Қозоқбой Йўлдош. Оламни билишга интилган олим

Одам ўзгалардан эътибор топиши учун ўзини ўзи ҳурмат қилиши керак. Яқинларининг айтишича, Бегали Қосимов ёшлигидан ўзини ҳурмат қиладиган, ҳар бир гапи-ю хатти-ҳаракатининг ҳисобини оладиган жиддий бола бўлиб ўсган. Шунинг учун бошқалар ҳам ўз қадрини биладиган бу болага эътибор билан қарашар, ҳисоблашишар экан. Бошланғич синфдалигида оҳангга солиб достон ўқир, фавқулодда хотираси сабаб ўқигани ёд бўлиб қоларкан. Ўқигани ўзиники бўлиб қоладиган «қумқулоқ» болакайга нафақат катталар, балки тенгдошлари ҳам ҳурмат билан қарашаркан.
Б.Қосимов табиатан истеъдодли ва шу истеъдодига яраша интизомли экани боис, ўн беш ёшида ўрта мактабни олтин медал билан битирди. Сўзга муҳаббат уни Миллий университетнинг филология факултетига етаклади. У кириш имтиҳонларидан аъло баҳолар олиб ўқишга кирди. Университетни имтиёзли тугатди, аспирантурага тавсия этилди. Машҳур олим Ғ.Каримов раҳбарлигида номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқлади, профессор бўлди.
Фавқулодда қобилияти олимнинг хотирасида сақланган саноқсиз фактлар, номлар, асарларни кучли аналитик тафаккурдан ўтказиб, улар замиридаги қонуниятни топиш имконини берарди. Шу боис, унинг хулосалари салмоқли, тош босадиган бўларди. Б.Қосимов «Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик» номли фундаментал тадқиқотида жадидчиликни шундай изоҳлайди: «Жадидчиликнинг моҳиятини Миллат ва Ватанни англашдан улар манфаати учун курашишгача бўлган қизғин ва ҳаяжонли жараён ташкил қилди. Айни пайтда, бу ҳаракат миллатни ҳам тарбиялаб борди. Уни ўз бошига ёғилган ҳар бир офатни тақдир деб таъбир этишдан таҳлил қилиб, чорасини излай олиш даражасигача кўтарди». Олим учгина жумлага миллат тарихидаги бутун бир даврнинг моҳиятини жойлай билган. Дунё олимларининг профессор Б.Қосимов фикрлари билан ҳисоблашишлари, асарларининг АҚШ, Англия, Франция, Туркия, Татаристон, Қрим, Бошқирдистон сингари юртларда чоп этилганининг асл сабаби шу.
Б.Қосимов олим сифатида адабий ҳодиса замиридаги қонуниятни теран илғайди. Шу боис, Туркистон жадидлари ҳақида гапирар экан, XIX асрнинг бошларидан эътиборан бутун инсоният, хусусан, араб, эрон, ҳинд, турк халқларидаги фикрий уйғониш жараёнлари бир занжирнинг ҳалқалари сингари бир-бирига боғлиқ эканини изоҳлаб беради.
Шўро замонида бадиий адабиёт вулгар социологик асосда текшириб келинганди. Бегали ака бадиий адабиётга мафкуравий жангари социологик ёндашишни инкор этиб, уни чинакамига ижтимоий метод асосида тадқиқ этиш йўлларини кўрсатган илк ўзбек адабиёттанувчиси бўлди. Гарчи социологик метод билан вулгар социологик ёндашув жуда ўхшаш аталса-да, адабиётшунослик илмида улар тамомила бошқа-бошқа ҳодисалар ҳисобланади. Негаки, социологик тадқиқ методида бадиий ҳодисанинг ижтимоий асосини топишга уринилади, вульгар социологизм эса эстетик ҳодисадан мафкуравий ақидаларни қидиради.
Б.Қосимов жадид адабиёти тараққиётини миллат ижтимоий онгининг фалсафий, тарихий, мафкуравий, иқтисодий, сиёсий, эстетик кўринишлари билан боғлиқликда текширди. Бадиий адабиётни ижтимоий кўзқараш билан текширган тадқиқотчи олдида ҳамиша ё бадиий асардан фақат социал маъно қидириш ёхуд ижтимоий аҳамиятга эга ҳар қандай битикни, бадиий савиясидан қатъи назар, санъат асари сифатида баҳолаш хатари туради. Б.Қосимов бадиий сўзни нозик ҳис этадиган ва ижтимоий мазмундор асарлардаги санъатни бехато пайқайдиган кўзчил мутахассис сифатида бадиий сўзнинг ингичка жиҳатлари, сеҳри, ўйноқилигидан залворли ижтимоий маъно топа биларди.
Дунёни билиш учун унга қўшилиш, унга қўшила олиш учун дунёни билиш керак бўлади. Бегали Қосимов дунёни билишга интилиб яшагани боис унга бемалол қўшила олди. Ётсирамай қўшилиш эса, очунни янада чуқур билиш имконини берди. Олимнинг тадқиқотлари миқёсининг кенглиги, фикрларининг салмоқдорлиги сабаби шунда. «Турк дунёси адабиёти» ўттиз жилдли мажмуасининг яратилишида, унда турк халқларининг бош бўғини бўлмиш ўзбекларнинг адабиёти муносиб тарғиб этилишида профессор Бегали Қосимов қўшган ҳиссанинг илмий ва тарихий аҳамияти ҳали авлодлар томонидан махсус ўрганилажак.
Бегали домла шахс уйғонмай миллат уйғонмаслигини, миллатнинг мустақиллиги ҳар бир шахснинг мустақиллигидан бошланишини яхши билгани боис, миллий уйғониш ҳақида уйғоқ одамлар мисолида ёзарди. У миллат ҳаётидаги ёруғ нуқталарни кўра ва кўрсата биларди. Лекин Ватанни севиш кўр-кўрона маҳлиёликдан иборат бўлмаслиги кераклигини қайд этади: «Ватанни шунчаки севиб бўлмайди. Унинг дарди билан яшамоқ, унинг бахтидан қувонмоқ, у билан фахрланмоқ керак. Бу ҳам кифоя эмас. Чинакам муҳаббат уни яна ҳам гўзалроқ, яна ҳам мукаммалроқ, яна ҳам улуғворроқ қилишга ундаши керак. Бу эса, кураш демакдир. Ватан озодлиги масаласининг, аслида бошланиш нуқталаридан бўлган бу нарса шоирдан фахр ёнида қаҳрнинг ҳам бўлишини талаб қилади».
Миллатсуяр олим илмда торлик қилмайди. Ўз миллатига адоқсиз муҳаббат ва туркий илдизнинг бирлигини англаш туйғуси ўзбек олимини Исмоилбек Ғаспиралига яқинлаштирди. Жадидчиликнинг отаси ҳақида дунёнинг бирор олими Бегали Қосимовчалик мунтазам, қамровли, миқёсли тадқиқот олиб борган эмас. У улкан муҳаббат ва баланд ойдинлик бурчи ила Ғаспирали ҳазратлари ҳақида қатор мақолалар битди, махсус китоб ёзди, унинг «Хотинлар ўлкаси» фантастик романи, бир қанча мақолаларини ўзбекчалаштирди. Бегали ака И.Ғаспирали қарашларида туркий тафаккурнинг улкан миқёсларини кўради, туркий тараққиётнинг ўтмишинигина эмас, истиқбол имкониятларини ҳам ҳис этади.
Бегали Қосимов андишали ва ўйчил инсон эди. У атрофлича ўйлаб кўрмай, ҳақлигига тўлиқ ишонмай туриб, бирор хатти-ҳаракат қилиш у ёқда турсин, бирор сўз ҳам айтмасди. Шу боис, кам хато қиларди. Бу сифат унинг яшаш принципига айланганди, дейиш мумкин. Бегали ака ўзини ҳамиша сўнгги марта ёзиб, сўнгги марта гапираётгандай тутарди. Махсус тайёргарликсиз бирор ишга қўл урмас, ҳозирлик кўрмаган бўлса, оддий йиғинларда ҳам сўзга чиқмасликка уринарди. Натижада, унинг ҳар бир чиқиши одамлар хотирасида из қолдирарди. Домла истеъдодли олим сифатида ҳамиша ўзига йўл топа билди. Истеъдоднинг истеъдодлиги фидойиликдан ташқари, тўсиқларни енгиб ўта олиш қудратига эгаликда ҳамдир.
Кишининг мутахассис сифатидаги фазилатлари унинг шахс сифатидаги хусусиятларига мутаносиб бўлсагина эътибор топади. Чинакам шахс ҳамиша кишини ўзига жалб этади. У ўзи истамаган тақдирда ҳам доим одамлар қуршовида бўлиб, бетакрор ва жозибали шахсияти боис кўпчиликнинг диққат марказига чиқиб қолаверади. Бегали ака ана шундай одам эди. Унинг дўстлари жуда кўп эди. Дўстларининг кўплиги унинг билимли бўлгани сабаблигина эмасди. Биров билан билим олиш учун дўст бўлинмайди, билимни китобдан ўрганса ҳам бўлади. Дўстлари кўплигига сабаб Бегали аканинг суяниш, маслаҳатлашиш, дардлашиш мумкин бўлган одамлиги эди.
Мен Бегали акани илк бор Гулистон университети талабаси эканимда кўрган ва асарларини ўқиб бир қадар билгандим. 1991 йилда Дўрмон боғида ёнма-ён хоналарда яшаб, “Адабиёт” дастур ва дарсликларини яратишда қатнашиш бу билишликни танишликка айлантирди. Тақдирни қарангки, 1998 йилда Бегали ака ўқиган ва бир умр ишлаган факултетга ишга келдим. Бунинг устига Қорақамишда домла билан қўшни яшадик. Вақти келиб, даврадош бўлдик. Деярли кунига кўришардик, ўтбошиларимиздаги бирор катта-кичик маърака бир-биримизсиз ўтмасди.
Бегали ака билан Сирдарё, Зомин, Қашқадарё, Термиз, Чорвоқ, Шоҳимардон каби жойларга гоҳ икков, гоҳ шериклар билан неча бор сафарларга борганмиз. Биргаликда қанчалаб конференциялар ўтказдик, учрашувлар қилдик, дастурлар туздик, дарсликлар яратдик ва мақолалар ёздик. Икки-уч йил ўриндош домлалар сифатида Бегали аканинг машинасида Тошкентдан Гулистон университетига бирга қатнаганмиз.
Бегали домла оқибатли одам эди. Оқибат кўрган одамини унутмасликка интиларди. Кўпинча, у ёки бу одамдан кўрган яхшилигига жавоб қайтаролмаганидан хижолатдай бўлиб юрарди. У кишининг домла Ғулом Каримовга оқибати бир фарзандникидан кам эмасди. Бегали аканинг ўз яқинларига мунтазам равишда оқибат кўрсатганига шахсан гувоҳман. Мақтамоқчи бўлган одамини “оқибатли”, дер эди.
Биргаликда бўлган йиллар менда Бегали ака ўзидаги барча эзгу сифатларни жидду жаҳд билан ўзи шакллантирган, деган фикрни пайдо қилди. У ор-номусни ҳар нарсадан баланд қўядиган одам бўлгани боис шаънига гард юқтиришни истамас, бунинг учун муайян меъёрларга қатъий амал қилиб яшарди.
Бегали Қосимов табиатан жиддий одам эди. Унинг жиддияти атрофидагиларга ҳам ўтарди. Энг яқин жўралари ҳам у билан эҳтиёт бўлиб, қандайдир ҳайиқиброқ, аяброқ муносабатда бўлишарди. Бегали ака сўзамол одам эмасди, лекин ўткир нотиқ эди. Нутқининг яхшилиги тилининг қайралганидан кўра, фикрининг чархлангани ва сўз айтишга ўта масъулият билан қараганидан эди, деб ўйлайман. Унинг чиқишлари ғоят таъсирли ва юқумли бўларди. Бу юракдан чиққан сўзларнинг мантиққа йўғрилган ҳолда айтилганидан бўлса керак. Зеро, юракдан чиққан сўзгина юракларга етиб боради.
Айримлар Бегали акани бир умр фақат қоғозу китобларга кўмилиб яшаган одам, деб санашади. Мен унинг ёзиш-чизишдан бошқа нарсани ўйламайдиган, туну кун нима қилиб бўлса ҳам авлодларга кўпроқ асар ёзиб қолдиришга уриниб, жон-жаҳди билан тинимсиз ишлайдиган киши бўлмаганига аминман. У ҳам кўпчилик қатори одам эди. Инсонга хос барча истагу интилиш унга ҳам бегона эмасди.
Бегали ака фақатгина ишламади, у, биринчи навбатда, яшади. Бир одамдай. Шунинг учун ҳам унинг йўқлиги бугун жуда билиниб қолмоқда. Атрофидаги одамлар билан иши бўлмай, фақат ўқиб-ёзган кишини одамлар эсламайди, ундайларни фақат тадқиқотчилар ёдга олишлари мумкиндир. Ўқиш ва ёзиш ҳар бир ойдиннинг қисмати. Ҳалол илм қилмоқчи бўлган одам кўп ўқиш ва ёзишга маҳкум. Агар Бегали ака, айримлар айтганидай, фақат ўқиш-ёзишни билганида, унинг ёзган китоблари бўйидан баланд бўлиши мумкин эди. Аммо атрофида бунча одам тўпланмаган, бунча эзгу ишлар қилолмаган бўларди. Шахмат ўйнамаган, спорт билан шуғулланмаган, сафарларга юрмаган, дам олмаган, саёҳатлар қилмаган, бинобарин, на одамларни, на ҳаётни тузукроқ билган бўларди. Домла бир ёқлама одам бўлмагани учун ҳам ёзиш-чизишга бир иш, деб қарарди. Шу боис ҳам, илмида чекланганлик, торлик йўқ. Унинг олам миқёсида фикрлаши сабаби одамнинг табиатини ичдан билганида эди. Одамни билган олимгина оламни тўғри изоҳлай олади. Бегали ака одамни билиш орқали олам ҳодисаларини англаган олим эди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 19-сонидан олинди.