Ваҳоб Раҳмонов. Матн ҳақиқати (2010)

Матншунослик, яъни матн ҳақиқатини тиклаш муаммоси ”Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг доимий мавзуларидан. Дарҳақиқат, адабий меросимизни ўрганиш ва муносиб тарзда чоп этиш ҳамма вақт долзарб вазифа саналади. Шу маънода газетада (”ЎзАС”, 2010 йил, 2-июл) эълон қилинган ”Матншунослик давр талаблари даражасидами?” номли давра суҳбатида айтилган мулоҳазалар, истак ва таклифлар, аввало, бу соҳа мутахассисларини бефарққолдирмаслиги тайин. Табийки, суҳбатда айтилган айрим фикрлар эътироз ҳам туғдирди. Шунингдек, филология фанлари номзоди И.Бекжонов давра суҳбатига муносабатини билдириб ёзган ”Таклифлар жўяли, аммо …” мақоласида (”ЎзАС”, 2010 йил, 16 июл) ёзади: ”… ҳақиқатан ҳам бу нашрлардаги (гап Навоий мероси нашрлар ҳақида — В.Р.) кичик хатоларни излаш ўрнига, кучимиз ва тажрибамизни ана шу улкан иш учун сарфлашга тўғри келади. Чунки токи илмий-танқидий матн амалга ошмас экан, нашрларда хатоларнинг кўплаб учраши оддий ҳол бўлиб қолаверади”, деб ёзади.

Бизнингча, матншуносликда ”кичик хатоларни излаш” майди ишга кирмайди, аксинча, кучимиз, тажрибамиз ана шу “кичик хатолар”ни топишда кўринади. Матн ҳақиқатини тиклашда, мумтоз адабиётимиз намуналарини нашр этишда ҳар бир белги, ҳарф, сўз мутахассиснинг зийрак назаридан ўтсагина ”улкан иш”нинг муваффақиятини таъминлаш имкони туғилади.

Камина ҳам ярим асрдан бери шу соҳага қизиқиб, қўлимдан келганча мумтоз адабиётимиз намуналарининг матн савиясини яхшилашда икки йўналишда меҳнат қиламан: биринчиси, у ёки бу мумтоз асарнингбиздаги нашрларидан кўнглим тўлмаса, ўзим ўша асарларни араб ёзувидан бошқатдан нашрга тайёрлайман. Чунончи, Алишер Навоий ”Лисон ут-тайр” достониниг икки нашри (1992 йили кирилди, 2005 йили лотин ёзувида, ”Хамса”нинг беш достони (2006 йили лотин ёзувида); иккинчиси, бошқа олимларимиз нашрга тайёрлаган асарларга масъул муҳаррирлик қиламан. Чунончи, ”Ўзбек адабиёти бўстони” туркумидаги китобларнинг тўққизтаси, Машраб ”Девони”и сингари нашрлар менинг таҳриримда чиқди. Қўлга қалам олиб, мен тайёрлаган мумтоз матнлардан уч-тўрт сўздаги хатони тузатган кишини пешонасидан ўпиб, ”Яшанг!”, дегим келади.

Ўтган йили қадрдон газетамизда (”ЎзАС”, 2009 йил 4 сентябр) ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи катта илмий ходими, филология фанлари номзоди Юсуф Турсуновнинг ”Истамак”ми ёки ”эснамак?” сарлавҳали мақоласини ўқиб чиндан қувондим. Қувонганимнинг боиси, мен ”Лайли ва Мажнун”ни қайта нашрга тайёрлашда Юсуф Турсунов қиёсий таҳлил қилган достон матнидан ҳам фойдаланган эдим. Демак, айримларига яхши аҳамият бермаган бўлсам керак, деб ўйладим. Шу маънода олимдан миннатдор бўлдим.

Мақолани ўқиб, ўзимча мулоҳаза қилдим: муаллифнинг”Лайли ва Мажнун” достонидан келтирган ”тузатилган” тўрт байтига ишонсак, ҳозиргача шу достонни нашрга тайёрлаган барча олимлар ушбу байтларни хато ўқиган бўлиб чиқади.

Матшунослик ютуғи — асарнинг тайёрланган илмий-танқидий матни ҳисобланади. Бу нусха илмдаги нуқта қўйилган сўнгги сўз демакдир. Нашрда энди шунга амал қилиш керак, холос.

Достон матнини илмий тадқиқ этиб, кўплаб мўътабар нусхалардаги ҳар бир сўзни бир-бирига таққослаб илмий- танқидий матн тузган олим Ғулом Каримов ўзининг меҳнати хусусида шундай ёзади: ”Алишер Навоийнинг ”Лайли ва Мажнун” достонини нашрга тайёрлашда …1945 йилда кандидатлик диссертацияси сифатида ҳимоя қилинган достоннинг илмий-танқидий матни асос қилиб олинди. Бу илмий-танқидий матн,… энг мўътабар ва энг эски нусхалар асосида ҳозирланган эди: 1) Ўзбекистон ФА Шарққўлёзмаларини ўрганиш институтидаги 5018 инвентарь номерли ХV асрга мансуб қўлёзма нусха: 2) Ўзбекистон ФА Адабиёт музейидаги 149 инвентарь номерли ХV асрга мансуб қўлёзма нусха: 3) Ўзбекистон ФА Фундаментал кутубхонасидаги 208 инвентарь номерли ХVI асрга мансуб қўлёзма нусха: 4) Шоҳмурод котиб томонидан кўчирилиб, 1904 йилда Тошкентдаги Порцев литографиясида босиб тарқатилган нусха (Алишер Навоий, ”Хамса”, ”Лайли ва Мажнун”, Ўзбекистон Давлат нашриёти, Тошкент, 1949, 22-бет).

Ю. Турсунов ўзи даъво қилаётган байтларини неча нусхага солиштириб қўрган, билмадим. Бироқ мен бу достонни нашрга тайёрлашда беш нусхага таянганман. Демак, биз кўрган нусхалар тўққизта. Матншуносликда бирор фикрга ҳақиқат нуқтасини қўймоқчи бўлган олим шу соҳада ҳеч бўлмаса 500 атрофида ўзбек ва форс-тожик адабиёти намуналарини тушуниб ўқиган бўлиши, уларни ақл чиғириғидан ўтказиб ўзлаштирмоғи лозим. Чунончи, Ю. Турсунов:

Одамий эрсанг, демагил одами,
Оники йўқ халқғамидин ғами —

байтига нисбатан матбуотда айтилган ноҳақ даъволар масаласига дахл этган. Яхши дахл этган:

Одамий эрсанг, демагил одамий,
Оники йўқ халқғамию дин ғами —

тарзидаги ҳолат ғайриилмий эканлигини айтган. Бироқ асос етарли эмас. Агар муаллиф Саъдий Шерозий асарларидан яхши хабардор бўлса эди, Алишер Навоийнинг бу буюк шоир асарларидаги умумбашарий фикрларидан таъсирланганини ҳам пайқар ва ўша масалада фикрнинг илдизига етиб, асосли нуқта қўйган бўларди.

Хўш, байтнинг навоиёна варианти тўғрилигини қандай исботлаш мумкин эди? Гап шундаки, Алишер Навоийнинг юқоридаги фикри Саъдийнинг машҳур “Гулистон” асаридаги қуйидаги байтдан озиқланган:

Ту к-аз меҳнати дигарон беғами,
Нашояд ки номад ниҳанд одами.

Мазмуни: Сен ўзгалар машаққатидан беғам бўлсанг, Сени одамий ҳисоблаш мумкин эмас.

Ана шу икки байтнинг биронтасига “дин” сўзини қўшиб бўлмаганидек, муаллифлар ўша байтларда динни назарда тутмаганлар. Шунинг учун байтнинг: “Одами эрсанг, демагил одамий, Оники, йўқ халқғамидин ғами” ҳолати ўзи тўғридир.

Ю.Турсунов мақоласида тўртта байтдаги мавжуд бўлмаган хатони тузатишга уринган. Биринчиси, шу эди. Иккинчи тузатмоқчи бўлган байти:

Ул иш неки воқиъ ўлди бехост,
Бир-бир деди ул икисига рост.

Мақола муаллифи матндаги “иш неки” сўзларини “ишники” тарзида тўғри ўқиш кераклигини талаб қилиб ёзади: “Бу байт достоннинг барча нашрларида, 1949 йилда асарнинг илмий-танқидий матнини тузган Ғ.Каримов нашридан тортиб, энг сўнгги 2006 йилда В.Раҳмонов томонидан амалга оширилган нашргача айнан шундай кўринишдадир”.

Мен қизиқиб Алишер Навоий “Мукаммал асарлар тўплами”нинг 9-жилди — “Лайли ва Мажнун” достонининг XII бобидаги бу байтга кўз югуртирдим. Бу даъвосида адабиётшунос ҳақ: даҳо шоир байти зарар кўрган, “ишники” сўзи нотўғри кўчирилган экан. Сўнгра шу нуқсонни достоннинг илмий-танқидий матн асосида тайёрланган 1949 йилги нашрида ҳам кузатдим. Нашрга тайёрловчи матнни хато ўқиган. Қизиқ, олим Ғулом Каримов араб ёзувидаги илмий-танқидий матнни тўғри тузгану, кирилга кўчиришда нотўғри ўқиган ва “иш неки” деб кўчирган. Демак, бунда ҳам Юсуф Турсунов ҳақ.

Ниҳоят ўзим нашрга тайёрлаган “Лайли ва Мажнун” достонининг 2006 йилги нашрининг 58-бетига кўз ташлаб, ўша байтни топдим. Матн лотин ёзувида қуйидагича босилган:

Уш ишники воқиъ ўлди бехост,
Бир-бир деди ул икисига рост.

Демак, матншуноснинг В.Раҳмонов нашрига нисбатан даъвоси нотўғри.

Энди Ю.Турсуновнинг учинчи байтга доир даъвосига келсак. Жонкуяр олимимиз:

Сендин етиб бу шиддат охир,
Кимга тоқойин бу туҳмат охир —

байтига нисбатан қуйидаги мулоҳазаларини баён этади: “Асар қўлёзмасига қиёсланса, бу ўринда ҳам эътирозли жиҳат кўзга ташланади. Биринчидан, тоқайин ёки тақайин сўзини биз “Навоий асарлари луғати”да кўрмаймиз”.

Адабиётшунос “тоқойин” деган сўз “Навоий асарлари луғати”да йўқ, деган асосни бизга дадил сифатида манзур этмоқда. Гап шундаки, у йўқ сўз деб даъво қилаётган “тоқ”моқ сўзи “тоқ” ва “тақ” ҳолатларида Навоий ижодида юзлаб маротаба учрайди. Далил сифатида тўрт жилдли “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғат”и учинчи жилдидан мисол келтирайлик:

Тақ — осмоқ, бўйнига осмоқ; боғламоқ.

Банди зулфинг бўйнума тушгач ҳалак этти мени,
Итга, жоно, ҳеч ким ўлтургали тақмас марас(210-бет).

Тоқ — 1. Осмоқ, боғламоқ.

Ҳирс ўлса қаноат ўтиға ёқ ани,
Яъники адам риштасиға тоқ ани.

2. Тақмоқ, тизмоқ.

Фасона айтур устоди суханвар,
Бу янглиғ тоқти сўз бикриға зевар (249-бет).

Кўрдикки, тузатишга суянилган биринчи далил рост бўлиб чиқмади. Энди, иккинчи далилга эътибор қилайлик. Ю.Турсунов ёзади: “Иккинчидан, қўлёзма нусхаларида байтнинг иккинчи мисраси:

Кимга ёқайин, бу туҳмат, охир?!

Бунда энди мисрадан маъно чиқариш мушкулроқ, ёқайин сўзи ишга тўсқинлик қилаётгандек. Аммо қарангки, тоқайин ва ёқайин сўзларининг ҳам ёзилишидаги ўзаги бир хил. Шунга кўра, дастлабки ноширлардан бири, котиб бу ўзакка ихтиёрсиз равишда сўз бошидаги икки нуқтани нотўғри қўйиб юборган ва “ё”йи ваҳдат “те”га айланиб қолган, деган фикр билан ёқайинни тоқайинга ўзгартирган. Бу “тузатиш” нашрдан нашрга ўтиб келаверган. Аслида эса, ўша мисрага қовушмай турган ёқайин сўзини чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўриш керак эди. Зеро, унинг бир эмас, бир неча маънога эга эканлиги “Навоий асарлари луғати”да кўрсатилган. Яъни ёқмоқ — 1. Ўқмоқ (ўт, шам); куйдирмоқ. 2. Хуш келмоқ, маъқул тушмоқ. 3. Нисбат бермоқ, тўнкаймоқ. 4. Суртмоқ, қўймоқ, доғламоқ (дорини).

Кўринадики, бу маъноларнинг учинчиси сўз бораётган мисрага мувофиқ келади. Ўқайин сўзини ўзгартиришга қарор қилган шахс назарда тутган сўз бугунги кун тилимизда тақимоқ шаклида қўлланади”.

Бу матнга доир бизнинг мулоҳазамиз қуйидагича: Ю.Турсунов “котиб бу ўзакка ихтиёрсиз равишда сўз бошида икки нуқтани нотўғри қўйиб юборган ва “ё”йи ваҳдат “те”га айланиб қолган”, деб фараз қилади. Ҳолбуки, у биргина нусхага суяниб хулоса чиқармоқда, шубҳани ҳақиқат даражасига етказиш учун мўътабар, қадимий нусхалардан яна бир нечтасига мурожаат этиш лозим эди. “Лайли ва Мажнун” матнини нашрга тайёрлашда мен беш нусха “Хамса”ни қиёслаб матн тайёрлаганман. Шу байтни эсласам бирор нусхада “ёқмайин” варианти учрамади. Матншунослик олимнинг тахминига қараб қолса, матн ҳақиқати синади. Қолаверса, асар танқидий матни илмий даъво учун масаланинг узил-кесил ечими бўлиб ҳисобланмайди. “Лайли ва Мажнун” илмий-танқидий матнни тузган Ғулом Каримовнинг 1949 йилда нашр этган “Алишер Навоий “Хамса”, “Лайли ва Мажнун” китобининг 56-бетидан кўчирамиз:

Сендин етибон бу шиддат охир,
Кимга тоқойин бу туҳмат охир?!

Демак, матндаги “тўнкамоқ” маъносидаги “тоқойин” сўзи ўзи тўғридир. Ю.Турсунов ёзади: “Севишганлар учрашуви баёни билан боғлиқ яна бир байт ҳам мунозарали. Қалби изтиробларга тўла Қайс нигорига ёниб-куйиб сўзлар экан, қаттиқҳаяжон туфайли ҳушидан кетади. Лайли унинг бошини бағрига олиб, юм-юм йиғлар экан, кўз ёшлари ошиғининг юзига оқиб тушарди.

Аслиятда ушбу ҳолат:

Қўйнига олиб нигор бошин,
Сочиб юзидин юзига ёшин —

дея ифодаланган”. Ю.Турсуновнинг гапини бошқа қўлёзма нусхалар ва илмий матн тасдиқланмайди. Мўътабар “Хамса”нинг назарда тутилганбайти фотонусхасида ҳам даъво қилинган “юзидин” сўзи ўрнида “кўзидин” борлигини ҳар қандай кўзи очиқ одам кўради (қаранг: “Лайли ва Мажнун”, 1992, 84-бет). Қолаверса, мен фойдаланган беш нусханинг бирортасида “юзидин”, деб ёзилган жойи йўқ.

Энди Ю.Турсунов мақоласининг сарлавҳасига дахлдор байтига келсак:

Ўш ғунчаға истамак бўлиб иш,
Жола тушуб, оғзиға бўлур тиш —

байтини адабиётшунос “Навоий куллиёти”да: “Ўш ғунчаға эснамак бўлуб иш, Жола тушуб, оғзиға бўлуртиш” тарзида ёзилган, деб даъво қилади.

Мен қатъий хулоса сифатида асарнинг илмий-танқидий матнидан шу байтни манзур этаман:

Ўш ғунчага истамак бўлуб иш,
Жола тушуб оғзиға бўлур тиш.(52-бет).

Фикран мен матндаги “истамак”нинг “эснамак” бўлишини жуда-жуда истардим. Бироқ мўътабар нусхалардан бирининг фотонусхада бир нуқта тик ҳолатда, икки нуқта ёнбош ҳолатдаги бир нуқта тарзидадир. Ўша тепадаги “т” нуқтасини остки “ё” нуқтаси билан қиёслаб кўринг. Айнан бир хил. Мен лупа билан ҳам роса тикилдим. Бироқ Ю.Турсунов фикрига қўшилолмадим.

Шудринг тишга ўхшайдими? Мен жола сўзини матн мазмуни тақозосича дўл деб ўйладим. Дўл тишга ўхшайди. Насрий баёндаги менинг қўпол хатом — “ғунча”ни кўпликда ифодалаганим бўлган.

Хуллас, матн ҳақиқатини тиклаш учун байт мазмунини бир томондан эмас, олти томондан кузатиб, сўнг бир тўхтамга келмоқ лозим.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 31-сонидан олинди.