Бегали ака билан суҳбатдош бўлган киши ажойиб китоб ўқигандек баҳра оларди. Домла биров билан танишибоқ дарров очилиб гаплашавермас, суҳбатдоши саволларига имкон қадар жавоб бериб, уни обдон билиб олишга ҳаракат қиларди. Бирор масалада фикр сўрасангиз ҳаяжонга берилмай, билганларини чиройли қилиб айтар ва сизни мамнун этарди. Нутқи равон, кўп китоб ўқиганлари боис, улуғ алломаларнинг пурмаъно сўзларига бой бўларди. Бу одат домланинг ниманики сўзламасин, аввал яхши ўйланган ва пухта бўлишига амал қилиб ўрганганидан далолат берарди. Устоз ортиқча, жўн гапларни тилга олмасди.
* * *
Домла илмни қадрлар, игна билан қудуқ қазгандек заҳмат чекиб, тадқиқотларига манба тўплагани Қрим, Қозону Уфадан тортиб, Туркия, Олмонияга қадар сафар қилганди. Айни чоғда, қадим Туркистон кентлари бўйлаб саёҳат қилишни ҳам хуш кўрарди. Қирқ йилча бурун Озод ака, Умарали ака ва Ўткир ака билан бирга юк машинаси кабинасида оғир тоғ йўли орқали Ўшдан Бадахшонгача бориб қайтишган. Буни биз Ўткир Ҳошимовнинг шу сафар таассуротлари битилган эссесидан ўқиб билганмиз.
Одатда бирор узоқ-яқин сафарга борар бўлсак, домлани ҳам хабардор қилардик. Экология ҳаракати авж олган пайтлар телемарафонга ҳозирлик кўраётиб, Қаршидан Амударёгача боришга тўғри келди. Ўшанда, домла жиддий тадқиқотлар билан бандлиги боис экология масаласига вақт ажратолмаса керак деб, ўзимиз “индамай” сафарга чиқибмиз. ТВ режиссёрлари Қарши ва Қорақум каналлари бошланадиган жойларни тасвирга олайлик, дейишди. Қурилиш ташкилоти самолёт ажратди…
Бир гурунгда домлага шу ҳақда айтиб қолдик. Самолётда Амударёга борганимиз, сўнг оқим бўйлаб юқорига — Келиф томон учганимиз, чегарачилар рухсат берган жойгача бориб, дарё манзараларидан завқланиб, тасвирга олганимиз ҳақида сўзладик. Домла қизиқиб тинглаб: “Хўш, у ёғини ҳам айтинглар-чи”, деб қолди. Қорақум канали бошланган жойни айланиб, унинг ўзани бўйлаб учганимиз, шу жойда Амударёнинг суви саҳро қумликларига сингиб, катта-катта кўллар ҳосил қилгани, улардан оқиб чиқадиган “бир қултум” тиниқ сувгина кема сузадиган каналга тушишини айтдик. Бу ҳол дарёдан минг челак сув олиб, унинг бир челагини ичишдай гап. Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари бошида шўроларнинг “моҳир” қурувчилари шундай иш тутишган. “Орол экспедицияси” аъзоларининг: “Бу, ноёб сувни исроф қилиш эмасми?”, деган саволига гидросозлар: “Йўқ, бу — сувдан санъаткорона фойдаланиш. Лойиҳа мукаммал тузилган”, деб жавоб беришганди ўшанда.
Пирмат ака иккимиз шу ҳақда гапириб бердик, домла жим ўтириб тингларди. Ўшанда канал трассаси бўйлаб чамаси эллик километрлар учиб, Жайхун сувининг тўртдан бир қисми беҳуда кетаётганига гувоҳ бўлгандик. Шу жараённи тасвирга олиб, ортга бурилганча қуйи оқим бўйлаб уча бошладик. Режиссёрлар Қарши даштининг зовур сувлари Амударёга тушишини эшитган экан, уни ҳам тасвирга оламиз, дейишди. Дарё бўйлаб Чоржўй сари бир юз эллик километр учиб, сўнг аэропортга қайтишимиз керак эди. Тўрт соатдан бери мотори тинмай тариллаётган самолёт ичида ўтирибмиз. Қулоқлар батанг бўлса-да, неча минг йиллардан бери чўлу саҳро бағридаги эл-улусга неъмат улашиб келаётган буюк дарёнинг тенгсиз оролларию соҳилбўйи манзиллари устидан учиб ўтиш завқли эканини айтганимизда, домланинг кўзлари қувнади.
Дарё гоҳ ёйилиб, гоҳ тор бурумларда ингичка тортиб, Оролга интилади. Гоҳо бир катта ирмоқ ажралиб, яна дарёга келиб қўшилганини кўрамиз. Термиз ва Чоржўй оралиғида қатнаётган юк кемалари улуғ наҳрнинг қадим манзарасини эсга солади. Султонтоғ деган жойда дарё қайирларига тушаётган зовур сувлари тасвирга олинди. Шу ердан Қаршига буриламиз десак, учоғимиз ёнилғиси етмас экан, самолёт Чоржўйдан ёнилғи оладиган бўлди. Тағин олтмиш чақиримлар учгач, Чоржўй аэропортига қўндик.
Сўнг йўлимиз Денгизкўл оша давом этди. Аму — Бухоро канали сув оладиган жойдан ўтгач, кўз олдимизда қирғоқлари олис катта ҳавза намоён бўлди. Бухоро зовурлари суви тушадиган бу сунъий ҳавза устидан ўн беш дақиқача учдик…
Бегали ака таассуротларимизни қизиқиб тинглагач, “Эй, номардлар, шундай режа бор экан, нега айтмадиларинг?”, деб гинахонлик қилди. Келифдан Чоржўйгача Амударё устидан самолётда учиб ўтиш имкони тасодифан — Пирмат аканинг вилоят раҳбариятида ишловчи дўстлари ҳиммати боис туғилиб қолганини айтиб, изоҳ бердик. Барибир Бегали ака гапни ҳазилга бурди:
— Йўқ, сизлар атай шундай қилгансизлар! Ўзларинг бизни айтмай, роса томоша қилибсизлар. Бу ҳисоб эмас, сафарни қайтадан бошланглар. Биз ҳам борайлик.
Домланинг шу ўкинчи боис ҳайратиб ошиб сўрадим:
— Сиз ҳам Амударёни севаркансиз-да, а?!
— Нима десам экан?! Қизиқувнинг асл сабаби Авлонийнинг “Афғон саёҳати” хотираларида. 1919 йил июл ойида шўролар топшириғи билан Афғонистонга юборилган вакиллар сафида Авлоний ҳам бўлган. Улар Чоржўйдан Каркигача дарё орқали бормоқчи бўлишган. Авлоний РСФСР Ташқи ишлар халқ комиссариати вакили Н.З.Бровинга муовин бўлиб борган. Бироқ Чоржўйда эски бир кема ва унга арқонлар билан боғланган баржага тушган элликдан ортиқ одамга — уларнинг ичида расмий вакиллардан ташқари аскарлар, афғон ҳукумати вакиллари, ватанига қайтаётган ҳиндистонлик ҳамда европаликлар ҳам бўлишган — улар Бурдалиққа етганда Каркидаги руслар ваҳшийлигидан норози бўлиб, “Ё нажот, ё ўлим”, дея исён кўтарган туркманлар ҳужум қилишади. Бровин ва Иванов Авлонийни туркман беклари билан гаплашгани жўнатади. Авлоний, ҳиндистонлик Зикриё афанди ва оқ байроқ кўтариб олган таржимон Абдулматлаб афанди туркманлар ҳузурига боришади. Беклар уларни иззатлаб кутиб олишади, вазиятни тушунтиришади. “Каркида руслар бизларга кўп жабру зулм қилди, бир неча бекларимизни тутиб ўлдирди. Уйларимизни ёндирди. Бола-чақамизни ҳам ўлдирмоқдан тоймади… Шу боис биз Чоржўй тарафиндан келган парохўдни ўтказмасликка қарор қилганмиз. Элчига ўлим йўқ! Сизларни бошимизга кўтарамиз. От ила, ароба ила, бир қўндуриб, эртаси кун Афғонистон чегарасига етказамиз”, деб илтифот кўрсатишади. Туркманлар кемада Каркидаги бузғунчиларга ёрдам учун ўқ-яроқ олиб кетилаётган бўлиши мумкин, деб хавфсирашган экан. Авлоний бошлиқ уч “элчи” бу гапни кемадагиларга етказиб, “ё таклифга кўниш, ё ортга қайтиш” фикрини айтганида жаноб Бровин кўнмайди: “Аскаримиз, қурол-яроғимиз етарли, туркманларни ёриб ўтиб кетамиз”, деб олға сузишга буйруқ беради. Бироқ дарёнинг торроқ жойига келганда туркман беклари ҳар икки томондан сиқувга олиб, кемадагиларни тутдай тўка бошлайди. Ҳатто бир ўқ кеманинг буғ қозонини шикастлайди. Кема тўхтаб қолиб, оқим кучи билан қийшайиб, ортга бурила бошлайди. Улар зўрға қочиб улгуришади… Сўнг Чоржўйдан Кушкага қадар поездда, у ердан Ҳиротгача ва ундан сўнг турли работлар орқали ўтиб, отларда Кобулга етиб олишади. Вакилларни Афғонистоннинг ўша пайтдаги ёш амири Омонуллахон қабул қилиб, музокара олиб боради. Шундан сўнг Авлоний 1919 йилнинг 28 сентябридан 1920 йилнинг июлигача Ҳиротда бош консул бўлиб туради. “Афғон саёҳати”ида ёзганидек, бу сафар Авлонийдаги болшевиклар ҳукуматига бўлган шубҳани кучайтириб юборади. Ўзларини ҳақиқатчи, деб жар солган рус болшевикларининг собиқ чор генералларидан қолишмаслигига у амин бўлади…
Абдулла Авлонийнинг “Маънавият” нашриёти чоп этган икки жилдли “Танланган асарлари”ни Бегали ака тўплаб нашрга тайёрлаган ва қарийб саксон саҳифали “Оқ тонгларни орзулаган шоир” сарлавҳали сўзбоши ёзган эди. Домла мазкур иқтибосларни бежиз келтириб ўтмаган кўринади: “Оҳ, на инсоният, на баробарлик, на социалистик, на миллат тафриқ қилмайдурғон интернационалистлар дунё юзинда топилармукин? Балки бордур, топилур, лекин вужуди анқонинг тухумидек камёб эканлиғин Афғонистон сафарига чиқғонда аниқ билдим. Афғонистонгға чиқғон беш ҳайъати ваколанинг ичида биргина мусулмон ман ўлдиғимдан ҳар бир оғир меҳнатлар, ҳар бир кулфат ва азиятлар мени устимга юкланди… ўртоқ Бровин Афғон туфроғига ўтгандан сўнг ўзини женерол чор ноил эълон қилмиш эди”.
Фикримча, домла шу хотиралар таъсирида нимадир ёзишни кўнглига туккан бўлса ажабмас. Эҳтимол, Амударёда сузиб бораётган кемани ҳар икки ёндан исёнчи туркманлар ўққа тутиб, олдинга юргани қўймаган ҳамда Авлонийнинг улар ҳузурида бўлган қисқа “элчилик лаҳзалари”ни бирор насрий асарда гавдалантиришни ният қилиб юргану, бунинг учун кўҳна Жайхуннинг ўша соҳилларини кўздан кечириб, Авлоний бошидан кечирган туйғуларни аниқ тасаввур этишга эҳтиёж бўлган… Домла бошқа изоҳ бермаган бўлса-да, унинг мавзуга астойдил қизиққани аён сезилиб турарди. Энди эса, бу бир армон бўлиб қолди.
* * *
Талабалик йилларимиз пахта йиғим-теримига чиққанимизда доим жиддий қиёфада юрадиган домла оқшомлари гулхан атрофида бўладиган ёшларнинг ўйин-кулги ва мушоира анжуманларида, камдан-кам бўлса-да, бутунлай ўзгариб, ажойиб шеърлар ўқиб, ҳаммани қойил қолдиргани худди кечагидек ёдимизда. Анчайин босиқ-вазмин домла гулхан атрофидаги кечаларнинг бирида Абдулла Ориповнинг “Мен Ереван кўчасида озор қизин учратдим…”, деб бошланувчи гўзал шеърини мароқ билан айтганини тинглаб, ҳайратга тушганмиз.
Авлонийнинг сафарига доир ўша гурунгдан сўнг бирор ёққа борадиган бўлсам, албатта, домлага ҳам айтадиган, вақтларига қараб бирга сафар қилишни таклиф қиладиган бўлдим. 2003 йилнинг ёз ойлари, раҳматли Нурилла Аҳмедов: “Анча толиқибсиз, вақт топинг, беш-олти кун Зомин тоғларига чиқиб келайлик”, деб қолди. Бир ойча аввал Қашқадарёга ижодий сафарга бирга бориб қайтганимиз учун Бегали ака ва Қозоқбой Йўлдошевни ҳам таклиф қилдик. Жума куни йўлга чиқиб, пайшанбада — газетани саҳифалаш бошлангунга қадар етиб келишни режалаб қўйгандик. Домла таклифни эшитиб: “Бир-икки соатлик дарсим бор, деканат билан гаплашай-чи, ўрин алмаштириш мумкин бўлса, албатта, бораман, тоғнинг мусаффо ҳавосини симириб, қимизга тўйиб қайтамиз”, деди.
Нуриллахоннинг машинасида Зомин тоғи сари йўл олдик. Исмоил Тўхтамишев таклифи билан “Тоҳир-Зуҳра” ёдгорлиги очилишига борганимиз, ўша ерда вилоят ҳокими билан учрашиб қолганимиз ҳақида гаплашаётиб, Бегали акадан қишлоқдаги ҳовли-жой масаласини сўрадим. Домла: “Ҳозирча ҳеч гап йўқ-ку”, деб қўйдилар. Ўша сафар чоғи ҳоким бува ижодкорлар ташрифидан қувониб, вилоятда амалга ошириладиган улкан ишлар режаси ҳақида сўзлаб берган, сўнг Китобдаги зиёратгоҳларни томоша қилиб, дам олиб кетишимизни таклиф қилганди. Гап орасида домланинг ойнаи жаҳондаги чиқишларини мароқ билан тинглашини айтган ва туғилиб ўсган Денов қишлоғида ўзининг бирор уй-жойи бор-йўқлигини ҳам суриштирганди. Домла: “Нафақага чиқсак, келиб турармиз, деб бирор иморат солиш ниятимиз йўқ эмас, шунга укаларга ер топинглар деганман”, деди. “Яхши ўйлабсиз. Ҳар бир олиму ижодкорнинг ўз туғилиб ўсган жойида, албатта, бемалол келиб-кетадиган, имконга қараб тўрт-беш кун турадиган жойи бўлиши керак. Қолаверса, болаларингиз катта бўляпти, улар ота юртидан узилиб кетмаслиги керак… Мен туман ҳокимига айтиб қўяман, сизга қурилиш учун, албатта, ер беришади”, деди ҳоким.
Бу гапларни эшитиб, ҳаммамиз ҳокимнинг эътиборидан хурсанд ҳам бўлган эдик. Бироқ раҳбарларнинг иши кўп, вақти оз, бирда айтган гапи, бирда берган ваъдаси хаёлдан фаромуш бўлиши ё буюрилган одам ишни кўнгилдагидек адо этмаслиги бўлиб турадиган ҳол. Ҳоким зиёлилар, маънавият ва маърифат аҳлига ниҳоятда эътиборли бўлса-да, ўша “гап”ни қайсидир ер ўлчовчи бироз пайсалга солган кўринади.Орадан бир йилдан сал кўпроқ вақт ўтиб, домла бевақт вафот этганларида билдикки, марҳум оталарига тегишли томорқанинг бир четини чегириб уй қуришга рухсат бўлган экан. Домла ниҳоятда камтар, баъзилардек: “Менга у керак, бу керак”, деб атай раҳбарларни безовта қилмасди. Сўраганларига суюниб юраверардилар. Лозим кўришса, эътиборга олишар, деб умид қилиб қўя қолардилар.
…Зоминда ҳар куни тонг-ла атрофдаги баланд қояларни қоплаб ётган асрий ўрмонларга чиқиб кетардик. Осмонга бўй чўзган қуюқ арчалар гўзаллиги бизларни тамом сеҳрлар, манзаралар баҳри дилимизни очарди. Табиат улуғвор, кўнгил эрка ҳисларга лиммо-лим, ҳаёт завқи сўз билан ифодалаб бўлмас даражада. Домла дунё кўрган, не-не хорижий элларда бўлган эса-да, мовий осмондаги оппоқ булутларга, тепамизда соядек осилиб турган виқорли қояларга узоқ тикилиб қолар, арчалар хушбўйидан яйраб нафас оларкан, ажиб мамнунлик юз-кўзларини яшнатиб юборар эди. Баъзан юриш қийин бўлган оғир сўқмоқларда бир-биримизга қўл бериб, баландликларни “ишғол” этардик.
Тоғ устидан теваракни кузатиш янада гаштли эди. Пастда мавжланиб оқаётган Ўриклисой, ўрмон узра оппоқ кемадек бўлиб кўринаётган сиҳатгоҳлар, тоғнинг энг юқорисидаги халқаро обсерватория жойлашган супага олиб чиқувчи довон йўли ўзига маҳлиё этиб, қалбингизни сеҳрли туйғуларга чулғайди. Шундай улуғ алломанинг она табиат гўзалликларидан самовий ҳисларга тўлиб-тошганча файласуф шоирга айланиб қолганини кўриш бундан-да ҳайратли эди. Қуйига эниш янада завқли бўларди. Бу йўлда бизнинг ўз “Ясная поляна”миз бор эди. Бироз ўтириб, нина барглиларга инган шудрингнинг заррин офтоб тафтида эриб, арча ифорила таратаётган хушбўйидан маст бўлардик.
Беҳбудий, Фитрат ва Авлоний яшаб ўтган эрк ва озодлик йўлига доир саволларимга домла китобларида ёзиб улгурмаган изоҳларни ҳам қўшиб жавоб берар, бу буюк зотларнинг армонларини ўзига сингдирган қалби илм зиёси, миллий уйғониш заҳматлари билан тўлиб-тошган эди. Истиқлол йилларида Миллий университетимизда миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти кафедрасини ташкил этиб, унга раҳбарлик қилиб келаётганди. Ҳали бу борада рўёбга чиқариш, дарслик ва қўлланмалар яратиш бўйича амалга оширадиган ишлар тахланиб турарди. Домланинг фикру хаёли, тафаккур дунёси мана шу ишлар, режалар билан банд эди…
Бошқа сўқмоқдан тоғнинг янада баландроқ жойига чиқиб кетган Нуриллахон билан Қозоқбой бизларни кўриб, юқоридан “оҳ-ой”лаб товуш беришади. Бу овозлар тоғ узра ажиб акс-садо қайтарар, биз ҳам уларга жавобан яшил майдончадан туриб қўлимизни силкиймиз. Эрталабки сайрдан сўнг кувида пишилган сариёғга тобланган қозон патир нонуштамизга файз бағишлайди. Бир оз ҳордиқ олиб ё китоб мутолаа қилиб, тушлик қилардик-да, топилса тоза қимиз ичиб, яна тоғ оралаб қора тасмадай чўзилган асфалтдан Ўриклисойгача, ундан юқоридаги сўқмоқларгача кўтарилиб, янги-янги манзилларни кашф этиб қайтардик…
Салкам қирқ йил талаба ва юртдош, китобу суҳбатларидан баҳраманд журналист, долзарб мавзудаги кўпгина мақолаларини нашрга тайёрлаб чоп этган муҳаррир, саёҳатлардаги ҳамроҳ ва шогирд бўлиб домлани билганларим ҳам бир бўлдию, Зомин тоғларида кечган ўша беш кун мобайнида билганларим бир бўлди. Одам одамни, айниқса, сафарда яхши таниб оларкан. Кўнгилни тушуниш, қалбни англаш, гўзалликни ҳис этиш, инсонни янгидан кашф этишда саёҳатдан қулай восита йўқдай…
* * *
2004 йил 24 сентябр куни эрта тонгда домланинг ўғиллари Беҳзод қўнғироқ қилиб қолди: “Дадамиз вафот қилдилар, — деганида ичимда бир нима узилиб кетгандек бўлди. — Ҳозир… ҳаммамиз Касбига жўнаяпмиз. Маросим Денов қишлоғида бўлади. Илтимос, дўстларига билдирсангиз…”.
Гўшакни қўйдиму жойимга беҳол ўтириб қолдим. “Эҳ, аттанг! Нега бундай бўлди? Ҳали олтмиш икки ёшга ҳам тўлмаган эди. Бу ёмон дард қайдан ҳам ёпишди? Олти ойдаёқ адойи тамом қилиб қўйди. Атиги бир йил аввал Зомин тоғларининг баланд чўққиларига қадар чиқиб борганимиздаги ғайратлари қандай эди! Дунё қизиқ: эртага нима бўлишини билмайсан. Елиб-югуриб, ташвиш тортиб, ўзингни ўйламай жон куйдирасан… ва бир куни, ҳеч кутилмаганда…
Ўша куни икки-уч соат кечи билан жўнаб кетганларнинг ортидан Денов қишлоғига етиб бордик. Ҳаво иссиқ эди. Кўчаларга сув сепилган. Мотам одамлар юзига соя солган. Туман ва вилоят марказидан домланинг мухлислари, қадрдонлари, эл кайвонилари, раҳбарлар келиб-кетиб туришибди. Шундай эл севадиган улуғ инсон, катта алломанинг вафот этганига ҳеч кимнинг ишонгиси келмайди.
Мен илгари домла туғилиб ўсган уйни кўрмаган эканман. Ҳозир унда укаси туради. Бир вақтлар оталари яшаган ўша ҳовли олдида, афтидан, домла бетоб бўлиб қолганларидан сўнг, томорқанинг бир четини чегириб, тезлик билан пахсадан уч-тўрт хонали чоғроққина уй тикланиб, усти ёпилибди. Ҳали сувоқдан чиқариб улгурилмаган. Эшик-роми кечагина қўйилгани кесакидаги лойнинг қуримаганидан билиниб турибди. Домланинг вужудини шу уйнинг ўнг тарафидаги хонага олиб киришибди. Шу ерга кириб, маъюс бош эгдик. Бироз ўтиб, олисдан етиб келган қадрдон дўстларига домланинг юзини очиб кўрсатдилар. Абадий уйқуга кетган одамнинг сокин қиёфаси кўнглингизда ғалаён қилаётган туйғуларни босиб қўяр экан. “Бу ҳамманинг бошида бор савдо. Бандаси ўлим муқаррар эканини ҳамиша ҳис этиб туриши ва унга тайёр бўлиб яшаши керак!” Беихтиёр хаёлдан шу ўйлар кечди.
Соат тўртларга яқин Тошкентдан Бегали аканинг курсдош дўсти ва яқин сафдоши Абдулла ака етиб келди. Жаноза олдидан хайрлашув сўзлари айтилди. Абдулла акага ҳам сўз берилди. Яқин дўстни сўнгги йўлга кузатаётиб, бир сўз дейиш осон эмас. Абдулла ака ўзини бир оз тутиб олиб, видолашув сўзларини айтар экан, шу куни йўлда ёзилган шеърини ўқиётиб, овози титраб чиқди ва одамлар бир қалқиб олишди.
Тонгларим тийрадир, оқшомлар пурғам,
Бир-бир кетаётир жўраларим ҳам.
Бировин йўлини касаллик тўсса,
Бировин йиқитди ғам билан ғусса.
Бошига тушса ҳам қанчалик савдо,
Ношукур бўлмади улар, ажабо!
Билдимки, нолишни наинки замон,
Оллоҳ ҳам ёқтирмас экан ҳеч қачон.
Домлани сўнгги йўлга кузатиш маросимига кўпчилик йиғилди. Ўша янги қурилган-у, бироқ эгасини ночор ҳолда кутиб ва кузатиб қўяётганидан хижолат чеккандек мунғайибгина турган пахса уйдан тобутни олиб чиқаётганимизда кўзимга тирқираб ёш қуйилиб келди. “Эҳ, бири кам дунё! — Кўнглимдан ўтди. — Ким ҳам шундай бўлишини кутган эди? Домла туғилиб ўсган ота юртида ҳам ўзлари орзу қилгандек қилиб, яхшигина уй-жой солиб, унда энг масъуд дамларини ўтказиб, бой кутубхонасидаги китоблардан шу уйга аталганларини ҳам олиб келиб, буюк устозлари Беҳбудий, Фитрат ва Авлонийдек маърифату маънавият чироғини ёқиб ўтиришни қанчалар истаган ва ўшандай лаҳзалар келишига астойдил ишониб, унга талпиниб яшаганди. Лекин улгурмадилар…”.
Домла илм соҳасида, миллий истиқлол учун курашган жадид боболаримизни рўёбга чиқаришда белни қаттиқ боғлаб амалга оширган ишлари, ёзиб қолдирган китоблари, камолга етказган шогирдлари, одамлар қалбига таратган зиёси шу қисқагина умр мобайнида уддалаш мумкин бўлган ишларга зиёдалик ҳам қилади. Бироқ бу дунёдан ким ҳам армонсиз кетибди, дейсиз.
…Кўҳна Насаф билан Миришкорни боғловчи катта йўл ёқасида неча асрларга гувоҳ кўҳна қабристон бор. Ҳар сафар йўлим тушганда шу жойдан ўтаётиб, гоҳ ичкари кириб, гоҳо йўл устида устознинг руҳларига Қуръон тиловат қилиб ўтаётиб, шу армонлар ҳақида ўйлайман… Бегали аканинг бир неча авлод боболари ҳам шу тупроққа бош қўйишган. Оталари Абулқосим Муҳаммад Мурод бобонинг турбатлари ҳам шу ерда. Ота ётган тупроққа унинг пойидан жой сўраб, фарзанд ҳам ўз абадий маконини топиб келди.
Бу манзил илм зиёсидан баҳраманд авлодлар зиёратгоҳидир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 38-сонидан олинди.