Баланд тепалик устидамиз.
Тўрт тараф заранг тоғлар. Тепалик этагидан бошланган мевазор боғ ва узумзорлар ўша тоғларга туташиб кетгандай. Кўкламни қаршилаётган дала-боғлар, қир-адирлар узра илиққина шабада эсади.
Чустлик боғбон фермер Дагарбой ака иккимиз атрофни жимгина кузатамиз. Ҳамроҳим — андижонча дўппили, мош-гуруч соқоли ихчам кузалган, истарали, қизғиштоб юзли, ўрта бўй, пишиқ гавдали тетиккина қария. Уни зимдан кузатарканман, суҳбатга калит сўз қидираман.
— Дагарбой ака, — дедим ниҳоят томоқ қириб олиб.
— Лаббай, биродар, — деди у ялт этиб қараб.
— Анови этакдаги теракзор кимники?
— Кимники бўларди, бригаданики-да.
— Бригада?
— Ҳа, шу … кечирасиз, ўрганиш бўп қолган биргад деб, фермер хўжалигимизники. Тераклар — ўртамиздаги мулк. Одамларим билан бирга экканмиз.
— Жуда сипта-я, буям экологияга боғлиқми дейман?
— Топдингиз, биродар. Бизда терак яхши ўсади. Тоғ ҳавоси. Еримиз, сувимиз тоза. Шундан бўлса керак, қурт-пурт тушмайди. Э, бу терак жонивор кони фойда, қаранг-да, терак дўппидай жойда ўсади. Нархини биласиз, фалон пул. Бир дўппи тилла деяверинг. Меҳнатиям йўқ ҳисоби. Остидан сув ўтиб турса, ҳар замонда бир бутаб қўйсангиз бас, ўсиб ётаверади…
Шу билан бўлди, қаҳрамонимиз суҳбат жиловини ўз қўлига олди.
— Энди биродар, ишни ҳаммаям қилаверади. Лекин, бундан бу ёғига сал ўйлаб, майнани ишлатиб (мияни демоқчи), иш қиладиган даврлар келди. Тадбиркорлик дейишадими буни?.. Ишнинг кўзини билиш керак, қисқаси. Илгари бунга ҳожат йўқ эди, тепадан “приказ” бериб, ўргатиб туришарди. Экишни бошланг, дейишарди, бошлардик. Ҳосилини йиғиб олинг, дейишарди, йиғиб олардик. Приказсиз бир иш қилиб кўринг эди, отти қашқаси бўп қолардингиз менга ўхшаб… Энди бунинг тарихи узун, — деди чўнтагимдан митти диктофон чиқарганимни кўрган Дагарбой ака, — бемалол ўтириб гаплашсак. Нима дедингиз?
— Маъқул…
Юмшоқ майса устига юзма-юз чордона қурдик.
— Отам раҳматли камсухан одам эди, — дея ҳикоясини келган еридан давом эттирди Дагарбой ака. — Аммо, лекин жуда бамаъни, донишманд эди. Айтган гапи тасдиғини топмай қолмасди. Армияда шопирлик қилганман. Қишлоққа келиб ҳам касбимни қилиб юрдим. Отамга ёқмади. Болам, шу ишингни қўй, қанотимга кириб деҳқончилик қил, деди. Ёшлик қилиб, бўйин бермай юрдим. Қарасам, хафа қип қўяман. Шопирликни ташлаб, дадамнинг қаватига кирдим.
Отам бадавлат деҳқон бўлган. Коллективлаштириш деган кампания касофати билан бор-будидан айрилган, шундан киши билмас ўксиб юраркан. Мени деҳқончиликка ундагани эса, отамерос мулкларида ишлашимни хоҳлаганидан экан, кейин билсам. Деҳқончиликка қайтдим. Бригадир ҳиммат қилиб, беш сўтих ер ажратиб берди. Бу — ўзингники, ул-бул нарса экиб оласан, деди. Боғ қилдим. Ўртасидан ҳовуз қазиб, атрофини гир айлантириб тол, терак экдим… Ўша пайтларда деҳқончилик ҳов пастликда, ота-боболаримиз тўқайзордан очиб олган ерларда қилинарди. Бу атроф эса баҳорда бир кўкариб, кейин йил бўйи сарғайиб ётарди. Сув йўқ эди-да. Бир куни шу баланд-пастликларда айланиб юриб, калламга бир фикр келиб қолди. Хўп, сувни Ғовасойдан чиқариб бўлмайди. Лекин, бу ёқдан, юқоридан тушириб келинса-чи?.. Излаб-излаб анови тоғларнинг орқасига ўтдим. Сув шарқираб оқиб ётибди. Мўлжалладим. Қадамлаб чиқдим. Уч юз қадам чиқди. Қояни кесиб туширсак бас. Қишлоққа қайтиб, бригадирга учрадим. Йўқ, кечирасиз, аввал отамга айтдим. Отам бундай кўзимга қараб турди-да: “Ниятинг яхши, фақат жуда оғир-да, болам, — деди бош ирғаб. — Оғир-у, қилса бўлади. Бригадирга учраб кўр-чи…” Бригадир эшитгисиям келмади. “Э, жиян, чўпчагингни қўй. Вақтингам, кучингам бекор кетади. Зўри беҳуда миён мешиканад, деган тожикнинг гапи бор”, — деди…
Бўлмайди, бўлмайди билан икки йилни ўтказдим. Менам ўжарман, ўзимга ўхшаган ўнта “қирчанғи” болани гапга олдим. Чўпчагимга ишонтирдим. Ўн битта бўз бола белни маҳкам боғлаб турганимизни кўриб, бригадир охири рози бўлди. Отам “оқ йўл” тилаб, дуо қилди.
Чустга тушиб, яхши темирчи усталарни ишга солдик. Оғир-оғир чўкичлар, темир поналар, болға, кетмон, белкураклар ясатдик. Кейин “Бисмилло…” дея тоғдан ошдик.
Биринчи ҳафта иш яхши кетди. Машаққат саккизинчи кундан бошланди. Ўйлаб кўринг, тўрт, беш, олти метр қалинликдаги қояни икки метр кенгликда кесиб туширишимиз керак. Ариқ чуқурлашиб боргани сари чўкичлаб майдаланган шағални белкурак билан чиқариб ташлаш қийин бўлади. Челакка солиб, арқон билан тепага тортиб олишимиз керак. Бир кунда ғайрат қилсак уч-тўрт қадам силжиймиз. Бунисиям майли, ажабтовур ишлар бўла бошлади. Эрталаб ариқ бошига келиб қарасак, кеча кун бўйи челаклаб қирғоққа чиқарилган шағаллар пастга суриб туширилган, ариқ тўлиб турган бўлади. Э, ким қилган бўлсаям, фалон-писмадон… деб, йиғлашдан бери бўлиб, ариқни қайтадан тозалашга тушамиз. Биз ўлиб-тирилиб тош майдалаб ётамиз-да, бошимизга бекорчилар йиғилади. Биттаси ачинса, тўрттаси мазах қилиб кулади. Бирига индасак, бирига чидаймиз. Тишни тишга босамиз. Ачинганиям, кулганиям ёнимизга тушай демайди. Иш қурғур ҳам ҳа деганда илгари босмайди. Киши билмас ичимдан зил кетаман. Шерикларимга сир бермайман-у, кечқурун дадамга ёриламан. “Бўлмаяпти, қийналиб кетдик”, — деб йиғламсирайман. Отам раҳматли вазмин одам, ортиқча гап қилмайди. “Бўлади, ўғлим, ғам ема”, — дея кулимсирайди.
Ўттиз бир кун ишладик. Икки юз етмиш метрлик ариқ қазилди. Сувни очдик, жилдираб ўтди. Ана энди дунё топган тентакдай ирғишлаганимизни кўрсангиз эди!.. Айтмоқчи, битта гап қоп кетибди-ку! Иш бошлаганимизнинг йигирманчи куни қишлоқ шўроси катталари дағдаға билан кеп қолишди. Ҳозирги ёшлар шунақа иш бошлаб қолишса, бошларига кўтаришади раҳбарлар, лекин бизни ер билан битта қилишди ўшанда. Ўзбошимчалар, бузуқилар, авантюристлар… яна алламбалолар деб булғалаб ташлашди. Кейин нима бўлди, денг. Тўққизта шеригимиз ишни тўхтатиб, қишлоққа қайтди. Ёнимда бир оёғи ногиронроқ оғайним қолди. Икки кун шундай ўтди. Учинчи кун ҳалиги тўққиз йигит кўзларида ёш билан қайтиб келишди. Биз ҳам индамадик, улар ҳам бир сўз демасдан ариққа тушишди. Шундан кейин ишимиз жадал кетди. Ҳалиги зуғум қилиб келганлар ўзлари билиб-билмасдан бизни қўллаб юборишганди. Буям Худойимнинг ҳикмати-да!.. Қолган кунлари чарчоқ нима билмадик. Қоялар ҳам энди сариёғдек кесилаверди. Катта-катта харсанглар новвот бўлакларидек ушалиб тушаверди. Ишнинг ҳадисини олдик шекилли-да. Завқимиз ошгандан ошиб, бақир-чақир қилиб, ашулани ванг қўйиб ишладик. Ёшлик — мастлик экан-да, биродар. Одам қўмсайди ўша йилларни. Ўттиз бир кун деганда сувни очдик.
Ўша куни умримда биринчи марта отамнинг кўзида ёш кўрдим. Ўттиз бир кун… Нима демоқчи эдим-а… Ҳа, етмишдан ҳам ўтиб қўйдим. Мана шу етмиш йил умрим бир бўлди-ю, ўша ариқ қазиган кунларим бир бўлди. Тарозининг икки палласига қўйсам, бу томон босиб кетади. Яратганнинг имтиҳони шундай бўлган экан-да, қисқаси.
1979 йилнинг кўклами эди.
Кўчат экдик. Ток қаламчалари ўтқаздик. Айтмоқчи, сув ўтганини кўриб, бригадир ҳам, хўжалик катталари ҳам ёрдамга келишди. Барака топкурлар бетондан нов-ариқ ётқизишди. Техника беришди. Байрам бўлиб кетди ишонсангиз.
Энди битта ақлли гап айтсам… Мен катталардан, раҳбарлардан ўпка қилмоқчи эмасман. Ҳаммасига сабабчи ўртадаги бадният кимсалар эди. Ҳамма замонларда топилади унақалар. Ҳозир йўқ дейсизми?.. Ишонсангиз, ҳозиргача устимдан чақув уюштириб турадиганлар бор. Парво қилмай қўйганман. Қолаверса, улар фитна қилгани сари Худойим мени қувватлайди…
Ёнимизга одамлар қўшилди. Кўплашиб, мана шу кўриб турганингиз олмазор, ўрикзорларни яратдик. Нарёғини узумзор қилдик. Мени бригадир қилиб кўтаришди… Бригада еридан ташқари 20 сотихдан эллик сотихгача ер бердик одамларга. Сув келиб, ерлар бирдан кенгайиб кетганди-да. Ҳатто бизга ғайирлик қилган кимсалар ҳам қуруқ қолишмади. Менга қолса, уларга бердирмас эдим. Отам койиб бердилар. “Болам, ўша бечораларга ҳам ер беринглар”, — дедилар. “Ота, улар бечора эмас”, — дедим. “Йўқ, улар бечора, аввал ўшалар олсин, ўшалар тўйсин”, — дедилар.
Хуллас, кўз қўрқоқ, қўл ботир, дегандек ўша дастлабки бир-икки йил ичида оламжаҳон иш қилиб қўйдик. Ҳаммамиз ёшмиз, ғайратимиз ичимизга сиғмайди. Йилдан йил ўтиб, сув кўпайди. Боғдорчилик бригадамиз ҳам кенгайиб борди. Йигирма беш йил бригадирлик қилдим. Кейин мана энди бу ёғига фермермиз. Мендан бошқаям яна беш-олтита фермер ташкил қилдик. Барибир ҳаммасига бошман. Ҳалиям “бригад бобо” деб, ҳурматимни жойига қўйишади.
Дунёда гап кўп-да. Ота-онамнинг дуоларини олиб, кам бўлмадим. Шикаст емадим. Беш ўғлим бор, биттаси дўхтир бўлди, қолгани ёнимда. Болаликдан меҳнатга кўниктирганман. Мана энди ҳаммаси ишини билиб қилади. Бола-чақасига бош-қош, уй-жойи бадастир.
Ўзимга келсак, худога шукр, куч-қувватдан қолган эмасман. Уйда ўтиролмайман. Қолаверса, ҳозир айни ишлайдиган пайт келди. Биров ҳалақит бермайди. Ақлинг, фаросатинг кўтарганча ишла, янгилик қил. Одамзотга ақл нимага берилган. Ўйла, фикрла, деб берилган. Ҳадеб заранг тупроққа кетмон урган билан косанг оқармайди. Ҳамма нарсанинг илми бор, ҳадиси бор. Масалан, қандай қилиб токларнинг ҳосилини ошириш керак? Етти йилча муқаддам Андижондан донасини қирқ сўмдан тўрт мингтача ток қаламчаларини келтириб ўтқаздим. Ўтган йил ҳосил шунақа бўлиб бердики, эски токзорим бир бўлдию, тўрт гектарлик янги токзор бир бўлди. Энди ана шу навни кўпайтириб ётибмиз. Бошқа фермерларгаям беряпман. Ҳали пастга тушганда кўрасиз: иккита омборхона қурганмиз. Ҳар бирига ўн тоннадан узум осамиз. Остидан сув айланиб оқиб туради. Олтиариқлик ошнамиздан ўрганиб келганман бунинг илмини. Қиш чилласида кирсангизам узум бошлари бир хилда ялтираб, карсиллаб турганини кўрасиз…
Дагарбой ака тин олиб, ўйга берилади. Гап қотмайман. Фикрини бўлгим келмайди.
— Ўн йилдан ошиб кетди, нафақа оламан. Лекин, бир кунам ишдан қолгим келмайди, — дея давом этади суҳбатдошим. — Бирор сабаб бўлиб далага чиқмаган куним еганим ичимга тушмайди. Худди узумзорга мол-пол оралаб, токларни пайхон қилиб ташлайдигандай, ёки ариқдан сув уриб кетиб, экинзорларни ювиб кетадигандай бўлаверади. Бу одамларимга ишонмаганимдан эмас, тўғри тушунинг, менга бу одат бўлиб қолган. Хўжалигимда ўттиздан ортиқ оила бор. Ана шу оилаларга ўзимни масъул деб биламан. Ризқни худо беради, тўғри. Лекин мен шунга сабабчиман-да. Агар ҳосил бўлмай қолса, шунча оила — уч юздан ортиқ жоннинг ейиш-ичиши нима бўлади. Кўп болалилар бор. Самарқандда, Тошкентда, Наманганнинг ўзида ўқиб юрган талабалар бор. Уларнинг ўқиши, контракти нима бўлади, дейман…
Дагарбой аканинг сўзларига қулоқ тутиб, беихтиёр хаёлга бериламан. Юз йил яшасанг, юз йил сабр қилишинг керак, деганлар Навоий ҳазратлари. Яшаш — кураш дегани, чидам дегани… Мана шу одам меҳнат, меҳнат деб етмишдан ўтиб қўйди. Айтишларича, умрида санаторий нима, бошқаси нима — билмаган.
Каромат юз берди. Хаёлимдан кечганларни уққан каби Дагарбой ака мавзуни ўзгартирди.
— Ҳар қанча ғайратли бўлма, қарилик таъсир ўтказар экан. Ҳозир аввалгидай елиб-югуришлар йўқ. Талашиб-тортишиш, жиққа-мушт бўлишлар йўқ. Кейин ақл ҳам қуюларкан одам-да. Бақир-чақир ўрнига муросаю-мадорага ўтиб қоларкансан. Аслида шуям ёмон эмас экан, яхши гап билан илон инидан чиқади, деган-ку қадимгилар.
Э, биз тенгилар чекига анча оғир ишлар тушди. Тақир ерларни боғ қилдик. Ёшликди куч-қуввати шунга кетди. Нуқул меҳнатнинг орқасидан қувиб, етмишдан ўтиб қўйганимни сезмабман ҳам. Лекин кўнгил қурғур қаримас экан. Шу десангиз, спортга қизиқаман. Болаларга футбол стадиони қуриб берганман. Ўйнатиб қўйиб томоша қиламан. Бригадамиз болалари (яна бригада деяпман-а) команда тузиб, бошқа жойларга бориб ўйнаб келишади. Совринга қўй, эчки ютишади, майли-да. Энди битта гапни айтай, агар тўғри келса берарсизлар. Гапим шуки, боксчиларимиз зўр, курашга гап йўқ. Шахматам ёмонмас. Шу ўзбекди футболи қовушмаяпти-да, ўзгариш бору, кўнгилдагидай эмас-да. Голландия, Хорватияга қойил қоламан. Қувайтгаям. Хорватлар бир миллионгаям етмайди. Футболчиларини кўринг, тап тортишмайди-я! Ўша ёқларда ёш болаларни қумлоқда оёқяланг ўйнатишаркан. Болдирига тош боғлаб қўйишаркан. Қумда тийғониб, оёғидаги тошни кўтариб тўп тепган болани кенг майдонга қўйворинг, кўрасиз қанақа ўйнашини!.. Ўйлашимча, футболчиларимизда битта қусур бор, ғурур етишмайди чамаси. Агар ғурур кучли бўлса, машқ ҳам, маҳорат ҳам бўладиган нарса… Йигитларимиз мени кечирсин, маломат эмас, ачинганимдан айтаманда, ахир стадиондан бош эгиб чиқиб кетиш уларгаям осон бўлмаса керак…
Дагарбой ака ёшлар тарбиясидаги қусурлар, айниқса, китобга қизиқишнинг камайиб кетганидан ташвишланиб гапиради.
— Юртбошимиз азал-аввалдан ёшлар тарбияси учун қайғуриб келяптилар. Мана бу йилги йилимизни “Баркамол авлод йили” деб атадилар. Шундай экан, нега биз ота-оналар бефарқмиз. Болаларимиз китоб ўқимай қўйган. Китоб ўқимаса, худо берган ақл қотиб қолади. Мияни ишлатиш керак. Далада кетмон чопиб келиб, уйда телевизор олдида ёнбошлаб ётавериш яхши эмас. Илм йўргакдан, деган гап бор-ку. Бизда, худога шукур, йўқку-я, телевизорда кўраман, эшитиб юраман, наркомания деган нарса урчиб боряпти. Мен ўзим йигирма беш ёшимдан буёғига сигарета деган нарсани оғзимга олмайман. Отам бир оғизгина айтдилар, “Болам, шу ишингни қўй, фойдаси йўқ”, — дедилар. “Хўп, отажон, чекмаганим бўлсин”, — деганман. Унинг ўрнига яхши топиб, яхши едим. Вақт борида спорт билан шуғулландим, ҳозир ҳам уч юз, беш юз метрлик пойгаларга ярайману, соқолимдан ийманаман. Лекин, ҳар эрта туриб, ҳов ўша тоққача яёв бориб келаман. Кўриниб турган ҳов ўша сада — марра. Уч минг етти юз метр. Ўша сада тагида нафас ростлайман, бир пас ёнбошлаб, атрофни томоша қиламан. Кейин яна тушиб келаман. Ҳам бадантарбия, ҳам боғдан хабар оламан. Кета кетгунча дарахт оралатиб атиргул эктирганман, кўкламни охирлатиб шундай гулга кирадики, баҳри дилингиз очилади.
Суҳбат яна анча давом этди. Кейин биргалашиб боғ ораладик. Дагарбой ака сайримиз сўнгида мени сувбошига олиб борди. Ҳаммаси худди тасаввур қилганимдек. Мана ўша машҳур ариқ. Улкан қояларни қоқ иккига бўлиб, шаффоф тоғ суви кўпикланиб оқиб ётибди. Тик қирғоқлардаги бужур харсангтошларда чўкич излари…
Беихтиёр Дагарбой акага қарайман. Йўл бўйи тинмасдан гурунг бериб келган суҳбатдошим ўйчан тортиб қолган. Қадоқ қўлларини манглайига тираганча, қоятош устида ўтирибди. Назаримда кўзлари ёшлангандай…
Мана, ўша воқеалардан бу ёғига ҳам сал кам қирқ йил ўтди. Элга эл, ерга ер қўшилди. Демак, бу шарқираган оби ҳаёт қадри қиммати ҳам ортди. Дагарбой Соатов айтмоқчи, умрга татигулик ўша ўттиз бир кунда амалга оширилган ишнинг кўлами, салобати янада ойдинроқ кўринмоқда. Беихтиёр ўйга толаман: Дагарбой акани ушбу машаққатли ишга ундаган куч нима эди?.. Менимча, аввало ундаги бетизгин руҳий қувват, ғурур ва орият, қолаверса, ёшлигидан шуурига сингиб кетган ота-она ўгитларию ибратлари албатта. Шулардан келиб чиқиб, мен бу отахонни келажак одами экан, дегим келди. Буни у кишининг ҳамон тиниб-тинчимаслиги, режалари, фикрлари, эртани ўйлаб, бугунги амалу тадбирлар кетидан юрганлиги исботлаб турибди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 11-сонидан олинди.