз ҳам мумкин, фақат шундай қилишга қодир эканлигингизга ишонсангиз бас. Мағлубиятни хаёлингизнинг кўчасига ҳам келтира кўрманг. Шунда дилингиздаги барча орзуларингиз амалга ошади. Лабингиздан табассум аримасин!(67-бет).
2009 йили Асрор Мўмин билан Баҳодир Комил таржимаси “Жаҳон адабиёти” журналида босилиб чиққач, бошқа бир қанча газеталар ҳам уни тўлиқ ёки қисман кўчириб, ўз муштарийларига тақдим этганди. Чунончи, “Инсон ва қонун”нинг 2010 йилги 3 — 52-сонларида мазкур асар кўчириб босилган. Аммо бу газетада, Н.Юсупова китобидан фарқли ўлароқ, икки мутаржимнинг исми ва журнал номи ҳалол кўрсатилади.
Энди таржимадаги биттагина хатога тўхталиб ўтамиз. Ог Мандино бу китобда яхши яшашнинг ўн еттита қоидасини тақдим этган. Бу қоидалар аслида жўнгина. Масалан, ўн тўртинчи қоида шундай деб бошланади (русчаси): «Вы осуществите свою великую мечту, если будете двигаться к ней день за днем, поэтому ставьте цели на каждый день: не сложные и длительные проекты, но необходимые дела, которые шаг за шагом приведут вас к вершине радуги».
Бу жумлани Асрор Мўмин ва Баҳодир Комил шундай деб ўгиришган: “Агар улкан орзуингиз сари кундан-кунга тўхтовсиз интиладиган бўлсангиз, унга, албатта, эришасиз. Шунинг учун олдингизга енгил ва узоқ муддатга мўлжалланган, лекин зарур ишларни бажаришни мақсад қилиб қўйинг”(106-бет).
Бизнингча, “несложый” — “енгил” бўлиши мумкин, аммо “не сложный” – “енгил” дегани эмас. Иккинчидан, ана шу “не…” предлоги “длительные” сўзига ҳам тааллуқли. Яъни, “узоқ муддатга мўлжалланмаган” демоқчи(Сиз энг катта мақсадингизга кунма-кун интилсангизгина эриша оласиз. Бунинг учун эса олдингизга ҳар куни унча қийин бўлмаган ва узоққа чўзилмайдиган, аммо зарур ишларни бажаришни вазифа қилиб қўйинг; бу сизни муваффақият сари қадамба-қадам олиб боради).
Таржиманинг “айбғинаси”ни кўрсатишдан мақсадимиз тамом бўлак: Н.Юсупова аввалги таржимадаги хатоларни ҳам бехато кўчириб олибди: “Агар улкан орзуингиз сари кундан-кунга тўхтовсиз интиладиган бўлсангиз, унга албатта эришасиз. Шунинг учун ҳар куни олдингизга енгил ва узоқ муддатга мўлжалланган, лекин зарур ишларни бажаришни мақсад қилиб қўйинг” 117 — 118- бет).
Шу боис, мен пировардида Ог Мандино тавсия этган ўн етти қоида ҳали бироз камлигини, ҳаммани қойилмақом қилиб яшашнинг сири аслида ўн саккизта эканини пайқаб қолдим. Сирасини айтганда, буни ишга ижодий ёндашган “Давр-пресс” нашриёти мутаржими кашф этиб, татбиқ қилган. Ушбу ўн саккизинчи қоида шундай: “Бировнинг нарсасини, ёки меҳнати маҳсулотини ўғирлаб олишдан сира-сира хижолат бўлманг. Бунда энг муҳими – ўғирликни билдирмаслик учун уни бошқа рангга бўянг ёки у ер-бу ерига салгина ишлов бериб қўйинг. Ана шунда ошиғингиз олчи бўлаверади”.
Мен юқорида бу икки китобдан икки-уч абзац мисол келтирдим, холос. Ҳолбуки, “Давр-пресс” нашр этган китоб бошдан-оёқ кўчирма эканини тўлиқ исботлаш учун бу иккала китобдаги ҳар бир жумлани пеш келтириш мумкин. Барча жумлалар, ҳамма ифодалар, жами ўхшатиш, ташбеҳ ва тасвирлар мутлақо айнан. Башарти Ог Мандинонинг ўзи тирик пайтида китоб қўлёзмасини йўқотиб қўйиб, уни қайта ёзиб чиқишга уринганда ҳам буни шунчалик маҳорат билан эплай олмасди.
Бундай ҳодисалар шунчаки нохуш бир ҳол эмас, у кутубхоналар каталоглари ишини чалкаштиради, таржимонларнинг муаллифлик ҳуқуқини поймол қилади ва ҳоказо. Бунинг олдини олиш учун кўчирмачиларни инсофга чорлашдан фойда йўқ. Ягона чора – нашриётлар бир-бирининг тематик режаларини кўриб чиқишига, мувофиқ иш юритишига эришишдан иборат. Чунки асосий мақсад — китобхон манфаати. Акс ҳолда, куни кеча ёзилган ёки давоми кейинроқ ёзиладиган, ғўр, хом-хатала асарлар бугун чоп бўлиб, урчиб, янада кўпайиб кета бериши тайин.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 18-сонидан олинди.