Чанқовуз чорлови
Тунни гулхан атрофида ўтказдик. Тонг отиб, бутун борлиққа офтоб нурлари ёйила бошлагач, режага кўра, Боботоғдан Кўҳитанг томон йўл тортамиз. Йўл-йўлакай бизга ҳамроҳлик қилган Хуррам бахши қишлоғи томон қайриларканмиз, қизиқ манзаранинг устидан чиқдик. Қишлоқ аёллари кичик бахшини давраларига тортиб, гурунг қилишаётган экан. “Гурунг”га қўшилган аёллар қўлидаги каштаси, йигираётган урчуғи билан чанқовузини ҳам олиб чиқади. Бу юртда чанқовуз чалмайдиган аёлнинг ўзи йўқ. Улар чанқовузни галма-гал чалиб, ўз билганини намойиш этадилар. Кўп ҳолларда гурунгга ёш бахшилар таклиф этилади. Негаки, улар бу гурунгларда пишиб, етила боради. Чунки аёллар шунчаки тингловчи эмас, халқ достонлари сюжетини бахшилардан кам билмайдиган талабчан мухлислардир. Қисқаси, бу давра ёш бахшилар учун бешик вазифасини ўтайди.
Кўҳитангда биринчи сезганимиз сувнинг мўллиги бўлди. Гўё ҳар бир тош остидан булоқ сизиб чиқаётгандек эди. Улардан бири “Толлибулоқ”, деб аталади. Бу сўз “ширин” деган маънонианглатаркан. Ҳақиқатан ҳам, бу манзилдаги булоқлар суви жуда тотли. Экспедиция учун ҳар бир янги манзил худди ўқилмаган китобдай қизиқ туюлади. Шунинг учун йўлимизда учраган ғор олдидан бепарво ўтиб кетолмадик. Кўрдикки, ғор оғзи кичкина. Унинг дастлабки йўналиши бамисоли қудуқдек тик энган бўлиб, ғорга фақат арқон кўмагида тушиш мумкин эди.
Бу нотаниш ва номаълум жойда бизни биринчи бўлиб калтакесак қарши олди. Калтакесак борми, демак, бошқа жониворлар, жумладан, илонлар ҳам учрайди. Уларни қочириш учун шовқин кўтариб, арқон кўмагида ичкарига туша бошлаймиз. Тик тушган ғорларда илондан ҳам кўра оёқ остидан тош кўчиб, йиқилиш хавфи кучлироқ бўлгани боис, ҳар бир қадамни ўйлаб босишга тиришамиз. Ғорнинг ҳавоси зах эмас, жуда мусаффо. У оддий ғорлардан бири эканига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина юқорига чиқамиз. Қуёшнинг илиқ тафти ва ўт-ўланлар бўйини қайтадан туя бошлаймиз. Чунки ғор ўз номи билан ғор, ичкарида у жисми-жонингизга қандайдир англарсиз босим ўтказиб туради ва юқорига чиққанингиздан сўнг бу залворли босимдан халос бўласиз. Ўзингизни эркин қушдек ҳис қила бошлайсиз.
Яна Толлисой бўйлаб илгарилаймиз. Юқорилаганимиз сайин теварак манзаралари ўзгара борар, тоғўз малоҳатини бор ҳолича намойиш эта бошлайди. Ҳамроҳимиз Абдуназар бахши Кўҳитангга бахши кўзи билан қарайди. Сурхондарё ва Қашқадарё бахшилари тилида бу тоғ “Кўҳитанг”, Самарқанд бахшилари тилида эса “Қағатанг” сифатида тилга олинади. Хуллас, тоғ каби, у ҳақдаги афсона ва ривоятлар ҳам ғоятда кўҳнадир. Бахшига қолса, мана бу булоқниям тилга киритса, ундан Ойбарчин қониб-қониб сув ичган ёхуд у Алпомиш баҳодирнинг бир зарбидан айни чошгоҳда пайдо бўлган деса… Агар бахши хоҳлар бўлса, кўкдаги қушлар сизга эртак сўзлаб, чечаклар саломга келади. Чўнг қоялар таъзим айлаб, тоғлар бағрини очади. Агар таърифни мухтасар қилсак, бахшилар борлиқни сўзлатади, оламни куйлатади. Биз тоғлар бағридаги арчазор ва бошқа манзараларни илғасак, бахшилар Алпомиш ва Ойбарчинни кўради. “Алпомиш” достонида алоҳида завқла тилга олинадиган Кўҳитангдан бемисл илҳом олган Абдуназар бахшининг кўп ва хўп куйлагиси келди. Овози тоғлар оша қанот қоқди. Дўмбира сасини эшитган халқ у дарадан, бу дарадан йиғилиб келаверди, йиғилиб келаверди. Бахши эса борлиқни унутган кўйи, куйлайверди, куйлайверди. Шу тун Кўҳитанг янада фусункор тус олди. Тоғликларгина эмас, кўкдаги юлдузлар ҳам кўзларини жавдиратиб-жавдиратиб, достон тинглади!
Эртаси куни яна йўлда давом этиб, қояга чизилган суратларни кўзлаб борардик. “Зараутсой” жамоатчилик маркази раҳбари Абдулла Холмирзаевтоғнинг туни суякни қақшатадиган даражада совуқ бўлади, дея бизни тез юришга қистаб, ҳоли-жонимизга қўймасди. Буни билсак-да, барибир ошиқолмасдик, негаки, теварагимизда ноёб арчалар ва тоғ гиёҳлари гуркираб ётарди. Тиккайган ҳар бир гиёҳнинг табиатда тутган ўз ўрни бор. Уларнинг шифобахшлик хусусияти ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Илгарилаганимиз сайин арчалар қуюқлаша бориб, айрим жойларда ўтиб бўлмас ўрмон тусини оларди.
Табиатда арчанинг етмишга яқин тури бор. Шундан уч тури — Зарафшон, яъни қора арча, савур арча ҳамда Туркистон арчаси ўз тоғларимизда ўсади. Арчалар, одатда, 600-700 йил, айримлари эса икки минг йилгача умр кўради. Туркистон арчаси тоғнинг нисбатан юқори қисмида — 2500 дан 3100 метргача бўлган баландликда томир отса, 1400 дан 2500 метргача бўлган оралиқда савур арча ўсади, икки минг метр ва ундан қуйироқни эса Зарафшон арчаси эгаллайди. Уларсиз тоғ табиатини тасаввур этиб бўлмайди.
Арчазордаги қадим хумдонлар
Тоғлардаги аксарият қалин арчазорлар ўз бағрида ноёб осори атиқаларни, яъни қадимий хумдонларни асраб келади. Улар маъдан эритишга мўлжалланган. Қадимий хумдон қолдиқларига Хомкон кўлида ва, шунингдек, Ҳисор тоғи тизмаларида илгари ҳам рўбарў келгандик. Улар аждодларимиз қадим-қадимдан маъданшунослик илмини чуқур билгани ва тоғлардан турли рудалар қазиб олиб, арчадан писта кўмир тайёрлаб, маъдан эритишганини билдиради.
Буни қарангки, Қўҳитангда ҳам шундай қадимий хумдон ўринларидан бирига дуч келамиз. Ерда сочилиб ётган маъдан қолдиқлари, аниқроғи, қуйқаларнинг нималигини суҳбатимиздан билиб олган айрим тоғлик ҳамроҳларимиз бундай ашёлар тоғнинг бошқа қисмларида ҳам мавжудлигини айтишади. Демак, хумдон тоғда ягона эмас, йўлда уларга яна дуч келишимиз мумкин.
Бир неча чақирим оғир тоғ йўлини ортда қолдирганимиздан сўнг ёнбағирликда турган ёлғиз иморатга кўзимиз тушади. Ҳамроҳимиз Абдулла аканинг, тоғликлар зийрак бўлишади, юришингизга қарабоқҳолатингизни аниқлайди, деганича бор экан. Ошиқаётганимизни узоқдан пайқаган уй эгалари, қўниб ўтишга кўнмаслигимизни сезишди шекилли, тоғ одатига кўра, қаршимизга ўзлари дастурхон кўтариб чиқди.
Биз ҳам лутфга лутф ила жавоб бериб, тик турганча бир тишламдан тандир кабоб едик. Сўнг тоғликлар билан хайр-хушлашиб яна йўлга тушдик. Зараутсойга хийла яқинлашганимизда хумдон қолдиқларидан яна бирига дуч келамиз. Оёғимиз тагида, хаслар орасида маъдан қуйқалари сочилиб ётарди.
Ўлка тарихини ўрганиш борасида салмоқли ишлар қилиб келаётган Абдулла аканинг таъкидлашига қараганда, Зараутсой қадимдан кончилик ва ҳунармандлик марказларидан бири бўлиб, бу ҳудудда нақ олтита маъдан эритиладиган хумдон бўлган экан. Ота-боболаримиз хумдонга бир қават Зараут кўмири, бир қават руда тош қалаб, олов ёқиб чўян ва темир эритганлар. Улар ишлатган Зараут кўмири узоқда эмас, мана шу яқин орада.
“Зараут кўмири” ҳақидаги гапни эшитиб, ҳушёр тортамиз.Абдулла ака ўйимиздан не ўтганини сезгандай, бизни кўмир қатлами томон бошлайди. Мана ўша кўмир қатлами! Одамнинг ҳеч ишонгиси келмайди. Кўз ўнгимизда ҳали қўл теккизилмаган кўмир қатлами қорайиб турарди. Айтишларича, қаршимиздаги тоғ замини яхлит кўмир кони экан. Демак, бу ҳудудда маъдан эритган ота-боболаримиз биз ўйлаганчалик махсус писта кўмирдан эмас, балки росмана тошкўмирдан фойдаланишган бўлса ҳам ажаб эмас.
Тош даврининг бадиий ижоди
Ниҳоят, Зараутсой ёдгорлиги жойлашган даранинг кунботар томонидаги катта қояга етиб келдик. Чамаси, уч қаватли том баландлигидаги суратли камар кўзга ташланиб турарди. Лекин ундаги қадимий суратларни пастдан туриб илғаш қийин. Одатда, тошдаги суратларни кўргани келганларнинг ҳаммасиям юрак бетлаб қояга тирмашавермас, яъни камарга чиққанлари чиқиб, чиқолмаганлари армонда қайтиб кетар экан. Бироқ бизнинг армонда кетиш ниятимиз йўқ эди. Шунинг учун ҳимоя арқонидан фойдаланиб, юқорига тирмаша бошлаймиз.
Камар айвони тор. Камарнинг турли томонига сочилган тошсуратлар қоя рельефига мослаб яратилган, яъни рельеф ибтидоий рассом учун тасвирий элемент сифатида хизмат қилиб, маълум бир композицияга уйғунлашган. Барча суратлар алоҳида гуруҳларга бўлинган. Биринчи гуруҳ суратлари камар ичининг чап қисмидан юқорига қараб жойлашган бўлиб, тахминан 60-80 сантиметрли юзани эгаллаган. Бу ерда ёввойи ҳайвонларни юқорига ҳайдаб ов қилиш саҳнаси тасвирланган.
Иккинчи гуруҳ расмлари 80-120 сантиметр атрофидаги майдонни эгаллаган. Бир-биридан анча узоқда жойлашган бу суратлар гуруҳи, олимларнинг фикрича, мазмуни ва яратилган вақти жиҳатидан бир-биридан фарққилади. Ўнгроқда бийга ўхшаган ҳашорат тасвири туширилган. Маъноси ҳозиргача тўла ўрганилмаган турли чизиқлар ҳам мавжуд. Учинчи гуруҳ расмлари камар шифтининг юқоридан эгилган жойида бўлиб, 60-100 сантиметрли юзани эгаллаган. Қизил бўёқ билан тасвирланган суратларда ёввойи буқани итлар ёрдамида овлаш саҳнаси акс этган. Овчилар қуйига томон кенгайиб борувчи кийимларда. Уларнинг бу кўриниши худди тувалоққа ўхшаб кетади. Бу ерларни макон тутган тувалоқдан ёввойи жониворлар қўрқмаган. Ибтидоий овчилар ўша тувалоққушлар ниқобида ўлжага яқинлашган кўринади.
Қадимги ўрта тош даврига (мезолит, милоддан олдинги 12-6 минг йилликлар) мансуб бу суратлар инсоният тамаддуни тонгида яратилган бўлиб, у жойлашган тоғ камари 1939 йили адашган улоғини сарсон қидириб юрган зараутсойлик Рауф деган бола томонидан тасодифий равишда топилган ва ўз даврида Марказий Осиёда биринчи марта кашф этилган тошбитик сифатида баҳоланган эди. Ўтган минг йилликларнинг шафқатсиз синовларидан эсон-омон ўтиб, бизгача бекаму кўст етиб келган бу нафис суратлар ўзига хослиги, бетакрорлиги билан қалбимизни фахр-ифтихор ҳиссига тўлдиради, хаёлларимизни ҳайрату ҳаяжонга чулғайди.
Бу ноёб ёдгорлик бориш қийин бўлган тоғқояси белидаги камарда жойлашганини айтдик. Шунга қарамай Зараутсойга хоҳлаган пайтда келиб-кетаётган «ёввойи сайёҳ»лар ўзларидан хунук «дастхат» қолдиришаётган экан. Қадимий суратларга шамол, қуёш нури ва иқлим ўзгариши каби табиий ҳодисалар ҳам уларчалик нохуш таъсир кўрсатмаган.
Неча минг йиллардан буён яхши сақланиб келган, маънавий илдизларимизга туташ Зараутсой ёдгорлиги кўз ўнгимизда хира тортишини ақлга сиғдириб бўлмайди. Юртимизнинг илк санъат бешикларидан бири бўлган нодир обидалар, қоятошларга битилган ноёб тасвирлар асраб қолиниши зарур. «Зараутсой» жамоатчилик маркази ташаббуси билан 2006 йили ЮНЕСКО вакиллари Зараутсой ёдгорлигига таклиф этилган. Жаҳон аҳамиятига молик тошбитик санъати ёдгорликлари менежментини ўрганиш масаласи кун тартибига қўйилмоқда. Шу муносабат билан ёдгорликни сақлаш ва муҳофаза қилиш, унга таъсир этувчи омилларни ўрганиб тошсуратларни консервация қилиш ва бу жараёнларга маҳаллий аҳолини жалб этиш зарурати келиб чиқмоқда.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 31-сонидан олинди.