Ўзбек матншунослигининг илдизи теран. Туркий тилда матн тузиш анъаналари юзага келибдики, унинг билан изма-из матн билими (матншунослик) ҳам эвига кела бошлаган; матн тузишнинг йўл-йўриқлари, принциплари ва назарий асослари ишлаб чиқилиб, фан сифатида юзага келган эди.
Ўзбек матншунослиги ўзининг тарихий тараққиёти давомида бир қанча юксалув босқичини кечирди. Илкин босқичи VI–VIII юзйилликларга тўғри келади. Унинг изларини, матнга илмий муносабат, таянч ҳамда асосли матн тузиш борасида тўпланган билим ва тажрибаларнинг амалдаги тадбиқини хоқонлар, давлат арбоблари, саркардалар хотирасига битилган кўҳна монументал матнларда — кўк турк битигларида кузатамиз. Кўк турк битиглари ўтганларнинг хотирасига тикланган ёдгорликлар бўлувига қарамай, уларда матн тузишнинг аниқ принциплари ишлаб чиқилган эди. Қизиқ бир ҳодиса: адиб ва тарихчи Йўллуғ тигин 732 йили, отасининг топшириғига кўра, амакиси Кул тигин хотирасига атаб битиг ёзган. Орадан кўп ўтмай, 735 йили ўз отаси Билга хоқон хотирасига атаб ўрнатилган битигни ёзишда ҳам худди ўша йўлни тутган: ҳатто биринчи битигдаги матннинг катта бир бўлагини олиб, уни таҳрир қилиб, иккинчи битигга ҳам киритган. Йўллуғ тигиннингматншуносликдаги ютуқларидан бири шунда эдики, у тарихий матн тузиш принципларини ишлаб чиқди. Улуғ адиб бошлаб берган анъана кейинги даврларда ҳам давом этди.
Матншунослик тарихида темурийлар даври катта бир юксалиш босқичи саналади. Бу даврда ўзбек матншунослигида классик асарларни ўрганиш ва уларнинг таянч нусхаларини яратиш борасида катта ютуқларга эришилди. Матншунослик тарихида илмий-танқидий матн тузиш тамойиллари анашу кезлари ишлаб чиқилди. Бунга Бойсунғур мирзо қўл остида Фирдавсий “Шоҳнома”сининг танқидий матни яратилганлиги ўрнак бўла олади. Матн сўзбошисини ҳам Бойсунғурнинг ўзи ёзган эди. Ёки Хўжа Арслонхон қўл остида, унинг кўрсатмаси билан Адиб Аҳмад Югнакий қаламига тегишли “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асарининг йиғма матни яратилди. Ушбу таянч матнни 1444 йили Самар қандда Зайнулобидин бахши уйғур хатида тузиб чиққан. Асарнинг қолган нусхалари эса ушбу таянч матн асосида яратилган.
Ўтмиш матншунослигининг диққатга сазовор муҳим белгиси — анъанавийлик ва узлуксизлик, шу соҳада тўпланган билим ва кўникмалар амалда қўллаб келингани билан ўлчанади.
Ҳозирги замон матншунослиги ўтган асрнинг 30-йилларидаги суронли даврлардан кейин янгидан, айтиш мумкинки, йўқ ерда бўй кўрсатди. Шундай эса-да, оз фурсатда фаннинг илғор ютуқларини эгаллаб, катта мавқега кўтарилиб улгурди. Матншунослигимизда ўтган давр ичида катта ишлар амалга ошди. Қувонарлиси, ҳозирги ўзбек матншунослиги, айрим йўналишларда, амалий соҳаларда, араб ёзувли манбаларни ўрганишда етакчи ўринда туради. Бироқ матншунослигимиз бу ютуқларда тўхтаб қолмаслиги, ҳар қачон ҳам дунёдаги илғор ўринларни эгалламоғи керак. Эски ва бой ёзма меросга эга бўлган халқнинг матн билими ҳам шунга яраша бўлмоғи лозим. Тинимсиз изланишлар, ҳозирги замон матншунослигининг илғор ютуқларига таянилган билим ва тажрибаларгина соҳа келажагига йўл очади. Бунинг учун, бизнингча, қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратилгани маъқул.
Ўзбек матншунослиги деганда фақат араб ёзувидаги қўлёзма манбаларни ўрганиш тушунилмаслиги керак. Унинг қамрови ниҳоятда кенг: бунга кўк турк ёзувидаги битиглардан тортиб уйғур, моний ва исломдан бурунги даврларда бошқа ёзувларда яратилган матнларни ўрганиш ишлари ҳам киради. Шундай экан, ота-боболаримиз исломдан бурунги даврларда яратган битигларни ўрганиш, уларнинг илмий нашрларини яратиш ҳам муҳим ишлардан саналади. Афсуски, бу йўналишда битиглар устида иш олиб бораётган, асл битигларни ўқиб, улар бўйича илмий-тадқиқот яратаётган олимларимиз бармоқ билан санарли.
Эски замонларда Ўрта Осиё ўлкаларида қадимги хоразмий, суғд, форсий, араб тилларида яратилган манбаларни ўрганиш, уларнинг илмий нашрларини, таржималарини яратиш ҳам ўзбек матншунослигининг вазифасига киради. Бу йўналишда матншуносликда кўзга ташланадиган ишлар яратилди.
Ўзбек матншунослигининг оқсаётган жиҳатлари ҳам оз эмас. Бу камчиликлар, айниқса, илмий матнлар яратиш жараёнида яққол кўзга ташланади. Шуларнинг бири, илмий транскрипция масаласидир. Мутахассисларга аён, илмий ёки илмий-танқидий матн тузишда энг тўғри ва ишончли йўл — матн асли қандай ёзувда бўлса, уни ўша ёзувида беришдир. Масалан, араб ёзувли асарнинг илмий матни ҳам араб ёзувида бўлгани яхши. Лекин ҳар қачон ҳам, айниқса, қадимги кўк турк, уйғур, моний ёзувларидаги битигларнинг илмий нашрида бунинг имкони топилавермайди. Тугуннинг ечими учун илмий транскрипцияга мурожаат қилинади.
Европа матншунослигида илмий транскрипция аллақачон яхши эгалланган. Аёнки, фанда илмий транскрипцияда тайёрланган матннинг мавқеи, қадри ҳар қачон юқори туради. Транскрипцион нашрлар илмий қарашларнинг яқинлашувига, интеллект ривожига йўл очади. Биз эса, ҳар қандай ёзма мероснинг илмий нашри транскрипцияда бўлуви кераклигини тушуниб етмагандекмиз. Нашрларимизда, ҳатто соф илмий ишларда, докторлик ва номзодлик ишларида ҳам илмий транскрипцияга кўпда амал қилинмаяпти. Совуққонлигимиз яратган ишларимизнинг дунё даражасига кўтарилувига йўл бермаяпти, баъзида. Бу ҳол бир кун келиб бошқа тадқиқотларнинг йўлини тўсиб қўйиши ҳам мумкин. Жўнгина бир мисол. Тил тарихида “олов” маъносидаги ўт билан “ўтмак” (феъл) маъносидаги ўт, ёки “юқори ўрин” маъносидаги тўр билан “тузоқ” маъносидаги тўр сўзлари бир-бири билан омоним эмас, бутунлай ўзга сўзлардир. Уларнинг талаффузи ҳам фарққилган: бири ингичка талаффуз этилса, иккинчиси йўғон ўзаклидир. Ҳозирги ёзувга ўгираётган матншунос, табиийки, уларни ўтҳамда тўр шаклида беради. Мабодо сиз матндаги сўзларнинг саноғини билиш учун компьютерга киритсангиз, компьютер сўзларнинг ёзилишига қараб, уларни қориштириб юборади, сўзларни хато ҳисоблаб чиқади. Бу эса тарихийликка зид (Буни ўзимизча тўқиб эмас, ҳозиргача яратилган айрим ишлар мисолида айтмоқдамиз). Шу йўлдан бориладиган бўлса, қанчадан-қанча сўзларни бой берамиз. Транскрипцияга амал қилмаслик оқибатида келиб чиқаётган шу ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлар бир дунё.
Илмий транскрипциянинг фойдаси катта: у матн тилини яхши акс эттиради; матн талқинини енгиллаштиради. Матнни ишончли манбага айлантириб, у асосида яратилажак бошқа тадқиқотларга кенг йўл очади. Қолаверса, унинг чет эллардаги ана шу соҳа мутахассислари учун ҳам тушунарли бўлувини таъминлайди.
Асарнинг илмий матнини тайёрлаш ниҳоятда мураккаб жараён. Илмий матн яратишда, айниқса, илмий-танқидий матн тузишда баъзан салбий ҳолатларга йўл қўйиш ҳеч гап эмас. Табиийки, ҳар қандай олим матнга ўзи билганича ёндашади. Шунга кўра ҳам яратилган ҳар қандай илмий-танқидий матн нисбийдир. Матншунос асарнинг икки қўлёзмасини солиштириб, ўзининг талқинига ишониб, тўғриси шундай бўлса керак, деган ўй-хаёлда учинчи бир ясама матнни яратиб қўймаслиги керак.
Илмий матн тузишда энг тўғри ва ишончли йўл асарнинг турли қўлёзмаларига асосланиб, унинг йиғма-қиёсий матнини яратишдир. Матншунос барча илмий қоидаларга асосланиб, ана шундай илмий матнни ярата олса, соҳада қалқиш бўлади. Ушбу матн асосида бошқа тадқиқотчилар ўз ишларини ярата оладилар.
Ўтмиш матнчилигининг муҳим белгиларидан бири шундаки, матн битгучилар, ўқимишлилар матн мазмунига, унинг тузилиши, услубига жиддий эътибор қаратиб келганлар. Матн тузиш жараёнида ўзларидан аввал тўпланган билим ва тажрибаларга, классик анъаналарга изчил амал қилинган. Қай замонда кўчирилишидан қатъи назар, матнни аслидек сақлаш котибларнинг бурчи саналган. Ўтмиш Шарқ матн тузиш амалиётида ёзувга, матнга ҳурмат доимо юқори эди. Ёзма меросни ўрганишда бунинг сингари қоидалар эътибордан четда қолмаслиги керак.
Бизга қадар сақланиб қолган ёзма ёдгорликлар, битиглар турлича муносабатни тақозо этади. Айрим матнлар бир ёки икки нусхада етиб келган, айримларининг эсақўлёзма нусхалари кўп. Баъзи матнлардан бир варақ ёки кичик бир узинди сақланган, холос. Айниқса, буддизм, монийлик даврларидан қолган матнларда бундай ҳолат кўп учрайди. Бунга бир мисол. Берлин академиясининг қўлёзмалар фондида Турфондан топиб келтирилган кўп сонли ёзма ёдгорликлар сақланмоқда. Улар ичида U 0044 сони остидаги матн узиндиси бор. У монийлик даврида яратилган йирик бир асарнинг қолдиғидир. Монийлик давридан сақланган насрий асарлар у қадар кўп эмас. Лекин ушбу узинди-матннинг ўзиёқ монийлик даври адабиёти жанрлари доирасини кенгайтиради, бизни ўша асарлар устида ҳам бош қотиришга ундайди.
Баъзи ҳолларда қайсидир тарихий асарда, тазкирада ёки бирор илмий манбада келтирилган қисқа маълумот ҳам йирик илмий масалани очишга ёрдам беради.
Бир мисол. Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида Адиб Аҳмад ҳаёти ва ижоди тўғрисида ўта муҳим маълумотни келтирган. У машойих ва адиб ижодига юксак баҳо бера туриб, унинг мавоизидан байтлар келтирган. Қизиғи шундаки, “Насойим ул-муҳаббат”нинг фанга маълум бўлган қўлёзмаларида Навоий келтирган байтларнинг сони ҳар хил: Санкт-Петербургда сақланаётган қўлёзмасида уч байт, қолган нусхаларида эса икки байтдан иборат. Мисолини Санкт-Петербург нусхасидан келтирамиз:
Улуғлар не берса, емасмен дема,Илик сун, ағиз ур, емасанг ема.
Яна бу ҳам анингдурким:
Тилингни тия тут, тишинг синмасун,Бу турған халойиқ сенга кулмасун.
Бу ҳам анингдурким:
Сўнгакка илигдур, эранга билиг,Билигсиз эран-ул илигсиз сўнгак.
Мутахассис эътиборини тортадиган ери — учинчи байтнинг иккинчи мисраси қўлёзмадаБилигсиз эран-ул сўнгаксиз илиг шаклида берилган ва сўнгаксиз илигбирикмасининг остига илигсиз сўнгак, деб ёзиб қўйилган. Асарнинг илмий-танқидий матнини тузганда буни байтнинг маъносидан келиб чиқиб,Билигсиз эран-ул илигсиз сўнгакшаклида тикланса тўғри бўлади.
Яна бир жиҳати, асарнинг М. Мирзааҳмедова тайёрлаган Тошкент нашрида ҳамда К. Эраслон тузган Истанбул нашрларида юқоридаги байтларнинг биринчи ва учинчиси келтирилган, иккинчиси йўқ. Чунки улар асосланган таянч нусхада шундай.
Янада муҳими, Навоий келтирган байтларнинг иккинчи ва учинчиси Адиб Аҳмаднинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асарида бир оз ўзгарган кўринишда учрайди. Лекин биринчи байт асарнинг бизга маълум бўлган таянч ва энг тўлиқ нусхасида ҳам йўқ. Демак, Навоий ушбу байтни Адиб Аҳмаднинг бизга маълум бўлмаган панд-насиҳат руҳидаги бошқа бир асаридан олган. Манбадаги бу мисол адабиётшуносларимизга яна бир вазифани юклайди: Адиб Аҳмад Югнакийнинг ижоди тўғрисида фикр юритганда ўша бизга етиб келмаган асари ҳам кўзда тутилмоғи керак бўлади.
Энди эътиборингизни “Абушқа” луғатида келтирилган муҳим бир маълумотга қаратамиз. Луғат муаллифи классик ижодкорларнинг асарларида қўлланилган сўзлар қаторида сиғнақ сўзини тилга олади. Луғатчи сўз маъносини изоҳлар экан, у муайян ёзувнинг оти эканлиги, Заҳириддин Бобур ўз ғазалларидан бирида уни тилга олганлигини таъкидлайди ва ғазалнинг ўша байтини мисол келтиради. Луғатда берилиши шундай:
Сиғнақ — бир нав хатдур, Чиғатойда хатт-и бобурий ва ғайри киби-ке, Бобур мирзо ашъоринда келур. Байт:
Xублар хатти насибинг бўлмаса, Бобур, не тонг,Бобурий хати эмасдур, хат-и сиғнақиймудур.
Илк манбада тилга олинган сиғнақ истилоҳи, чамаси, ўрта асрлар Сирдарё бўйидаги турк маданий марказларидан бири бўлган шаҳар отига боғланади. Ана шу ўлкада қўлланилган ёзув шундай аталган бўлуви мумкин.
Сиғнақ хатининг намуналари ҳозирча маълум эмас. У қадимги туркий ёзувлардан бири бўлуви керак. Аниқлангунга қадар бу масала очиққола турсин. Бироқ, нима бўлганда ҳам, бу ўринда ўзбек ёзуви маданияти тарихидаги унутилган икки хат — бобурий ва сиғнақ ёзуви тўғрисида маълумот келтирилмоқда. Биз учун шуниси муҳим. Луғатдаги ана шу маълумотнинг ўзи ҳам ёзув маданияти ҳақидаги билимларимиз чегарасини кенгайтиради.
Матнни нашрга тайёрлаш жараёнида унинг талқини, интерпретацияси ҳамўта жиддий саналиб, мутахассисдан катта билим ва теран мушоҳадани талаб этади. Қадимги туркий матнларни талқин қилиш чоғида тилнинг тарихий тараққиёти давомида сўзлар, бирикмаларда кечган маъно ўзгаришларини, услубий ўлчовларда юз берган фарқларни ёдда тутмоғимиз керак. Бурунги меъёрлар ҳозирги ўлчовларга тўғри келавермайди. Матннинг мураккаб услуби, сўз маънолари баъзан асарни тадқиқ этаётган мутахассисларни ҳам чалғитади. Ҳозирги замон нашрларида айрим сўзлар, сўз бирикмалари, ибораларнинг хато талқин қилинаётганлигининг сабаби ҳам шунда. Бунга бир мисол келтирамиз.
Қадимги Будда муҳитида яратилган “Олтин тусли ёруғ” асарида оға-ини тигинлар қиссаси берилган. Ўша қиссада кичик тигиннинг барс қаршисига келиб, ўзини қурбон қилиш олдидаги ҳолати тасвир этилади. Ўша ерда бек қатиғ сав сўзлади, деган жумла бор. Буни С.Е. Малов рус тилига: “очень сильно(громко) восклицая, сказал (громкими) голосами”, дея таржима қилган. Сутранинг ўзбекча нашрида эса ушбу бирикмани “жуда қаттиқ сўз сўзлади”, деб берадилар.
Шу ўринда матнда берилган бирикманинг маъносини кўриб чиқсак. Қадимги туркий тилда сав — “сўз” дегани. Бирикмадаги бек сўзи “мустаҳкам, қаттиқ” маъносини беради, қатиғ сўзи ҳам айни тушунчада, уларнинг иккови биргаликда, жуфт сўз кўринишида — “ўта қаттиқ” маъносини англатади. Бироқ у матнда сав сўзининг сифати вазифасида қўлланилган. Шунинг учун кўчма маънога эга: сўзга нисбатан “яширин, кўнгилнинг туб-тубидаги”, деган тушунчани беради. Ўз ўрнида у истилоҳга айланмоқда: бек қатиғ сав — кўнгил тубига яширинган сўзлар, яъни “тилак”, “дуо”ни билдиради.
Ана шуларга таяниб, талқинда юқоридаги бирикмани “кўнгил тубидаги сўзларини сўзлади [яъни ниятларини айтди; дуо қилди, дуосини сўзлади]” дея талқин этилгани маъқул. Матнда шундан кейин кичик тигиннинг тилаги (дуоси) ҳам ўрин олган.
Асарнинг илмий матнини тузиш жараёнида асар яратилган давр тили, ўша давр ижтимоий-сиёсий тарихи тўлалигича инобатга олинмоғи керак бўлади. Акс ҳолда, матншунос жўн бир ерда чалғиши ҳеч гап эмас: ўша сўзни хато ўқийди ёки талқинда адашади. Бунга бир ўрнак келтирамиз.
Шоҳрух мирзонинг юртга эгалиги чоғида уйғур хатида ёздирган ёрлиқларидан бири сақланиб қолган. Ҳужжат 1422 йили битилган. Уни француз шарқшуноси Ж. Дени фанга маълум қилган эди; ўқилиши ва мазмунини ҳам биринчи бўлиб шу олим келтирган. Фанга олиб кирилгани ва биринчи бор ўқилуви ўз замони учун катта кашфиёт. Лекин камчилиги бор: ўқилиши ва мазмунда айрим хатолар кетган. Масалан, олим ҳужжат бошламасидаги бир сўзни тўйунларғакўринишида ўқиб, французчада Aux moines(bouddigues)(буддавий роҳибларга), дея талқин этади. Унинг матни ва талқини бошқа олимларни ҳам чалғитиб қўйди. Чунончи, тарихчи А. Григорьев расмий ёзманинг бошламаси тўғрисида фикр билдириб: “Шоҳрух битиги “будда роҳибларига” қаратилган. Бироқ матн мазмунидан ҳужжатда берилаётган имтиёзлар будда роҳибига эмас, мусулмон руҳонийсига берилганлиги аён бўлади. Шунинг учун ўша кезлари “тўйун” истилоҳи буддавий руҳонийлардан ташқари, бошқа динга эътиқод этувчи кишиларга нисбатан ҳам қўлланилган бўлуви мумкин”, деб ёзган эди. Асл матнга эътибор қилинса, бошқа бир манзара: бу сўзнинг будда роҳибларига буткул боғлиқлиги йўқ: у тўйунларға эмас, девонларға, деб ўқилади. Бу сўз матн бошламасининг адресати бўлиб, тўлиғи Шоҳрух баҳодур сўзум девонларға деган мурожаатни англатади. Матнни ана шундай ўқилганда унга муносабат ҳам ўзгаради.
Ўзбек матншунослигининг келажаги тўғрисида бош қотириш ҳам ҳозирги олимлар зиммасида. Соҳанинг келажагини таъминламоқ учун ёш кадрлар тайёрлашга эътибор бермагимиз, бу соҳани ёшартириш йўлини излашимиз керак. Масаланинг ечими олий ўқув юртларида шу соҳани чуқур ўқитишдан бошланади. Шунинг учун олий ўқув юртларининг филология ва тарих факултетларида матншуносларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоғи керак. Бу иш, имкон бўлса, бакалаврлик босқичида бошлангани дуруст. Магистратура босқичида эса талаба бу соҳани анча эгаллаб олади.
Бу борада Тошкент давлат шарқшунослик институтида катта ишлар қилинмоқда. Мумтоз филология йўналишида бакалаврлик босқичидан бошлаб талабаларга кўк турк, уйғур, араб ёзувидаги манбалар, улар устида ишлаш, унинг йўл-йўриқлари ўргатилмоқда. Шунинг билан бирга, институтда араб ва форсий манбаларни ўрганиш устида ҳам жиддий ишлар амалга оширилмоқда. Муҳими, ёшларнинг ўзи бу соҳани қизиқиб ўрганаётир. Институтда эканлиги чоғида Шарққўлёзмаларини, эски битигларни ўқиб, унинг ичига кириб, кўзи пишган ёшлардан келгусида яхши ишларни кутса бўлади.
Қосимжон Содиқов,
филология фанлари доктори, профессор,
Қудратулла Омонов,
филология фанлари номзоди, доцент
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 34-сонидан олинди.