“…Ҳожи бобо, китобдаги (“Жангномайи Абомуслим Соҳибқирон” назарда тутиляпти, — И.Қ) бир масалага шубҳа қилиб қолдик. Або Муслими соҳибқирон билан Насирисайёр Беор дашту Хуросонда жанг қилганда ул жанобнинг бошларига-ку Насирисайёр тўқсон олти минг ботмонлик гурзигарон билан урган эди. Шунда ул жаноб тиззагача ерга ботган эдиларми, ёки белгачами?”.
“Шум бола” фильми ёки асари ҳақида гап кетганда даставвал шу лавҳа хаёлимда жонланади. Ва Ғафур Ғулом истеҳзосига ич-ичимдан тасанно айтаман. Бироқ ўйлантирадигани мана шу аччиқ табассумнинг классикага айлангани, яъни унинг мангулик тўнини кияётганидир. Биласиз, бу “пурмаъно фикр”лар муллаю мударрислар томонидан айтиляпти. Яъни ўз даврларининг “олиму фузалолари”. Мана уларни ташвишлантираётган мавзу!
Бир ўйлаб кўрайлик… Йигирманчи асрнинг бошлари… Дунёқай аҳволда?Нигоҳини самога тиккан аллома Улуғбек кашфиётига қарийб беш аср бўлган… Россияда театр реформатори Константин Станиславский ва Немирович-Данченко саъй-ҳаракати билан Москва бадиий театриаллақачонлар ўз ишини бошлаган. Театр санъатида кескин ислоҳотлар кечаётган палла… “Эсини йўқотиб қўйган Дунё” эса Альфред Нобель васияти теграсида чарх уриб айланаётган кезлар… Коммуникация тушунчаси инсоният ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бўлган… Европада шахмат тахтаси жанг майдонига айланган. Ласкер деган бир немис яҳудийси Стейницдан олган тожини кубалик йигитдан ҳимоя қилиш билан овора.Ернинг яна аллақайсидир бурчагида эса “кино” деган “дунёча” пайдо бўлиб, унда Дэвид Гриффиту Чаплин деган одамлар яшай бошлаган… Хуллас, бу даврда дунё “Ҳамлет”, “Фауст”, “Телба”, “Жиноят ва жазо”, “Уруш ва тинчлик” каби ҳодисалардан сармаст эди. Эҳтимол, Марказий Осиё ҳудуди асосан қуруқликда жойлашгани туфайли, денгиз йўллари бўлмагани боис бизда жараён суст кечгандир. …Шундай бўлса-да, миллий уйғониш даври маърифатпарварларининг қалбига қулоқ соласан: дунё олимлари оламшумул кашфиётлар хақида бош қотириб, осмон илмини ўрганаётган паллада бизнинг муллаларимиз мадраса ҳужрасига ўнг оёқда кириш керакми, ё чап оёқда деб бош қотириб юрганлар!
Бугун нега яна ўша эски гапларни қўзғаяпсан, дерсиз. Албатта, маълум бир фикрга ўз-ўзидан келиб қолмайсан. Нега деганда, бугун газета-журнал ва телевидениедаги турли чиқишлар, санъат ҳақидаги айрим китоблар юқоридаги манзарани бот-бот эсга соляпти. Танқиднамо ёки танқид оҳангини эслатувчи неларнидир фаҳмлагудек бўласану, лекин ўша ҳавойи танқидни суяб тургувчи фикрга дуч келмайсан. Айниқса, санъат ва адабиёт ҳақида гап кетганда бу кемтикликлар яққол кўзга ташланади.
Айрим мақолаларни газетада ва ёки қўлёзма нусхасида ўқиш асносида шундай фикрларга дуч келамиз: “Фильмларимизда қаҳрамонлар ота-онанинг юзига тик қараб «Сизнинг оқ фотиҳангизсиз ҳам яшайвераман», дейди. Биз экран орқали нимани тарғиб қиляпмиз?”, “Ҳар бир фильм миллатни улуғлайдиган, Ватанни шарафлайдиган бўлиши керак. Феллини ва Раж Капур ҳам шу орқали ўз мамлакатларининг довруғини дунёга олиб чиққанлар!”. Энди сариқ матбуотда ишлайдиган ҳамкасблар фикрига қаранг: “Қайси фильмни қараманг, ҳаммасида Улуғбек Қодиров. Нима бундан бошқа актёр йўқ-ми?” “Улуғбекнинг рейтенги тушиб кетди. Фильмларга тушмай қўйди. У ҳаволаниб кетгани боис режиссёрлар уни таклиф қилмай қўйишди”. Кечирасиз, бу каби йиғинди гапларни кўчадаги аллаким эмас, университетни тамомлаган, ўзини олий маълумотли санаган, қўлида “журналист” деган дипломга эга кишилар айтяпти.Санъат ҳақида гап кетса, санъаткор томошабинни ўз ортидан эргаштириши керак, деб айюҳаннос солинади. Энди айтинг-чи, қалам аҳли кимнинг ёки ниманинг ортидан эргашиб кетяпти?..
Бутун бошли асар ҳақида биргина жумладан келиб чиқиб ҳукм ўқиш қай даражада тўғри? Бу тарздаги “таҳлилча”лар бизни асосий манзилдан чалғитмайдими? Шу борада режиссёр Жаҳонгир Қосимов бир мисолни айтган эди: “Ўтган кунлар” фильмида бир ноўрин кадр бор. Лекин томошабинбуни унутади… аҳамият бермайди. Фильмда Кумуш Отабекка чап қўлда чой узатади. Эҳтимол, бу чиндан ҳам актрисанинг хаёлида бўлмагандир ёки кадрга тўғри келмагандир. Агар шу фильм “миллатпарвар” одам қўлига тушиб қолгудек бўлса, гапни айнан шу жойдан бошлайди ва бутун бошли филмни йўққа чиқаради. У учун мана шу кичкина бир детал қаршисида филмнинг санъат асари сифатидаги қиймати ҳеч нарса эмас!” Санъат асарларига нисбатан бу тарздаги ёндашув “Лисонут тайр” достонидаги Ҳиндистонга бориб қолган кўрлар ҳақидаги машҳур ривоятни ҳам эслатади. Филнинг хартумидан ушлаб, “бу аждаҳога ўхшаш бир нарса экан” деган шўрликнинг аҳволини ёдга солади. Улар ўзлари учун кўникма бўлиб қолган тушунчадан бир он ҳам силжий олмайдилар. Қўл тегиб турган нарсадан-да, бошқа нарсалар ҳам бўлиши мумкинлигини эса тасаввур қилишга ҳақиқатанам ожизлик қилишади.
…Бироз ортга чекиниб, нигоҳни “оқ фотиҳангизсиз ҳам яшайвераман” деган “беадаб” қизга қаратсак… Агар мақсад танқид бўлиб, профессионал нуқтаи назардан фильмларга кўз югуртирадиган бўлсак, улардан етарлича камчиликлар топиш мумкин. Лекин бу тарздаги ҳавойи танқидлар билан фақат ўзингни фош этасан, холос.Авваламбор, моҳиятга сал чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, филмда бу гап тилидан кўчган қизда руҳий мувозанат бузилган. У бир дардманд. Зеро, кучли ҳаяжон ичида ҳар қандай сипо-вазмин қизда ҳам кутилмаган телбаликларни учратиш мумкин. Қолаверса, муҳаббат тарғиб-ташвиққилинадиган дард эмас. Агар ишонмасангиз, одамлар орасида бир сўровнома ўтказинг, “Сен муҳаббат туфайли катта меросни, жамиятдаги мавқеингни бой берасан. Шунга тайёрмисан?” қабилида савол беринг-чи, қани, бизнинг замондош прагматикларимиздан нечтаси “ҳа” деб жавоб бераркан. Қолаверса, шу кўйга чалинган одамларнинг ўзидан ҳол сўрасангиз, улар оёқларингиз остига йиқилиб “Мени шу дарддан халос эт”, деб ёлворишса керак.
Бу тарздаги ўй-фикрлардан сўнг ўйлаб қоласан, хон ҳарами остонасини ўзига эп кўрмаган, ота-онаси ва укаларининг ҳаётини таҳлика остига қўйиб, ярим тунда эркакча кийимда ота ҳовлисини тарк этган Раъно ўз даври — муҳити учун қанчалар ўгай фарзанд бўлган экан-а?
Кумушбиби жозибасидан кўра Раънонинг мардлиги кўпроқўйлантиради. Айни дамда замондошинг қиёфасида марғилонлик сулувни эмас, Раънони кўргинг келади. Ўзбек адабиётида яратилган аёл қаҳрамонлар орасидаэнг залворлиси ҳам шу бўлса керак. Назаримда, ёзувчи шарқ аёлларида кўришниорзу қилган шиддату қатъиятни шу қаҳрамонига сингдиргандек. Санъат тили билан айтганда, Раъно образи замирида актриса мазза қилиб ўйнаши ва тер тўкиши мумкин бўлган, актёр имкониятларини чархлайдиган бой манба бор. Лекин у феминистка эмас! Кечирасиз-у, ўша даврда Раънонинг хон ҳарамини ўзига шараф деб билган, ўнлаб дугоналари бўлмаган дейсизми? Қайта-қайта мурожаат этса-да, ҳамиша янги гап айтиш мумкин бўлган қаҳрамон.
Адабиётда шундай камёб тимсоллар бўлади: Гамлет, Антигона, Медея, Искандар, Печорин, Ваня тоға ва ҳатто “ревизор” — Хлестаков!.. Булар қаторига ҳеч иккиланмасдан Отабек ва Раънони ҳам киритиш мумкин. Бу образлар орқали санъаткор ўз даври ва жамиятининг дардларига ташхис қўя олади. Янги талқинлар эвазига асар замонавийлашиб бораверади. Шу маънода Раъно ҳам ўзининг нозик елкасига замонлар юкини, инсонлар дарду изтиробларини кўтара оладиган образ. Ўйлашимча, Раъно характерининг руҳий қирралари, ботиний туғёнлари на экранда, на саҳнада ўзининг тўлақонли бадиий ифодасини етарли даражада топа олгани йўқ.
Мавзунинг ўзани ўз-ўзидан санъатга қараб буриляпти. Начора? Майли, бир зум журналистлардан кўзимизни юмиб турайлик… Барчага маълумки, бугун таниқли санъаткорларнинг матбуотда эсдаликлари чоп этилиши билан бирга автобиографик китоблари ҳам нашр этиб бориляпти. Кунора радио-телевидениеда уларнинг фикрини эшитишингга тўғри келади. Албатта, бундан хурсанд бўласан… Ижод дунёсининг сир-синоатлари билан бевосита танишишдан юрагинг ҳаприқади… Умри санъатнинг оловли йўлларида ўтган инсонга умид билан тикилганча, унинг “шонли йўл”ларидан фикрлар ёлқинини излайсан… излайверасан…Лекин кўнглинг сатрлар орасидан сизиб чиқаётган рангсиз, хира туйғулардан алланечук бўлиб кетади. Ҳарқанча уринма, ўзинг кутаётган иқрорга юзма-юз келмайсан. Аксинча “Мен уни чойга таклиф қилдим, у бормади. Мени кўролмайди”, “Фалончи менинг асарим ҳақида бундай деди, унинг ўзи ким бўлипти. Вақтида ундай қилган ва ҳ.к. ” ёки “У меҳмондўст, пазанда, ҳотамтой, саховатпеша инсон эди, дилбар бир шахс эди” қабилидаги “аёллар дийдиё”си ва ёхуд оҳорсиз тасанноларга яна бир бор дуч келасан. Шу ўринда ёдимга тушди. Бир иш юзасидан Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги хотираларни бир бошдан ўқиб чиқишимга тўғри келган. Шунда ундаги битикларни ўқиб, ёзувчининг гапга чечанлигию Кибриёхонимнинг пазандалигидан бўлак ёрқин таассурот қолмаган тасаввуримда. Хуллас, сизга ҳозир шу йўналишдаги китоблар орасида “Мана бу хотиралар, кечинмалар руҳингизга қувват бўлади” деб айтишга арзигуликлари ниҳоятда кам.
… Сизким учун ёзасиз? Кино ҳақидаги танқидий фикрларингиз асосан кимга қаратилган? Киночиларгами? Ёзганингизга қараганда, шундай. Лекин бу тарздаги мушоҳадалар билан уларга фикримизни уқтиролмаймиз. Чунки, кино ва телевидение режиссураси бўйича санъат институтини тамомлаган мутахассис, гарчи, ўзи ижод борасида Феллинининг яқинига боролмаса-да, бироқ режиссёр қайси мавзуда, нима ҳақида фильмлар олгани тўғрисида ҳеч қурса умумий тасаввурга эга.Ахир, ўзингиз ҳам Абдулла Қодирий ижодидан бехабар филолог ёки журналистни тополмайсиз-ку!
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 44-сонидан олинди.