XX асрда Ғарб илмий тадқиқот усулларининг ўзлаштирилиши туркий халқлар мумтоз адабиётини ўрганиш ва оммалаштириш ишларини янги босқичга кўтарди. Унинг илк натижаларидан бири 1926 йили Бокуда ўтказилган биринчи туркологлар қурултойи бўлди. Боку қурултойи адабиёт тарихини ўрганишда, мумтоз шоирларимиз ижодининг ислом дини ва тасаввуф фалсафаси билан боғлиқ жиҳатларини таҳлил этишда илмий ёндашувларнинг бошланиши эди. 1999 йили Анқарада нашр этилган тўпламда турк олими Жамол Ҳасанлининг ёзишича, Озарбайжон, Ўрта Осиё Республикалари, Татаристон, Қрим, Волга бўйи, Сибир, Олтой, Шимолий Кавказ, Туркия, Москва, Петербург, Олмония ва Австралиядан таклиф этилган 131 нафар иштирокчи Боку қурултойида қатнашади ва 38га яқин маъруза тингланади. Навоий ҳақидаги илмий маърузалар билан бир қаторда, шоҳ ва шоир Ҳусайн Бойқаро ҳаёти ва ижодига бағишланган чиқишлар ҳам бўлади. Озарбайжонлик олимa Алмаз Ўлви 2009 йили Бокуда нашр этилган “Алишер Навоий озарбайжон адабиётшунослигида” номли тўпламдаги мақоласида қуйидагиларни қайд этади: “…бу даврда Султон Ҳусайн Бойқаронинг ҳам “Девон”и Бокуда нашр этилади. Китобда Исмоил Ҳикмат ва Бекер Чобанзоданинг Ҳусайн Бойқаро ҳаёти ва ижоди, “Девон”и ҳақидаги мақолалари эълон этилган”. Маълумки, 1926 йили Бокуда тайёрланган Ҳусайн Бойқаро “Девон”и Фитратнинг шахсий кутубхонасида мавжуд қўлёзма асосида нашр этилган. Ҳ.Орасли 1968 йили “Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг 3-сонида Ҳусайн Бойқаро “Рисола”сини эълон қилдирган эди. Шу ўринда олим қуйидаги маълумотларни беради: “Ҳусайн Бойқаронинг шеърлари 1926 йили Бокуда, бир қисми 1928 йили Ўзбекистонда шоир Фитрат тузган “Ўзбек адабиёти намуналари” хрестоматиясида, 1948 йилда адабиётшунос Ҳоди Зарифов томонидан тайёрланган “Навоий замондошлари” китобида, ниҳоят, Истанбулда сақланган қўлёзма девонларидан бирининг фотонусхаси 1946 йили Туркияда нашр этилгандир”.
Мамлакатимизда Ҳусайн Бойқаро девони ва рисоласини биринчи марта нашрга тайёрлаган Суйима Ғаниева ҳам қурултой материаллари билан танишиб чиқади. У йиғилган манбалар асосида Ҳусайн Бойқаронинг девон ва рисоласини 1968 йили нашр эттиради. С.Ғаниева китобга ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Ҳусайн Бойқаро шеърлари мавжуд бўлган қўлёзмалардан тўрттаси, Боку нашри, “Ўзбек адабиёти намуналари”, “Навоий замондошлари”даги шеърларни асос қилиб олади. Бу нашр амалга оширилган вақтда илмга муносабат бутунлай бошқача эди. Адабиётга синфийлик назарияси билан қараш маънавий меросимизнинг илмий-ижодий тадқиқ этилишига имкон бермасди. Бундай бир томонлама қарашлар оқибатида адабиётимиз тарихини ўрганиш кўпгина хатоликларга сабаб бўлди. Шунинг учун ҳам Ҳусайний “Девон”ини чоп эттириш С.Ғаниеванинг илмга, ўзбек адабиёти равнақига қўшган улкан ҳиссасидир.
С.Ғаниева “Ҳусайн Бойқаро. Девон. Рисола” китоби сўзбошисида, жумладан, шундай фикрларни билдирган: “Тўғри, Ҳусайн Бойқаро шоҳ сифатида ўз давридаги ҳоким синфга мансуб ҳукмдор эди. У билан Навоий орасидаги вақти-вақти билан юз бериб турган ихтилофлар ҳаммадан олдин шу билан изоҳ этилади. Лекин кўп масалаларда Ҳусайн шу синфга хос бўлган маҳдудликдан холи эди. Унинг давлат бошлиғи сифатидаги, маданият, жумладан, Навоийга бўлган муносабати ва ўз ижодидаги қатор-қатор ижобий фазилатлар худди шу билан изоҳ этилади”. С.Ғаниева девоннинг ўзбек китобхонларига етказилишида катта жасорат кўрсатган, ҳар қандай муносабатни олдиндан инобатга олиб иш тутган. Шу мақсадда олима асар сўзбошисида қайта-қайта ишоралар берганлигини кўрамиз: “Бизларга Ҳусайн Бойқаро қадимий ўзбек маданияти равнақи, ўзбек тилининг ривожи йўлидаги ижобий фаолияти ва гўзал асарлари учун қадрлидир”.
Адабиётшунос А.Абдуғафуров 1997 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”даги мақоласида Лондондаги “Индиа Оффис” кутубхонасидаги Ҳусайн Бойқаронинг “Девон”и нусхасидаги ғазаллар сони ва тартибини 1968 йилги нашр билан солиштиради ва “1968 йили “Ҳусайн Бойқаро. Девон. Рисола” номи билан нашр этилган ва бизда мукаммал деб ҳисобланувчи китобда 129 ғазал мавжуд, холос”, деб ёзади. Ҳақиқатан, нашрда таҳрирталаб ўринлар, ғазаллар билан боғлиқ ноаниқликлар, имловий хатолар учрайди. Бундай жузъий камчиликларнинг бўлишига қарамай, олиманинг мумтоз сиймолар, жумладан, Ҳусайн Бойқаро ижодиётини ўрганишда манбашунослик ва матншунослик соҳасидаги кейинги илмий тадқиқотларнинг амалга оширилишида хизмати бор, албатта. Ҳусайн Бойқаро “Рисола”си ва “Девон”ини нашрга тайёрлаган А.Эркинов шундай ёзади: “Ушбу китобни нашрга тайёрлашда 1968 йили Кобулда Муҳаммад Яъқуб Жузжоний таҳрири остида чиққан нусхани асос қилиб оларканмиз, ўша йили С.Ғаниева Тошкентда чоп эттирган шоир мероси нашри ва бошқалардан ҳам кенг фойдаландик”. С.Ғаниева “Девон” ва “Рисола”ни нашрга тайёрлаган даврда Ҳусайн Бойқаронинг барча мероси тўпланмаган эди. “Рисола” ва “Девон”нинг кейинги нашрларида ғазаллар сони 202 тага етганини кўрамиз. С.Ғаниеванинг тадқиқи Ҳусайн Бойқаро ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ҳамда хорижий мамлакатларда кенг ва чуқур тадқиқ этилиши ва тарғиботида муҳим аҳамият касб этади. Афғонистонлик олим Муҳаммад Яъқуб Жузжоний Туркия ва бир қанча чет мамлакатлар музей, кутубхона ва қўлёзма фондларидаги Ҳусайн Бойқаро асарларини ўрганган. 1968 йили Кобулда чоп эттирган “Девони Султон Ҳусайн мирзо” китобида С.Ғаниева тайёрлаган “Мажолис ун-нафоис”нинг илмий-танқидий матнидаги 8-мажлиси тўлалигича берилган.
Ўзбек манбашунослиги ва матншунослигида С.Ғаниева амалга оширган ишлар салмоқли. Жумладан, “Мажолис ун-нафоис” асари илмий-танқидий матнининг тузилиши бевосита унинг хизматидир. Олима тадқиқ этган Гадоий, Ҳувайдо, Мужрим Обид, Бақоий, Пошшохўжа, Гулханий сингари шоирлар ижоди адабиётшуносликда бирламчи манба сифатида ўрин тутади. Хусусан, С.Ғаниеванинг ютуқларидан яна бири, Гадоий девонидан айрим намуналарни эълон қилиш ва шоир ижодини дастлабки ўрганиш ишини XX асрнинг 60-йилларида Ўзбекистонда бошлаб берганидир. Ўзбек адабиётшунослиги тарихида маълум вақт Гадоий асарлари номаълум бўлиб, тўлиқ тадқиқ этилмаган эди. Туркияда чиқадиган “Турк тили ва адабиёти” (1961 йил, 10-сон) журнали шоирнинг XVI аср бошларида кўчирилган ва Париж “Миллий кутубхона”сида сақланаётган “Девон”ини эълон қилади. Бу ҳодиса Гадоий ижодини тадқиқ этиш ишларига туртки бўлди, дейиш мумкин. Шоир ҳаёти ва ижодини ўрганиш илмий жамоатчиликнинг фикрини ўзига тортди. 1959 йили нашр этила бошланган “Ўзбек адабиёти” китобига олима шоир Гадоий ғазалларидан намуналар ва унинг бир мустазодини киритади. Адабиётшунос Гадоий шеърларидан намуналарни алоҳида китоб тарзида босмага тайёрлаган. Шоир ҳаёти ва ижодий мероси кенг ва яхлит ўрганилган тадқиқотларда С.Ғаниеванинг илмий қарашлари алоҳида қайд этилади. Жумладан, Гадоий ҳаёти ва ижодини махсус тадқиқ этган Э.Аҳмадхўжаев “Гадоий” китобида шундай ёзади: “Бу ишга дастлаб қўл урган тадқиқотчилардан Я.Экман, С.Ғаниева, Э.Рустамовларнинг Гадоийни фан оламига, илмга олиб киришдаги хизматлари эътиборга лойиқдир…”. Муҳими шундаки, С.Ғаниева Гадоий девонини нашрга тайёрлаш давомида чуқур илмий изланишлар олиб борди. Манбаларни тўғри таҳлил этган ҳолда, Гадоий туғилган йил, девонидаги қасидаси кимга бағишлангани ҳақидаги мунозарали фикрларга ўз муносабатини аниқ билдирди. С.Ғаниева ўз хулосасини “Мажолис ун-нафоис” ҳамда Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” тарихий асаридаги маълумотлар билан мустаҳкамлайди.
С.Ғаниева амалга оширган бундай ишлар маънавий меросни ўрганиш, қўлёзма манбаларни нашрга тайёрлаш жараёнига, таржима ва табдил матн ишларига ёндашишнинг ўзига хос тажрибаси бўлди. Мустақиллик даврига келиб, ўзбек адабиёти тарихини ўрганиш, қўлёзма манбаларни ўқиш, таржима қилиш ва тадқиқ этишнинг имкониятлари кенгайди. Мавжуд анъаналар бизга замин яратган экан, манбашунослик ва матншунослик фанига хизмат қилаётган олимларнинг, жумладан, Суйима Ғаниеванинг ҳам илмий-ижодий фаолиятини ўрганиш, унинг фан олдидаги хизматларини кўрсатиш муҳим масалалардан биридир.
Соҳиба Умарова,
Жаҳон тиллари университети тадқиқотчиси
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 10-сонидан олинди.