Тонг чоғи қаршимизда юз очган Тўдакўлни саҳро денгизи деганича бор экан. У бамисоли уммондек маҳобатли бир тарзда ястаниб, чайқалиб ётарди. Шунча тикилсак-да, унинг нариги қирғоғини кўз илғамасди.
Кўлдан шўртангтоб сув ҳиди, соҳилидан эса саҳро нафаси уфуриб тургандек туюлади. Аслида ҳам бу улкан кўлни саҳро кенглиги ўраб турарди. Шунинг учун ҳам унинг қирғоқлари саҳро ўсимликлари билан безанган. Бу ерда юлғун ва бошқа турдаги саҳро табиатига мос кўплаб ўсимликларни учратиш мумкин.
Узоқ-узоқдан қушлар овози келади. Барча кўллардаги каби бу кўлда ҳам турли қушлар ўта гавжум. Дарвоқе, қушларнинг бу қадар сероблиги бежиз эмас, кўл ва унинг теварак ҳудуди қонун билан муҳофазаланган. Бу ернинг ёввойи табиати бор ҳолича асраб қолинмай, балки ўша ёввойи оламнинг боқийлиги ва бус-бутунлигини янада мустаҳкамлаш йўлида доимий равишда ғамхўрлик қилинмоқда. Чўлликларда қизиқ бир гап бор, дейишадики, ўсимликларни асрасанг — қушларни асраган бўласан, қушларни асрасанг — кўлни асраган бўласан, агар ҳаммасини асрасанг — бутун оламни асраган бўласан. Жўнгина, лекин пурмаъно ҳикмат.
Экспедиция кўлга чиқиш учун қайиқларнинг қирғоққа қайтишини кута бошлайди. Бироқ рация орқали чақиртирилган қайиқлар кўлнинг кўз илғамас кенгликлари бўйлаб сочилиб кетгани боис, уларнинг соҳилга қайтишини кутишимизга тўғри келди. Ахир, кўлнинг кенглиги чакана эмас-да. Тушлик ҳозирлаш учун кимдир ўчоқ кавлаб қозон осади, кимдир сабзи-пиёз арчийди. Экспедицияда бу хил ишлар одатий ҳол. Лекин қўлимиз ишда бўлса-да, кўл томондан мотор овози эшитиляптими, йўқми дея, ҳамманинг қулоғи динг. Ҳаво айнимасдан бурун кўлга чиқишни ўйлаймиз. Ҳаво бузилса, кўлга яқинлашиб бўлмас экан. Унинг авзойи эса эрталабданоқ яхшиликдан дарак бермасди.
Қайиқлар қирғоққа етиб келиши билан улар томон ошиқамиз, ҳаво тобора айнимоқда эди. Бамисоли денгиздай чайқалаётган кўл бўйлаб шитобла суза бошлаймиз. Кўлнинг қайси бир қирғоққа яқин бурчига тўр ташлаган балиқчиларнинг иш жараёнини, айни чоғда, кўлни кўздан кечириш ниятида олға сузардик.
Ҳаво айниган пайтда сузиш ҳақиқатдан хавфли, шекилли, қайиқни бошқариб бораётган йигит рация орқали тинмай об-ҳавони суриштириб турарди.
Юртимиз харитасидан Тўдакўл номи билан ўрин олган бу сув ҳавзаси Ўртачўл канали орқали Зарафшон дарёсининг ортиқча сувларини ўзида жамлайди. Тўлиқ ҳажми 800 миллион кубметр, сув юзасининг майдони эса 17,5 квадрат километр. Агар буни гектарга айлантирадиган бўлсак, у 24 минг гектарни ташкил этиб, қисқичбақали кўл — Шўркўлдан деярли беш баравар катта. Кўлнинг бўйи 48, эни эса 24 километрдан ортиқ. Биз ўша куни Тўдакўл бўйлаб 84 километрдан зиёд масофани сузиб ўтишимизга тўғри келишини айни дамда ҳатто хаёлимизга ҳам келтирмасдик. Ҳозирча сезганимиз шу бўлдики, табиатда энг юмшоқ масса ҳисобланган сув шамол пайтида қайиқда сузган одамга энг қаттиқ жисмдай бўлиб туюларкан. Қайиқ тумшуғи ҳар кўтарилиб сувга урилганида, сувнинг зарбидан оғирроқ нарса йўқлигини бутун вужудингиз билан ҳис эта борасиз.
Кўл майдони шу қадар кенг эдики, балиқчилар гуруҳи айни вақтда қаердалиги рация орқали базўр аниқланди. Ниҳоят, узоқдан балиқчиларнинг қайиқлари кўринди. Улар нариги соҳил яқинидаги сувга тўр ташлашган экан. Биз борган пайтда балиқчилар тўрни сувдан торта бошлашди. Марказда бир қайиқ, тўрнинг икки бошида эса балиқчилар тушган яна бир неча қайиқ. Бу ҳам ўзига хос оғир ва мураккаб меҳнат экан. Балиқчилар ошиқмасдан тўрни сувдан тортишар экан, балиқлардан бирини қайиққа, худди шундай катталикда бошқасини эса негадир сувга итқитишарди. Қизиқ, улар нима учун бундай қилишяпти?
Кейин билсак, кўлда мавжуд балиқ турлари орасида ўтхўр балиқлар қатори тирик мавжудотлар билан озиқланувчи йиртқич балиқлар ҳам сероб экан. Балиқчилар ўша йиртқич балиқларни ўлжа сифатида қайиққа ташлаб, қолганларини эса, ўсиб-унсин ва йириклашсин, дея қайта сувга итқитишар экан. Иккинчидан эса, тўрга тушган йиртқич балиқлар, жабрасининг узунлиги туфайли, тўрдан кейин яшаб кетиши қийин экан Жабраси ўзгачароқ жойлашган ўтхўр балиқлар сувга қўйиб юборилганидан сўнг ҳам бемалол ўзини тутиб кетавераркан. Хуллас, балиқчилар йиртқич балиқларни камайтириш эвазига ҳам бошқа турдаги балиқларнинг кўпайишига замин ҳозирларкан.
Олтинранг балиқ кўлнинг асосий балиқ турларидан бири ҳисобланади. Бу турдаги балиқлар ҳам табиий, ҳам сунъий тарзда мунтазам кўпайтириб келинади. Қисқача айтганда, балиқ фақат овланмайди, балки у ундирилади ҳам. Агар ўхшатиш жоиз бўлса, кўл — бу балиқчилар жамоаси учун деҳқоннинг даласидек бир гап, қаерида нима бор, қаерини ўт босдию қаеридан нам қочди, барини кўриб-билиб туришади ва шунга қараб иш тутишади. Балиқчилар тили билан айтганда, биз ҳосил йиғилаётган пайтда келибмиз. Бироқ йилнинг бу мавсумида бамисоли денгиздек чайқалиб турган кўлнинг кутилмаганда феъли айниб, қайсарлиги жуда ортади. Агар шу тобда кучлироқ шамол туриб берса борми — тамом, балиқ тўрда, тўр эса сувда қолиб кетаверади.
Балиқ овлаш шунчаки ишқибозлик эмас, балки кимлар учундир у чинакам заҳматли меҳнат экан. Бу орада ҳаво тобора айнимоқда эди. Экспедиция олдида ҳали қилиниши лозим бўлган яна бир талай ишлар кўндаланг турарди. Шулардан бири кўл табиатида муҳим ўрин тутувчи турли-туман қушлар олами эди. Экспедиция уларни яқиндан кузатиш ва тасвирга олиш мақсадида кўл бўйлаб елишда давом этади. Кўл юзида эмин-эркин учиб-қўниб юрган бу қушларнинг айримлари ўтроқ, аксарияти эса вақт қанотига илашиб, фаслларнинг илиши ва совушига қараб маконларини ўзгартириб турувчи ўтар қушлардир. Агар бу қушларнинг кўл табиатида тутган ўрнига илмий нуқтаи назардан ёндашсангиз, аён бўладики, бу қанотли жониворлар доимий равишда кўлни ўлакса ва заифлашган жонзотлардан тозалаб, унинг орасталигига улкан ҳисса қўшиб келади. Она табиатимизни қушларсиз асло тасаввур этиб бўлмайди. Аммо уларнинг мавжудлигига руҳий ва ҳиссий дунёқараш орқали назар солсангиз, кўз ўнгингизда ўзга бир манзара, яъниким юрт тинчлиги ва осмон мусаффолигини ўз бағрига чирмаган гўзал бир қўшиқ бўй кўрсатиб, оҳанг тарата бошлаганини сезасиз. Бу ўлан момоларимиз томонидан минг йиллар давомида куйлаб келинади. Унда қуш тилидан шундай дейилади:
Ер бовурлаб учаман, Осмон бовурлаб учаман, Қайда тинчлик, Қайда осойишталик, Ўша ерда қўним топаман. Ерни маҳкам қучаман, Кўк юзини ўпаман, Қайда кўл, Қайда дарё, Ўша ерни манзил тутаман. Ерни сийпаб учаман, Кўкни силаб учаман, Қайда ғавғо, Қайда нотинчлик, У ердан мен қочаман. Ер айланиб учаман, Кўк айланиб учаман, Қайдаки кўлда қуш бўлса, У элни тинч деб биламан…Ўландан шу маъно англашилаяптики, осмони тинч юртнинг кўли қушга сероб бўларкан! Момоларимиз фалсафасининг оддий ва улуғлигини қаранг! Тасвирга олиш жараёнида қушлар тинчлигига дахл қилмасликка тиришамиз. Ўша куни кўл бўйлаб узоқ сузиб, соҳилга ерни соғиниб қайтамиз. Оёғимиз қаттиқ заминга теккач эса, ер тафти қатори, унинг улуғвор меҳрини ҳам ҳис қилгандек бўламиз!
Экспедициянинг туни кўпинча гулхан теварагида кечади. Шу тун кўл бўйида қоламиз. Шу ниятда қозон осамиз. Балиқчиларнинг ҳангомалари қатори, совуқ тунда улкан ва йирик балиқларнинг сувни шалоплатишларини эшитиб ётамиз. Эртаси экспедиция белгиланган режага кўра, Навбаҳор тумани ҳудудида жойлашган қадим тутларни қоралаб йўлга тушади. Аввалги экспедициялар давомида минг йиллик кўҳна чинор ва бошқа турдаги дарахтларга бир неча бор дуч келганмиз. Навбаҳор туманидаги тутлар эса ўзининг ўта қадимийлиги билан сафар бошидаёқ бизни жуда қизиқтириб қўйганди. Мана ўша тут дарахтлари! Улар бир эмас, учта. Оралиқ масофа эса деярли бир хил. Бундан шу нарса англашиладики, тутлар табиий равишда ўсиб-унмаган, балки ўз вақтида маълум бир режа асосида экилган ва ундирилган. Хўш, ўта кексалиги танасиданоқ кўриниб турган бу қадим дарахтларнинг ёши нечада? Наҳотки, бу тутларнинг ёши ўн беш аср нарига бориб туташса? Ахир бу бир ярим минг йил дегани-ку! Бу ҳақиқатми, ё ривоятларга йўғрилган шунчаки гўзал бир тахминми? Азал-азалдан маълумки, бу ёруғ оламда ҳеч бир нарса сабабсиз юзага келмайди. Ўзича бўй чўзиб, ўзича қад ростламайди. Жумладан, мазкур тут дарахтларининг мавжудлиги, аниқроғи, қадимийлигининг ўзиёқ макон ва замон ҳақида нимадир айтиб, ниманидир англатгандай бўлади.
Қадим карвон йўлида қад ростлаб турган тутларга зимдан боқарканмиз, унинг япроқлари шивирида ўтмишда машриқдан мағрибга, мағрибдан машриққача узлуксиз қатнаб турган карвонлар шовурини, улар қўнғироқларининг сасини туйгандай бўламиз. Онгу шууримизда акс этган бу садо бизни қадим карвон йўли бўйлаб юришга ундайди ва Работи Малик, яъни Шоҳ работи билан юзлашмоғимизга сабаб бўлади.
Тахминан 1069-1079 йилларда қадим Бухоро ва Самарқанд йўлининг Чўли Маликдаги йирик савдо бекатида бунёд этилган Работи Малик, яъни Шоҳ работи. У Ўрта Осиёдаги энг кўҳна меъморий ёдгорликлардан бири ҳисобланади. Афсуски, бизнинг давримизгача бу катта карвонсаройнинг пештоқ қисмигина сақланиб қолган. Унинг ўтган асргача қад ростлаб турган жанубий минораси 1930 йилга келиб бутунлай заволга юз тутган. Бу ёдгорлик ўз вақтида карвонсаройгина бўлиб қолмасдан, ҳарбий истеҳком, қўрғон сифатида ҳам муҳим рол ўйнаган.
Работ катта кенг ҳовли ва атрофи ўралган икки қаватли хона-ҳужралардан иборат бўлиб, тарихий манбаларда таъкидланишича, уларга сопол қувурлар орқали сув ўтказилган. Марказий қисми тўрида, муҳташам сарой бўлиб, унга жанубдаги пештоқли дарвоза орқали кирилган. Работ деворларининг ўзаги хом ғиштдан, сирти эса пишиқ ғиштдан ишланган. Работнинг пештоқ қисми баландлиги 18, эни 12 метр бўлиб, юзаси саккиз қиррали юлдузлар ҳамда турли ҳандасий шакллар билан безалган. Қисқаси, бу манзилда не-не карвонлар тўхтаб ўтмаган дейсиз. Агар тасаввурга озгина эрк берар бўлсангиз, ўтмиш ўзининг оқ ва қора ранглари билан бор ҳолича кўз ўнгингизда намоён бўлади.
Работ яқинида эса, XIV асрга оид яна бир тарихий ёдгорлик — Сардоба жойлашган. Сардоба деганлари сув танқис ҳудудларда уни тўплаш ва сақлаш учун махсус қурилган гумбазли ҳовуздир. У асосан Ўрта Осиё ва бошқа Шарқ мамлакатларида қурилган. Сардобанинг девори цилиндр шаклида, диаметри 12-13 метр, чуқурлиги 10-15 метр, ҳовуз юзаси эса ер сатҳи билан бир текис бўлган. Унинг гумбази ўта сифатли пишиқ ғишт ва ганчдан ишланган. Сардобалар географик жойлашуви, жойнинг табиати, рельефига кўра, бир неча хил, яъни қор ва ёмғир сувлари, анҳор ва ариқ сувлари, ер ости сувлари йиғиладиган усти ёпиқ ҳовузлар бўлган. Тарихий маълумотларга қараганда, Мовароуннаҳрда уларнинг сони 44 та бўлган. 29 таси Қарши чўлида, учтаси Мирзачўлда, яна учтаси Тошкент билан Фарғона ўртасидаги савдо йўлида, биттаси эса Кармана яқинидаги, XIV асрга тегишли мана шу Сардобадир. Сардоба сўзининг луғавий маъносига келадиган бўлсак, сард — совуқ, об — сув, яъни у “совуқ сув” деган маънони англатади.
Экспедициямиз ўша куни йўл-йўлакай Навоий вилоятида ягона ҳисобланмиш минора ва унга бақамти қад ростлаган Тошмасжидда тўхтамасдан ўтолмади. Қизилтепа тумани ҳудудида жойлашган бу обидалар монументал меъморий ёдгорлик бўлиб, 1581-1586 йилларда бунёд этилган. Ёдгорлик номига келсак, масжид ҳовлиси саҳнига махсус қайроқтош терилган боис, у Тошмасжид деб юритиб келинади. Бу ёдгорлик ҳам бошқа тарихий обидалар каби неча бор завол юзини кўрмаган дейсиз. У мустақиллик йилларидагина ўзининг ҳақиқий шаклу шамойилини қайта тиклаган ёдгорликлар сирасига киради.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 16-сонидан олинди.