Ғайбуллоҳ ас-Салом. Бебаҳо нарсанинг баҳоси

* Туғилган кунинг эсдан чиқса чиқсину, бироқ нима учун туғилганинг эсдан чиқмасин.

* Сассиқ дарахтга қўниб, чаҳ-чаҳлаб сайраётган булбулни ким кўрибди?

* Ҳайвонлар ҳам инсоний муносабатга муҳтож.

* Сиз вақтни тежамасангиз, вақт сизни тежайди.

* Одамларни барча кучли ва заиф томонлари билан, улар қандай бўлсалар шундайлигича қабул қилиш керак.

* Агар сен ҳалол меҳнат қилсанг, одамлар сени ўзлари излаб топади.

* Кўришни истасанг, ҳар қандай кимсада ҳам истаганча яхшиликларни кўришинг мумкин. Бунинг учун некбин кўз бўлиши керак.

* Олимнинг жоҳиллиги нима-ю, жоҳилнинг олимлиги нима?

* Билмаслик гарчи айб эмас, илло фазилат ҳам эмас.

* Юксалишни истасанг – бошқаларни кўтар!

* Бошқаларни пастга тортаётган одам ўзининг ер қаърига кириб кетаётганини сезмайди.

* Чўғ пуфлаб аланга олдирилмаса, устини кул босиб сўнади. Пичоқни қайраб турмасангиз, ўтмаслашади, кесмайди. Рақобат йўқ жойда инқироз пайдо бўлади…

* Ёмоннинг ёмонлигини гапиргандан кўра, яхшининг яхшилигини гапирган яхши.

* Бирон киши билан гаплашмоқчи бўлсанг, шундай бир тилда гаплашгинки, то гаплашгунингга қадар у сенга душман бўлса – дўстга айлансин!

* Сен ўзингга бошқалар кўзи билан қара. Бошқаларга ўз кўзинг билан.

* Ҳаёт – оқар дарё… дам ғанимат. Ҳазрати одамни зиёрат қил. Ожизларга кўмаклаш. Муҳтожларнинг корига яра. Эртадан бошлайман, дейсанми? Эртага кеч бўлиши мумкин. Агар бугун ҳали кеч бўлиб қолмаган бўлса…

* Бировни ошириб-тошириб мақташ – уни ортиқ даража ерга уришдек гап. Ҳар иккала ҳолатда ҳам меъёр бузилади.

* Дунёнинг ишлари қизиқ. Одамлар бир-бирига яқинлашишлари учун гоҳо бир-бирларидан узоқлашишлари ҳам керакка ўхшайди. Ана шунда улар бир-бирларининг исини, шевасини, аъмолини соғинадилар. Кимни ва нимани йўқотганини англайдилар, бир-бирларига қараб талпина бошлайди!

* Ўзгаларнинг қалбларига тилинг билан эмас, дилинг билан кир.

* Бир-бирининг тагига сув қуймаса – чўллаб қоладиганлар бор.

* Одам боласини, мурғак қалбни бадбинлик ва нафрат билан фақат ўлдириш ва ногирон қилиб қўйиш мумкин. Уни инсон қилиб тарбиялаш учун эса фақат муҳаббат ва некбинлик керак.

* Ҳамма нарса синса синсин, одамгарчилик, нафсоният, орият, иймон-эътиқод касод бўлмасин. Йўқотилган ҳар қанда      й нарсанинг ўрни тўлади, бой берилган маънавий қадриятнинг ўрнини ҳеч қандай бойлик, зар-зевар, дуру гавҳар билан қоплаб бўлмайди.

* Миллий аҳлоқ деганда мен одамларимизга хос ҳаё, ибо, шарм, меҳмондўстлик, сабр-қаноат, мулоҳазакорлик, андиша, шафқат, оилага, ота-онага, аёлга ҳурматни тушунаман.

* Истеъдод ўзини койитганида, ўқиб-ўрганганида, қора терга ботиб меҳнат қилганидагина самара беради.

* Таржима – тил ва тафаккурнинг бузилмас иттифоқи… таржима бор экан, халқлар бир-бири билан доимий жонли мулоқотда, адабиётлар бир-бирига вобаста, бир-биридан баҳраманд. Таржима бор экан, фикр-фикрдан сув ичади, бойийди, ўткирлашади.

* Иқтидор билан қилинган меҳнат, меҳнат билан эришилган иқтидор бир-биринитўлдиради.

* Қиш қўйнида баҳор, ғунча бағрида гул, ёшлик сийнасида эса келажак яшайди.

* Ўз миллатини, унинг маънавий шавкатини, салоҳиятини ва қадриятларини оёқ ости қилган, унинг дардига малҳам бўла олмайдиган киши қандай мавжудот бўлса бордир, аммо инсон эмас.

* Киши ҳар қандай аламга чидайди, аммо яхшилик эвазига ўша одамдан ёмонлик кўрганида дод деб юборади. Бундай ноҳақ аламнинг заҳми жуда ёмон бўлади.

* Ёз-ку яхши, шуниси борки, ёздан кейин қиш келади-да. Қиш совуқ, қаҳратон, илло, ортидан чарақлаган баҳор билан ёз келади. Демак, қўйнида баҳор яширинган бўлади.

* Мустақиллик заҳматларини мен ҳам роҳат деб биламан.

* Ўз ожизликлариму барча қусурларим билан ўзимдан домангир бўлсам, яхши инсоний сифатларим билан (агар улар менда бўлса?..) ота-онам, оилам, мактабим, устозларим ва дўстларимга бурчдорман.

Гуландон Саломова тайёрлади

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 33-сонидан олинди.