Ҳозирги замон адабиёт илмида бадиий асар матни таҳлил ва талқиннинг асосий объектига айланди. Зотан, матн замирида асар муаллифининг дунёқараши, инсон ва жамият ҳақидаги консепцияси, бадиий-эстетик принциплари, санъати, макон ва замон, миллий тафаккур мужассам бўлади. Қолаверса, матн таҳлили бадиий асарни холис баҳолашга имкон яратади.
Эркин илмий-ижодий муҳит барқарорлашган Мустақиллик даври ўзбек адабиётшунослигида бадиий асар таҳлилининг замонавий, илғор тенденциялари бўй кўрсата бошлади. Адабий меросга янгича нуқтаи назардан ёндашиш, мумтоз адабиётимиз намуналарини маънавий-ахлоқий тарбиянинг энг таъсирчан асоси сифати ҳар жиҳатдан ўрганиш истиқлол йилларида фаол тус олди. Яқин ўтмишда “диний-мистик”, “ғайришўровий”, “сарой адабиёти” деган сиёсий ёрлиқлар билан ўқиш-ўрганиш ман этилган асарлар илмий ўрганилиб, кўп нусхаларда чоп этилди. Бу борада матншунослар, тадқиқотчилар хизмати эътирофга лойиқ.
Бироқ адабий меросимиз намуналарини бугунги талаб даражасида мукаммал тадқиқ этиш ва нашрга тайёрлаш матншунослик соҳаси олдига жиддий вазифаларни қўяётгани сир эмас. Айни пайтда матншунослик муаммолари нималардан иборат, уларнинг ечими қандай, деган саволлар долзарб бўлиб турибди. Ана шу масалаларни муҳокама қилиш ва тегишли хулосаларга келиб олиш учун таниқли олимлар, тадқиқотчилардан бир гуруҳини давра суҳбатига таклиф этдик.
Қуйида сиз таниқли адабиётшунос олимлар: профессор Суйима Ғаниева, филология фанлари докторлари — Нурбой Жабборов, Нусратулло Жумахўжа, Шодмон Нафасов, филология фанлари номзодлари — Қодиржон Эргаш, Рашид Зоҳидов ва Қўлдош Пардаевнинг бугунги матншунослик муаммоларига доир фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.
Суйима ҒАНИЕВА: — Бугунги кунда матншунослигимиз олдида жиддий вазифалар турибди. Жумладан, кўплаб асарларнинг илмий-танқидий матнларини тайёрлаш зарур. Шу кунгача Лутфий, Саккокий сингари шоирлар асарлари босилиб чиққан. Бироқ улар девонларининг мукаммал нашрларини тайёрлаш лозим. Мана, яқинда Лутфийнинг аввалги нашрларига кирмай қолган шеърларини Анқара нашри асосида чоп этдик. “Мажолис ун-нафоис” изоҳлари билан нашр қилинмоқда. Келгусида Лутфий девонининг мукаммал нашрини тайёрлашимиз лозим. Саккокий ва яна бошқа кўп шоирларнинг мукаммал нашрларини тайёрлашни йўлга қўйиш зарур.
Алишер Навоий асарлари нашрлари устида ҳам амалга ошириладиган ишлар талайгина. Масалан, шоир асарларининг академик (илмий), илмий-оммабоп нашрларини тайёрлаш керак. Уларни тайёрлашда, албатта, шу кунгача чиққан нашрлардан фойдаланиш билан бирга қўлёзмаларга ҳам қайта мурожаат этиш лозим. Матншуносликдаги илмий-танқидий матн, чоғиштирма матн, илмий нашр, илмий-оммабоп нашр каби тушунчаларни, улар ўртасидаги фарқларни тушуниб етишимиз керак. Чоп этилаётган асарга илова қилинадиган шарҳ ва изоҳлар, луғатлар ҳам шунга қараб белгиланиши лозим. Шу пайтгача бизда “Хазойин ул-маоний”нинг илмий матни мавжуд эмас. Бизнинг назаримизда, кейинги йиллардаги дастлабки мукаммал нашр ҳисобланган “Ҳазойин ул-маоний” (1959 — 1960), кейинги 20 жилдликка кирган девонлар ҳам илмий-танқидий матн асосида чоп этилмаган. Албатта, уларни тайёрлаш учун кўп меҳнат сарфланган, катта-катта олимларимиз жиддий изланишлар олиб борганлар. Шундай бўлса-да, “Хазоин ул-маоний”нинг илмий-танқидий матнини яратиш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан.
Яна, “Хамса” достонларини изоҳлари билан қайта нашр этишга эҳтиёж бор. Нашрлардаги кичик хатоларни излаб вақт сарфлаш ўрнига, каттароқ — халқ учун фойдалироқ ишлар билан шуғулланиш керак, деб ўйлайман.
Таржима асарларнинг табдилини тайёрлаётганда аслиятга солиштиришдан эринмаслик керак. Матншунослик, манбашунослик соҳалари шошма-шошарликни ёқтирмайди…
Нурбой ЖАББОРОВ: — Албатта, бу соҳада олдимизда талайгина вазифалар турибди ва улар ниҳоятда долзарбдир. Мен, аввало, матншуносликда эришилган ютуқларимизни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Ўзбек матншунослиги шу пайтгача, шубҳасиз, салмоқли ютуқларни қўлга киритди. Бу ютуқлар, айниқса, улуғ мутафаккир Алишер Навоий асарларини ўрганишда яққолроқ кўзга ташланади. Порсо Шамсиев, Ғулом Каримов, Ҳамид Сулаймон, Азиз Қаюмов, Суйима Ғаниева сингари устоз олимларнинг бу борадаги фаолияти таҳсинга лойиқ. “Хамса”, “Мезон ул-авзон”, “Мажолис ун-нафоис” каби беназир асарларнинг илмий-танқидий матни яратилгани навоийшуносликни янги босқичга юксалтиргани бугун ҳеч кимга сир эмас. Матншуносликда эришилган бу ютуқлар кейинги даврда Бобур, Огаҳий, Фурқат ва бошқа мумтоз шоирлар, ижодкорлар мероси мисолида давом эттирилаётгани қувонарли ҳол. Мен бунга иккита мисол келтириш билан чекланаман. Биринчиси, Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг дунёда ягона қўлёзма нусхаси Санкт-Петербургда сақланаётган “Шоҳид ул-иқбол” асарининг матншунослик аспектида тадқиқ қилингани, асар матнининг илмий изоҳлар, кўрсаткичлар билан нашр этилгани бу соҳада сўнгги йилларда қўлга киритилган салмоқли ютуқлардандир. Иккинчиси, Мутрибийнинг “Тазкират уш-шуаро” ҳамда “Нусхайи зебойи Жаҳонгир” асарлари тадқиқи асосида яратилган монография. Салоҳиятли олимлар Нафас Шодмонов ва Исмоил Бекжоновнинг бу ишлари фақат муайян асарларнинг теран ўрганилгани билангина эмас, матншуносликнинг бир қанча назарий-методологик масалалари ҳал этилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Бу тадқиқотларда ягона нусхали матн устида ишлаш принциплари, матн тарихи, тазкиранависликнинг хос хусусиятлари сингари муаммоларнинг назарий асосда ишлангани фикримизни тасдиқлайди.
Матншунослик олдида ечимини кутаётган долзарб муаммолар нималарда кўринади? Биринчидан, дунёда фаннинг бу жабҳаси замон талаблари даражасида ривожланган бугунги кунда биз ҳануз матншуносликнинг системали яхлит назариясини ишлаб чиқа олганимиз йўқ. Тўғри, бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Лекин бу ишлар талаб даражасида эмас. Ваҳоланки, жаҳоннинг бир қанча мамлакатлари фан ва таълим марказларида матншунослик назариясига оид йирик ҳажмли тадқиқотлар яратилган. Матншуносликнинг барча ижтимоий фанлар, жумладан, адабиётшунослик, археография, диалектология ва тарихий тилшунослик сингари соҳалар билан муносабати масаласи анча чуқур ўрганилган. Бу фанга оид муаммоларни ҳал этишда дунё олимлари палеография, герменевтика, мумтоз поэтика ва стилистикада эришилган ютуқлардан самарали фойдаланмоқда. Модомики соҳани ривожлантирмоқчи эканмиз, бу тажрибаларни танқидий ўрганишимиз зарур. Бироқ бу хорижий матншунослик қолипларини кўр-кўрона амалиётга татбиқ этаверамиз дегани эмас. Ўзбек матншунослиги ўзига хос хусусиятларга эга. Матншунослик назариясини ишлашда ана шу ўзига хослик эътиборга олиниши шарт. Бу борада Миллий университетимизнинг мутахассислик кафедрасида муайян ишлар бошланган ва эришилган натижалар яқин орада жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилишидан умидвормиз.
Иккинчидан, матншунослик анча тараққий этган айрим мамлакатларда муайян миллий адабиёт тарихида ўзига хос мақомга эга ҳар бир ижодкор асарлари юзасидан кенг қамровли текстологик тадқиқотлар амалга оширилган. Бизда эса, навоийшуносликни истисно қилганда (ваҳоланки, бу борада ҳам ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар етарли), аҳвол мақтанарли эмас. Кўпроқ баҳсларимиз мумтоз адабиёт намуналарининг жорий имлога табдилидаги хатоларга оид экани, матншуносликнинг фундаментал масалалари эътибордан четда қолаётгани ҳам бунинг исботидир. Ҳамон мумтоз адабий меросимиз намуналарини табдил қилишнинг илмий принципларини ишлаб чиқа олганимиз йўқ. Турфа хилликлар, хатоликлар негизи шунга ҳам бориб тақалади. Эски ўзбек ёзувини ўзлаштирган баъзи мутахассисларимиз араб, форс тилларидан бехабар. Буларнинг барчасини билганларда эса, адабий идрок етишмайди. Бунга лаёқатли бўлса, мумтоз ижодкорларимиз эътиқодининг асоси бўлган ислом арконлари ва тасаввуф бўйича тасаввури чала. Хуллас, муаммо кўп. Уларни ҳал этиш учун таълим стандартларини, ўқув дастурларини ана шу талабларга мувофиқлаштириш зарур.
Учинчидан, бугунги кунда жаҳон олимлари матншуносликни ўқитишда анча илгарилаб кетди. Соҳага оид электрон дарслик ва ўқув қўлланмалари, энциклопедиялар, онлайн кутубхоналар, матн тадқиқининг янгича методлари яратилаётгани бунинг далилидир. Биз эса бу борада анча орқада эканимизни тан олишимиз керак.
Нусратулло ЖУМАХЎЖА: — Менингча, биринчи навбатда, матншуносликнинг марказий ташкилий масалалари тўғрисида муҳокама юритиб, қатъий бир тўхтамга келиб олиш зарур. Булар — махсус матншунослик ҳайъатини тузиш, матншунослик жараёнларига ягона андозавий механизм сифатида хизмат қиладиган матн имлоси қоидаларини тузиш, матнларни тайёрлайдиган ва чоп этадиган мутахассис ҳамда нашриётларнинг ваколатлилик даражасини белгилаш, мамлакат миқёсидаги матншунослик ишларини мувофиқлаштиришдан иборатдир.
Ҳозир мумтоз асарлар матншунослиги бўйича етук малакали мутахассислар бармоқ билан санарли даражада оз. Агар улар сарҳисоб қилинадиган бўлса, бир-икки кишидан нарига ўтиш ҳам қийин. Чунки қолганлари сезиларли даражада фаол эмас. Эҳтимол, бу мавжуд матншунос мутахассисларга эътибор ва рағбат камлигидандир. Аксарият мумтоз матн нашрларида соҳанинг қилни қирқ ёрадиган заҳматкаш мутахассисларидан фойдаланмаслик, аксинча, уларни четлаб ўтишга интилиш ачинарлидир. Матншунослик амалиётига мана шундай ёндашув оқибатида бугунгача биронта адибимизнинг меросини матн сифати ва савияси жиҳатидан мукаммал даражада чоп этилган, дея олмаймиз. Алишер Навоийнинг 20 жилдли “Мукаммал асарлар тўплами” ҳам бундан мустасно эмас. Уни буюк мутафаккир меросининг ҳажми жиҳатидан мукаммал нашри дейиш мумкин. “МАТ” тузувчи, тақризчи ва масъул муҳаррирлари доираси, асосан, ношир муассаса мутахассисларидан таркиб топган. Айрим матншунос мутахассислар умуман жалб этилмаган. Матн сифати ва савияси яхши бўлиши учун, аксинча, кўпроқ холис мутахассисларни жалб этиш мақсадга мувофиқ бўларди. Гап шундаки, Алишер Навоий мероси бир-икки муассасанинг мулки эмас, балки умумхалқ мулкидир. Назаримизда, мумтоз матнлар нашрини доимий назорат қиладиган, мувофиқлаштирадиган холис бир ҳайъат зарур. Унинг номи Республика матншунослик ҳайъатими, комиссиясими, кенгашими, қандай аталишидан қатъи назар, шунчаки маъмурий бир тузилма эмас, балки матншуносликнинг марказий амалий бошқарув механизми бўлиши лозим. Чоп этиладиган ҳар бир ёдгорлик матни мана шу ҳайъат тасдиғидан ўтмоғи муҳимдир. Акс ҳолда, миллий мерос намуналарини чоп этишда бошбошдоқлик, ўзбошимчалик, монополизм, чаласаводлик ҳоллари кучайиб кетиши мумкин.
Н.ЖАББОРОВ: — Бу муаммоларни ҳал этиш, биринчи навбатда, малакали мутахассислар етиштириш билан боғлиқ. Миллий университетимизда бу соҳага оид магистратура мутахассислиги, аспирантура, фан доктори ва фан номзоди илмий даражасини олиш бўйича ихтисослашган кенгаш фаолият кўрсатаётир. Докторантура очилиши режалаштирилган. Натижалар ёмон эмас. Бир қанча иқтидорли ёшлар етишиб келаяпти. Яқин орада муайян самаралар кўзга ташланишидан умид қилиш мумкин.
Тажрибалар матншунослик бўйича бакалавр йўналишини очиш зарурати борлигини кўрсатаяпти. Магистратурага бу соҳа бўйича дастлабки билимларни пухта эгаллаган ёшлар қабул қилинса, натижа яна ҳам яхшироқ бўлар эди. Матншуносликнинг назарий асосларига оид дарсликлар, ўқув қўлланмалари яратилиши зарур. Ўқув жараёнини такомиллаштиришда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш керак.
Бундан ташқари, бизнингча, бошқа турли соҳаларда бўлгани сингари, матншунослар жамиятини ташкил этиш, соҳага оид барча муаммоларни мувофиқлаштириш, ўзаро фикрлашиб ҳал этиш яхшироқ самара берар эди.
Қодиржон ЭРГАШ: — Ҳақиқатан ҳам, матншунослик муаммолари кейинги пайтларда адабиётшунослигимизнинг диққат марказида турган долзарб масалалардан бири бўлиб қолди. Бу ҳақда кўп гапирилди, матбуот саҳифаларида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бундай фикр алмашувлар, танқидларга қарамай ҳозирча бу соҳада жиддий ўзгаришлар юз бергани йўқ. Ҳолбуки бизда етарли илмий салоҳият, малакали матншунос олимлар бор. Бизнингча, бунинг сабаби ана шу кучларнинг тарқоқлигида бўлса керак. Юқорида айтилган фикрга тўла қўшиламан: уларни бирлаштирувчи бир марказ зарурга ўхшайди. Агар Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида матншунослик ва манбашунослик бўлими ташкил этилса, у ана шундай марказ вазифасини бажарган бўлур эди.
Қолаверса, мазкур соҳадаги муаммоларни ҳал этишга хизмат қилувчи таъсирчан чора-тадбирларни топиш ва амалга ошириш зарур. Ана шулардан бири, бизнингча, илмий-танқидий матнлар яратганлиги учун илмий унвонлар бериш амалиётини кенг жорий этишдир. Бундай амалиёт катта ижобий натижалар берган бўлур эди. Чунки илмий унвон олиш учун тақдим этиладиган тадқиқот устида аспирант ёки докторант энг камида уч йил ишлайди, изланади. Бундай иш кўп синовлардан, муҳокамалардан ўтади. Илмий-танқидий матн тузишни номзодлик ёки докторлик ишлари қилиб бериш кўплаб юксак савияли илмий-танқидий матнларнинг юзага келишига омил бўлиши мумкин. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томондан эса, бу амалиёт малакали матншунос олимларнинг етишиб чиқишига ҳам хизмат қилади.
Бу ерда илмий-танқидий матнларни тузиш, умуман, матншунослик принципларини ишлаб чиқиш масаласи ҳам муҳимлиги тўғри таъкидланди. Бунда адабиётимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш лозим. Маълумки, ўзбек мумтоз адабиёти асарлари эски ёзувда (араб ёзувида) яратилган. Илмий-танқидий матн, одатда, асар қайси ёзувда яратилган бўлса, ўша ёзувда тузилади. Ҳозирги пайтда биздаги барча нашрлар, хоҳ оммавий, хоҳ илмий бўлсин, жорий ёзувда амалга оширилади. Бундай шароитда илмий-танқидий матн ҳозирги нашрлар учун асос бўлиб хизмат қилишдан иборат ўз функциясини бажара олмайди, зеро, у, ҳозир айтиб ўтганимиздек, эски араб ёзувида тузилади. Бу ёзувда эса битта сўзни турлича ўқиш мумкин. Оқибатда жорий ёзувдаги нашрларда хатолар, хилма-хилликлар келиб чиқади. Мумтоз адабиётимиз асарлари нашрларида учрайдиган хатоларнинг энг катта қисми айнан шу омил билан, яъни араб ёзувидаги сўзларни нотўғри ўқиш билан боғлиқдир. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, ўзбек мумтоз адабиёти асарларининг илмий-танқидий матнларини яратишда аслият ёзувидаги асосий матн билан паралелл равишда жорий ёзувдаги матннинг ҳам тузилиши шарт қилиб қўйилиши лозим. Ана шу тарзда тузилган танқидий матнгина ҳозирги барча нашрлар учун асос бўлиб хизмат қила олади.
Н.ЖУМАХЎЖА: — Яқинда бир тадқиқотчи мумтоз шоирларимиздан бирининг ижоди юзасидан илмий иш ёзаётиб, унинг девонини ҳам “Танланган асарлар” номи билан нашр этибди. Мен илмий ишни ўрганиш муносабати билан “Танланган асарлар”ни ҳам мутолаа этдим. Юзаки қараганда, бир фан номзодлиги ишини уддалаш баробарида девонни ҳам нашрга тайёрлагани учун тадқиқотчига тасанно айтгинг келади. Бироқ мутолаа жараёнида бирорта хатосиз асар ва саҳифа йўқлигини, қўпол матний хатолар қалашиб ётганини кўргач, адабий меросимизнинг эгаси борми ўзи, деб ўйлаб қолар экансан, киши. Ахир, девон чоп этилса-ю, у сифат ва савия жиҳатидан яроқсиз аҳволда бўлса, унинг ноширдан бошқа кимга фойдаси бор? Хўш, дуч келган одам мумтоз мерос намуналарини эски ўзбек ёзувидан ҳозирги имлога кўчириб нашр эттиравериши мумкинми? Бу борада ҳуқуқ ва ваколат қандай бўлмоғи керак? Юриспруденция нуқтаи назаридан, албатта, ҳар бир фуқаро бунга ҳақли. Лекин амалда наинки ҳар бир фуқаро, ҳаттоки олий маълумотли адабиётшунос ёки шарқшунос ҳам бу ишга ваколатли ва маънавий ҳуқуққа эга бўлиши қийин. Чунки араб имлосидаги мумтоз матнлар шу қадар мураккабки, улар билан ўн йиллаб муттасил шуғулланган, минг бетлаб ҳозирги ёзувга ўгириш (транслитерация) иши билан шуғулланган мутахассисгина касбий лаёқат, малака ҳамда ваколат ҳосил қилиши мумкин.
Бу соҳада баъзан юксак билим, ақл, илмий назария ҳам иш бермаслиги, чигал муаммони ҳал этишда тажрибали матншуноснинг биргина назари, савқитабиийси (интуицияси) асқотиши мумкин. Савқитабиий Оллоҳ томонидан ато этилган истеъдод, бироқ у кўпйиллик амалий меҳнат билан янада такомиллашган бўлади. Минг-минг саҳифалаб қўлёзма ўқиган матншуносда нодир кўз хотираси шаклланади. Илмда: “Интуиция — бекор, қўлёзмага қараш керак”, дея беписанд гапиришлар ҳам бўлган. Аслида, матннинг пирига айланган матншунос қўлёзмани кўрмасдан ҳам сўзни аслидагидек ислоҳ этиш салоҳиятига эга бўлади. Зеро, унинг кўз хотирасида сўзларнинг турли, фарқли шакл ва моҳиятлари муҳрланиб қолган. У матнни ҳозирги ёзувда кўриб турган тақдирда ҳам, аслиятдаги шакли кўз ўнгида яққол гавдаланади. Ёш тадқиқотчилар нашр ишларини лоақал ана шундай устозлар билан биргаликда амалга оширишлари лозим. Зикр этилган китобнинг масъул муҳаррирлари ҳам устоз олимлар. Бироқ ҳозир нашр ишларида бир хасталик пайдо бўлган – ўқимаслик касаллиги. Баъзи китобларни, суриштирсангиз, на масъулу махсус муҳаррир, на тақризчи, на нашриёт мутасаддилари ўқиган бўлиб чиқади. Ўқимасдан имзо чекиб юбораверишни бағрикенглик ва яхшилик деб бўладими?
Кўп саъй-ҳаракатларни чиппакка чиқарадиган, мумтоз матн нашрлари сифатига узлуксиз раҳна солиб келаётган энг оғриқли муаммо матншунослик жараёнларига ягона андозавий механизм сифатида хизмат қиладиган махсус имло қоидаларининг мавжуд эмаслигидир. Ушбу долзарб муаммо олдин ҳам кўп марта кўтарилган. Мумтоз адабий-тарихий матнларни нашрга тайёрлаш жараёнида қоидалаштирилиши зарур бўлган ҳодиса-ҳолатлар ҳадду ҳисобсиз. Тарихий шахслар ва сўзларни турли шаклларда ёзиш, форсий-арабий изофа, изофа занжирларини тўғри қўллай олмаслик, ўндан ортиқ форсий “йо”ларнинг қўлланиш хусусиятларини маънан фарқламаслик, мумтоз матнлардаги нозик маъно товланишларини ҳозирги ёзувда ифодалаш усулларининг ишлаб чиқилмаганлиги — бари-бариси мана шу ягона андозавий механизм муаммоси ҳануз ўз ечимини топмаётганлигининг оқибатидир. Бу муаммонинг ечимини топиш билан, шак-шубҳасиз, таклиф этилаётган матншунослик ҳайъати шуғулланиши лозим. Мазкур ҳайъат Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида таъсис этилмоғи ва у мамлакатдаги етук матншуносларни жипслаштирмоғи, жараённи мувофиқлаштирмоғи ҳамда бошқармоғи мақсадга мувофиқдир.
Рашид ЗОҲИДОВ: — Тахминан, чорак аср илгари қадимий ёзма ёдгорликларга муносабат мавзуида ўтказилган анжуманлардан бирида марҳум устозимиз, луғатшунос олим Ботирбек Ҳасанов фондларга йиғилган қадимий китоблар бўйича қилинаётган дастлабки илмий тавсиф ишлари ниҳояланмагани, яъни китоб сифатида фондга келиб тушгани рўйхатга олингану, аммо асарнинг номи, муаллифи аниқланмаган, умуман, қандайлиги номаълум манбалар талайгина экани ҳақида хабар берган эди. Кейинчалик бу иш қайсидир даражада тугалланиб, Қўлёзмалар институтининг икки жилдли каталоги рус тилида нашрдан чиқди.
Бугун жумҳуриятимизда фаолият кўрсатаётган фондларнинг деярли барчасида мавжуд қўлёзма ва тошбосма манбаларнинг ички каталогини тузиш иши ниҳоясига етган, ҳар бир манба ҳақидаги дастлабки маълумотлар электрон шаклда йиғилган. Навбатдаги босқичда мазкур манбалар бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотларга эътиборни янада кучайтириш, матншунослигимизнинг Порсо Шамсиев каби дарғалари бошлаган ишларни тўхтатмасдан давом эттиришимиз лозим.
Хизмат тақозоси билан илмий жамоамизга тақдим қилинган адабий манбашунослик ва матншунослик йўналишидаги докторлик, номзодлик диссертацияларини дастлабки муҳокамадан ўтказамиз. Баъзан муваффақият билан ниҳояланган, деб топилган ишларни ўқиб ажабланасан, киши. Гўё диссертант ҳам, унинг илмий раҳбари ҳам адабиётшунослик билан матншуносликнинг фарқига бормайдигандек тасаввур уйғотади. Баъзан мумтоз адабиёт матнларининг эски ўзбек ёзувидан жорий имлога табдилида, мазкур матнларнинг талқинида саводсизликни кузатамиз. Айниқса, арабча сўз, жумла, матнларни ўзбекчалаштиришда ўта эътиборсиз, масъулиятсиз ёндашувлар, таржимада ўзбек тилини доминант сифатида билмаслик, оқибатда она тилимизнинг талаффуз табиатини ҳисобга олмасдан бошқа тилларга сунъий тарзда мослаштиришлар, махсус тушунча ва истилоҳларни изоҳсиз, билиб-билмасдан қўллаш сабабли қўпол хатоларга йўл қўйилаётир. 2006 йили “Зарқалам” нашриётида адабиётшунос олим Ёқубжон Исҳоқовнинг “Сўз санъати сўзлиги” номли ҳамма маънода чиройли илмий рисоласи чоп қилинди. Китобга ёзилган “Мумтоз бадиий санъатлар талқини” сўзбошисида “Зухруф” сурасининг 4-ояти мисол сифатида келтирилган. Эътиборсизлик оқибатида битта оятда учта жиддий хатога йўл қўйилган ва маънога футур етган. Аввало, Қуръондан келтирилаётган иқтибос, албатта, мутахассис назаридан ўтиши керак. Қолаверса, оятларни кирилл ҳарфида ёки оригиналдан бошқа ҳарфда ифодалаш шу пайтгача яхши натижа бермаган. Шунинг учун таржиманинг ўзини берган маъқул ва шу билан мақсад ҳосил бўлади. Энг хунуги, бу ўринда негадир мазкур оят таржимаси ҳам бузиб берилган. Бир эмас, бир неча олимларимизнинг она тилимиздаги, қонуний тавсия этилган тафсирлари туриб, оят таржималарини ўша тафсирларнинг бирортасидан олмасдан ўзбошимчалик қилишнинг нима кераги бор эди?!
Матн табиатидан узоқлашиш билан боғлиқ бундай хатоларни оммавий нашрларнинг аксариятида учратиш мумкин. Алишер Навоийнинг “Назм ул-жавоҳир”(Алишер Навоий, 20 жилдлик, 15-том, Т., “Фан”, 1999, 136-бет) асарида шундай рубоий бор:
Иймони анингки куфриға сотир эрур, Чин нукта демакка ул киши қодир эрур, Ҳар кимсаки иймон ишида моҳир эрур, Иймонини билки, отидин зоҳир эрур.Рубоийнинг тўртинчи мисрасидаги “отидин” сўзи “онтидин” бўлиши керак эди. Шунда маъно ҳадисга мувофиқ бўларди. Аслида бунга асос рубоийнинг сарлавҳа қисмида берилган арабий ҳикматда акс этган. Оддий эътиборсизлик ёки жумлани нотўғри ўқиш оқибатида ҳикмат маъноси бузилган.
Адабий мерос тадқиқи ва тарғиби йўлида билиб-билмасдан содир этилаётган бундай нуқсонларнинг сабаби кўп. Асосий сабаб, аждодларимиз қолдирган илм хазинасига ҳақиқий ворислик салоҳиятидаги мутахассисларнинг камлигидир. Шунинг учун ҳам бугун мумтоз адабиётимиз тадқиқи илмий-фундаментал ва методологик системада сезиларли силжимаяпти. Тўғри, филология фанининг етакчи тармоқларидан бўлган адабиётшунослик ва тилшунослик назарий-амалий жиҳатдан бой тажрибага эга. Аммо бу икки тармоқни ўзаро боғлашга хизмат қилиши мумкин бўлган матншунослик эса айни жиҳатдан оқсаяпти. Албатта, бу ҳолга маълум вақт давом этган ижтимоий-сиёсий шароит, эски ўзбек тилини, ёзувини биладиган, араб-форс тилидан хабардор мутахассисларнинг камлиги бош сабаб. Бу соҳада махсус магистратура мутахассислиги фаолият кўрсатаётгани мазкур муаммони ҳал этишга хизмат қилса, ажаб эмас.
Қ.ЭРГАШ: — Адабиёт тарихини матнларсиз, манбаларсиз ўрганиб бўлмайди. Бинобарин, мумтоз адабиёт асарларининг илмий-танқидий матнларини тузиш, адабиётимиз тарихи учун муҳим бўлган манбаларни тадқиқ қилиш, нашрга тайёрлаш ва илмий истеъмолга киритиш ўта долзарб вазифа деб эътироф этилиши лозим. Буни фақат илмий жамоатчилик эмас, балки фанни бошқарувчи ташкилотлар, улар ҳузуридаги эксперт ҳайъатлари ҳам эътироф этишлари ва илмий лойиҳаларни баҳолашда ҳисобга олишлари зарур. Хусусан, узоқ муддатга мўлжалланмаган амалий тадқиқотлар учун эълон қилинган грантларни олиш учун тақдим этилган лойиҳаларда юқоридаги мақсадлар кўзда тутилган бўлса, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ўзбек матншунослигининг асосий йўналишларидан бири улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий асарлари матнини тайёрлашдир. Бу соҳада муайян ишлар қилинган. Шоирнинг бир қанча асарларининг илмий-танқидий матнлари яратилган. Лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп. Жумладан, Навоийнинг насрий мероси орасида ҳали илмий-танқидий матнлари тузилмаган асарлар бор. Мана шу йўналишда тадқиқотлар олиб бориш мазкур асарларнинг барча илмий талабларга жавоб берадиган юқори савиядаги илмий-танқидий матнларини тайёрлаш навоийшунос олимлар олдида турган муҳим вазифалардан саналади. Мазкур ишларни амалга оширишда бизга ибрат, намуна, айни пайтда, тажриба мактаби бўлиб хизмат қиладиган тадқиқотлар бор. Бу ўринда биз “Маҳбуб ул-қулуб”нинг атоқли олим Кононов томонидан тайёрланган илмий-танқидий матни ёки “Мажолис ун-нафоис”нинг таниқли адабиётшунос олима Суйима Ғаниева томонидан тайёрланган илмий-танқидий матни сингари ишларни назарда тутмоқдамиз. Матншуносликнинг классик намуналари бўлиб қолган бундай ишлар ҳеч қачон ўз қимматини йўқотмайди.
Нафас ШОДМОНОВ: — Аслида матншунослик жуда қадимий соҳа. Узоқ тарихий асосларга эга бўлса-да, матншуносликнинг бутун дунёда системали суратда шаклланганига ҳали бир аср ҳам бўлмади. Лекин шу қисқа вақт ичида филологик фанлари ривожланган мамлакатларда матншуносликнинг назарий принциплари ишлаб чиқилди.
Ўтган асрга назар ташласак, матншуносларнинг биздан олдинги авлоди ўз зиммаларидаги вазифани шараф билан бажардилар. Уларнинг муҳим вазифаси аждодларимизнинг энг сара асарларини жорий ёзувда китобхонларга тақдим қилишдан иборат эди. Шунинг учун ҳам, бу соҳада фидойилик кўрсатган олимларга ҳар қанча эҳтиром кўрсатилса арзийди.
Мустақиллик даврида имкониятлар янада кенгайди. Муҳтарам Юртбошимиз кўҳна ёзма битикларни маънавий тарбияда муҳим асос сифатида ўрганишни сиёсат даражасида белгилаб берди. Матншунослар буни ҳам шараф, ҳам масъулият деб қабул қилдилар. «Феодал-клерикал» тамғасини олган, «халқ душмани» сифатида қораланган Миллий Уйғониш даври адабиёти вакиллари асарлари илмий ўрганила бошланди, жуда катта ҳажмда нашр қилинди. Бунда ҳам матншунослигимизнинг хизматини эътироф этмаслик мумкин эмас.
Лекин бугуннинг кўзи билан қараб, тан оладиган бўлсак, ўзбек матншунослиги қанчалик катта ҳажмдаги ва аҳамиятли фаолиятни амалга оширган бўлмасин, фақат амалий жараёндан иборат бўлиб қолди. Унинг ўзига хос илмий-назарий принциплари ишлаб чиқилмагани боис том маънода профессионаллаша олмади. Бунинг бош сабаби ҳаммага яхши маълум: миллий маънавий қадриятлар билан фан тараққиёти ўртасига катта тўсиқ қўйилган эди. Ҳақиқий матншунослар жуда кам эди. Улар ҳам, ҳозир айтилганидек, кечиктириб бўлмас амалий фаолият билан банд бўлдилар. Ўзбек филологияси мутахассислари орасида матншунослар етиштириш кўзда тутилмаганди. Шарқшуносларга эса, миллий тил ва адабиёт сирлари ўргатилмаганди. Оқибатда чала матншунослар кўпроқ иш бажарган…
Қўлдош ПАРДАЕВ: — Бу ерда адабиёт тарихини матнларсиз, манбаларсиз ўрганиб бўлмайди, деган фикр айтилди. Дарҳақиқат, шу ўринда муҳим адабий манба — ХХ аср бошлари матбуоти материалларини ўрганиш муаммоларини ҳам эслаб ўтиш зарур. “Ойина”, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона”, “Ҳуррият” сингари машҳур матбуот нашрларида чоп этилган адабиёт материаллари анчагина ўрганилди. Бироқ “Ал-Изоҳ”, “Ал-Ислоҳ”, “Изҳор ул-Ҳақ” журналлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Бу журналлардаги адабиёт материаллари адабий манбашунослик ва матншунослик аспектида тадқиқ қилиниши, уларнинг ХХ аср адабиётида тутган ўрни, мақоми белгиланиши долзарб илмий муаммолардандир.
Биргина “Ал-Ислоҳ” журналини олайлик. Ундаги адабий-эстетик мунозаралар янги адабиётнинг шаклланишида, тараққий этишида алоҳида аҳамият касб этгани сир эмас. Бу манбанинг ўрганилиши адабий-танқидий қарашлар тадрижини тадқиқ қилишда ҳам алоҳида ўрин тутади.
Яна бир муаммо: Миллий Уйғониш даври матбуотидаги адабиёт материалларини нашр этишда ҳам аксар ҳолларда профессионаликдан йироқлик иллати кўзга ташланади. Бу ҳол матнларнинг нотўғри табдил қилинишида, баъзан моҳиятга зид талқинларда, айниқса, яққол сезилади. Салоҳиятли матншунос кадрларни тайёрлаш бу сингари муаммоларни ҳал этишнинг асосий омилидир.
Н.ШОДМОНОВ: — Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, матншунослик фақат ёзувни билиш билангина бажарилиши мумкин бўлган иш эмас. Матншунос, биринчидан, даврнинг фалсафий эстетик принципларини яхши ўзлаштирган; иккинчидан, миллий тараққиёт эҳтиёжларини англаган; учинчидан, она тилининг тарихи, бугунига тегишли билимларни, жумладан, ёзувлар тарихини, бошқа тиллар таъсири ва матнлардаги иштирокини тўла эгаллаган; тўртинчидан, адабиётшунослик қоидаларидан мукаммал хабардор мутахассис бўлиши керак. Акс ҳолда, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.
Демак, матншунослигимиз олдидаги ҳозирги энг муҳим вазифа иккита: биринчиси, матншунослик бўйича малакали кадрлар тайёрлаш доирасини янада кенгайтириш лозим. Бунинг учун мавжуд университетлар ўзбек филологияси факултетлари талабаларига матншунослик фани умумкасбий фанлар қаторида ўқитилиши, магистрлар тайёрланиши мақсадга мувофиқ. Иккинчиси, ўзбек матншунослигининг назарий асослари, жумладан, тадқиқот, таҳқиқот ва нашр усуллари, методологияси ишлаб чиқилиши зарур. Бошқа тилларда яратилган бундай қўлланмалар ўзбек матншунослигининг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ этиш, адабий манбаларни нашрга тайёрлаш учун илмий-методологик мезон бўла олмайди.
Давра суҳбатни Маҳмуд Саъдий ва Аҳмад Отабоев тайёрлади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 27-сонидан олинди.