Илк танишув
Минг тўққиз юз етмиш тўртинчи йилнинг май ойи охирлари эди ўшанда. Мен Қўқон давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти факултетининг IV босқичини тугаллаш арафасида эдим. Амаким — талабаларга форс тили, ўзбек адабиёти тарихи ва эски ўзбек ёзувидан сабоқберувчи адабиётшунос олим Лутфуллахон Зоҳидов мени ёнига чақирди-да:
— Чархий домлани биласан-а? — деди кулимсираб.
— Биламан, у кишини ҳамма танийди-ку, — дедим.
— Хўп яхши, бўлмаса гап бундай, — деди амаким муддаога ўтиб. — Тунов куни домла мендан “Араб имлосига тиши ўтадиган талабалардан бирортасини музейга юборсангиз”, деб илтимос қилиб қолди. Сабаби домланинг ҳамма қўлёзмалари эски ўзбек ёзувида. Шуларни кирилчага ўгириш лозим. Менимча, домла нашриётга янги китоб тайёрлаётган бўлса керак. Араб имлосидан саводинг дуруст. У кишига ёрдам бериш керак. Эплайсан-а?
— Билмадим, — дедим ҳаяжонланиб. — Домланинг қўлёзмаларини кўрмай туриб…
— Сен шу бугуноқ музейга борибу кишига учра, — дея амаким сўзини қисқа қилди.
Ўша куни дарсдан чиқиб Чархий домла илмий ходим бўлиб ишлайдиган Муқимий музейига йўл оларканман қалбимни қувончу, ҳаяжон билан бирга бироз ҳадик, ташвиш чулғаб олганди. “Домланинг қўлёзмаларига тишим ўтмаса-я. Шарманда бўлсам-а!”
Шундай ўй-хаёллар билан соат учларга яқин музейга етиб келдим. Ҳовлига қадам қўйиб, пиллапоядан юқорига кўтарилдим-да, у киши ўтирадиган хона эшигини оҳиста очдим. Домла тўрдаги стулда ўтириб, қандайдир қўлёзмани кўздан кечираётган экан.
— Ассалому алайкум, — дедим ичкарига бир қадам қўйиб.
— Ваалайкум ассалом, — домла мулойимлик билан қаради. — Келинг, ўғлим.
Мен у киши билан қўш қўллаб сўрашгач, нима дейишимни билмай бир лаҳза туриб қолдим.
— Қани, марҳамат, — довдираб қолганимни сезган домла ёнларидаги ўриндиқлардан бирига ишора қилди. — Ўтиринг.
— Мен институтдан келган эдим, — дедим ўзимни бироз босиб олгач. — Ҳалиги… амаким юборгандилар.
— Амакингиз ким? — сўради домла майин табассум билан.
— Лутфуллахон.
— Ие, сиз Лутфуллахоннинг жиянлари бўласизми? — Домланинг чеҳраси ёришиб кетди. — Мен у кишидан талабалардан бирортасини юборинг, деб илтимос қилгандим. Кўп яхши. Бўлмаса гап бундай.
Чархий домла бироз ўйланиб турди-да, стол устида турган қоғозлар орасидан бирини олиб менга узатди.
— Мана, бунга бир кўз югуртириб, кейин кирилл ҳарфида кўчиринг. Ўқишга қийналган жойингиз чиқса, тортинмай сўранг.
Сарғимтирроққоғоздаги ғазал ҳуснихат билан битилган эди. Домладан ёрдам сўрашга ҳожат қолмади. Ўн-ўн беш дақиқада кирилл ҳарфига ўгириб бўлдим.
— Офарин, — деди домла ёзганларимни кўздан кечиргач. — Жуда яхши. Лутфуллахон айтган бўлсалар керак. Энди бундан кейин дарсдан кейин келиб менга ёрдам бериб турасиз-да. Маъқулми?
— Хўп бўлади, домла. — Шундай дегач бироз дадилланиб қўшимча қилдим. — Яқинда ўқишимиз тугайди. Каникулга чиқамиз. Ўшанда эрталабдан келсам ҳам бўлаверади.
— Унда нур устига нур, — дедилар домла мамнун бўлиб. — Раҳмат ўғлим. Мени жуда хурсанд қилдингиз…
Бир қошиққонимдан кечинг
Институтда ўқиш тугаб, ёзги таътил бошланган кунлар эди. Шу боис кунда кунора Муқимий музейига боришни одат қилдим. У ерда бўлиш, Чархий домла билан “ишлаш” мен учун ниҳоятда мароқли эди. Боз устига бу даргоҳга домлани йўқлаб шаҳар ва атроф туманлардан обрўли, мўътабар инсонлар тез-тез келиб туришарди. Мен бир пиёла чой устида улар қурган суҳбатга қулоқ тутиб маза қилардим.
Бир куни меҳмонлар билан бўлиб қўлёзмаларни кўчиришга улгурмадим.
— Домла, — дедим ёзганларимни у кишига кўрсатиб. — Мана бу иккита ғазални ўгиришга улгурмадим. Майли, десангиз уйда кўчириб, эртага олиб келаман.
— Маъқул, — деди у киши рози бўлиб.
Велосипедимда ўн-ўн беш дақиқа йўл босиб уйга келдим. Хонамга кириб не кўз билан қарайки, қўлёзма варақ йўқ. Йўлда қоғозлар тушиб қолибди. Ўзимни қўйгани жой тополмайман энди. “Домлага нима дейман? Йўқотиб қўйдим, йўлда тушириб қўйибман, десам ишонармикин?” Ўша куни алламаҳалгача уйқум келмади. Бу кўнгилсиз воқеанинг мени ташвишга солган яна бир томони шунда эдики, ўзим ҳам гоҳи-гоҳида шеър машққилиб турардим. Чархий домланинг ҳам бундан хабари бор. Шу боис “бу йигитча балки йўл қилаётгандир, кейинчалик ғазални ўзининг номидан эълон қилдирмоқчимикан”, деган хаёлга борса-я, деган ўй мени изтиробга соларди.
Хуллас, ўшандан кейин икки кун музейга бормадим. Учинчи куни ўйлай-ўйлай “Эгилган бошни қилич кесмас” дедиму, домланинг ҳузурига йўлини олдим.
— Ҳа, “прогул” қилиб қолдингиз, — деди у киши ҳазил-мутойиба оҳангида.
— Домла, — дедим қўл қовуштириб. — Менинг бир қошиққонимдан кечсангиз…
— Ие, тинчликми? — домла ҳайрон бўлиб қаради.
Мен тутила-тутила бўлган воқеани гапириб бердим.
У киши бир лаҳза тикилиб қолди-да, кейин бирдан кулиб юборди.
— Шунинг учун келолмай юргандим, денг? Майли, майли, хижолат бўлманг, кечдим.
Ўшандан кейин Чархий домла гоҳида у кишини йўқлаб келган биродарларига қўлёзма воқеасини кула-кула гапириб, “Носиржоннинг бир қошиққонидан кечганман”, деб қўярди.
Дармондори
Ўзги таътил тугаб, институтда яна ўқишлар бошланди. Лекин мен ҳафтада бир ёки икки маротаба музейга бориб турардим. Хуллас, куз, қиш, баҳор ўтиб яна ёз келди. Институтни тамомлашимизга саноқли кунлар қолди. Мен бир-икки йил баҳаво қишлоқлардаги мактабларнинг бирида ўқитувчилик қилишни ният қилган эдим.
Бир куни домланинг ҳузурларига борсам, у киши:
— Музейимизга кичик илмий ходимликка битта штат беришди. Ўзингизга ўхшаган, шу ерда ишлаш истаги бор дўстларингиздан бўлса яхши бўларди, — деб қолди. Шунда “лоп” этиб курсдошим, яқин дўстим Усмонжон ёдимга келди.
— Ганжиравонлик бир ўртоғим бор, — дедим хурсанд бўлиб. — Араб имлосига жудаям пухта. Эртага бирга олиб келаман.
Эртаси куни музейга дўстим билан бирга келдик. Усмонжон Чархий домлага жуда маъқул бўлди.
Хуллас, ўша йили мен йўлланма билан Фарғона туманига кетдим. Дўстим Муқимий музейида қолди. Орадан икки йил ўтди. Армияни тугатиб Данғара тумани газетасида ишлай бошладим. Лекин ўша йиллари гоҳи-гоҳида домланинг ҳузурларига бориб туришни канда қилмасдим.
Бир куни Нурсух қишлоғидан шоирни йўқлаб уч-тўрт биродарлари келиб қолишди. Дарров чой қўйиб, дастурхон ёздик.
— Домла, — деди меҳмонлардан бири бир-икки пиёладан чой ичишгач. — Ўтган ҳафта атайлаб машина жўнатсак ҳам боролмадингиз.
— Кейинги пайтда гоҳи-гоҳида қон босимим ошиб турибди, ўша куниям шундай бўлувди, узр, — деди домла. — Яна бирор кун фурсат бўлиб қолар.
— Мен сизга бир дори олиб келдим, — деди меҳмон ҳамроҳлари билан кўз уриштириб олгач. —Табиб бериб юборди.
У шундай дегач, икки литрли идишга қуйилган “дори”ни қоғоз халтадан олиб стол устига қўйди.
— Мана шундан икки маҳал, овқатдан олдин катта ёғоч қошиқда тўрт қошиқдан ичасиз. Бунинг оти “дармондори”.
Усмонжон иккимиз идишдаги тўққизил рангли “дори”га шубҳа билан қараб қўйдик. Буни сезган меҳмон бизга “индаманглар”, дегандек кўз қисиб қўйди. Шунда биз бу “дармондори” Нурсухнинг мусалласи эканини сезиб, кулгидан ўзимизни зўрға тийдик.
Домла табиатан ниҳоятда содда, ишонувчан эдилар.
— Шунақами, — деди “дори”ни қўлларига олиб айлантириб кўраркан. — Майли, буниям бир ичиб кўрайлик-чи.
Орадан бир ҳафта ўтгач, шанба куни Чорсуда тасодифан Усмонжонни учратиб қолдим.
— Эртага соат тўққиз-ўнларда домланинг уйларига ўтинг, — деди у салом-аликдан кейин. — Икки-уч кун орасида Тошкентдан меҳмонлар келиб қолиши мумкин экан. Ҳовлини бироз тартибга келтириб қўйиш керак, дегандилар.
— Маъқул, — бажонидилрози бўлдим мен.
Эртаси куни соат бирга қолмай ҳовлидаги юмушларни бажариб бўлдик. Домланинг аҳли аёллари тушликка ош дамлади. Палов сузилиб дастурхонга қўйилгач, домла ичкари кириб яримлаб қолган “дармондори”ни олиб чиқди. Кейин “табиб” буюргандек пиёлага тўрт қошиқ тўлдириб қуйди.
— Дори дегани одатда бир қошиқдан ичиларди, — деди аёллари чой келтириб ёнимизга қўяркан бизга қараб. — Ўлсинакан, тўрт қошиқдан ичилса.
Домла пиёладаги “дори”дан ичиб, бир ошам паловдан олгач, янгамизга қараб деди:
— Қоидаси шунақа экан-да. Сен биласанми, табиб биладими? — Кейин бизга қараб қўшимча қилди. — Шуни ичганимдан кейин назаримда бироз тетикдайман.
Ичкилик ичмайдиган домланинг соддаликларидан кулиб юбормаслик учун Усмон иккимиз лабимизни тишладик.
Чархи давворни ҳам айландик
Минг тўққиз юз етмиш тўққизинчи йилнинг кузида домла инсульт бўлиб қолди. Биз, Усмонжон иккаламиз у кишидан тез-тез хабар олиб турардик. Октябр ойининг охирлари эди назаримда. Чошгоҳга яқин Чархий домланинг уйларига бордик. Жуссалари кичик бўлган шоир дард тортиб, янада кичрайган, ёш боладек бўлиб қолганди.
Ўнида беш-ўн дақиқа ўтирганимиздан кейин домла секин, паст овозда деди:
— Мени ташқарига, сўрига чиқаринглар.
Биз енгилгина бўлиб қолган шоирни кўтариб, беозорлик билан сўрига тўшалган кўрпачага ўтқаздик. Ўша куни ҳаво очиқ, илиққина эди. Домла осмонга бир муддат тикилиб турди-да бошини Усмонжон томонга хиёл буриб деди:
— Сиздан илтимос, ҳовлини бир айлантиринг.
— Хўп бўлади.
Усмонжон устозни ёш боладек авайлаб опичлаб, гулзор олдига олиб борди. Домла гулларни, айниқса, қизил атиргулни жудаям яхши кўрарди. У киши сўнгги марта очилган гулларга узоқ термулди.
Усмонжон домлани яна бир бор ҳовлини айлантиргач, сўрига олиб келиб ётқизди.
— Раҳмат, умрингиз узоқ бўлсин. — Домла дуо қилди. Кейин хиёл табассум билан “Мана, чархи давворни ҳам айландик”, деди. Мен устознинг бу сўзларини “мана, умр поёнига етди”, деган маънода тушуниб юрагим зирқиради.
Орадан кўп ўтмай хокисор, камтар, бутун умрини ҳалолу поклик билан ўтказган мўътабар зот, атоқли шоир фоний дунёни тарк этди.
Бизнинг Мавлоно Муқимийнинг собиқ издоши Чархий домла билан охирги учрашувимиз шу бўлди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 51-сонидан олинди.