ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти жаҳондаги машҳур қўлёзма хазиналаридан биридир. Унда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган мутафаккир олимларнинг қимматли асарлари қўлёзмалари сақланади. Мана шундай қимматли асарлардан бири йирик мутафаккир Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи Муҳсиний” номли китобидир.
Олим “Ахлоқи Муҳсиний” асарини 1495 йили ёзган. У қирқ бобдан иборат. Дастлабки бобларда ибодат, дуо, ихлос каби тушунчалар баёни, подшоҳ ва юксак мартабали давлат арбобларининг вазифалари, ахлоқ-одоби жуда кўплаб тарихий шахслар тўғрисидаги маълумотлар асосида ёритилган. Китобда бошқа ахлоққа оид машҳур асарлардан иқтибослар мавжуд. Шу боис, Кошифий ўзини мусанниф, яъни асарнинг тузувчиси, деб атайди.
“Ахлоқи Муҳсиний”да мусанниф аввал ахлоққа оид бирор сўз ва тушунчани изоҳлаб, кейин унга ўқувчи амал қилиши учун нақлий ва ақлий далиллар келтиради. Нақлий далил деганда, “Қуръон” оятлари, “Ҳадис” ва ривоятлардан келтирилган асослар тушунилади. Ақлий далил деганда эса, бирор ахлоқий қоидага амал қилишнинг мантиқий асослари тушунилади. Бунинг учун китобда тузувчи фикр-мулоҳазалари, Абулқосим Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Жалолиддин Румий ва бошқа мутафаккирлар асарларидан лавҳалар келтирилган.
Асардаги тарихий қиссалар қамрови давр жиҳатидан жуда катта. Уларда қадимги юнон донишмандлари, исломгача бўлган эрон, турк ҳукмдорлари, араб халифалари, Ғазнавий, Сомоний ва бошқа тарихий шахсларнинг ибратли сўзлари, ишлари тўғрисида ҳикоя қилинади. Аммо биз уларни айни тарихий воқеа, деб тан олишимиз қийин. Албатта, машҳур шахслар номларининг келтирилиши ўрта аср шароитида китобхон учун оддий бир ҳолдир. Аммо бугунги ўқувчига Ардашер ҳузурида Хитой хоқони, Ҳиндистон рожасининг бўлиши эриш туюлади. Улар қисса ижодкорларининг хаёли маҳсулидир.
“Ахлоқи Муҳсиний” ХV асрда яратилган ахлоққа оид ҳам илмий, ҳам бадиий хусусиятга эга китобдир. Шу сабабли, тузувчи унга кўплаб шеърий намуналар, ривоятларни киритган. Айрим ҳолларда, ўша давр кишисининг дунёқараши сезиладиган ўринлар ҳам мавжуд.
Ҳусайн Воиз Кошифий ахлоқ борасида Муҳаммад пайғамбар шахсига алоҳида ҳурмат кўрсатади: “Улуғ ҳадис “буъисту ли-утаммима макорим ал-ахлоқи” мазмунидан маълум бўладики, олам сарвари ва бани одам сардафтари Муҳаммад(с.а.в.)нинг пайғамбарлик фойдаси ҳам аҳли оламаро улуғ яхши хулқлар ошкор қилиши ва яхши сифатларни камолга етказишидир. Ҳадиснинг мазмуни, тамом қилурман, яъни камолга етказгайман улуғ яхши хулқларни, дейишдир. Ҳазрат(с.а.в.)нинг мўъжаз баён тиллари “Хулқланинглар, Оллоҳ хулқи билан” калимаси билан сўз очди. “Қиёмат тарозисида тортиладиган нарса яхши хулқдир”.
Мусанниф инсон ахлоқи, яхши хулқнинг ижтимоий ҳаётдаги аҳамиятини шундай изоҳлайди: “Ҳакимлар айтадиларки, чиройли хулқ шундай бир йўлки, бу йўлдан юрмай иззат ва шариф манзилига етиб бўлмайди ва бу йўлга қадам қўймай вужуд рахтини(кийим-кечагини — А.М.) ҳайвонот биёбонидан инсоният дорул мулкига етказиб бўлмайди…
Чиройли хулқ ва ёқимли сифатлар одамлар орасида ҳар кимдан содир бўлса зебо кўринади. Хусусан, қудрат ва қувват жиловини Ҳақ(пок ва олий) уларга ихтиёр кафтига бериб қўйилган жамоат, яъни подшоҳ жамоатидан агар яхши хулқ содир бўлса, бошқаларга нисбатан яхшироқ ва муносиброқ ярашади”.
Мавлоно Ҳусайн Воиз ал-Кошифий “дуогўйлик ва давлатхохлик тариқи бўйича, гарчи улуғ қадрли олий ҳазрат (шаҳзода Абулмуҳсин — А.М.)нинг сифатларини баён қилишга имкон бўлмаса-да, мулозимларининг яхши хулқи ва мақбул хислатларидан бир неча калимани баён варағига ёзишни хоҳладим. Токи ўзга подшоҳлар авлодига ибратнома ва дастур ул-амал бўлсин. Шундай хаёл билан бу рисоланинг номини “Ахлоқ ул-Муҳсиний”, деб ёзишга қарор қилдим”, дейди.
Мусанниф асар ёзишдан мақсадини шундай баён этади: “Одамлар табиатига мувофиқ шаҳрийдир, яъни улар бир-бирлари билан топишиб, бир шаҳар ёки бир маконда йиғилиб ўтирмасларидан бошқа илож йўқ, лекин мизожларини Ҳақ таоло ҳар хил қилиб яратган. Демак, уларнинг орасида бир қоида бўлиши керакки, бу билан уларнинг яшашлари тартибга тушиб, ёмонлик ва хатодан узоқ бўладилар. Бу қоида шариат бўлиб, унинг асл бунёди Ҳақ(пок ва олий)дан бўлади, уни юзага чиқариб, баён қилувчини пайғамбар дейилади. Бу қоида барпо бўлса, демак, уни қудрат ва шавкат билан сақлаб, ривож бериш ва ҳеч кимни унинг чегарасидан чиқишига йўл қўймаслик керак бўлади. Бундай ишлар учун мутасадди кишини подшох дейдилар. Подшоҳлик даражаси пайғамбарлар даражасига яқиндир. Негаки, пайғамбар шариатни барпо қилувчи бўлса, подшоҳ, уни муҳофаза қилиб, ривож бергувчидир…
Шу боисдан ҳам, Ҳақ(пок ва олий) ўзига ва пайғамбарга итоат қилишга буюргандан сўнг, подшоҳга итоат этишга буюради. Оллоҳ сўзи: Итоат қилинглар Худойи таолога, итоат қилинглар пайғамбарларга ва итоат қилинглар ўзларингиздан бўлган подшоҳларингизга, демакдир”.
”Подшоҳ учун қирқта хислатга риоя қилиш зарур… Бу қирқта сифат рисоланинг қирқта бобида баён этилди. У муншийлар такаллуфидан холи, маъно айтувчиларнинг машаққатидан озод бўлиб, ҳар бир бобда яхши одамлар хулқи ҳақидаги ривоят ва шунга муносиб ҳикоятлар келтирилган бўлиб, улар ўз вақтида эшитилган ва ёзиб олингандир”.
Ихлос маъноси китобда шундай баён этилган: “Ихлоснинг маъноси яхши иш ва амални риё ва ғараздан, халқ ичида ўзини обид ва порсо қилиб кўрсатиш орқали халққа мақбул бўлишдан пок ва узоқ бўлиш, ниятни Ҳақ таолога рост ва холис қилишдан иборатдир”.
Мусанниф “дуо” сўзи маъносини шундай тушунтиради: “Дуонинг маъноси Ҳақ таоло даргоҳига ҳожатни арз этмоқ ва мақсадларнинг юзага чиқишини файзининг фазлидан тиламоқдир… Дуо қилиш икки мақсаддан холи эмас: ё фойда ҳосил қилиш учун ёки ўздан зарарни йўқотиш учун. Подшоҳлар бу икки ишдан ҳар бирини ўзига лозим тутмасдан бошқа иложи йўқ. Биринчиси — фойда топиш, яъни мамлакатларнинг соз ва обод бўлиши, салтанатнинг мустаҳкам ва пойдор бўлишидир…
Иккинчиси — макр қилувчи ва зарар етказадиганларни йўқотиш, яъни хусуматчиларнинг ҳужум қилишини, душманлар ғалаба қилишини ёки алам ва ранж каби балоларни ўзидан узоқ этишдир…”.
Мусаннифнинг ҳаё баёнидаги мулоҳазалари ҳам диққатга сазовор: “Ҳаёнинг маъноси ёмон иш қилишдан уялишдир. Одамзодга ҳаё шариф хислат ва мақбул сийратдир. Ҳазрати Рисолатпаноҳ(с.а.в.) айтдиларки, ҳаё иймон дарахтидан битта шохдир ва оламнинг барқарор туришининг шартидир. Агар шарму ҳаё орадан кўтарилса ва ҳеч кишидан уялмаса, оламнинг тартиби издан чиқади, одамлар орасида яхши расму одатлар битиб, ҳаётига путур етади ва бир-бирлари учун диёнат сақламайдилар, кучлилар заифларни йўқ қилади. Аммо ҳаё сифати одамларни хоҳлаган ишларини қилишга йўл қўймайди. Каттаю кичикка ҳаёдан катта фойда бор, яхши одатларнинг меваси ҳаё суви ва офтобидан парвариш топмаса, ҳануз хом тураверади”.
Мусанниф адаб баёнида шундай деб ёзади: “Адабнинг маъноси ёмон сўздан ва бефойда ишдан нафсни тийиш, ўзининг ҳамда бошқа кишиларнинг иззатини сақлаб, обрўйини тўкмасликдир…”.
Кошифий адолат баёнида эса, шундай дейди: “Адолатнинг маъноси халқнинг ҳуқуқий тенглигини таъминлашдир. Адл шундай зийнатдирки, у мамлакатга оройиш беради, бир қуёшки, унинг нури билан зулмат ёруғликка айланади. Ҳақ(пок ва олий) бандаларини адолатга, бир-бирларига адл қилишга ва яхшилик кўрсатишга буюради…
Адолатнинг маъноси халқ аро тенглик кўзлаш бўлади, яъни бир гуруҳни яна бир гуруҳга ғолиб қилинмайди, ҳар тоифа ўз мартабасида тутилади. Подшоҳларнинг тобелари аслида тўрт гуруҳ бўладилар: биринчиси, шамшир аҳли, чунончи, амирлар ва лашкар бўлиб, улар оловга ўхшайдилар; иккинчиси, қалам аҳли, чунончи, китобдор ва вазирлар бўлиб, улар ҳавога ўхшайдилар; учинчиси, муомала аҳли, чунончи, савдогар ва ҳунармандлар бўлиб, улар сувга ўхшайдилар; тўртинчиси, зироат аҳли, чунончи, деҳқонлар бўлиб, улар тупроқсифатли бўладилар. Агар тўртта унсурнинг бири бошқасидан ғолиб келса, халқ мизожи вайрон бўлгани каби, бу тўрт гуруҳнинг ҳам бири бошқасидан ғолиб келса, мулк мизожи бузилади, оламнинг тинчлиги ва одамзотнинг яшаш тарзи издан чиқади”.
Ушбу келтирилган лавҳани бугунги кун нуқтаи назаридан қонун устиворлиги, деб тушуниш мумкин.
Дунё мол-мулкига ўчлик бу асарда инсоннинг салбий хусусияти ҳисобланади: “Доро донишмандларнинг биридан сўради: “Салтанат зийнати нимадан иборат?”. У жавоб берди: “Иззат билан умр сурмоқдан”. Доро яна сўради: “Иззатга қайси йўл билан эришиш мумкин?”. Айтдики: “Дунё молига ружу қўймай! Кимки, дунё зар-зеварига ружуъ қўймаса, барча элнинг назарида азиз ва мукаррам кўринади. Ҳар ким зарни азиз тутса, уни халойиқ хор ва қадрсиз кўради”.
Ҳусайн Воиз Кошифий “Ахлоқи Муҳсиний” асарининг мазмуни билан танишиш шуни кўрсатадики, бу асарда темурийлар даври маънавият, одоб-ахлоқ талаблари умумлаштирилган тарзда баён этилган ва ибратли ҳикоялар воситасида ўқувчини одобли бўлишга ундаган. Ушбу қимматли асар тўрт марта ўзбек тилига таржима қилинган, ХХ бошларида эса, бир таржима матни тошбосма усулида ҳам чоп этилган. Аммо бу таржималарнинг ҳар бирида таржимон даври ва ўша давр хусусиятлари ўз аксини топган. Бу қимматли асарни бугунги кун китобхони учун янгидан таржима қилиб, изоҳлар билан чоп этилса, маънавий баркамол кишиларни тарбиялашга муҳим ҳисса бўлиб қўшилар эди.
Абдумажид Мадраимов,
тарих фанлари доктори
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 2-сонидан олинди.