Шоир Машраб Бобоевни илк бор “Онамга хат” китоби орқали таниганман. Айнан шу номдаги шеърни ёд олиб, мактаб давраларида айтиб юрганман. Муаллиф билан Тошкентда ўқишни тугатиб, технология билим юртида ишлаб юрган пайтда раҳматли устозим Неъмат Аминов орқали юзма-юз кўришиб, танишганман. Бир сафар Неъмат ака, Машраб Бобоев билан билим юртимизга келишган. Ўша пайтда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида машҳур рус адиби Валентин Катаевнинг “Хаёл чечаклари” китоби Машраб Бобоев таржимасида нашр этилган эди. Китобни қўлдан қўймай ютоқиб ўқиб чиқдим. Асар ёзиш услуби, мавзуси, мазмун-мундарижаси билан қизиқарли бўлиб, кўп китобхонларни ўзига жалб этган эди. Таржима шу қадар равон, шу қадар жозибали эдики, гўё В.Катаев уни ўзбекча ёзгандай эди. Кейинчалик ёзувчи Хайриддин Султоновнинг ушбу таржима моҳиятини теран очиб берадиган яхши мақоласи чоп этилди.
Биринчи учрашувдаёқ Машраб ака билан суҳбатимиз чиқишиб, гапимиз-гапимизга тўғри келиб, ака-ука бўлиб қолдик. Бу ўзаро илиқ муносабат у кишининг умрларини охиригача давом этди.
Машраб Бобоевдан камина кў-ўп яхшиликлар кўрди. Ўша ўтган асрнинг 80-йилларда 2-Тошкент ун заводига қарашли бир хонали баракда оилам билан яшардик. Аҳвол ниҳоятда оғир ва ачинарли эди. Биз яшайдиган хонанинг деворларида каламушлар бемалол юрарди. Анча елиб-югуришлардан сўнг каминага Сергелидан тўққиз қаватли уйнинг саккизинчи қаватидан квартира беришди. Уйни Неъмат аканинг машинасида Машраб ака билан бирга бориб кўрдик. Янги уй уларга ҳам ёқди. Мен уйнинг ишхонамга узоқлигини, квартиранинг баландлигини гапирганимда Машраб ака:
– Аввало уйни берганига шукур қилинг. Сўнг бу уйга меҳр қўйинг, Ашурбой, – дедилар.
У кишининг ана шу бир оғиз ибратли сўзи билан уйга астойдил меҳр қўйиб, шу уйда ўн уч йил яшадик. Баъзан йўлнинг олислиги, ҳафталаб лифтнинг ишламаслиги асабга тегса, дарҳол Машраб аканинг меҳр ҳақидаги гапини эслаб, юмшардик…
Яна бир унутилмас яхшилик. 1983 йилда устозим Неъмат Аминов билан Машраб Бобоев каминани “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига ишга тавсия қилганлар. Ўшанда таниқли ижодкор Маматқул Ҳазратқулов газетанинг масъул котиби эди. Улар мени Маматқул акага, Маматқул ака эса яна бир машҳур устозимиз Одил Ёқубовга тавсия этган. Шу билан менинг Тошкентдаги сарсон-саргардонлигимга, узоқ чеккан азоб-уқубатларимга чек қўйилиб, ўн йил кутган орзуим амалга ошди. Таҳририятга ишга қабул қилиндим. Бу яхшиликлари учун улардан бир умрга миннатдорман. Илоё, икковларининг ҳам жойлари жаннатда бўлсин!
Машраб Бобоев катта шоир, ажойиб драматург ва моҳир таржимон эди. Машраб аканинг шеърлари кутилмаган ташбеҳлари, образли мисралари, бетакрор манзаралари ва ҳаётийлиги билан ҳали-ҳануз ўқувчиларни ҳаяжонга солиб келади. У она юртимиз – Ўзбекистонни юксак меҳр билан қаламга олади:
Ўзбекистон, она Ватан, дардингни олай! Билмасанг ҳам Машраб киму, юмуши надир, У ҳам сенга жонин фидо қилмоқ учун шай. Саноқда йўқ миллионлар қаторидадир.Машраб ака қанчалар ватанпарвар бўлса, юртпарвар бўлса, шунчалар дўстпарвар, инсонпарвар ҳам эди. Дўсти жуда кўп эди. Машраб ака билан бир кўришган, суҳбатлашган ё даврада ўтирган инсон у кишининг дўстига айланарди. Мудом яхши одамлар билан дўст тутинарди, улар билан дўст бўлишга интиларди. У дўстнинг қайғусига шерик бўлар, яхши кунларидан қувончга тўларди. Дўстларга садоқатни, вафони, меҳр ва оқибатни Машраб Бобоевдан ўрганиш керак. Айниқса, Машраб аканинг устоз Неъмат Аминов билан ака-укачилиги, қадрдонлиги ҳавас қиладиган даражада ибратли эди. Улар худди туғишган қариндошлардай яқин эди. Оилавий борди-келдилари бор эди. Ҳатто фарзандларининг туғилган кунларини ҳам бирга нишонлашарди. Машраб ака Неъмат акамни ўз акасидай яхши кўрарди. Агар Неъмат акамнинг юрти Бухорода бирор тадбир ё маърака бўлса, албатта, Машраб ака бориб қатнашарди. Ёки Машраб Бобоев туғилган Пайариқда тўй-маърака бўлса, албатта, Неъмат акам бошчилигида борардик. Ана шундай борди-келдилар туфайли Пайариқдан жуда кўп қадрдонлар, дўстлар орттирдик. Бундай сафарларда ижодкорлардан Нусрат Раҳмат, Сайди Умиров, Маматқул Ҳазратқулов, Асад Дилмурод, Зиёдулла Нурматов, Орзиқул Эргаш, Нортўхта Қилич ва бошқа ҳамкасбларнинг бирга бўлишлари даврамизга файз бағишларди. Жойларда бўладиган учрашувлар қизиқ ўтарди. Бир сафар Пайариққа борганимизда Исмоил ал-Бухорий қабрларини кечаси бориб зиёрат қилганмиз. Шўро даврида анча ташландиқ аҳволга келиб қолган буюк авлиё қабрларини кундуз куни бориб зиёрат қилиш балога қолиш билан баробар эди. Оллоҳга шукр, мустақиллик туфайли Бухорий қабри обод бўлиб, улкан мажмуа қад ростлади. Энг муҳими, бу улуғ бунёдкорликни Неъмат Аминов ҳам, Машраб Бобоев ҳам кўриб, қайта-қайта зиёрат қилиб кетишди.
Машраб ака билан тез-тез вилоятларга ижодий сафарларга ҳам бориб турардик. Бир гал 1985 йилнинг 9 майида Фарғонага бордик. Гуруҳимиздаги устоз адиблар – Саид Аҳмад, Ҳамид Ғулом самолётда кетишди. Биз – Машраб Бобоев, Ёқубжон Хўжамбердиев, шоир Шайдо ва камина машинада жўнадик. Машраб ака билан узоқ йўлда юришнинг ҳам ўзига хос гашти, мазаси бор эди. Қамчиқ довонининг ва табиатнинг хушманзара жойларида тўхтаб, бир пас дам олиб йўл юрсак ҳам мўл юриб, манзилга етиб бордик. Дастлаб Олтиариқ, Бувайда туманларида учрашув бўлди. Риштондаги катта боғда бўлган учрашувдан олдин уруш қаҳрамони – машҳур Мамадали Топиболдиев қабрини зиёрат қилдик. Ўша куни Белоруссиядан ҳам у кишини хотирлаб, бир гуруҳ меҳмонлар келган экан. Меҳмонлар асосан Белоруссиядаги Топиболдиевка деган қишлоқдан экан. Ҳар йили келишаркан.
Тадбирга шоир акамиз Йўлдош Сулаймон раҳбарлигидаги фарғоналик ижодкорлар ҳам келиб қўшилдилар. Ўртада Машраб Бобоев бошлаган табрик шеърга уланди ва мушоира бошланди. Бир пайт каминага ҳам сўз берилди. Шунда Машраб Бобоевнинг қўлидаги “Бағишлов” китобини олиб, давра ўртасидаги микрофонга бориб, байрам тилакларини айтиб, китобдаги “Муин Бисису” шеърини баланд овозда ўқидим. Ушбу каттагина шеър:
Миллатни ким йўқотди, қизим? Миллатни ким йўқотди, ким?мисралари билан бошланиб, шу мисралар билан тугайди. Шеърни ўқиб бўлгач, охирида ичкилик таъсиридан бўлса керак ўзимдан қўшиб: “Миллатни политбюро йўқотди”, деб айтиб юборганман. Бу сўзлар микрофондан шундай жаранглаб эшитилдики, даврадагиларнинг ранглари ўчди.
Давра сув қуйгандай жим-жит. Биз билан ўтирганларнинг кўпчилиги бир зумда қуён бўлишган. Мени ҳам жойимга ўтқизишмасдан у ердан тезроқ олиб кетишган. Кўзимни очганимда олтиариқлик бир танишимизникида ётган эканман. Шунда Машраб ака кўнглимни кўтариб:
– Энди афсусланишдан фойда йўқ. Айтилган гап айтилди. Ҳаммаси яхши бўлади. Парво қилманг, Ашурбой, – деди.
Сафар тугаб, довондан ўтаётганимизда шахсан Машраб аканинг ташаббуси билан менинг “қаҳрамонлигим”ни ювдик. Тошкентга келганимиздан сўнг ҳам Машраб ака кун ора телефон қилиб, аҳвол сўраб турди. Орадан бир ҳафта ўтгач: “Энди ҳеч гап бўлмайди”, – деди Машраб ака қатъий қилиб. Ҳақиқатдан ҳам ҳеч гап бўлмади. Чунки ўша даврларда ошкоралик шабадаси эса бошлаганди…
Энди бир гапни ёзмасам бўлмайди. Гўё Машраб ака ҳақидаги хотираларга нимадир етишмаётгандай бўлади. У киши яхшигина улфат эди. Зиёфатларда “кам-кам, лекин тез-тез” деган иборани такрорлашни яхши кўрарди, даврадагилар билан яйраб, яшнаб ўтирарди. Лекин ўзини ўйламас, соғлиғини аямасди. “Отамга хат” номли шеърида ўзи бунга иқрор бўлиб, шундай деб ёзади:
Одамнинг табиати лекин жуда ғалати, У доим тақиқланган нарсага ўч бўлади. Ичма дедингиз – ичдим, чекма дедингиз – чекдим. Кетма, дедингиз – қалбим саёқлик қутқулади… Яхши ҳамки, бошқа гап айтмагансиз, отажон, Барчасининг аксини қилармидим эҳтимол…Машраб ака очиқ кўнгил ва мард одам эди. Баъзан ножўя гапириб қўйса, дарҳол тан оларди ва ўша заҳоти узр сўрарди. У кишининг “узр, энди жон дўстим, узр” деган ибораси дўстлар орасида оммалашиб кетганди…
Бу гапларни эсламасак, Машраб Бобоев ҳақидаги хотиралар гўё чала бўлиб қоларди. Бу билан Машраб Бобоев ичкиликка ружў қўйган эди, деган фикрдан йироқмиз. Ўтган асрнинг 80-йилларида турли соҳа ижодкорлари, айниқса, рассомлар, композиторлар, ёзувчилар, актёрлар, кинематографчилар орасида “жиндай-жиндай” олиб суҳбатлашиш, фикр алмашиш урфга айланган эди. Тўғрироғи, собиқ тузумнинг ситамкор сиёсатидан ва бу сиёсат ўтказган зуғумлардан енгил бўлиш учун ҳасратлашиб, дардлашиб олишарди. Давраларда, учрашувларда айтолмаётган фикрларини бир-бирига айтиб енгил бўлишарди. Баъзан шунчаки фикрлашиш жараёнининг ўз-ўзидан жиддий баҳс-мунозарага айланиши қадаҳлар сонини ҳам кўпайиб кетишига олиб келарди. Ўша даврларда бундай хилватларда руҳни енгиллаштириш одатлари ҳам тамойилга кирган эди. Бу ҳам зиёлиликнинг бир “кўриниши” ҳисобланарди. Афсуски, ғарб ва рус ижодкорлари таъсирида кириб келган бундай “ичкилик ва ижодкор” қўшма ҳамкорлиги кўплаб истеъдодларни хароб қилди. Жумладан…
Машраб Бобоев ажойиб шеърий китоблар яратиш билан бирга драматургия соҳасида самарали ижод қилди. Унинг “Ўттиз ёшлилар”, “Ер томири”, “Гурунг” сингари драмалари мамлакатимизнинг катта театрларда саҳналаштирилиб, репертуарлардан тушмай келди.
Мустақиллик йилларида Машраб Бобоев ижодининг янги саҳифалари очилди. Ажойиб шеърлар, туркум мақолалар ва телетомошабинлар томонидан қизғин кутиб олинган “Кўнгил кўчалари” номли кўп қисмли видеофильм сценарийсини ёзди. Бу асар муаллифга катта шуҳрат олиб келди.
Катта шоир, драматург ва таржимон Машраб Бобоев ниҳоятда беғубор ва самимий, одамларга яхшилик қилиб чарчамайдиган дарёдил инсон эди. Охиратлари обод бўлсин!