“Абу Райҳон Беруний” фильми яратилиши тарихини эслаб
1972 йили эди. Шуҳрат Аббосов менга ўрта асрлар Шарқининг буюк олими, мутафаккири Абу Райҳон Беруний ҳақида кенг кўламли фильм суратга олиниши режалаштирилаётганини айтиб қолди.
Фильм сценарийсини Шуҳрат Аббосов билан шарқшунос олим, Беруний ҳаёти ва фаолиятининг билимдони Павел Булгаков ҳамкорликда ёзишганди.
Пугаченкованинг таклифига кўра Ш. Аббосов, Э. Калонтаров учаламиз олиманинг мутахассислар уйидаги хонадонига бордик. Учрашувимиз ишчан руҳда ўтди.
Режиссёрлик сценарийси устида ишлаш узоқ давом этди. Бу жараёнда Беруний асарларини ўқишимизга, у бўлган мамлакатларни, шунингдек, аллома яшаган даврда қўлланилган айрим атамаларни ўрганишимизга тўғри келди.
Режиссёр, оператор ва рассомдан иборат ижодий гуруҳ натурани кўриш учун сафарга чиқди. Биз аввал Самарқандда тўхтадик. Афросиёб, шаҳарнинг бошқа меъморий обидалари, тарих музейи ҳамда шаҳар ташқарисини кўриб чиқдик.
Қадимий тангалар ва Сомонийлар мақбарасини ҳисобга олмаганда, кўрганларимизнинг ҳаммаси Берунийдан кейинги даврларга оид эди.
Суратга олиш учун табиий жой ва объектларни излашда давом этиб Тўрткўл ҳамда Беруний шаҳарларига йўл олдик. Кемада Амударёнинг нариги қирғоғига сузиб ўтиб, Қорақалпоғистон заминига қадам қўйдик. Аммо бу ерда Беруний туғилиб ўсган Кўҳна Қиётдан (ҳозирги Беруний) ҳеч нарса қолмаган эди.
Хива кўнглимизга анча умид бағишлади. Шаҳар кўчалари ва майдонлари фильмимизнинг бир неча объектини суратга олиш учун мос келарди.
Хоразмдан кейин биз Туркманистон ҳудудига ўтдик. Кун ёнаяпти. “Қилт” этган шабада йўқ. Кўпдан буён таъмирланмаган асфальт йўллар ўнқир-чўнқир бўлиб, эриб ётарди.
Жой бизга ёққани билан, бу ерга кўп сонли суратга олиш техникасини олиб келиш, яшаш жуда оғир ва ўнғайсиз эди.
Биз афсусланган ҳолда Тошовузга йўл олдик.
Тошовузда кўп ушланиб қолмадик, Ашхободга қараб йўлга тушдик.
Бизни Ичери-Шаҳар ҳайратга солди. Шаҳарнинг бу қисмида тошдан қурилган уйлар ва ғаройиб тор кўчалар сақланиб қолган эди. Ажойиб шаклли минора, карвонсарой ва бошқа обидалар бизнинг эътиборимизни тортди.
Шоҳ саройини кўрганимизда эса “хайрият” дегандай енгил нафас олдик. Биз бу ерда фильмимизнинг бир неча объектини хотиржам суратга олишимиз мумкин эди.
Бокудан биз Низомий Ганжавий ватани бўлган Кировободга йўл олдик. Шаҳарда мозийдан қолган кўп сонли тарихий ва меъморий обидалар бўлиб, улар яққол ажралиб турган озарбайжон миллий нақшларига эга эди.
Ереванга бориб, театрлар актёрлари билан учрашдик. Уларнинг айримлари арман фильмлари орқали танилган эдилар. Актёрлар бизнинг фильмимизда суратга тушишга бажонидил рози бўлишди.
Бизнинг Кавказ орти республикалари бўйлаб сафаримиз тугади. Барча кўрганларимиздан Бокунинг қадимий обидалари кўпроқ ёқди. Биз бу шаҳарда суратга олишимиз мумкин бўлган объектларни ўзимизга белгилаб олдик.
Тошкентга келганимиздан сўнг студия раҳбариятига изланишларимиз якунлари ҳақида ҳисобот бердик. Раҳбарият Бокудаги бир нечта объектни суратга олиш учун маъқуллади. Бироқ смета тузилаётганида пулимиз бундай сафарларга етмаслиги маълум бўлди ва биз студия ҳовлиси ва павильонларида декорация қуришга қарор қилдик.
* * *
Фильмга тайёргарлик жараёнида актёрлар танлаш ишига алоҳида эътибор қаратилди. Бизнинг фильмимизда бош қаҳрамонлар ва иккинчи даражали қаҳрамонлар роллари мўл эди. Биз актёрлар танлашга киришдик.
Студия коридорлари Тошкентнинг турли театрларидан, вилоят театрларидан, шунингдек, мамлакатнинг бошқа республикаларидан таклиф этилган актёрлар билан тўлди. Улар фото ва киносиновларидан ўтишарди, уларга рассомлар эскизлари бўйича тикилган либослар кийдириб кўриларди, турли грим ва бошқа безаклар танланарди.
Фильмга таниқли ўзбек кино ва театр актёрлари таклиф этилганди. Киносиновларга бошқа республикалардан ҳам актёрлар келишди. Турли ролларга Раззоқ Ҳамроев, Наби Раҳимов, Пўлат Саидқосимов, Бибо Батаев, Бахтиёр Ихтиёров, Владимир Якут, Тамара Шокирова, Дилором Қамбарова, Тошхўжа Хўжаев, Евгений Гуров, Баҳодир Йўлдошев (кейинчалик у таниқли режиссёр бўлиб етишди), Тўғон Режаметов ва бошқа актёрларни синаб кўрдик.
Фильмни суратга олишда оператор актёрлар билан тез тил топишиши, актёр билан оператор бир-бирини тушиниши керак. Ақлли, пластик актёр операторга тасвирнинг таъсирчан ифодасини топишга кўмаклашади.
Фильм учун истеъдодли актёрларни танлаб олдик. Гуруҳимиз учун энг машаққатли синов бош рол ижрочисини танлаш эди. Бизга довур Берунийнинг ташқи қиёфаси қандай бўлганлиги ҳақида маълумотлар етиб келмаганди, шунинг учун қаҳрамонимизни ҳаммамиз ҳар хил тасаввур этардик.
Ниҳоят “Ўзбекфильм”нинг ўша пайтдаги директори Абдулаҳат Абдуллаев бу масалага нуқта қўйди. У Беруний ролига актёр Пўлат Саидқосимовни тасдиқлади.
* * *
Фильмни суратга олиш ишлари 1973 йилнинг апрель ойи охирларида бошланди. Ҳали об-ҳаво маромига етмаганди. Шу сабабли тасвирга туширишни павильонлардаги объектлардан бошлашга қарор қилдик.
Ишнинг дастлабки кунларидан биз режадан орқада қола бошладик. Кўп вақтимиз актёрларнинг мураккаб гримига, либосларни тайёрлашга, чироқларни ўрнатишга кетарди. Гуруҳимиз суткасига ўн икки соатлаб ишлашга мажбур бўлди.
Кинода саҳналар тартиб билан тасвирга туширилмайди. Бу актёрларнинг доимо ҳам бўш бўлмаслиги, суратга олиш объекти ёки декорация ҳали тайёр эмаслиги билан боғлиқ.
Павильонда “Боғбоннинг боғи ва ҳужраси” декорацияси қурилган эди. Биз бу ерда Берунийнинг суюклиси Райҳона билан учрашувини тасвирга туширишимиз керак эди. Саҳна тунда, шамлар ёруғида ўтиши керак эди.
Кундуз актёрлар билан репетиция қилишга ва суратга олиш декорацияларини тайёрлашга кетди. Эртасига эрталабдан суратга олишни бошлашимиз керак эди.
Бироқ тонгда биз Райҳона роли ижрочиси Дилором Қамбарованинг онаси вафот этганини эшитдик. Суратга олиш ишларини номаълум муддатга кечиктиришга мажбур бўлдик.
Илиқ кунлар келди. Гуруҳ маъмурияти картина директори Юрий Исакиевич Рашрагович билан натурада суратга олишга тайёргарликни бошлаб юборди.
Самарқандда директорнинг маъмурий гуруҳи фильмнинг оммавий саҳнасида суратга олиш учун беш юздан ортиқ отлиқни йиғиши лозим эди. Бу ўта мураккаб вазифа эди. Отлар ва уларнинг эгаларини турли хўжаликлардан тўплаш керак эди.
Самарқанд вилоятининг турли туманларидан таклиф этилган чавандозлар эрта тонгда белгиланган жойга йиғилиб келмасдилар, бу эса суратга туширишни бошлаш вақти чўзилишига олиб келарди.
Суратга олиш майдонидан унча узоқ бўлмаган жойга палаткалар тикишга ва тўрт юзта от учун отхона қуришга қарор қилинди. Бу палаткалар ва отхона то биз суратга олишни тугатгунга қадар сақланиб турди.
Режиссёрлик сценарийси ёзилиши босқичида ҳамма нарсани ҳисобга олиб бўлмайди. Суратга олиш майдончасида жойнинг ўзига хослиги, иштирокчилар сони, декорацияни қуриш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда сценарий айрим ўзгаришларга, тузатишларга дучор бўлиши мумкин.
Томошабин учун тасвир таъсири кучини ошириш мақсадида улкан майдонда дорлар ясаб, уларга ташқи қиёфаси асир ҳиндларга ўхшаш тулум-қўғирчоқларни осиб қўйдик. Ҳар бир устун тагига тез ёнадиган, баланд олов ҳосил этадиган материаллардан қўйиб чиқдик.
Кадрда оловда жизғинак бўлаётган одамлар танасини кўрсатиш учун бир нечта устунга каскадёрларни боғладик. Бирон хавф туғилган тақдирда дарҳол кучли сув оқимини йўллаш учун уларга ёнғин ўчирувчи машиналарнинг бранспойтлари тўғриланди.
Актёрлар суратга олиш апппаратига яқин жойда саҳнани ўйнашлари керак эди. Улар атрофида ҳам олов ёндирилди, лекин уларга оловдан хавфсиз масофа аниқлаб берилди.
Гулханлар ёқилиб, олов устунларга боғланган манекенларни домига ола бошлади, олдинги планда қутурган ўт ичида қолган актёрлар кўринди, ана шунда кадрда ҳақиқий дўзах манзараси намоён бўлди: одамлар ёнарди, дорга осилган таналар ёнарди, ер ёнарди, осмон ёнарди, коинот олов ичида эди.
Фильмда бу эпизод жуда кучли ҳиссий таъсир кўрсатади.
Биз мураккаб саҳналарни суратга олдик. Лекин қувонишга эрта эди. Олинган материал тасмалари “Ўзбекфильм” кинолабораториясида ишловдан ўтганидан сўнг бир мураккаб кадр операторлик гуруҳи айби билан бракка чиққани маълум бўлди.
Кейинроқ бу саҳнани қайтадан ташкил этишга ва қайтадан тасвирга туширишга тўғри келди. Шу сабабли операторлик гуруҳи навбатдаги пул мукофотидан маҳрум қилинди.
* * *
Тошкентда тасвирга туширишни бошлаганимизда чидаб бўлмас даражада иссиқ эди. Июль ойи бошланмоқда эди.
Суратга олиш учун туялар, отлар, моллар, қўй-эчкилар келтирилди. Қадимий либослар кийган кўплаб одамлар пайдо бўлишди. Ҳаммаёқ шовқин-сурон, қий-чув. Одамлар ва ҳайвонлар иссиқдан қақраб кетган ердан ўтганларида қуюқ чанг кўкка ўрларди.
Нафақат ишлаш, балки нафас олиш ҳам оғир эди. Биз терга ғарқ ботган кўйи тинмай қайноқ чой ичардик.
Шундай лаҳзалар ҳам бўлардики, мен деярли ҳушимни йўқотардим. Айнан шу иш жараёнида мен оташин қуёш ва қайноқ прожекторлар ҳарорати таъсирида лимфалейкоз хасаталигига чалиниб қолдим ва ҳозиргача даволаниб келмоқдаман.
Ўша пайти эса, ишга жон-дилим билан берилиб кетганимданми, нима учун тез-тез иссиғим кўтарилиб кетаётганини, ўзимнинг эса қуёш нурида қолишдан чўчиётганимни тушунмасдим.
Фильмда кўп актёрлар ва оммавий саҳналар иштирокчилари қатнашаётган бўлса биз кўпроқ кадрни суратга олиб қолишга улгуриш учун дам олишсиз, кунига ўн икки соатлаб ишлашга ҳаракат қиламиз. Одатда оммавий саҳнада иштирок этаётганлар тасвирга тушириш майдончасида ишнинг бу қадар сермашаққат, азобли эканини кўриб, эртаси куни келмаёқ қўя қоладилар.
Суратга олиш гуруҳи учун синовлар давом этаверди: Суҳробнинг ҳовлиси ва кўчаси билан боғлиқ эпизодлар кечаси тасвирга туширилиши керак эди. Бу декорацияларда Қиёт шаҳрига душманлар тўсатдан ҳужум қилиб, ҳамма нарсани вайрон қилишини, кулини кўкка совуришини кўрсатишимиз керак эди. Кадрда актёрлар билан бирга қариялар, аёллар, болалар, аскарлар ва отлиқлар ҳам иштирок этишарди.
“Ўзбекфильм”нинг ярим натура майдонини эгаллаган декорациялар тез ёнувчи материаллар билан ўраб қўйилганди. Пиротехника воситалари ҳам катта миқдорда тайёрлаб қўйилганди.
Тасвирнинг таъсир кучини янада ошириш учун биз кўплаб одамлар, отлиқлар, ёнаётган объектларни умумий планларда олдик. Актёрлар, оммавий саҳна иштирокчилари, суратга олиш гуруҳи тутун ва иссиқдан роса азоб чекарди.
Воқеа кўламини кўрсатиш мақсадида мен катта операторлик крани ёрдамида суратга олиш камерам билан энг баланд нуқтага кўтарилдим. Оловдан ўзимни ҳимоя қилиш учун ёнғин ўчирувчиларнинг махсус костюмини кийиб олгандим. Бироқ, шунга қарамасдан, ловуллаб ёнаётган олов тиллари мени ҳар томондан қуршаб олди.
Бизни кузатиб турган ўт ўчирувчилар эса хавфни пайқаб қолишган заҳоти менга қараб бранспойтлардан кучли сув оқимини йўллашди. Ҳозиргина чидаб бўлмас даражадаги иссиқда турган одам бирдан муздай сув тагида қолди…
Суратга олиш ишлари тўхтатилди. Кран хартуми пастга туширилди, мени дарҳол қуритишга ўтишди. Омадим келган экан, олов менга зарар етказиб улгурмабди.
Бироздан сўнг суратга олиш ишлари давом эттирилди. Суҳроб Берунийни таъқиб этувчилардан қутқариб қолиши саҳнаси тасвирга туширилиши керак эди. Бу кадр ҳам олов ва тутун ичида суратга олинди. Суҳроб ролини актёр Бахтиёр Ихтиёров ижро этди. Камера билан Суҳробнинг ҳаракатини узлуксиз кузатиб бораётгандим, бирдан у кадрда йўқолиб қолди. Жаҳлим чиқиб кетди. Ахир бу кадрни узоқ вақт репетиция қилгандик, ҳар битта иштирокчининг ҳаракати миридан-сиригача кўриб чиқилганди.
Маълум бўлдики, оловнинг аччиқ дуди сабаб Бахтиёр ҳушдан кетган экан. Актёр яна суратга тушишга тайёр эмасди. Саҳнани бошқа кунга кўчиришга тўғри келди.
“Саҳро”, “Хароба қудуқ” объектлари учун натура Арнасойда танланди. Кадрда персонажлардан ташқари туялар карвони ҳам қатнашиши керак эди. Гуруҳ маъмуриятига Арнасойнинг қозоқ овулларидан етарли даражада от ва туя тўплаш унчалик мушкуллик туғдирмасди. Бу саҳнада Хоразм шоҳининг Беруний бошчилигидаги вакиллари Халифанинг элчиларини кутиб олишлари керак эди. Учрашув кечаси, Маҳмуд Ғазнавийнинг айғоқчилари кўзидан пана жойда кечиши керак эди.
Тасвирий жиҳатдан эса одамларнинг тунги саҳродаги қўрқувини беришимиз лозим эди, чунки улар истаган сонияда Маҳмуд Ғазнавий одамлари қўлига тушиб қолишлари мумкин. Беруний элчиларни топиб бориш учун тунги осмонда юлдузларга қараб йўл бошларди, экранда ана шу ҳолатни бериш бўйича муаммо пайдо бўлди.
Тунда кўп миқдордаги одамлар ва ҳайвонларни суратга олиш ўта мураккаб иш эди. Бу катта объектни суратга олишга бир ҳафтага яқин вақт мўлжалланганди. Бир неча тунни саҳрода ўтказганимиздан кейин суратга олишни тўхтатишга мажбур бўлдик. Биз кадрда персонажларнинг ҳаракатини юлдузли осмон фонида кўрсатишимиз керак эди. Кинотасма сезгирлигининг кичиклиги туфайли кўкдаги юлдузлар унда ўзининг тўла аксини тополмасди. Бусиз эпизоднинг маъно ва мазмуни йўқоларди. Муаммони кейинги тасвирга олишларни “Ўзбекфильм” киностудиясидаги павильонга кўчириш билан ҳал қиладиган бўлдик.
Рассом Э. Калонтаров павильоннинг бир қисмида саҳро ва хароба қудуқни қуришни бошлаб юборди. Қоронғу тун манзарасини ҳосил қилиш учун катта павильоннинг барча деворларига қора қоғоз ёпиштириб чиқди. Кўкдаги юлдузларни эса турли катталикдаги ялтироқ металл зўлдирларни ингичка симларга осиб қўйиш билан ҳосил этдик. Пастдан бу шарикларни кучли прожекторлар билан ёритиб турдик. Натижада “ҳақиқий” юлдузлар чарақлаб турган осмон пайдо бўлди.
Павильонда турли прожекторлар ёрдамида тун манзарасини ҳосил қилиш ҳам осонлашди. Натурада олинган кадрлар павильондагидан фарқ қилмаслиги учун ёритиш тизими билан алоҳида ишлашга тўғри келди.
“Ўзбекфильм” тарихида биринчи марта катта павильон ва коллекторни қамраб олган улкан декорация қурилган эди.
“Маҳмуд Ғазнавийнинг саройи” объекти катта ҳажмли бўлганли сабабли уни тасвирга туширишга икки ҳафтадан кўпроқ вақт ажратилган эди. Бир сменанинг ўзига бир ярим минг киловатт электр энергияси декорацияни ёритиш учун сарфланарди. Юздан ортиқ прожектор ишларди. Вақтни иқтисод қилиш учун олдиндан, актёрлар иштирокисиз декорацияга чироқлар қўйиб чиқиларди. Шунинг ўзига ҳам бир смена вақт кетарди.
…Фильмимизнинг биринчи намойиши Чилонзор кўчасидаги эски Киночилар уйи залида бўлиб ўтди.
Зал томошабинга тўлган эди. Кўплар жой етмай қолганлиги боис йўлакларда, ўтиш жойларида тик туришарди.
Фильм экранларга чиқарилганидан кейин Ашхобод ва Бокуда ҳам томошабин тўла залларда намойиш қилинди. Картинамиз ҳақида ижобий муносабатларни, ҳая-жонли мақтовларни эшитиш ёқимли эди.
Мен иштирок этиш бахтига муяссар бўлган Кишинёв кинофестивалида (1975 йил) фильмимиз Бош соврин билан тақдирланди.
Теҳронда ўтган халқаро кинофестивалда (1977 йил) ҳам фильмимиз “Олтин дельфин” Бош совринига муносиб кўрилди.
Шу фильм учун Шуҳрат Аббосовга Ҳамза номидаги Давлат мукофоти берилди.
Фильм муваффақияти бизни қанотлантирди. Биз янада яхшироқ, янада сифатлироқ фильм яратишни истардик…
“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 3 (244)-сон.