Таржима бошдан оёқ ижодий соҳа: хоҳ илмий, хоҳ бадиий таржима бўлсин, у доимо ижодий характерга эга. Ижод яратилиш билан боғлиқ. Шунинг учун унинг ўзига хос стихияси мавжуд. Стихиясиз ижод йўқ. Шу билан бирга, ижодкорликнинг ўз тартиб-низомлари, қонун-қоидалари, назариялари ишланган, белгиланган, чегаралари аниқлаб чиқилган. Таржиманинг тузук-қуруқ назарий қоидалари XIX асрдан эътиборан ишлана бошлади. Тўла назария тусини у фақат XX асрнинг йигирманчи йилларидагина олди. Таржима назарияси ва таржимашунослик фан соҳаси сифатида шаклланди ва шу асрда жуда шиддат билан равнақ топди. Санъатшунослик фанининг беҳад қизиқарли соҳаларидан бири эканлиги маълум бўлди.
Ҳозирги пайтда дунёда таржима назариясининг лингвистика, социолингвистика, когнитив лингвистика билан чамбарчас боғланган йўналишлари барқ уриб ривожланмоқда. Дунё университетларида ранг-баранг қизиқарли тадқиқотлар олиб борилмоқда. Булар нақадар илмий-назарий жиҳатдан жозибали соҳалар эканлиги Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетида ва Ўзбекистон Миллий университетида кейинги икки-уч йил ичида ўтказилган таржима назарияси ва амалиёти муаммолари билан боғлиқ илмий конференцияларда ўқилган ранг-баранг маърузаларда ўз ифодасини топди. Профессор Гуландом Боқиева ва профессор Абдузуҳур Абдуазизов етакчилигида ўтган бу илмий конференциялар таржима назарияси ва унинг қиёсий, когнитив лингвистика билан узвий боғланган муаммоларини ечиш устида олиб борилаётган тадқиқотлар илмий соҳанинг муҳим йўналишларини қамраб олаётганлигини яққол кўрсатди. Бу эътиборли илмий конференцияларнинг материаллари алоҳида тўпламлар ҳолида нашр этилгани таржима назарияси соҳасида юзага келган бўшлиқни тўлдирди ва тадқиқотлар ўтказишга қизиқишларни жонлантирди. Таржима амалиёти ва унинг назарияси муаммолари бўйича қизиқишларни “ЎзАС” газетаси, “Жаҳон адабиёти” журнали, “Филология муаммолари” (ЎзДЖТУ илмий журнали) саҳифаларида бирмунча мунтазам суратда ёритилаётган турли материаллар ҳам жонлантирмоқда. “Жаҳон адабиёти” журналининг “Таржима мактаби” рукнида анча изчиллик билан ёритилаётган материаллар замонавий таржималар таҳлиллари нақадар зарур эканлигини аён кўрсатмоқда. Аммо жуда кўп таржимашунослик муаммолари ҳали қават-қават қалашиб турибди. Таниқли таржимашунос олим Носир Қамбаров уларнинг айримларига диққат-эътиборни қаратади: “Ўзбекистонда чет тиллардан мутахассислик сифатида ўргатиладиган тилларни инобатга олсак, шу пайтгача инглиз, француз, немис ва испан тилларидан ўзбек тилига таржима қилишнинг лингвистик асослари ишлаб чиқилмаган… Қилинган таржималарнинг таҳлили йўқлиги учун аксарият нашр этилган луғатларда сўз маънолари ва уларнинг маъно нозикликлари эътибордан четда қолган…”. Носир Қамбаров шу билан бирга, яна иккинчи бир муҳим аҳамиятли масалани ҳам тилга олиб ўтади. У таржима таҳрири асослари ишлаб чиқилмаганлиги ва бунга мутлақо эътибор берилмаётгани, таржима таҳрири бўйича биронта ҳам қўлланма ёзилмаганлигига диққатни қаратади. Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги кунда чиқаётган таржима асарларни ўқиганда ғўр, шира-шакарсиз, ўта ғализ, пала-партиш жумлаларга ҳар қадамда дуч келиш мумкин. Бу лингвистика, стилистика, синтаксис, услуб қоидаларини яхши ўрганмай туриб енг шимариб таржималарга киришиб кетилаётгани, таржимага нисбатан осон иш, деб менсимай қаралаётганининг натижасидир. Кўп таржимонлар ўзига хос иборалар, жойлар номлари, исмлар, идораларнинг атамалари — реалий деб аталадиган хос миллий ҳодисаларни аниқ қандай ўгириш тўғрисида етарли тасаввур ва билимга эга эмаслар. Худди шундай ҳолларни фразеологизмлар, идиомалар — турғун бирикмаларни ўгириш тажрибаларида ҳам кузатиш мумкин. Айрим таржимашунослар эса ўтган асрнинг эллигинчи-олтмишинчи йиллари материаллари ва қарашларидан ҳали ҳам нари силжимаганлари кўзга ташланиб қолмоқда. Чет эл адиблари, чунончи, Балзак, Дефо тўғрисида яхши ният билан уларни ҳозирги ўзбек ўқувчиларига таништириш учун мақолалар ёзилади. Лекин бу адибларнинг ўзбек тилига таржима қилинган асарлари, уларни ким, қачон таржима қилганлиги, таржималарнинг сифати ва савияси қандай бўлганлиги ҳақида бир оғиз ҳам маълумот йўқ. Унда нима учун ёзилди бу мақолалар? Олимлар, қаламкашлар таржима бўйича давра суҳбатларида сўзлар айтишади, лекин ҳеч ким муайян таржима асари ва унинг тажрибаси ҳақида аниқ гап, фикр айтмайди. Аллақачон маълум бўлган қуруқ гапларни олиб қочиш ҳозир кимга керак ва нима фойда беради?
Ўн йилдан бери “Жаҳон адабиёти” журнали чиқади. Қанчадан-қанча жаҳон адабиётининг жуда қимматли намуналари ўзбек тилига ағдарилди. Лекин уларнинг таҳлили йўқ. Ёлғон бўлмасин, яқинда “Жаҳон адабиёти”нинг 2009 йил сентябр сонида Ортиқбой Абдуллаев ва Холмат Самадовнинг «Заковат” хазинасига илк қадамлар” деган яхши ҳақиқий таҳлилий мақоласи чиқди. Унда Плутарх, Цицерон, Платон асарларининг ўзбек тилига қилинган таржималари батафсил илмий кузатилди ва эътиборли мулоҳазалар ўртага қўйилди. Ҳолбуки, таржима таҳлили ва таржима матнлари таҳрири масалаларини мунтазам кўздан кечириб бориш, илмий хулосаларни ўртага ташлаш таржимачиликни ривожлантириш, унинг савиясини юқорига кўтариш учун ғоятда зарур. Албатта, бундай ўта актуал ишларнинг ўчоғи “Жаҳон адабиёти” журнали ҳамда адабиёт, санъат газетаси, умуман, адабий-бадиий нашрлар бўлмоғига талаб ниҳоятда кучли. Таржимашуносликнинг янги поғонага кўтариладиган пайти етган.
Тадқиқотчи Муаттар Жўраева “Таржимон чизмакаш эмас, рассом!” сарлавҳаси остида мақола эълон қилди (“ЖА”, 2009, 10-сон). Мақолани ўқиб, бирдан ўзимни эллигинчи йиллардаги таржима муҳитига бориб қолгандай, эски дардларим янгилангандай ҳис қилдим. Мақолада тадқиқотчи атоқли адиб ва таржимон Асқад Мухторнинг таржима ҳамда таржимашуносликка қарашларини эскиз тариқасида ёритади. У Асқад Мухторнинг эллигинчи йиллардаги бир мақоласида билдирилган “Таржимондан аниқлик талаб қилманг. У чизмакаш эмас, рассом!” деган ўша замон учун ёрқин шиддатли сўзларини келтиради ва уни асосан ўзининг айрим мулоҳазаларини тасдиқлаш маъносида баён этади.
Қандай яхши! Аммо таржимани ижодкорлик деб қараш ундан аниқлик талаб қилмаслик керак экан-да, деган маъно чиқаришга ҳеч қачон асос бермайди. Таржимадан агар аниқлик, назария тили билан айтганда, адекватлик талаб қилинмаса, бу таржимонни бутунлай нотўғри йўналишга олиб кириб кетади. Аниқлик талаб қилмаслик таржимада истаганча йўрғалашлар ва “олиб қочишлар”га — айниқса, шеърий таржималарда — сабаб бўлади ва йўл очади. Аниқлик ҳар қандай таржиманинг бош мезони. Аниқлик бўлгандагина эквивалентлик ва унинг турлари равшан тус олади. Аниқлик билан эквивалентликлар бир-бирлари билан ғоятда нозик боғланишлар билан чирмашиб кетади. “Анна Каренина”да Левин Анна ҳақида уни ўзига яқин олиб ўйлайди. Шу ўйлар ичида бир жумла ўтади: “женшину, которую нельзя было иначе назвать, как потерянною…”.
Бошни қаттиқ қотирадиган жумла. Қанча вариантлар тузиш мумкин. Мирзакалон Исмоилий “потерянною” сўзини ўйлаб-ўйлаб “йўлдан озган”, деб таржима қилишга тўхтайди. Анна эридан ажраб, “йўлдан озган”. Кўп ўтмай Вронскийнинг муҳаббати ҳам сохта эканлигини сезади, ундан батамом кўнгли совийди, яна “йўлдан озади”. Жамият ичида бошқалар ўзига асло лозим кўрмаган хатти-ҳаракатларни қилади, чунки “йўлдан озган”…
Бу жиҳатдан мавжуд таржима яхши. Аммо ўйлаб қарасангиз, Л.Н.Толстой бундай демоқчи эмас. “Йўлдан озган” дейиш бу — қоралаш, айблаш. Толстой ҳеч қачон ўз суюкли қаҳрамонини бундай деб яланғоч айбламасди. Ҳеч қачон! Хўш, унда нима? Толстой бу сўз билан Анна шу изтиробли вазиятларда эс-ҳушини йўқотиб қўйган, саранг бўлиб қолган эди, демоқчи. У, ҳақиқатан ҳам, эси оғиб тўғри йўлини тополмай қолган аёл. Тинимсиз оғир ўйлар, орзуларининг рўёбга чиқмаганлиги уни шу кўйга солган. Шу ерда аниқлик талаб қилмасак, “йўлдан озган”ни ҳазм қилиб кетаверишимизга тўғри келади. Бу ерда эса, айни Толстойнинг русча сўзига мос, муодил эквивалентларни қидириб кўриш, таърифга мос таъриф топиш нақадар мароқли. Таржима мана шундай ҳодисалари билан соф маънодаги ижод. Шу романда Толстой ишлатган “развод” сўзи “талоқ” деб ўгирилади. Қабул қилсак бўладими? Йўқ. Бўлмайди. Чунки “талоқ” соф ислом шариати тушунчаси. Уни Каренин ва Каренинага нисбатан қўллаб бўлмайди. Бу ерда универсалроқ “ажралиш” тушунчасини ишлатиш ўринли бўлади. Хос сўзлар таржимаси жуда нозик. Бу ерда соф аниқлик талаб этилади. Аниқликка эришиб бўлмайдиган ноёб ўринларда эса аниқликка яқинлашиш керак.
Тадқиқотчи Бегойим Холбекова “Шеърий таржима мезони” сарлавҳали таҳлилий мақоласини эълон қилди (“ЖА”, 2009, 11-сон). Кейинги ўн йил ичида шеърий таржималар ҳақида эълон қилинган ноёб чиқишлардан бири. Тадқиқотчи ўз муҳокамаларида машҳур таржимон ва болалар шоири Самуил Маршакнинг бир замонлар айтган “…шеърни таржима қилиш мумкин эмас. Ҳар сафар шеърий таржимага истисно сифатида қаралиши лозим”, деган фикрга суянади. Маршак шундай кутилмаган баҳсли фикрларни кўп айтган. Лекин бу шоирона фикрлар асло илмийликка даъво қилмайди. Ҳар қандай шеърий асарни таржима қилиш мумкин. Таржима қилиб бўлмайдиган текст йўқ. Фақат ҳамма вақт ўта қунт, юрак қўри, зўр ҳафсала ва предметга муҳаббат керак. Биз шундай хусусиятлардан туғилган бениҳоя гўзал шеърий таржималарни биламиз. Бегойим мақолада жуда қизиқ шеърий мисолларни таҳлил этади. Шотланд шоири Бернс ўз навқирон дўсти Роберт Андерсонга бағишланган ўткир бир шеърида дўстининг сочларини зоғдай қоп-қора деб ўхшатган экан. Бегойим бундай ўхшатиш шимол шоири учун жуда табиийлигини айтади. Лекин унинг таҳлилича Маршак бу шеърни рус тилига таржима қилиб, ўхшатишни “мумдай қора”га айлантирибди. Қозоқ шоири бу шеърни Маршак таржимасига асосланиб, қозоқ тилига ўгирганда “кўмирдай қора”, деб олибди. Маршак матни асосидаги ўзбек тилига таржимада эса бу ўхшатиш “тундай қора” тусига кирибди. Тадқиқотчи таржималарда юз берган бу ўзгаришларни миллий колоритдан келиб чиқиб изоҳлашга ва оқлашга интилади. Аммо келинг, мулоҳаза қилиб кўрайлик. Бернс оппоқ юзли йигитчанинг тўсдай қоп-қора сочи ва унинг жингалалари пешонасида тўлқинланиб турганини чизяпти. Тасаввур этсангиз, оқ чеҳра узра тўлқинланган қора сочлар ҳақиқатан зоғга — қанотини ёзиб ётган зоғга ўхшайди. Таржимонлар эса, бу образ бизнинг ўқувчиларимизга тушунарли бўлмайди, деган субъектив мулоҳаза билан шоир образидан воз кечиб, унинг шеърига ўз гўзал образли ифодаларини киритишган. Натижада шеърнинг асл миллий колоритига путур етган, шеърнинг оригинал образли дунёси бузилган. Агар қунт ва муҳаббат билан ўгирилганда эди, шоир образининг маъноси сақланган, шотландча дунёқараш ва фаросат англашилган, шеър шотланд шоирининг шеъридай қабул қилинган бўларди. Ҳозирги ҳолида эса Бернснинг ярмигина қолган таржимада. Бундай олиб қочишлар, ўзидан қўшишлар шеърий таржималарда кўп учрайди. Уларнинг сабаби таржима қилиб бўлмасликдан эмас, ихлос ва эътиборнинг етишмаслигидан. Маршак бошқа бир таржимасида шеър матнига Бернсда мутлақо бўлмаган Сулаймон пайғамбар образини киритиб юборади. Бу эса, шотланд шоири асарида ўта қовушмаган бир ҳолатни вужудга келтиради. Ўзбошимчалик таржимада оғир хатоларга олиб боради. Бу эса, аниқлик талаб қилмасликнинг натижаси.
Аниқлик талабига риоя қилинмаса, таржимада масъулиятсизлик юзага чиқади. Таржималардаги тил ғарибликлари ҳам ана шу масъулиятсизликдан. Албатта, таржима назарияси принциплари “темир қонун” эмас. Назария нисбий, шартли қоидаларни баён этади. Уларга ижодий қарамоқ жоиз. Уларни билмоқ ва ижодий ёндошмоқ таржимонни турли масъулиятсизликлардан, хом-хатала ишларни таржима, деб аташдан сақлайди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 8-сонидан олинди.