Бугунги ўқувчи мулла Бозор охундни Бобораҳим Машрабнинг тариқатдаги биринчи устози деб билади. Лекин кўпчилик китобхонлар бу шахснинг таржимаи ҳолидан деярли хабардор бўлмаса керак. Илмий адабиётларга кўз югуртирилса, худди шогирди сингари унинг ҳаёти ҳам ўзаро мос тушмаган турли ахборотлар қоришиғидан иборат экани аён бўлади. Баъзи тадқиқотларда унга оид қисқача маълумотлар учрайди, айримларида эса номигина қайд этилади. Бозор охунд ким ва қачон яшаган? Қайси тариқат вакили? Бу саволлар ҳозиргача қарийб жавобсиздир. Тарихий манбаларда бу тўғрида қандай гап-сўзлар бор?
Бозор охунд ҳақидаги илк илмий хабарлар Н.С. Ликошиннинг “Девонаи Машраб” таржимаси тадқиқот қисмида берилади. У Машрабга оид маълумот излаб, мурожаат қилгандан сўнг Чуст шаҳри қозиси домулла Масъуд махдум, қозикалон Муҳаммад Мурод ва шайх ул-ислом Нодим унга ахборот тўплаб беради. Улар орасида Бозор охунд шажараси ҳам бор эди. Шажарада Бозор охунд насаби имом Ҳанафия орқали ҳазрати Алига етиши таъкидланади. Бозор охунднинг отаси Султон Муҳаммадхон эди. У даставвал ҳазрати Султон Аҳмад Яссавий юртида яссавия тариқати вакилларидан таълим олади ва кейинчалик Қўқонга кўчиб келади. У ерда бир неча муддат яшаб, Наманганга ўтади ва ўша жойда муқим бўлиб қолади. Унинг Убайдуллоҳ хожа, Олим хожа исмли ўғиллари бор эди. Убайдуллоҳ хожа ўз даврида Подшо Бозор охунд номи билан шуҳрат қозонади. Унинг қол ва ҳол илмидаги биринчи устози, шубҳасиз, отаси эди. У яссавия тариқати мактабида сабоқ олиб вояга етади.
Абдурауф Фитрат “Машраб” мақоласида Бозор охундни: “Бухороли Баҳодур эшоннинг муриди бўлған Охунд мулла Бозор наманганли бўлуб, Фарғонада машҳур ва маълум бир мулла бўлган, қабри бу кун Наманган шаҳридадир”, деб қисқагина тавсифлаб ўтади. Кейинги тадқиқотчилар кўпроқ Н.С.Ликошин маълумотларидан фойдаландилар ва ХХ аср илмий адабиётида Бозор охунднинг вафоти, асосан, 1668 йил деб кўрсатилди.
Бу сана абжад ҳисоби билан “Булбул бирафт аз боғи илм” (“Булбул илм боғидан кетди”) сатридан олинган. Н.С. Ликошин худди шу таърихга асосланган ва уни биринчи бўлиб жамоатчилик эътиборига ҳавола қилганди. Тадқиқотимиз мазмунини мана шу бир неча сўздан иборат бир сатргина матн ҳақидаги мулоҳазалар ташкил этади. Ундаги “аз боғи илм” жумласидан ҳ. 1143 йил(1730-1731) ҳосил бўлади. Н.С. Ликошин абжад ҳисобини аниқлаш учун “булбул” сўзида жамланган 64 рақамини 1143 сонидан олиб ташлайди. У мисрани рақамлар билан “64 кетди 1143дан”, деб ўқийди. Оқибатда ундан ҳ. 1079 йил(1668 июн – 1669 июн) пайдо бўлади. Тадқиқотчилар рақамлар бекитилган бу сатрни Машрабга тегишли, деб ҳисобладилар. А. Абдуғафуров бир ишида: “Чунки Машраб З. Ризаев даъво этаётган санадан 4 йил кейин – 1668(ҳижрий 1079) йилда вафот этган Бозор охундга “Булбул бирафт аз боғи илм”мисраси билан таърих ёзган”, деб “далил” келтиради(“Эрк ва эзгулик куйчилари”, 116-бет).
Исматулла Абдуллаев, Шорасул Зуннунов, Ҳамидулла Болтабоев ва бошқа олимлар ишларида ҳам худди шу сана келтирилади. Муҳсин Зокиров “Эрк ва маърифат куйчилари” китобида (1984) (20 — 21-бетлар) Бозор охундни 1678 йили вафот этган, деб ёзади. Бироқ бу маълумотни қаердан олганини айтмайди. (Балки босмада 1668 сони 1678 деб хато терилган бўлиши ҳам мумкиндир, биз буни билмаймиз.) Нима бўлганда ҳам, Бозор охунд вафоти тарихга шу зайлда шубҳали саналар билан кириб қолади.
Аниқлик излаб қилинган уриниш зое кетмади. Жаноб Н.С. Ликошин “булбул”ни тушунмаган ва уни нотўғри шарҳлаган экан. Илк текширувдаёқ кутилмаган натижага дуч келдик. Абдулазиз Наманганийнинг(Мажзуб) “Тазкират ул-авлиё” асаридан Бозор охундга тааллуқли қуйидаги қизиқ ахборот чиқди: “Мулла Бозор Наманганий одатда туннинг аввалида ухларди. Уйқудан туриб, таҳажжуд намозини адо этарди-да, бир соат “Ҳидойайи шариф”ни ўқир ва кейин “Каломи шариф”ни тиловат қиларди. Бир кеча тиловат пайтида ғайбдан “Қуръонхонлигингдан безор бўлдим”, деган овоз эшитди. Уч кунгача шундай овоз келиб, у ақл-ҳушини йўқотди ва Бухоро тарафга равона бўлди. Бухорода ошпазга шогирд тушди.
Мирзо Баҳодур бир куни Регистонга келиб айланди ва ошпазнинг уйига кирди. Ошпаз лалида(лаганда) ош келтирди. У ошдан бир сиқим еди ва қолганини ошпазга қайтариб берди. “Буни ол, ошингни нима қиламан? Сенинг бир шогирдинг учун келдим. У шогирдинг бўладиган йигит”, деди. Ошпаз шогирдини ҳазратнинг ҳузурига келтирди. Охунд мулла Бозорни синаб кўриб, ўзи билан олиб кетди. Манзилга етгач, домулла Бозор ичкарига кирди. Икки-уч ой пир хизматида бўлди”(ЎзР ФАШИ. 1337-рақамли қўлёзма, 68а —69а-бетлар).
Мулла Бозорни ошпазнинг уйидан олиб кетган Мирзо Баҳодур ким эди? Н.С. Ликошин, Абдурауф Фитрат у Бозор охунднинг устози эканини гапириб ўтади. Бобораҳим Машрабга нисбат бериладиган бир ғазалда ҳам у мулла Бозор охунднинг устози сифатида таърифланади:
Маърифатнинг гулзори мулла Бозор девона,Ошиқларнинг сардори мулла Бозор девона.
Йўқтур асло кийнаси, баҳри урфон сийнаси,
Нури Ҳақ ойинаси мулла Бозор девона.
Жойларидур Наманган, Ҳақ йўлида жон берган,
Муридларини севган мулла Бозор девона.
Ичларидур тўла нур, пирларидур Баҳодур,
Бухорода ул машҳур, мулла Бозор девона.
Машраб ўзи девона, ишқўтиға парвона,
Йўл юрадур сарсона, мулла Бозор девона.
Манбаларда мазкур шахсҳақида баъзи маълумотлар учрайди. У кубровия тариқатининг таниқли шайхи МирзоБаҳодур Шербадуний ал-Бухорий эди. Тахминан, 1640 – 1710 йиллари Бухорода яшаган. Унинг яна Лутфуллоҳ хожа(Эшон Шаҳид), Ниёз Чўқмоқий, Ҳазрати Имло каби шогирдлари тарихда машҳурдир.
Ҳижрий 1082 йили(1671-1672) кубровия тариқати муршиди Мир Шаҳобиддин Соктараги вафот этиб, раҳбарлик Мир Атоуллоҳ Соктарагига қолганди. Ундан кейин ҳ. 1100 йили(1689) Мирзо Баҳодур тариқат муршиди маснадига ўтиради(ЎзР ФАШИ. 79-5-рақамли қўлёзма, 73б-саҳифа). Худди шу пир Регистон ёнидаги ошхонага келиб, ошпазнинг “бўладиган” шогирди мулла Бозорни кубровия тариқати сари бошлаб кетганди.
Муаррих Мирза Олим Махдум Бозор охунд ҳақида шундай маълумот беради:
“Шоҳруххонни аввал мартаба Хўқандга хонлик маснадига ўлтурганлигини тарихи ҳижрийда 1121(1709-1710) йили экан. Бир шоир бул тарихни “Зи Шоҳрух жў”(Шоҳрухдан қидир) иборатидин топибдур.
Хулосаи калом, Шоҳруххон ўн икки йил хонлик қилиб, ўн учинчи йилда вафот қилибдур. Машҳур наманганлик Машрабни пири шайх мулла Бозор охунд Наманганий ул хонга ҳамаср эканлар.
…Яна баъзи зурафолар Шоҳруххон вафоти тарихи ҳақида баъзи алфозлар мулла Бозор охундни муридлари оғзидин чиққан экан, моддаи тарих топибдур. Анинг ҳикояси шул эканким, вафотига Шоҳруххон Хўқанд шаҳрининг қалъа ва арк биноларида наманганлик мулла Бозор охундни муридларидин бир одамни мардикор қилиб ишлатиб юрган экан. Бу хабарни мулла Бозор охунд эшитиб, ани халос қилмоқ учун Хўқандга келиб, Шоҳруххондин ул муридларини илтимос қилган экан. Хон илтимосларини рад қилибдур. Шайх хондин хафа бўлуб қайтиб, Қаровултепада бир муридларининг уйига бориб, деворга Шоҳруххон тасвирини тортиб, ўқ-ёй ила ул суратга қараб отиб, мезбонга айтибдурлар “Шоҳрух мурд” деб. Бу ҳодиса пайшанба куни жума кечаси экан. Ўша жума куни хонни кифтига бир ёмон яра чиқиб, вафот қилибдур. Бир неча кундин кейин мулла Бозор охундни бир муридлари Қаровултепаға, ўшал уйга қўнганда соҳиби хонадон ҳодисани баён қилиб, шайх жўнаганлари ҳамоно хон вафот қилди, дебдур. Анда ул сўфий жоҳил “хирс ки мурд” деган экан. Ул мезбони зариф бул иборатни ҳисоб қилиб кўрса, моддаи таърих тушубдур” (“Тарихи Туркистон”,Т., 2008, 48 — 50-бетлар).
Бу воқеа Бобораҳим Машраб вафотидан 11 йил кейин 1722 санада рўй беради. Мулла Бозор охунд бу пайтда ҳали жисмонан бақувват, ғайрат-шижоатли эди. Яна бир неча манбада бу воқеага оид шунга ўхшаш маълумот учрайди. Орадан тўққиз йил кечиб, ҳ. 1143 йили(1730-1731) мулла Бозор охунд бу ғавғоли дунёдан ўтади. Шундан сўнг унинг ўтмиш ҳаёти шу бир мисрага айланган ва маърифат гулшани булбули унга келиб қўнганди. Шарҳловчилар ҳозиргача мухлисларга: “Бу мисрани Бобораҳим Машраб ёзган”, дея уқтириб келмоқдалар.
Бу маълумотлар “Булбул бирафт аз боғи илм” сатри хатолигини англатмайди. Аксинча, Н.С. Ликошин булбул тилини тушунмасдан таржима қилгани ва кейинги тадқиқотчилар унга кўр-кўрона эргашганидан дарак беради. Ажабки, ҳеч ким мазкур сатр устида бош қотириб кўрмайди. Бу ерда “булбул” сўзидаги 64 рақамини 1143 сонидан айириб ташлаш учун бирор сабаб кўринмаяпти. Балки, 64 рақами мулла Бозор охунднинг ёшини ифодалар? Наҳотки, шу пайтга қадар унинг туғилган йилини вафоти санаси, деб келдик?! Бу фикр бошимга маҳкам ўрнашишга, мен уни қувишга уринардим. “Мулла Бозор охунд 1668 йили туғилган”, деб ёзишга сира қўлим бормади. Уни шундай ёзсам… юз йил давомида “Мулла Бозор охунд 1668 йили вафот этган” деб таълим олиб келаётган, бу маълумот қон-қонига сингиб кетган миллионлаб ўқувчилар ҳоли не кечаркан! “Булбул”ни рақамга айлантириш шартми ўзи?
Мазкур тарихий воқеалардан хулоса чиқарадиган бўлсак, мулла Бозор охунд шогирди Бобораҳим Машрабдан йигирма йил кейин ҳ. 1143 йили(1731) фоний оламдан кетади. Унинг шижоати ва Шоҳруххон ўлими ҳодисасини(1722) ёдга олайлик. Бу хатти-ҳаракатлар олтмиш ёшлардан ошган одамни эслатади. Маълумотларнинг шу каби жиҳатлари назарда тутилса, унинг ҳ. 1070-йиллар атрофида(1655 – 1660) туғилгани тахмин этилиши тўғрироқ чиқар. Шунда у 71 – 76 йил яшаган бўлади. Отасидан яссавия таълимотини ўрганиб, 25-30 ёшларида ўзи ҳам ёш шогирдлар тарбиялай бошлагандир. Мирзо Баҳодур билан 1690-йиллари учрашган бўлиши мумкин. Бу фикрлар турли манбалардаги тўртта аниқ сана(1689, 1709-1710, 1722, 1731 йиллар) ва ўша даврларда содир бўлган айрим тарихий ҳодисалар теграсида шаклланди. Ҳозирча, қанча изламайлик, 1655 — 1660 йилнинг нарёғидан Бозор охундни топиб бўлмади. Унинг ҳаётига тегишли барча маълумотлар 1689 йилдан кейинги воқеаларга боғланиб чиқаётир.
Хуллас, машрабшунослик соҳасини бир асрдан кўпроқ тарих ҳудуди ташқарисида саргардон этган ҳ. 1079 сана(1668) тўрга илинди. Шу билан бир сатр мулоҳазаси охирлагандек бўлди. У Н.С. Ликошин “булбул”ни илм боғидан қувиб, ўрнига йўқ “қисса”ни киритгани ва таърих оёғини осмондан келтиргани ошкор бўлиши билан якунланди. Ниҳоят, “булбул” тилсими ечилди… Энди “озод” тарихий майдондан Бобораҳим Машрабни қидирамиз.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 52-сонидан олинди.