“Мабдаи нур” ва “Кимё” асарлари муаммоси туфайли Бобораҳим Машраб тарихига доир бирламчи ва энг муҳим манбалардан бири сифатида “Тазкираи қаландарон” асарига эътибор қаратилганди. Тахминга кўра, у “Қиссаи Машраб” ва бошқа манбаларга нисбатан ишончлироқ далилларга сероб бўлиши керак эди.
Бу асарни Муҳсин Зокиров илмий муомалага киритиб, у ҳақда: “XVII—XVIII асрларда ёзилган тарихий манбалар Машрабнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини муфассал ўрганишда бир қатор чалкаш фикрлар туғдиради. Аммо Исҳоқ Боғистоний қаламига мансуб “Тазкираи қаландарон” асарининг топилиши бир қанча чигал муаммоларни аниқлаш ва улар тўғрисида дадил фикр юритиш имкониятини вужудга келтирди,” деб ёзади (Эрк ва маърифат куйчилари; Тазкираи Қаландарон).
Ростдан ҳам у Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодига аниқликлар киритдими?
Бу асарга тўқнаш келиб мен ҳайрон қолдим. Текширишлар унинг асл матни йўқлигини кўрсатди. Ундан айрим парчалар М.Зокировнинг “Эрк ва маърифат куйчилари” (1984) асари ҳамда “Шарқ юлдузи” журналида “Тазкираи қаландарон” (1990) номи билан чоп этилган экан. Абдурашид Абдуғафуров, Абдуқодир Ҳайитметов, Исматулла Абдуллаев каби йирик мутахассислар бу “манба”дан четлаб ўтишни маъқул кўрадилар. Уларнинг бунга тўла ҳаққи бор эди. Чунки улар кўриб, ўрганиб, таҳлил қилиши лозим бўлган ва мазкур соҳа талабларига жавоб берадиган манбанинг ўзи йўқ эди.
Бундай муносабатга қарамай, сўнгги 20 йил мобайнида у машрабшуносликда Малиҳо Самарқандийнинг “Музаккир ул-асҳоб”и ва машҳур “Қиссаи Машраб”дан ҳам муҳимроқ манба даражасига кўтарилади. Маълумотлари олдинги сафга чиқа бошлайди. Бир куни имтиҳонларга тайёрланаётган мактаб ўқувчиси менга “Маънавият юлдузлари” ва “Adabiyot” (Umumiy о’rta ta’lim maktablarining 9-sinf uchun darslik-majmua) китобларини кўрсатди.Уларда Бобораҳим Машрабга оид икки хил маълумот берилган эди. Гангиб қолган ўқувчи уларнинг қай бири тўғри эканини сўради. Бошим қотди. Чунки улардан бировини тўғри дейишга етарли асосим йўқ эди…
9-синф адабиёт дарслигида Машраб ҳақида шундай дейилади: “Олдинлари Машраб 1640 ёки 1647(1657 ёзилса тўғри бўларди — А.Ж.). йилларда туғилган деб ҳисобланар ва бу маълумотлар қатор илмий манбаларда кўрсатилган ҳам эди. Боғистонийнинг “Тазкираи қаландарон” асарини синчиклаб ўрганиш натижасида аниқланган кейинги маълумотларга кўра Бобораҳим Валибобо ўғли Машраб 1653 йилда Наманганда косиб оиласида туғилган” (Q.Yoldoshev, V.Qodirov. J.Yoldoshbekov. Adabiyot. T., Yangiyol Poligraph strbice, 2006 y.,123.)
Тест синовига абитуриентларни тайёрловчи қўлланмаларда ҳам худди шундай гаплар такрорланган экан (S.Matchanov, SH.Saraiyev. Adabiyot (Oliy o’quv yurtlariga kiruvchilar uchun metodik qo’llanma). T., Yurist-media markazi, 2010 y., 172.).Бу мазкур асарнинг жамиятда бирламчи манба бўлиб, мустаҳкам ўрин топганини кўрсатади. Бироқ “тазкира”ни ўқиганимда унда Бобораҳим Машрабнинг 1653 йили, яна Наманганда ва яна косиб оиласида туғилганини тасдиқловчи бирор маълумот учрамади. Бунинг устига тазкирани манба сифатида ўрганувчини унинг матни жуда ноқулай вазиятда қолдираркан… Бу ишда қўлёзма нусха йўқлиги тадқиқотчи имкониятларини қирқиб қўяди. Асарга манба хулосасини бериб бўлмайди. Лекин унинг иккита нашри ва уларга тушунтиришлар борлиги уни тадқиқот мақомида ўрганиш учун изн беради. Шу тариқа, икки нашр матнларини қиёсий қараб, ундаги маълумотлардан фойдаланишга уриндик.
М.Зокиров бу асар туркий (ўзбек) тилида ёзилгани тўғрисида гапириб ўтади. У арабий ёзувдан кирилчага айлантирилган. Таржима эмас. Бу ҳолда икки матн сўзсиз мос тушиши лозим. Лекин М.Зокиров негадир асарнинг ўзидаги бор матнини “Шарқ юлдузи”га ҳам тўлиқ бермаган экан. Саҳифани эса, ўқувчида катта умид уйғотиб, “Тазкираи қаландарон” номи безаб турибди. “Эрк ва маърифат куйчилари”даги: “Бобораҳим асли Андижондин бўлуб, иродати таҳсил умидида Наманганга дохил бўлмишди. Бобораҳим Андигоннинг Алакчиён элатиға мансуб мулла Вали хезимкаш (ўтинкаш) фарзандидур”, деб бошланувчи маълумот, Машраб ва Тўти бекачнинг ишқий можароси каби ҳикоятлар журнал нашрига кирмай қолган. Машрабнинг Бозор охунд даргоҳидан қувилиши, Маҳмуд Қатағон томонидан қатл этилиши каби икки нашрда ҳам учрайдиган бошқа лавҳалар матнларида жиддий тафовутларга дуч келамиз. Машраб ва Бозор охунд жанжалида сўзларнинг риндона атвори – ринд табиати, Боз устиға мўролоғич Маймоқ сўфи – Охири Маймоқ сўфи, Бобораҳимни ороға олиб – Раҳимбобони ороға олиб, бисёр озурда – бағоят озурда, иложи қолмамиш – иложиқолмади тарзида турлича қўлланиши ҳар қандай тажрибали матншуносни бу матнга йўлатмайди. Гап тузилишида аҳвол бундан ҳам ачинарли. Буни икки нашрнинг қарийб бошдан охиригача кузатиш мумкин. Матнда бунча кўп фарқни кўриб, мабодо бу иш таржима эмасмикан, деб ҳам ўйлагандик. Афсуски, у табдил. Мазкур нашрлар бирламчи манба бўла оладими? Тарихий матн таҳрир қилинмайди. Бир неча нусхалар асосида танқидий матн тузилиши мумкин. Бу ерда матншунослик қоидаларига мутлақо риоя этилмаган. Матн исталганча таҳрир қилинган… Балки олимларни ундан йироқлатган сабаблардан бири шу ҳамдир? М.Зокиров эса: “Бу асар Машраб ҳаёти ва ижодий фаолиятига тааллуқли ишончли ҳамда ғоят муҳим тарихий маъхаз (илк манба) бўлиб қолиши ўз-ўзидан аёндир”, деб уни китобхонга тақдим этади. Тадқиқотчи мазкур қўлёзма 87 варақ, 41 боб ва унинг 11 боби Бобораҳим Машрабга бағишлангани ҳақида хабар бериб, варақларни ўзи рақамлаганини таъкидлайди. Журнал нашрида эса, бирор матн қўлёзма нусханинг қайси бетидан олингани кўрсатилмайди.
Тазкира воқеалари қурилиши кичик саҳна асарини эслатади. Гарчи Машраб “валиюллоҳ” деб таърифланса-да, матнда тасаввуфга алоқадор ҳеч нарса йўқ. Уни бу соҳадан анча узоқ одам ёзгани сезилади. “Қиссаи Машраб”да мажзубҳол Ошиқни, тазкирада Абдулла Қаҳҳор асарларидаги инқилобдан олдинги бахтсиз ва чорасиз кимсага ўхшаш шахсни кўрамиз. Феълнинг қолмамиш, этмиш, бормиш, топмиш, сўзламиш каби шаклларда қўлланиши ХХ аср ўзбек адабиётидаги тарихий-бадиий асарлар тилига яқинроқ. Муаллиф Машрабнинг 10 йилга яқин ҳамроҳи эди. Лекин у ўзи гувоҳ бўлган ва ҳамхонасининг шахсияти, сўфийлик ҳолини очиб берадиган бирор хос лавҳа келтирмайди. Барча нақллар Пирмат Сеторий тилидан ривоят қилинади. Матн билан танишгач, нима бало, тазкира 200 йил олдин шўролар буюртмаси билан ёзилганми, деб ҳайрон ҳам қоласан. Эҳтимол, матннинг бундай хусусиятларга эга бўлиши тадқиқотчи хизматидандир.
Муҳсин Зокиров “Эрк ва маърифат куйчилари” асарида Бобораҳим Машраб ҳаёт йўли ва ижоди ҳақида мулоҳаза юритиб, “Мабдаи нур” ҳамда “Кимё” масаласига ҳам тўхталади. Қўлида “Тазкираи қаландарон”дек “манба” бўла туриб: “Демак, эндиликда “Мабдаи нур”нинг муаллифи Рўзибой Ҳофизи Машраби Соний эканлиги мутлоқ равшан бўлиб қолди”, дея қатъий қарорга келади. Тазкирада ҳам “Мабдаи нур”га тегишли қизиқарли маълумот борлиги тўғрисида ҳатто бир сўз айтмайди. Бироқ орадан олти йил ўтиб, бирдан шу асарнинг журнал нашрида: “Машраби мажзубнинг табаррук ашъор дафтарларин ва ўз дастхати ила китобот қилмиш “Мабдаи нур”, “Кимёйи саодат” достонларин хуржунидан олиб, фақир назариға келтурди”, деган маълумот пайдо бўлиб қолади. Бу барча ўқувчилар ва, айниқса, мутахассислар учун узоқ кутилган, жар солиб ҳайқиришга арзийдиган катта Янгилик эди! Тадқиқотчи эса, негадир, буни сезмаганга олади. Нашр сўзбошисида бу ҳақда яна лом-мим демайди. Шу билан муаммо дабдурустдан, тинчгина хотима топгандек бўлади. Бу сиртдан қараганда ва манбалардан хабарсиз ўқувчига шундай кўринарди… Мазкур муаммога аралашиб қолган ҳар бир тадқиқотчи, ҳатто улар ўзаро зид фикрларда бўлса ҳам, ич-ичидан илмий жиҳатдан мутлақо қониқарли ечим истайди. Мутахассисга бу асарлар қайси Машрабники экани эмас, ҳақиқий аҳволнинг очилиши муҳим ва ўқувчига баҳснинг қандай якун топиши қизиқ…
Энди таҳлил йўналишини бир оз ўзгартириб, асарга шубҳаларсиз назар соламиз. Бундан буёғи бизни кўпроқ ундаги маълумотлар қизиқтиради.
М.Зокировнинг таъкидлашича, тазкираҳ. 1130 йили жумодул аввал ойининг 15-куни тугалланган. Боғистоний эса: “Фақирул ҳақирнинг ушбу ожизона битиклари ҳижратнинг 1130 санасида, моҳи жумодул аввалда иҳтимомиға етди”, деб хабар беради. Бу пайтда муаллиф 60 ёшга кирган экан. Мазкур маълумотлар тазкиранинг милодий 1718 йили 15 апрелда тугаллангани ва Исҳоқ Боғистоний ҳ. 1070 йили (м. 1660) таваллуд топганини билдиради. У “Қуръони шариф”, “Мушквот ул-масобиҳ”, “Саҳиҳи Бухорий” асарларини ўрганиб, тариқат илмидан сабоқ олиш учун “20 ёшларида Мулло Бозор Охунднинг довруғини эшитиб”, Наманганга боради. Бу 1679 йил охири — 1680 йил бошларига тўғри келади. У Бозор Охунд мадрасасида Бобораҳим Машраб билан 7 йил бирга таҳсил олади. Тазкиранинг боши ва “биринчи лавҳа”да Боғистоний буни алоҳида таъкидлайди. Талабалик даври охири ва уларнинг ажралиши 1687 йилга тўғри келади. Боғистоний қишлоғига жўнаб, бир йилдан сўнг (1688) яна қайтиб келганда Машраб Кошғарга кетганини эшитади. Тазкирада унинг 7-8 йил Офоқ хожа ҳузурида хизматда бўлгани айтилади. Бу маълумотлар Машрабнинг 1694—1696 йиллар орасида Андижонга қайтганини кўрсатади. У сафардан келганда бетоб онаси вафот этади. Боғистоний: “Биродарим Бобораҳимнинг модари покизаларининг жанозаларида бўлдим”, деб у билан учрашганини ҳикоя қилади. Сўнгра Машраб, Пирмат Сеторий ва Боғистоний биргаликда бир қанча шаҳар ва ўлкаларни кезиб чиқади. Боғистоний улардан айрилиб, қишлоғига йўл олади ва у ерда мактабдорлик билан машғул бўлади. Орадан 20 йил ўтиб, Сеторий унинг қишлоғига боради ва Машрабнинг ўлими ҳақида хабар келтиради. Исҳоқ Боғистоний тазкирада ўзи ва Машраб ҳаёт йўлини шундай тасвирлайди.
Воқеа шу тахлит кечган бўлса, Машрабнинг Кошғар ўлкаси ва қалмоқ даштларида ўтган 18 йиллик саргардонлиги, 1689—1690 йиллардаги Малиҳо Самарқандий билан учрашуви, онасининг 1690 йили вафот этиши ва фанда эътиборли саналган яна бир қанча илмий маълумотлар тақдири нима бўлади? М. Зокиров худди шу тадқиқотида Бозор Охундни 1678 йили вафот этган, дейди. Машраб эса, 1680—1681 йили унинг даргоҳидан қувилиб, Офоқ хожа ҳузурига кетганмиш?! Тазкира матни ва М.Зокиров тадқиқотида бундай чалкашликлар шу тариқа давом этаверади… Боғистоний: “Фақир мадраса таълимин ихтимомиға етказуб, ўз кентим Боғистонда жойнишин бўлмишмен”, деб ёзади. М.Зокиров тазкирага асосланиб: “Ниҳоят, улар уч киши: Машраб, Пирмат Сетроий ва тазкира муаллифининг ҳамроҳлигида йўлга чиқиб, Хўжанд, Ўратепа, Шош (Тошкент), Сайрам ва Туркистон вилоятларини кезиб чиқадилар. Машраб ва Пирмат Сеторий Мовароуннаҳр томон йўл оладилар, Исҳоқ Боғистоний эса ўз кенти Боғистонга қайтиб, шу ерда турғун бўлиб қолади”, деб хабар беради. Асарда Пирмат Сеторийнинг Машраб ўлимидан 8 йил кейин 60 ёшида (1719 йили) вафот этгани кўрсатилади. Тазкира 1718 йил 15 апрелда тугалланган бўлса, қандай қилиб унда 1719 йилги воқеалар ҳақида гап кетиши мумкин?
* * *
Фурсатдан фойдаланиб, Бобораҳим Машрабнинг ёши ва вафотига доир маълумотга тўхтайлик. “Эрк ва маърифат куйчилари”да келтирилган матнда Машраб қатли: “Андоғ маълум бўлмишким, Машраби валиюллоҳқатли муддатинда таваллудларидин эллик саккиз сана кечуб эрди”, деб кўрсатилади ва М.Зокиров унга: “Агар Исҳоқ Боғистонийнинг “Офоқ Хўжа вафотидан 18 йил кейин, 58 ёшида қатл этилди” қайдини бунга таққосланса, масала янада аниқ бўлади”, деб қўшимча қилади.
Журнал нашрида: “Алқисса, рамазони шарифни ўн еттинчи куни бавақти намози жумъадин сўнг Шоҳ Машрабни Мансурвор сиёсат дориға тортмушлар. Андоғ маълум бўлурки, қатли ом муддатинда таваллудларидин эллик етти сана кечуб эрди,” дейилади. Бу саналар, албатта, ўқувчини 1711 йилга етаклаб бораяпти. Ҳ. 1123 йил рамазон ойининг 17-куни милодийда 1711 йил 29 октябрдир. Аммо… матнда яна ихтилоф! Машраб қатл этилганда 58 ёшмиди ё 57? Журнал нашрига асослансак, Машрабнинг ёши милодийда 55 ва таваллуди 1656 йилнинг ўрталарига тўғри келади (1123—57=1066). Мактаб дарслиги ва қўшимча ўқув қўлланмаларда кўрсатилгандек, 1653 йил эмас. 58 ёши (м. 56) ҳисобга киритилса, у 1655 йили туғилган бўлади.
Бу мақолада Машраб таваллуди бўйича баҳс юритмоқчи эмасмиз. Ниятимиз, М.Зокиров уқтирганидек, тазкирадан Бобораҳим Машраб ҳақида дадил фикр юритиш имкониятини топиш эди. Аммо у Машрабга доир бошқа манбалардаги ишончли маълумотларни йўққа чиқариши, матндаги фарқлар, тили ва матн ичидаги маълумотларнинг ўзаро мос тушмаслиги билан ваъда қилинган имконни бермади. Тажрибали йирик манбашунослар бу манбани четлаб ўтгани ҳам бизни ҳайрон қолдирганди. Иш жараёнида бунинг сабабини тушунгандек бўлдик.
Энди бундай хато, асоси бўш маълумотлар дарслик ва қўшимча ўқув қўлланмаларига кириб қолиши ташвишланарли. Олий ўқув юртлари тест синовлари саволлари жавобида ҳам худди шу маълумотлар бўлса керак…
Бу “манба” аста-секин кенг тарқалиб, ҳақиқий манбаларни илм майдонидан суриб чиқарса нима бўлади? Шундай қоронғи мавҳумлик билан Бобораҳим Машраб таржимаи ҳолини ёритмоқчимизми? Дарсликлар ёзилишидан олдин маълумотлар обдон илмий меҳнат чиғириғидан ўтказилмайдими?
Имтиҳонга тайёрланаётган ўша ўқувчининг саволи мақола охиригача бошимда чарх урди: “Бу маълумотларнинг қай бири тўғри?”. Ҳозирча саволнинг ярмига жавоб беришим мумкин: “Дарсликдаги эмас!”.
* * *
Иш тугаганди. Кейинги мавзу хаёли билан қўлимга эндигина тушган “Ислом тасаввуфи манбалари” (“Ўқитувчи” нашриёти, 2005) китобини варақлардим. Бу ажойиб тўпламни домла Ҳамидулла Болтабоев нашр эттирган экан. Қарасам, унда бир қанча мўътабар ва ишончли манбалар матнлари қаторида “Тазкираи қаландарон” ҳам турибди…
Абдусаттор Жуманазар,
ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий ходими
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 43-сонидан олинди.