Акбарали Сабирдинов. Тимсоллар силсиласи (2010)

Миртемир… Бу ном болалигимиздан она алласи билан бирга шоир қўшиқлари орқали қулоғимизга ўрнашган бўлса ажаб эмас. Унинг бетакрор оҳанг, сўз ўйинларига бой шеърияти борлиғимизни сеҳрлаб, оҳанграбодай ўзига тортган, шууримизга жойланган. Замондошларимизнинг эслашларича, Миртемирнинг “Қора кўзли ва гул дийдор, Баҳор чоғи мени ёд эт! Хиёбонда кезар бўлсанг, Наҳор чоғи мен ёд эт! Қора кўзли, сўлим дилдор, Сенга айтай сирим ошкор, Агар кечса кечанг бедор, Саҳар чоғи мен ёд эт!” сатрлари уруш йилларида яқинларини жангоҳларга жўнатиб, айрилиқ аламини тортаётган кўплаб қиз-жувонлар дардига малҳам, жангга отланган йигитларга дармон бўлган экан. Ҳозир ҳам муҳаббатнинг абадийлигини тараннум этувчи дилбар қўшиққа айланиб, кўнгилларимизга сингган.

“Ойбекнинг кенглиги, Абдулланинг сиқиқлиги, Шайхзоданинг чуқурлиги, Миртемирнинг эркалиги менга ёқади”, деган экан Ғафур Ғулом. Дарҳақиқат, Миртемир шеърияти самимияти, дилкаш туйғуларга бойлиги билан жозибадордир. У тилимиз бойликларидан самарали фойдаланган ва уларга ижодий ёндашгани ҳолда, ўзига хос кашфиётлар қилди. Миртемирнинг кашфиёт сўзлари шеърий матнга узукка қўйилган қимматбаҳо тош янглиғ мос тушган, мисраларни товлантириб юборган. Масалан, “Жонларга жон, атри жаҳон, Тонг чоғи ҳам ёдимдасен, Не жононга тўлса денгиз Қирғоғи ҳам, ёдимдасен. Дилни жиндек жизиллатса Мунг доғи ҳам, ёдимдасен, Аёвлигим, нечун сени Кўргим келур кунда-кунда” (“Қора денгиз қирғоғида…”) мисраларидаги “аёвлигим” сўзи чинакам ижоднинг маҳсулидир. “Авайлаганим” сўзининг ушбу ўзгача шаклини яратиш орқали шоир буюк муҳаббатни, маҳбубага бўлган юксак ардоқни ифодалашга эришган. Шунингдек, шеърдаги “атри жаҳон”, “мунг доғи” каби иборалар ҳам миртемирона топқирликнинг маҳсулидир.

Шоир кам истеъмолда бўлган сўзлардан ҳам самарали фойдаланди. Бу сўзлар ўйноқи оаҳнгдорлик ва тасвир аниқлигини, фикрнинг лўнда ифодасини таъминлайди. Ҳамид Олимжон вафотининг бир йиллиги муносабати билан ёзилган “Шоир қабрида” шеърида бу ҳолни кўрамиз. Шеърнинг “Бунда гулзор… Ғўра бўлибди ўрик, Бунда қуш қўшиғин тонгги ҳижжаси… Бошингни кўтар қоқиндиқ, Жуда соғиндик…” мисраларидаги “бўғинлаб ўқимоқ, бўғинлаб талаффуз қилмоқ” маъноларини англатувчи “ҳижжа” сўзи тонгги қуш сайрашига ниҳоятда мос бўлса, “қоқиндиқ” сўзи ҳам миртемирона меҳр ифодасига мутаносибдир.

Юртимиз кенгликлари, бетакрор табиати Миртемир шеъриятида ўзгача муҳаббат билан тасвирини топган. Унинг ҳар ясси тепасида, тошлоғида, алвон лолаларида юртни турли босқинчилардан ҳимоя қилиб, шаҳид кетган боболаримиз хоки, қони (“Лолазорлардан ўтганда…”) бор. Шу боис, унинг ҳар қаричи азиз, муқаддас. “Ойни этак билан тўсиб бўлурми? Тутатқи бўлурми юлдуз чўғида? Айтинг-чи, мард одам асло ўларми? Номи қолур юрт қўшиғида…” (“Юрт қўшиғи”), дея юрт озодлиги учун жон фидо этганларнинг номи адабийдир, деган хулосага келади.

Туркистон кенгликларининг бепоёнлиги, паррандаю даррандалари, набототу ҳайвонот олами бор гўзаллиги билан Миртемир шеърларида акс этган. Юртнинг ҳар фасли ўзига хос, бетакрор ранглар жилосига эга: “Ҳар япроқ, ҳар новда, норасида шох Баҳор оғушида рози, беармон. Гуллар жилвасидан товланади боғ, Гунафша, гулсафсар, пушти напармон” (“Сени болалигим…”); “Ёз келди, жўралар, ўлкамизда ёз, Боғларда сайрашур қушлар хушовоз, Далалар ям-яшил, тепалар яшил, Ҳовлиқма жилғалар, оҳ, негадир соз!” (“Ёз”); “Жануб далалари — жимжима барқут, Унда емишларнинг туслари гул ранг. Тонг отган дамларда уфқлар ёқут, Кечаси кенг осмон булут-ла кул ранг” (“Қирғоқ”); “Толзор куз рангида, бутоқлар — Бари киймиш ёқут сарупо. Кўзни алдар хил-хил бўёқлар. Оҳ, на дилрабо!” (“Қоя”) мисраларида шоир табиатидаги ранглар жилосини нозик илғаб шеърларига олиб киради.

Миртемир ижодида қисқа шеърлар кўп эмас. Улар Ватанга бўлган улкан меҳр билан тўла шоир кўнгли монанд кенг. Шеърларнинг кўпчилиги табиатнинг мўъжизавий оламига, ундаги давом этаётган ҳаёт учун курашлар, тинимсиз ҳаракатда ва ўзгаришдаги борлиқ тасвирига бағишланган. Юртимиз сарҳадлари Миртемир шеъриятда янада кенгайиб, улканлашиб кетади гўё. Ўлкамизнинг ҳар бир тошию дарёлари, ҳашорату паррандалари, табиату набототига синчковлик билан назар ташлаб, уларни меҳр билан шеърига олиб кирган Миртемир сингари ижодкорларни ХХ аср ўзбек адабиётида кам учратамиз.

Миртемир шеърияти лирик қаҳрамони юртнинг танти ўғлони. У гўзал қизларга адоқсиз муҳаббати, юртдошларимизга, табиатимизга улкан меҳри билан ягона. Унингча, юрт қизлари гўзалликни табиатимиздан олган. Ўлкамиз гўзаллиги улар ҳуснида акс этган: “Бу кеча ухламай тонггача юрдим, Тонг отишин кутиб, қирғоқда турдим. Тонг отди, тонг билан қумлоқ соҳилда Тонгдан ҳам чиройли бир қизни кўрдим. Тонг шуъласи — сочин ҳар бир толаси, Юзлари гўёки тоғлар лоласи. Ҳусни — тонг ҳуснидай тоза ва тенгсиз, Сулув табиатнинг сўлим боласи” (“Тонгдан ҳам чиройли”).

Тасвир кўламининг кенглиги, аниқлиги, изчиллиги, тимсол ва тафсилларнинг санжаблиги билан ажралиб турадиган шоир шеърияти халқона оҳанги ва ифодаси, миллий ва умумбашарий моҳияти билан ўқувчини сеҳрлайди. Меҳри дарё кишиларимизнинг бетакрор қиёфаси, сахий табиатимизнинг рангин чизгилари миртемирона сўз ва иборалар воситасида аксини топади.

Ўзбек мумтоз адабиёти ва халқ оғзаки ижоди, Шарқ ва Ғарб адабиётининг билимдони бўлган шоир ўз асарларида барҳаёт анъаналардан самарали фойдаланди. Некбин, самимий, дилкаш туйғулар фаввораси мавжланиб турган шеъриятни адабиётимизга туҳфа этди. Масалан, ҳазрат Алишер Навоий асарларига хос бўлган фикрни ғазал бандлари давомида турли ҳаётий образ ва деталлар воситасида далиллаб хулоса чиқариш хусусиятини Миртемирнинг “Сеҳр” шеърида кузатамиз. Оқшомда таралган найнинг навоси лирик қаҳрамонни олис хотиротга — севишганлар учрашувига етаклайди. Шоир табиатнинг фараҳбахш, рангин, оний, бетакрор манзараларини моҳир мусаввир каби чизар экан, шеърда ой нурларига бурканган борлиқ бутун таровати билан намоён бўлади: “Оқшом салқини тушар Най навоси таралур. Най авжида сеҳргар Ўзга олам яралур. Сеҳрли манзаралар Кўринур у оламдан, Даралар, шаршаралар Кўринур у оламдан. Қорли тоғ сийнасидан шарқироқ сой кўринур, Чинорлар тепасида ярқироқ ой кўринур”.

Тасвир ана шу тарзда най навосига йўғрилиб юксакликка ўрлаб боради. Шоирнинг нигоҳи даралар, шаршаралардан қорли тоғ чўққиларига, ундан ойга ўтиб, яна ерга қайтиб тушади: “Тўлин ой шуъласида Ойдек ёрқин оқ қоя, Чинор кўланкасида Кимни кутар тоқ соя? Сой бўйида шу асов Сой сингари беқарор, Йўлга тикилар биров, Ёниқ кўзлар кимга зор?”.

Риторик сўроқларда беқарор, асов соя, ёниқ кўзлар кимники экани, унинг кимга зорлиги аён этилмайди. Шу орқали тасвирда сирлилик, “тугун” пайдо бўлади. Бу ҳолат эса, қизиқишимизни янада оширади. Шабадали ҳаводаги оромбахш бўйни ҳис этамиз. Сойнинг беқарор, асов оқиши “тоқ соя” ҳолати билан уйғунлашиб, юрагимизда акс-садо бера бошлайди. Шоир нигоҳи яна “интиқ соя” тасвири билан кўкка кўтарилади: “Ой оҳиста юзмоқда Тагсиз мовий самода, Шундоғам сеҳр-бўй бор Шабодалик ҳавода”.

Спиралсимон ҳаракатдаги тасвир пастга — интиқ юрак монанд титраётган чинор япроқларига, улар остида ҳаяжон титроғидаги “тоқ соя”га тушиб келади: “Интиқ юракдай титрар Кўк чинорда ҳар япроқ, Ҳамон шарпасиз ва бўш Сирли тун, сирлик сўқмоқ. Тўлин ой шуъласида Ойдек ёрқин оқ қоя. Чинор кўланкасида Ҳануз ўша тоқ соя”. Сирли тун ва сирли сўқмоқ қошидаги сирли “соя”нинг муштоқ бўлиб кутаётгани келармикан? Тасвир ва фикр торлари тобора таранглаша боради. Вафонинг мангу ҳайкалига айланган “тоқ соя”нинг санами ниҳоят юз кўрсатади: “Тонг яқин. Ҳулкар янглиғ Ярқираб келур санам. Висол дамлари мисол Жаннат бўлмас чинакам… Най навоси таралур, Най навоси таралур, Най авжида хотирот — Ўзга олам яралур”.

Муҳаббат ва вафога бағишланган симфонияни эслатувчи ушбу шеър тасвир кенглиги, ёрқинлиги, тиниқлиги билан жозибадордир. Хотирот орқали шеърда жонланган ўзга олам эса, най навосидек азалий, адабий. Унда инсоният тарихи, ҳозири, келажаги мужассам. Шеърнинг тимсоллар, тафсиллар шодаси безанган мисралари бир-бирини тўлдириб, занжир монанд боғланиб кетади. Салқин оқшом. Най навоси, сеҳргар олам, даралар, шаршаралар, қорли тоғ, тўлин ой, чинор кўлкаси, тоқ соя, мовий само, шабодали ҳаво, чинор япроғи, сирли тун, сирли сўқмоқ, оқ туя, тонг палласи, ярқироқ санам, висол дамлари, хотирот — ўзга олам тасвирлари уйғунликда намоён бўлади. Маълумки, Ҳамид Олимжон асарларида табиат ва инсон тасвирига параллел мурожаат этса, Ойбек кечинмалар тасвиридан ташқи оламга чиқиб боради. Миртемир эса ташқи олам орқали инсон борлиғига назар ташлайди. Образлар тизимидан иборат юқоридаги шеърни ўқирканмиз, Миртемирнинг қуйидаги сўзлари ёдимизга келади: “Қофияни қофияга уриштиришда шеър эмас, жуда омади келганда, назм пайдо бўлади. Ҳолбуки, ҳақиқий шеър тимсоллар силсиласидан дунёга келади”.

Миртемирнинг сеҳрли шеърий олами бизни ана шу тарзда табиатнинг ранглари, ифорлари, шуълалари, мўъжизалар бағрига олиб киради. Табиатнинг ажралмас бўлаги эканимизни доимо англатиб туради.

Атоқли адиб Ч.Айтматов: “Биз Миртемир сиймосида ўзбек адабиётини қадрлар эдик”, деб ёзганди. Дарҳақиқат, қадри баланд адабиётимизнинг ёрқин сиймоси бўлган Миртемир шеърияти кўплаб авлодларга маҳорат мактаби бўлиб қолиши шубҳасиздир.

Акбарали Сабирдинов,

филология фанлари доктори

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 22-сонидан олинди.