Экспедициямиз Ҳайдаркўл бўйи табиатини ўрганиш ва уни тасвирга олиш ниятида, одатдагидек, яна йўлнинг танобини торта бошлайди. Баъзи ҳудудларда туман шу қадар қуюқ эдики, худди тун чўккандек, қаршимиздан чиққан машиналар пайпасланиб ҳаракатланарди. Тулки инидан чиқмас бу совуқ ҳавода чўл бўйлаб тентиганимиз етмагандек, ора-сира тўхтаб, дашт ўсимликларини кўздан кечиришни ҳам унутмасдик. Нега деганда, бу ердаги ўсимликлар бошқа жойда учрамас, бошқа ерлардагиси эса бу ерда унмасди. Биз йўл-йўлакай дашт ўсимликлари оламини ўрганиб, кейин бу ҳақда бир тўхтамга келиш ниятида эдик. Қуюқ тумандан Ҳайдаркўл яқинида қутиламиз. Худди қайта тонг отгандек, теварак бирдан нурафшон тортади, лекин кўл яқин бўлгани учунми ҳавонинг совуқлиги янада кучайганди. Экспедиция ўша куни Ҳайдаркўл бўйида, саксовуллар орасидаги назоратчилар қўналғасини макон тутади. Тонг саҳарда бебош тўлқинлар шовуридан уйғонамиз. Кўл эрталабданоқ бежо тўлқинланиб, мавжланиб турарди.
Қарангки, бу манзилда ҳам биринчи дуч келганимиз кўлбўйи қамишлари бўлди. Биз эса мисли денгиздек адоғи кўринмайдиган бу кўл қирғоғига кафтдек текис, майин қумли соҳилни кўриш истагида қадам қўйгандик. Бироқ инсон истаги билан эмас, балки ҳамиша ўз йўриғи бўйича иш тутадиган она табиат, худди паррандаю даррандаларнинг ризқ-рўзини ўйлагандек, бу кўл қирғоқларини ҳам қамишлар билан бежаб ташлабди.
Умуман олганда, саҳро улуғвор, унинг табиати эса унинг ўзидан-да маҳобатлироқдир. Бу хил турфалик Ҳайдаркўл худуди табиатида ҳам ўз аксини топган. Бу ернинг иқлими хийла юмшоқ ва ўсимлик дунёси ҳамда ҳайвонат олами ҳам шунга яраша. Кексалар айтгандек, Қизилқумнинг бу қисмига баҳор барвақтроқ келиб, қиши эса эртароқ кетади. Саҳро юзини саксовул ва бошқа турдаги ўт-ўланлар қоплагани боис ўзингизни қумли саҳрода эмас, балки соз тупроқли даштда юргандек ҳис қиласиз. Бизга ҳамроҳлик қилаётган Ҳайдаркўл сув ҳавзаси идораси раҳбари Элибой Пиримов теварагимиздаги саксовуллару оёғимиз остидаги ўт-ўланларни Қизилқумнинг саноқсиз бойликларидан бири дейди.
Саҳрони саксовул ва туяларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Лекин бу жониворлар саҳронинг барча қисмида ҳам учрайвермайди. Улар орасида бир ва икки ўркачли туяларни учратарканмиз, улар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишни лозим топамиз. Маълумки, бир ўркачли туялар иссиққа чидамлилиги билан, икки ўркачли туялар эса совуққа бардошлилиги билан бир-биридан фарқланади. Шунинг учун ҳам юртимизнинг жанубий минтақаларида, шунингдек, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Туркия ва Африка мамлакатларида бир ўркачли туяларни, республикамизнинг шимолий қисмида ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Россиянинг Астрахан вилояти, қалмоқ чўлларида Тува, Олтой ўлкасида, Монголия, Хитойнинг ғарбий минтақасида икки ўркачли туяларни учратиш мумкин.
Бу жониворлар милоддан икки минг йил муқаддам қўлга ўргатилган бўлиб, 35-40 йилгача яшайди. Улар ўз вазнининг ярмига тенг, яъни 250-300 килограммгача юк кўтара олади. Дарвоқе, туялар Европада, жумладан, Испанияда ҳам бор. Уларни VIII асрда маврлар Африкадан олиб ўтишган. XIX асрда туялар Австралияга ҳам келтирилган. Қуруқ дашт иқлими, шўрхок чўллари туфайли туялар у ерда ҳам яшаб кетган.
Туялар қадимдан юкчи ҳайвон ҳисобланган. Қадим ва ўрта асрларда Буюк Ипак йўлида ҳам туялар асосий юк ташиш воситаси бўлган. Улар соатига 10-12 километр тезликда, кунига 35-40 километр масофани босиб ўта олади. Республикамизда туячилик яхши йўлга қўйилган. Туя билан мулоқотда эҳтиётроқ бўлмоқ лозим, айниқса, бегона одам. Кексалар, туялар еган калтаги ва урган одамини эсдан чиқармайдиган даражада кекчи бўлишади, дейишади. Қизилқумнинг бу ҳудуди туялар суйиб озиқланадиган саксовул ҳамда бошқа ўт-ўланларга жуда бой. Она табиат азалдан бор нарсанинг ҳисоб-китобини қилиб қўйгандек. Аслида ҳам шу.
Сирасини айтганда, саҳро тилсимли бир дунё! Унинг қаҳри қаттиқ, меҳри эса дарё. Шунинг учунми унинг бағридан зарур ва керакли нарсани ҳамиша топиш мумкин. Дейлик, саҳро совуғидан безган одам биринчи галда нимадан нажот қидиради? Албатта, оловдан. Буни қарангки, она табиат шунинг ҳам тадоригини кўриб, оёғимиз остига қуруқ ўтинларни сочиб ташлаган. Бу ҳолга Элибой ака қуйидагича изоҳ беради: «Саҳро ўзида борини одамлардан аямайди, лекин, минг афсуски, аксарият кишилар бунга қаноат қилмай, ундан кўпроқ улуш олиш пайида бўлишади. Ва шу саъй-ҳаракати билан саҳро табиати мувозанатига жиддий зарар етказади. Ҳатто ёқилган ўтни ўчириб кетиш ҳам табиатни асрашга киради… ”
Саҳрони айланиб қайтгунимизча кўл тинчланиб қолар, деган, умидда эдик. Аммо унинг эрталабки шашти андак пасайган бўлса-да, ҳануз бежо мавжланиб турарди. Бунақа пайтда кичик қайиқларда кўлга тушмаган маъқул. Бироқ кўлдаги катта-кичик ороллар табиатини ўрганишни кўнгилга туккан экспедициянинг бундан бўлак иложи йўқ эди. Аслида кўлдаги оролларни саҳро табиатидан унча фарқли жиҳати йўқ. Ўша ўт-ўланлар ва ўша қумликлар. Аслида бу ороллар саҳронинг бир бўлаги ҳисобланади. Агар сув мавжланиб турган кўл ўрни бир пайтлар саҳро бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак, бунга таажжубланмаса ҳам бўлади. Қисқача айтганда, кенг саҳродан айро тушган бу ороллар саҳрога хос ўз табиатини тўла-тўкис сақлаб қолган. Оролларга қилган сафаримиз давомида бунга яна бир карра амин бўлдик. Кўлдаги аксарият оролларда шу ҳолат кузатилгани боис, кичик қайиқларда кўл бўйлаб сузишда давом этиб, изимизга қайта бошлаймиз.
Ҳайдаркўл оқшоми! У йилнинг ҳар қандай фаслида ҳам ўзига хос гўзал ва фусункор. Шунинг учунми, дафъатан ундан кўнгил узиб кетиш ҳамиша қийин кечади. Қизарган уфқ эса қишнинг эртанги куни очиқ келишидан дарак берарди. Қани энди бу гўзал оқшомни секин-аста тун пардасига чулғаниб, янада сирли тус олишини тўйганча кузатсанг ва томоша қилсанг! Бироқ бунга фурсат қайда дейсиз. Бу пайтда экспедиция яна йўлда эди. Одатдагидек, йўл юрса ҳам мўл юришда давом этардик.
Эртаси Карманадаги XVI асрга оид Қосим Шайх хонақоҳига рўбарў бўламиз. Навоий вилоятидаги кўҳна меъморий ёдгорликлардан бири ҳисобланмиш мазкур тарихий масканни бу юртга қадам қўйган ҳар қандай одам зиёрат қилмасдан кетмайди. Мустақиллик йилларида қайта таъмирланиб, ўзининг асл шакл-шамойили ва гўзаллигига эга бўлган бу ёдгорлик хонақоҳ, гўрхона, масжид, айвон ва бошқа қўшимча хоналардан иборат бўлиб, дастлаб 1558 йилда Қосим Шайх учун хонақоҳ сифатида бунёд этилган.
Хонақоҳ чортоқ тарҳли, қуш гумбазлидир. Ички гумбаз ости бағаллари ироқи муқарнаслар билан тўлдирилган. Тарзининг уч томони пештоқли. Жанубий пештоқ ҳашаматлилиги билан ажралиб туради. Хонақоҳ тевараги ўтган асрнинг бошларида девор билан ўралиб, ҳазира тарзда қўшимча бинолар қурилган, яъни зиёратхона, масжид, айвон ва бошқа хоналар дегандай.
Хонақоҳ ҳовлисидаги Қосим Шайх даҳмасининг эни ва бўйи ўн икки метрдан бўлиб, мармар билан безатилган. Унинг пойига шу ҳудуддан топилган қабртошлар терилган. Хўш, аслида бу зот ким бўлган? Қосим Шайх — Шайхи Азизон тасаввуф тариқатининг йирик намояндаси бўлиб, 1578 йилда Карманада таваллуд топган. ”Абдулланома” асарида ёзилишича, ул зот Шайбоний султонлар ўртасидаги ўзаро урушларни тўхтатиб, Туркистонни ягона давлатга бирлаштириш ғоясини олдинга сурган ҳамда шайбоний султонларга доимий равишда ўз таъсирини ўтказиб келган. Замондошлари томонидан у кишига “Ҳазрати Эшон”, “Қутб ул-авлиё”, “Шайхи Азизон” каби унвонлар берилган. Абдуллахон II ҳокимият тепасига келгач эса ул зотга атаб мана шу хонақоҳни қурдирган.
Хонақоҳ меъморчилиги қўшдеворли бўлиб, махсус девор оралиғи биргина шам билан қиздиришга мўлжалланган. Биргина шамдан қизиган оралиқдаги иссиқ ҳаво бино ҳароратини бир меъёрда сақлаб туришга хизмат қилган. Фақат эндиликда шамдан эмас, балки замонавий иситиш воситаларидан фойдаланилмоқда. Қосим Шайх ёдгорлиги Навоий шаҳрининг умумий қиёфасига ўзига хос тарзда чирой бағишлаб турибди. Навоий — юртимизнинг нисбатан ёш ва навқирон шаҳарларидан бири. Унинг ёшлиги ва навқиронлиги шаҳар қиёфасидагина эмас, балки кишилари чеҳрасида, уларнинг касб-кори, мақсади ва қизиқишлари ҳамда келажак орзуларида ўз аксини топган. Шунинг учунми бу шаҳарда, айниқса, болалар спортига алоҳида эътибор қаратилган. Бу кентда болалар орасида спортнинг барча турларига, жумладан, курашга қизиқиш катта. Ғолиблик уларнинг орзуси. Негаки, навқиронлик кишидан ҳаракатни талаб этадиган фасл. Ҳаракат эса ҳар қандай ютуқнинг калитидир. Ҳаракат, яъни спорт болалар иродасини тарбиялабгина қолмай, келажакка теран нигоҳ билан назар ташлашга ундайди.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, навоийлик курашчилар орасида яхши бир анъана сақланиб қолган. Шогирдлар, айниқса, болалар ҳамиша устозлар эътиборида бўлади. Кураш майдонини ўзи тарк этган бўлса-да, лекин кўнгли тарк этмаган устоз полвонлар ўзларида бор амал ва услубларини ёшларга ўргатиш билан, ўзлари эришган ёхуд улгурмаган зафарли ютуқларини мана шу ёшлар тимсолида қўлга киритишга орзумандлик билан тез-тез ёш полвонларни йўқлаб туришади. Масалан, Ибодилла полвоннинг кураш майдонини тарк этганига анча йиллар бўлган. Лекин машқ майдони, бамисоли оҳанрабодай, доимо уни ўзига тортиб туради. “Мен, — дейди у, — бу ёшлар сиймосида эртанги кун зафари ва ютуқларини кўраман. Бироқ келажакда бу ёшлар қўлга киритадиган ютуқлар уларники эмас, балки шу юртники ва шу халқникидир! Ва шу боис, биз устозлар ўзимизда борини ёшларга ўргатишга ҳамиша ҳаракат қилиб келамиз. Бу хусусият бизга устоз полвонлардан ўтган. Курашчиларда бу ҳолат азалий ва анъанавий фазилат ҳисобланади.
Ниҳоят “Қизилқум экспедицияси” ҳам поёнига етмоқда эди. Совуқ саҳро бағридан топилган тошқотган дарахт бўлаги ва мамонт суяги экспедициямиз топилдиғи бўлди. Экспедиция топган бу кўҳна асору атиқалар аллақачон Навоий шаҳридаги музейлардан жой олиб улгурди. Оппоқ туз билан қопланган “Ўлик водий” кенглиги ўзининг сирли табиати ва жон олар изғирини билан умрбод эсимизда қолиши аниқ. Ҳар ҳолда бу водий бизни сийлади, яъни бағридаги яширин ўпқонларига рўбарў қилмади.
Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Тошўрмонни қанчалар сарсон қидирмадик. Муҳим жиҳати шундаки, бу тошлар мажмуасини шу пайтгача саноқли одамларгина биларди. Мана, энди унинг мавжудлигидан сиз ҳам бохабар бўлдингиз. Қисқаси, Қизилқум саҳросининг одам оёғи етиши қийин бўлган бу узоқ қисмида 95 миллион йиллик Тошўрмон очиқ музей ҳолида турибди. Лекин, мутахассислар алоҳида таъкидлаганидек, Тошўрмон томонга ҳозирликсиз ва зукко йўлбошловчисиз асло бора кўрманг. Оч бўридай оғиз очиб турган саҳрода адашиб, улоқиб кетиш ҳеч гап эмас. Бу ҳудуднинг ёзи қайноқ, қиши қаттиқ, табиати эса ўта беқарордир. Бир сўз билан айтганда, чинакам саҳро!
Зарафшон шаҳри яқинидаги қоя ва тошлар юзидан топилган суратлар ўзининг қадимийлиги жиҳатидан Сармишсой тошсуратларидан зиёд бўлса зиёддирки, лекин асло кам эмас. Бағрига тушсангиз чеки кўринмайдиган Тўдакўлни эса денгизга қиёсладик. Қисқаси, ўзига хос тилсимли дунё — бепоён Қизилқум бағрида хўп кезиндик, унинг ўсимлик дунёси билан яқиндан танишдик. Туяларини ҳуркитиб, гоҳо улардан ўзимиз чўчиб, саҳро табиати ҳақида баҳоли қудрат ҳикоя қилишга уриндик. Аммо… Қизилқум ҳақидаги ҳикоямиз ҳали ниҳоясига етганича йўқ.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 21-сонидан олинди.