Хассос лирик шоиримиз Ҳамид Олимжон ўз мақолаларидан бирида она табиатни ҳис этиш, уни ишонарли тасвирлаш учун ижодкор уч хил қиёфада намоён бўлишини орзу қилиб, шундай ёзган эди: “Мен хоразмликларнинг Амударёга бўлган қарашини, ўчини, гинасини, аламини сўз билан айтиб берадиган шоирни, куйлаб берадиган ашулачини, чизиб берадиган рассомни кўришни истар эдим”. Шу билан бирга бу фикр замирида инсоннинг табиатга қараши, яъни муносабатини ифодалаш масаласи ҳам ётибди. Хўш, одам боласи ўз неъматларини мўл-кўл ҳадя этаётган табиатга меҳр-муҳаббат билан қарайдими ёки ундан ўч олиш ниятида яшайдими? Ундан гина қилса, аламини олиш учун зарар етказса, оқибати нима бўлади? Булар адабиётнинг азалий муаммоси бўлиб келган ва ижод аҳли у ёки бу даражада муносабат билдирган. Лекин гап ҳозир бу ҳақда эмас.
Мен улуғ шоирнинг орзуси давримизнинг истеъдодли адибларидан бири Нормурод Норқобилов ижодида амалга ошганлигини кўриб қувонганимни журналхонлар билан баҳам кўришни истадим. У адабиётимизда юртимизнинг сирли-сеҳрли табиати манзараларини шоирона тарзда сўз орқали ифодалаб бера оладиган маҳоратли ёзувчи, наботот ва ҳайвонот оламини меҳр билан баланд пардаларда куйлай оладиган ҳофиз, қуюқ рангларда чизиб берувчи рассом қиёфасида намоён бўлмоқда. Ёзувчининг барча асарлари бунга гувоҳлик бера олади.
Аслида-ку табиат ҳақида ёзмаган, унинг манзараларидан ўз асарида фойдаланмаган ижодкор йўқ ҳисоби. У ҳолда Нормуроднинг фарқи, ўзига хослиги нимада? Менимча, Н.Норқобилов табиатни шунчаки пейзаж воситаси тарзида тасвирлабгина қолмайди. Уни аввало, жонли мавжудот сифатида қабул қилади ва образ даражасига кўтаради, ўзига хос характерини яратишга интилади. Ёзувчининг табиатдан холи биронта ҳам асари йўқ. Ҳатто аксар асарларининг номланиши ҳам табиат ҳодисаси, ҳайвонлар номи билан боғлиқ. Масалан, “Пахмоқ” (айиқ), “Қуёш тутилган кун”, “Бўрон қўпган кун”, “Даштда”, “Тоғу тошларда”, “Тоғ одами”, “Дашту далаларда” каби номлар ўқувчини табиат қўйнига етаклайди.
Ёзувчининг асарларини мутолаа қилиш жараёнида ўқувчи дашту далалар, тоғу тошларнинг жозибали сеҳрини ҳис қилади; ўт-ўланларнинг ҳидини сезади; турли жониворлар билан суҳбатлашади. Нормурод Норқобилов табиатни илмий томондан ҳам яхши ўзлаштирган. У ўз асарларидаги дарахтлар, қирлар, адирлар, ҳайвонлар образини меҳр билан тасвирлайди, ҳар бирининг зоологик, биологик, физиологик, географик хусусиятларини яхши ўрганганлигини исботлай олади. Ҳатто ит, бўри каби жониворларнинг психологик ҳолатларини ҳам чуқур таҳлил қилади. Бу образлар адибнинг деярли барча асарларида учрайди, бироқ бир-бирига ўхшамайди.
Шуниси характерлики, Нормурод Норқобилов асарларидаги ит ва бўрилар жаҳон адабиётида яратилган қариндошларидан тамомила фарқ қилади. Уларга миллий бўёқ ва руҳ сингдирилган. Бу жиҳатдан Чўнгкалла, Оқёл, Узунтумшуқ (“Овул оралаган бўри”), Бўзбўри, Қораманглай (“Дашту далаларда”) каби жондорлар, Бўйноқ (“Тоғ одами”), Ёвқур (“Ажал чорлаган кун”), Оққуйруқ (“Ададсиз азоб”) сингари ит образлари характерлидир. Улар яхши одамлар билан тил топиша оладилар ва бир-бирини тушунадилар ҳамда ҳимоя қиладилар. Масалан, “Дашту далаларда” романининг етакчи қаҳрамонларидан бири Бўзбўри (бинобарин, унинг асарда тутган ўрни, ғоявий-бадиий вазифаси асосий қаҳрамонлар Эшқул полвон ва Тўланбойлар зиммасидаги юкдан кам эмас!)ни Эшқул полвон “туғишган иним” деб билади. Бўзбўри ҳам ўзининг географик ҳудудига жойлашган “тутинган акаси”нинг подасини бошқа ҳудуд бўриларидан ҳимоя қилади, ўзи эса унга мутлақо зарар етказмайди. Шунингдек, ёмон одамлардан қочиб “жондорларни қавм тутган” Жондош (“Тоғ одами” қиссасининг қаҳрамони)ни тоғу тошлар орасида бўрилар хавфдан асрайдилар, унинг антиқа қўрасига хуруж қилмайдилар.
Аксинча, ўзларига ёмонликни раво кўрадиган кимсаларни бўрилар аяб ўтирмайди. Ҳайвонот оламининг бундай ўзига хос психофизиологик ҳолатини адиб “Овул оралаган бўри” қиссасидаги Чўнгкалла, “Ажал чорлаган кун” қиссасидаги Ёвқур, “Ададсиз азоб”даги Оққуйруқ каби жониворлар тимсоли орқали ишонарли оча олган. Қишлоқнинг мақтанчоқ овчиси Салом мерган тасодифан қопқонга илиниб қолган урғочи бўри Оқёлни уйига олиб келиб тулумлаб қўяди. Жуфтини йўқотган Чўнгкалла бир неча кун Салом мерганнинг уйига келиб (бу ерда адиб бўрининг ҳид билиш қобилиятига урғу беради) Оқёлни қидиради. Мерганни чавақлаб, жуфти-ҳалолини қутқариш ниятида учинчи марта келган Чўнгкалла Оқёлнинг оёқлари остида ётган Салом мерганни кўриб, уни жуфти томонидан “маҳв этилган деб билди”. Шунинг учун бемалол бориб Оқёлни ҳидлади, бироқ ундан аччиқ сомон ҳиди анқиди. Кейин “Эркаланиб тумшуғи билан енгил бир туртди. Оқёл бир қоп сомондай ағдарилиб тушди”. У жонсиз танага айланганди. Жуфтининг ўлимидан тамомила гангиб қолган Чўнгкалла мерганнинг уйғониб кетганини ва қўрқув остида ўқ отганини сезмай қолди. Аранг қочиб қутилган Чўнгкалла айрилиққа чидолмай, қирнинг баланд тепалигида Салом мерганнинг уйига тикилганича жон берди.
Ёзувчи Жондош, Салом мерган, Нодир чол, Сувонқул, Талъат, Назар узун, Тўланбой каби инсонларнинг характерли қирраларини бўри ва итлар воситасида очади. Яқин одамларининг, ҳатто хотинининг меҳрсизлиги, тушунмаслигидан ранжиган Жондош “Тоғ одами” бўлишни афзал билиб, ғорларда яшай бошлайди. Уни ақлли жониворлардан кўра ити Бўйноқ яхшироқ тушунади ва у билан бирга кетади. Муаллиф ўқувчи эътиборини итнинг ақлли кўзларига кўпроқ тортади. Бўйноқ ўз ёнига чорлаган эгасига “ақлли кўзларини жавдиратиб” тикилади. “Ит унинг сўзларини бош эгиб” тинглайди, “кўзлари ёшга тўла эди”. Таъқибчилардан қочиш жонига теккан Жондошнинг “назари яна итнинг ақлли нигоҳига” тушиб, қалбидаги бутун дарди-ҳасратини унга тўкиб солади. Бўйноқ эгасини жуда яхши тушунади, атрофдаги хавф-хатарлардан ўз вақтида огоҳлантиради, керак бўлса ҳимоя қилади. Чиндан ҳам Жондош одамлардан топмаган меҳр-оқибатни итидан топди. Туғишганидан ҳам афзал бўлган Бўйноқ умрининг охиригача эгаси билан ёнма-ён юрди ва унинг учун жон берди.
Нормурод Норқобиловнинг “Ажал чорлаган кун” қиссаси Ёвқур исмли итнинг тарихига бағишланган. Қисса Ёвқурнинг сўнгги кунида кўрган-кечирганлари, хотирасида уйғонган ўтмиши ҳақидаги воқеалардан иборат. Ит ўзининг қисқа умрида ҳар хил одамларни кўрди, турли воқеаларни бошидан кечирди. Баён унинг ўйлари ва нуқтаи-назари асосига қурилган. Бу итни ўқувчига янада яқинлаштиради. Ёвқур худди инсон сингари фикрлайди, одамларга баҳо беради. У дунёга келиб тўрт хил одамга хизмат қилди ва уларнинг табиатидаги яхши-ёмон хусусиятларни, кимлиги ҳамда қандайлигини ўзига нисбатан қилган муомаласидан ажратиб олди. Гарчи жонивор сифатида қафасда яшашга кўниккан, давраларда итлар билан уришишга мажбур бўлган бўлса-да, ҳар доим ўзи туғилиб ўсган кенг дала-даштни, эркинликни қўмсайди. Хўжайинлари орасида биргина чўпон Сувонқулни ўзига яқин олади ва ҳар доим унга томон интилади.
Ёзувчи итлар ва бўрилар муносабати орқали одамларни саралайди, айрим масалаларда инсониятни улардан ўрнак олишга ундайди. “Дашту далаларда” романининг қаҳрамони Эшқул полвон эҳтимол, “яшашни, темтинишни одамлардан эмас,жониворлардан ўрганиш керак деганда, мана шу ҳолатларни кўзда тутгандир”. Шу жиҳатдан Нодир чолнинг вафодор ити Оққуйруқ образи ибратлидир. Бир хум тилла хазинага эга бўлса-да, уни на ўзига, на болаларига раво кўрмай ер остига кўмиб қўйган Нодир чол меҳр-оқибатни ўғил-қизларидан, ёр-дўстларидан, қариндош-уруғидан эмас, айнан ана шу кўримсизгина ити тил-забонсиз Оққуйруқдан кўрди. Чол қўй галасини ҳайдаб қирга отланар экан, Оққуйруқ уларнинг йўлини тўсиб, “очиқ эшикдан ташқарига интилаётган сурувнинг ҳаракатига ошкора монелик” қилади. У хўжайинининг ўлимини олдиндан сезганди. Шунинг учун кун бўйи “Оққуйруқ мунг ва хавотир тўла нигоҳини ундан узмай, теварагида айланади”, думини безовта ликиллатиб, чолнинг кўзларига жонсарак тикилади. Юрак хуружи туфайли жон берган Нодир чолнинг тепасида уч кун пойлаб, увиллаганича одамларни чақиради. Итнинг овозини бўриларнинг увлашидан ажрата олган Эрали чавандознинг таклифи билан жўрасининг жасади топилади.
Уйига олиб келиб, дафн маросимига тайёргарлик кўрилаётган пайтда “Ғам ва очликдан тамомила силласи қуриган Оққуйруқ теваракдагиларга бир муддат жавдираб қараб турди-да, сўнг ўртага ётқизиб қўйилган чолнинг боши томон юрди. Тумшуғини эгасининг гарданига қўйиб, чўзилиб ётиб олди. Унинг кўзлари тўла ёш эди. Азанинг учинчи куни ит ҳам ўлди”. Ҳа, Эрали чавандоз айтганидек, “биз бандалар шу итчалик бўлолмаймиз”. Бу Нормурод Норқобилов асарларидан сизиб чиқадиган асосий ғоя бўлиб, ўқувчини ҳушёрликка чорлайди.
“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 9 (238)-сон.