Устоз, бу галги мактубимни сизга очиқ хат тарзида йўллашни истадим. Нега бундай қиляпман, балки, устоз ва шогирд ўртасидаги мулоқот, муносабатлар жуда ҳам хусусий бўлмагани сабабли уни кўпчилик билан баҳам кўришни истадимми, ишқилиб шундай йўл тутдим.
Бундан эллик йил муқаддам, 1 сентябр.
Ўттиз нафар ўғил-қиз жамланиб, аллақандай сирли бир мўъжизалар рўй беришини кутгандай ошиқиб, ҳаяжонланиб турган синф хонасига Сиз кириб келдингиз. Баланд бўйли, хушсуврат, навқирон йигит… Бизни ўқувчи бўлганимиз билан қутладингиз. Ва кейин исм-шарифларимизни айтиб, бирма-бир таниша бошладингиз. Биринчи партада ўтирган бўлсам-да, ҳадеганда мени чақирмаётганингиздан ажабланиб, ичим қизиб борарди. (Фамилиямдаги бош ҳарф алфавитнинг охирроғида эканига у пайтлар ақлим етмаган экан-да). Ниҳоят, мени ҳам чақирдингиз. Мен ўтирган жойимдан бош ирғаб илжайиб қўйдим. Сиз яна чақирдингиз. Ажабландим: муаллим мени кўрмаяптими?.. Ёнимдаги, орқамдаги болалар турткилашидан кейин ўрнимдан турдим.
— Ҳа, фалончиев, мен билан танишгингиз келмадими — дедингиз кулимсираб.
—Мени танийсиз-ку, малим, — дедим. Чунки, сиз билан қўшни ҳовлиларда яшардик-да.
Ҳамма кулиб юборди. Сиз ҳам жилмайдингиз. Кейин бошимни силаб қўйиб, яна столингиз олдига қайтиб бордингиз-да, дедингиз:
—Мен нафақат сизни (айтмоқчи, ҳаммамизни сизлаб гапира бошлаганингиздан ҳам ажабланиб тургандим), бошқаларни ҳам танийман. Ҳамқишлоқ, қўшни, қариндошлар сифатида. Лекин бугунги танишувимиз ўқитувчи-ўқувчи, устоз ва шогирд танишувидир…
Демак, худди ўша куни, бундан эллик йил муқаддам биз устоз ва шогирдлик риштаси билан боғланган эканмиз. Дарвоқе, ўша кунги яна бир завқли ҳолатни кула-кула эслаб юраман.
Китоб тарқата бошладингиз. Қарасам, ҳамма болалар сумкаларини, айримлари матодан тикилган жилд-халталарни парта устига қўйишибди. Мен бўлсам дарҳол қўйнимга тиқиб келган отамнинг белбоғини чиқариб ёйиб қўйдим. Бундан яна кулги кўтарилди. Гап шундаки, ўшанда олти ёшда эдим. Мактабга яна бир йил кейин чиқишим керак эди Лекин ўзимдан бир ёш, ярим ёш катта болаларнинг мактабга қараб кетаётганини кўриб, чидаёлмай тўполон кўтаргандим. Шунда онам раҳматли отамдан, “майли зерикканча бориб турсин, кейин бир гап бўлар”, деб рухсат олиб берган ва қўлимга китоб ўраб келишим учун белбоғ тутқазиб юборгандилар. Сиз бундан хабардор экансиз, шекилли, болаларга тушунтирдингиз.
— Ораларингизда, бу энг ёши кичикларинг. Унинг мактабга келишига бугун рухсат тегди. Шунинг учун тайёргарликсиз келибди. Эртагаёқ кўрасиз, у яп-янги сумкада келади. Ва энг яхши ўқувчи бўлиб, ҳаммамизни хурсанд қилади… — Кейин менга жиддий тикилиб: — Гапим тўғрими, Фалончиев? — дедингиз.
— Тўғри, хурсанд қиламан, — дедим бу сафар ўқувчиларга хос бурролик билан…
“Хурсанд қиламан!..”
Устоз, сизнинг ишончингизни қай даражада оқладим, қанчалик “хурсанд қилдим”, билмайман. Лекин, шуниси аниқки, ўша кун билдирган ишончингиз менга бир умр тиргак бўлиб келади. Неча ўн йилларки, ҳаётда қандай мушкулот, синов олдида қолсам, сизни эслайман, сизнинг ўша кунги меҳр ва ишонч балқиб турган нигоҳингиз кўз олдимга келади. Шундан қувват оламан, журъатланаман. Ва “яхши ўқувчи” бўлиш ҳақидаги ваъдамни бажаришга киришиб кетаман…
Бошланғич таълим ортда қолди. Юқори синфлар босқичига кўчдик. Бошқаларни билмадиму, ўшанда мендаги кўникма-маром бузилди. Тўрт йил давомида сизга қаттиқ боғланиб қолган эканман, янги муаллимларга ҳадеганда кўниколмадим. Яхшиям сиз кунига ҳеч бўлмаганда бир марта синфимизга бош суқиб, олдинги пайтлардаги каби ҳазил-ҳазул билан гап бошлаб, кайфиятимизни кўтариб чиқиб кетардингиз. Бир сафар янги адабиёт ўқитувчимиз дарсини тугаллаб, танаффусга чиқаётганида сиз кириб келдингиз. Ҳаммамиз жойимизга қайтиб ўтирдик.
— Хўш, касбдошим, ўқувчиларимдан розимисиз, — дедингиз.
— Яхши. Яхши ўқитибсиз, домла, — деди ёш ўқитувчи ҳозиржавоблик билан. Унинг ташқарига, ким билсин, сигарета чекканими, ошиқиб тургани аниқ эди.
— Ҳа, булардан яхши адабиётчилар, шоир-ёзувчилар чиқади ҳали, — дедингиз фахр билан. — Масалан, Фалончиевдан…
Адабиёт ўқитувчим ялт этиб менга қаради-да:
— Йўғ-е, сезмадим-ку, — деди ҳаммага эшиттириб. — Жуда эътиборсиз. Пассив…
Сизнинг қарашингиздан ҳушёр тортдими, дами ичига тушиб кетди. Сиз бўлсангиз, бўпти, кейин гаплашамиз, дедингиз-да, у билан чиқиб кетдингиз. Синфда ёлғиз қолиб, деразадан ташқарини кузатиб турсам, сиз ўқитувчимизни бир чеккага олиб чиқдингиз. Ва унга алланималарни жаҳл билан уқтирдингиз. У ердан бош кўтармасдан, миқ этмай эшитди. Ўшанда нималар деб койиганингизни билмайман, лекин ўқитувчимнинг менга муносабати тамом ўзгариб, ўзига яқин оладиган, алоҳида эътибор берадиган бўлиб қолди. Кейинчалик билсам, сиз ҳар бир фан ўқитувчисига ўша фан бўйича иқтидорли ўқувчиларингиз ҳақида гапириб, уларга алоҳида эътибор беришларини тайинлаб чиққан экансиз. Кўп ўтмасдан ўртада озроқ бузилган маром изга тушиб, синфимиз ўзлаштириши яхшиланиб кетган эди…
Устоз, қишлоқ мактабларидаги аҳвол у даврларда мақтагулик эмасди. Биз ўқувчилар қишлоқ хўжалиги учун беминнат дастёр, сизлар эса бригадир, табелчиларнинг ёрдамчиси бўлиб, ортимиздан эргашиб юришга мажбур эдингиз. Эсимда, айниқса пахта терими ҳашаридаикки-уч ойлаб эгат оралаб юрарканмиз, сиз дам-бадам ёнимга келардингиз-да, албатта, адабиёт мавзусида гап очардингиз. Бу мавзу мактаб дарсликларида учрамасди. Ва яна ҳар сафар газета ё журналда чиққан бирор шеърми, ҳикоями, каттароқ асарми, қўлимга тутқазардингиз. Кейинги сафарги суҳбатимизга қадар мен улар билан танишиб, сизга ҳисобот беришга тайёр турардим. Олтмишинчи йиллар адабиётида инқилоб ясаган жуда кўп салафларимизни мен сиз орқали кашф этганимни миннатдорлик билан хотирлаб юраман.
…Устоз, бугун нафақадасиз. Ўзингиз ҳазил аралаш айтганингиздек, кексалик гаштини суриб юрибсиз. Лекин, мен аниқ биламанки, сиз ҳали ҳам мактабсиз яшай олмайсиз. Болаларнинг қий-чуви, беғубор кулгиларини кунда бир эшитмасангиз, ҳовли тўла болаларни оралаб, улар билан тиллашиб, чақ-чақлашиб қайтмасангиз хуморингиз тарқалмайди. “Эҳ, қанийди, яна бир марта ёшлик йилларимга қайтсайдим”, дегандингиз бир сафар. Армонингиз боисини тушунаман. Бугунгидай ёп-ёруғ, шинам кошоналарда, замонавий ўқув воситалари, компютерлар, аудио-видео техникалари билан жиҳозланган дарсхоналарда кимнинг ҳам ишлагиси келмайди. Қолаверса, ўқувчиларга ҳақ гапни айтиш, ҳеч бир чекловларсиз, эмин-эркин сабоқ бериш нақадар мароқли… Мамлакатимиз бўйлаб миллий таълим дастури бўйича тубдан ислоҳотлар ўтказилди. Устоз ва мураббийлар қадри ўз ўрнига қўйилди. Кейинги икки ўн йиллик мобайнида ўн нафар ҳамкасбингиз Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Икки юздан зиёди Халқўқитувчиси, мингдан ортиқроғи Хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, ёшлар мураббийси каби юксак унвонлар ҳамда орден-медаллар билан тақдирланди. Уларнинг орасида сиз ҳам борлигингиздан фахрланаман. Таълим тизимида “Устоз-шогирд мактаби” фаолият юрита бошлагани ҳам сизнинг кўп йиллик орзуингиз эмасмиди!..
Ўн уч йилдан бери Юртбошимиз фармони билан 1 октябр “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келинаётгани ҳам бу шарафли касб эгаларининг қанчалик эъзоз топаётганидан нишонадир. Куни кеча пойтахтимизнинг “Туркистон” саройида бўлиб ўтган байрам тадбирида Президентимиз табриги ўқиб эшиттирилди. Ўз табригида мамлакатимиз раҳбари сиз каби устозларни ўзининг энг яқин маслакдоши, кўмакчиси, суянчи деб эътироф этибди. Президент маслакдоши, кўмакчиси, бу — истиқлол суянчи дегани эмасми!.. Дарҳақиқат, улуғ зотлардан бири “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинчлиги ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, деган экан. Бундай эътироф ва эҳтиромнинг амалда ўз исботини топаётгани нақадар мароқли ва қувончлидир. Ва шу тобда бундай улуғ эврилишлардан сизнинг кўнглингиз тоғдай юксалиб, йиллар ажин туширган юзларингиз янада нурланиб бораётганини аниқ-таниқҳис этиб турибман.
Устоз, мактубимда исмингизни тилга олишдан тийилдим. Сабаби, сиз, албатта, хокисор ва камсуқум табиатингиз билан буни маъқулламаган бўлардингиз. Бундай йўл тутишимнинг яна бир боиси, Сизнинг тимсолингизда юртимиздаги неча минглаб фидойи зотларга ўзимнинг ва ўзим каби миллионлаб шогирд-ўқувчиларнинг бемисл эҳтиромини изҳор қилишга интилдим.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 40-сонидан олинди.