Қадимги юнонлар ерни “гео” деганлар. “Гео” билан бошланадиган ўттиз тўрт фан, соҳа, бўлим, касб мавжуд. Биринчи мингйиллик охири, иккинчи мингйиллик бошларида Абу Наср Форобий, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино сингари қомусий илм эгалари “гео”, хусусан геология муаммолари билан жиддий шуғулланганлар.
ХХ асрда Ҳабиб Абдуллаев, И.Исамуҳамедов, В.Попов, Н.Петров, Ғани Мавлонов, Иброҳим Ҳамробоев, Обид Акромхўжаев, М.Аҳмаджонов, Ф.Асқаров сингари олимлар геология фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшдилар. Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзолари орасида геолог олим нуфузининг кўплиги фикримизни тасдиқлайди.
Мустақиллик йилларида геология фани теранлик, кўламдорлик, кенг тармоқлилик касб этмоқда. Ўзбекистон Миллий университетининг олимлари — академик Тўрабек Долимов, профессор Виталий Троицкийларнинг геология эволюциясига доир тадқиқотлари глобаллашув жараёнининг ҳаётбахш тамойиллари асосида яратилганлиги билан диққатни жалб этади. Эллик босма табоқ ҳажмидаги мазкур асарда юзлаб чизмалар, хариталар, жадваллар, кўрсатма воситалар тарихи бор. Олимлар мазкур тадқиқотни яратишда жаҳон геология илмидаги тамойил, қонуният, методлардан унумли фойдаланадилар. Адабиётшуносларда: “Фалончи асар фалон ёзувчи ижодининг бош китоби”, — деган гап бор. Т.Долимов, В.И.Троицкий бой тажрибага эга, илмий йўналишини узил-кесил белгилаб олган, ўнлаб асарлар чоп эттирган, кўплаб шогирдлар етиштирган олимлар. “Эволюцион геология” — икки машҳур олим илмий ижодининг бош китобидир. Китоб библиографиясини кузатган мутахассис “Эволюцион геология” муаллифлари қарийб эллий йиллик илмий ижодлари давомида чоп этилган китоблар, қарашларни жамлаганликларига гувоҳ бўлади.
Инсон табиатида ғаройиб ҳолат бор. Мен қачонки, Тўрабек Нўъмоновичнинг геология ҳақидаги қизиқарли, илмий асосланган асарлари билан танишсам, “Геология ҳам ўлмас бадиий асарга ўхшайди-да”, деган фикрга келавераман. Қаранг, ҳақиқий адабиётшунос-мунаққид асар атрофида гирдикапалак бўлавермайди, аксинча асар руҳига киради, моҳиятни ёритади. Геолог ҳам ернинг “ичига” киради”, марказга интилаверади: пўстлоқ, мантия, геологик ҳавзалар, лаққа чўғ — марказ ҳақида ишонарли маълумот беради.
Геологлар ўрганадиган “бадиий асар” — ер яккаю ягона, ибтидоси бор-у интиҳоси кўринмайдиган соҳа. Адабиётшунослар ўлмас асарлар ёшини аниқлаш мақсадида турли қиёс, солиштирувлардан фойдаланадилар. “Эволюцион геология” асари муаллифлари геохронология — мутлақ вақт масаласини ўртага қўядилар. Ер сайёраси ўз ўқи атрофида узлуксиз ҳаракатда бўлади. Бу ҳаракат қачон, қандай бошланган? Геологлар вақтни эон, эратема, давр, аср дея белгилаганлар. Қизиқ-а, бирон одам юз йил яшаса, ҳамма қойил қолади. Бир аср-а?! Геологияда аср энг кичик вақт бирлиги экан. Энг узоқ, катта вақт Архей эон дейилади. У энг қадимги тоғ жинсларининг пайдо бўлган жойи ва вақтини (докембрий, хронотопини) кўрсатади.
ХХ асрнинг 80-йилларида Австралияда энг қадимги тоғ жинси ГНЕЙС топилди. Унинг ёши тўрт миллиард беш юз эллик миллион йил деб белгиланмоқда. Архей эон тўрт ярим миллиарддан икки ярим миллиард йилни ўз ичига олади. Эон, эратезма, даврлар ҳақида ўйласак, бизнинг кўниккан тақвимларимиз нақадар қисқа вақтни қамраб олишини кузатамиз. Катта Вақт юксаклигига кўтарилган, адабиёт аршининг сўнмас юлдузи дейилаётган мангу асарлар ўртачароқ геологик эрага ҳам тўғри келмас экан.
Геологиядаги Архей эон, эратема, давр, асрлар қандай белгаланади, ўлчанади деган савол ҳаммани қизиқтиради. Биз вақт ўлчови табиат ҳодисаларини, юзларча соат турларини биламиз. Ахборот технологияси вақтни бехато ўлчашда ўзига хос воситаларни тавсия этмоқда. Вақт, унинг аниқ изчил ҳаракатини кузатиш — инсон табиатига чуқур сингиб кетган. Одам зоти ер қачонлардир пайдо бўлганини, вақти-соати келиб ерда қиёмат-қойим бўлишини ҳам билади. Олимлар ернинг ёши ўн миллиард йилгача бўлишини айтадилар. Ер “қаригач”, “вафот” этишини ҳам биладилар. Фан “апокалипсис” (қиёмат) тушунчасига илмий, мантиқий жавоб топиб қўйган. Ернинг “ҳаёти” қуёшга — мангу нур манбаига боғлиқ. Қуёшнинг нур, иссиқлик тарқатиш қуввати тугагач…
Геологлар ер қатламига қаватма-қават кириб борадилар: пўстлоқ, пўстин, ҳавзалар, улардаги узлуксиз ҳаракат, ниҳоят радиуси олти минг километр келадиган ер ўзаги. Ўзак — олов, узлуксиз ҳаракат. Миллиард йиллар давомида ер ўзаги нечун музлаб қолмади? Ерда узлуксиз ҳаракат бор. Ер ўқи радиусида босим ҳамиша кучли бўлади. Босим кучли ҳарорат, оловни пайдо қилади. Олов ўзига йўл излайди. Лавалар ҳавзаларни тўлдира боради. Бу жараён эон, эратезма, даврлар давомида рўй беради. Конларнинг пайдо бўлиши ҳавзаларга, лавалар ҳаракатига боғлиқ.
Дарвоқе, қазилма бойликлар, конлар ҳақида…Яқин-яқинларгача геологияни коншунослик фани дер эдилар.
“Ўзбекистон Республикаси энциклопедияси”да (Тошкент, Қомуслар бош таҳририяти — 1997 йил) “Геология фанлари” қисми: “Ўзбекистон ҳудудида фойдали қазилмаларни излаб топиш ва ўрганиш жуда қадим вақтлардан бошланган” (429-бет), деган жумла билан бошланган. Ўзбекистон Республикаси ҳудуди, умуман Ўрта Осиё ва Қозоғистон геологларнинг ҳақиқий лаборатория майдони. Еримизнинг унумдорлигини ифодалайдиган мана бу гапни ҳамма эшитган: “Кузда далада қолиб кетган кетмоннинг дастаси баҳорда нав-ниҳол кўчатга айланади”. Геологлар ҳам ерга урилган чўкич “жаранглаб” биронта маъдан, минералга урилишини айтадилар. Аммо геология фақат кон излашни бош мақсад қилиб қўймайди. Геология мукаммал, мураккаб фан. Индуктив, дедуктив метод асосида геологлар ер сайёрасини яхлит ҳолда ўрганадилар. Буюк, даҳо олимлар умумлашмалар асосида ўз кашфиётларини яратадилар. Жаҳон геологлари Ҳабиб Абдуллаев, Иброҳим Ҳамрабоев сингари буюк олимлар кашфиётини тан оладилар. “Эволюцион геология” тадқиқоти муаллифлари хаосдаги эгри чизиқлар ҳаракатидаги синергетика қонуниятини асос қилиб олганлар. Бу метод орқали улар конларнинг номеъёрий қонуниятлар асосида пайдо бўлишини исботладилар. Номеъёрий қонуниятлар фанга кенг миқёсда ёндашув, глобаллашувнинг мусбат натижаларини ҳисобга олиш натижасида пайдо бўлади.
Т.Долимов, В.Троицкий тадқиқотларида кўптизимлилик (системали талқин, таҳлил, қиёсий, типологик ёндашув) методи кўзга ташланади. Геология фанида структурали ёндашув ҳам эътиборли ҳисобланади. Қисқаси, ҳозирги илғор геология фани янги метод, ёндашув, талқин йўсинларини асос қилиб олсагина илгари силжиши мумкин. “Эволюцион геология”да жаҳон геологиясидаги янгиликлар заррама-зарра ўрганилган ва амалиётда қўлланилган. “Эволюцион геология” — фанга юксак илмий-назарий нуқтаи назардан қарашнинг самараси. У Долимов ва В.Троицкий илғор геология фанининг дарғаларидан эканлигини кўрсатувчи далил. Ҳозирги геологларнинг бузрукларидан бири, Россия ва Европа фанлари академиясининг аъзоси, Москва Давлат университети профессори, салкам юз ёшли Виктор Ефимович Хаин “Эволюцион геология” асари ҳақида ёзади: “Менинг фикримча, муаллифлар жуда долзарб ва фойдали ишни бажарганлар, чунки дунё геологик адабиётида бу турдаги китоб ҳали яратилган эмас”.
Тўрабек Долимов ва Валерий Троицкийнинг “Эволюцион геология” тадқиқоти, ҳеч муболағасиз, эътирофга моликдир!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 27-сонидан олинди.