Фарид Усмон. Юк (ҳикоя)

Унинг қиёфаси ҳаётда бор одамларнинг қиёфасидан унча фарқ қилмайди. Лекин ўзига хос жиҳатлари ҳам бор. Жуда кекса бўлмаса-да, ёши бир жойга бориб қолган одамларга ўхшаб кетади. Ҳаёт машаққатлари уни ғижимлаб ташлаган. Ориқ жисмига монанд елкалари уни янада озғин кўрсатади. Катак, енги калта, доимо этаги шими устидан тушиб турадиган кўйлаги ҳафталаб олинмайдиган соқоли рангига жуда ҳам мос.
У оддий бир ҳайдовчи. Эски, шарти кетиб, парти қолган “ЗИЛ” машинасининг эгаси. Ўзиники, юк ташийди. Гоҳ юқорига, гоҳ пастга. Кўпроқ кечаси йўлга тушишади. Ўлгудек чарчашади.
Иккаласи бир-бирига ўхшаб кетади. Иш юришиб турса, ҳайдовчи хурсанд, машина енгил, беозоргина йўрғалайди. Йўлда бирор кор-ҳол юз берса, иккаласининг зардаси бирданига келади. Ҳайдовчи бўралаб сўкинишга тушади. Машина бўлса “пат-пат, пих-пих” қилиб, юрмай қўяди, юрса ҳам лўкиллашдан нарига ўтмайди.
Ҳайдовчи машинага ўтиришдан аввал, худди бошқа ер қуриб қолгандек, кир, лой оёғи билан баллонларни тепиб, бир гапни такрорлайди:
— Қалайсан, биродар? Чарчамадингми? Чарчашга ҳаққимиз йўқ. Ишлашимиз керак, ҳа, иш ҳали жуда кўп, бўшашма…
Тили-жағи йўқ машина унинг гапларини тушунгандай мунғайиб қараб тураверади. Бир нима демайди. Аммо ҳайдовчи мурватни бураб, газ педалини босиши билан ғизиллаб йўлга тушади.
Одамлар эҳтиёжини қондириш учун у ташиган нарсаларни бир жойга йиғса борми, эҳ-ҳе…
Мана, ҳозир ҳам усти тўла юк. Ҳар бирига йигирматадан вино жойлаштирилган яшиклар устма-уст тахланган, устига брезент ёпиб қўйилган. Ҳаво иссиқ, ёпмаса ҳам бўлади, аммо ароқ ёки вино ташиганларида ҳамиша шундай қилишади. Машина буни унча яхши тушунмайди, сабабини бировдан сўрай олмайди ҳам… Билгани, бугун ҳам бу юкларни далалардан, айланма йўллардан юриб, қайсидир бир қишлоқ чеккасидаги магазинга топшириб қайтишади.
Машина шуларни ўйлаб диққат бўлади. Қачон йўлга тушамиз? Кун бўлса исиб кетди, иссиқда йўл юриш азоб.
Соат иккилардан ошганида катта тахта дарвозанинг кичик эшикчасидан бўйнини хиёл олдинга чўзганча ҳайдовчи чиқиб келди. Одатига кўра, шимининг чап чўнтагидан “Север” папиросини олиб, бир донасини лабига қистирди, гугурт чақиб тутатди, худди бу ишни биринчи марта қилаётгандай, мириқиб чека бошлади. Сўнг машина олдига яқинлашиб, одатига кўра бошлади:
— Қалайсан, биродар, чарчамадингми? Чарчашга ҳаққимиз йўқ, ишлашимиз керак, ана, соат ҳам иккидан ошибди.
У шундай дея олд баллонларни тепиб-тепиб қўйди-да, буйруқ оҳангида деди:
— Қани, биродар, кетдик, имиллайдиган бўлсак, ярим кечага қолиб кетамиз.
Калит буралди, газ босилди. “ЗИЛ” гуруллади, аввалига бироз силкиниб турди, сўнг бир маромда йўлга тушди.
— Тузуксан, — деди ҳайдовчи эшикни қарс этиб ёпар экан.
Машина қинғир-қийшиқ йўлларни ортда қолдириб, теп-текис асфалт йўлга чиқиб олганида янада хотиржам, силкинмай, титрамай юра бошлади.
Шу зайлда анча юришди. Кейин бир жойда тўхташди. Ҳайдовчи суви шарқираб оқаётган ариқ бўйига қўйилган курсичага ястаниб ўтириб, муздек айронни симирди. Кейин ариқдаги сувдан пақирда олиб, машина ғилдиракларига, радиаторга сепди. Жуда мазза бўлди-да.
Манзилга етиб келишганида қоронғи тушиб бўлган эди. “ЗИЛ” тўрт томонга тарвақайлаб кетган йўғон-йўғон толлар орасида жойлашган қишлоқ дўкони омборига орқасини қилиб, “хайрият-е” дегандай, бир энтикиб тўхтади. Ҳайдовчи яна папирос тутатиб, дўкон сотувчисини излаб кетди. Орадан анча вақт ўтиб, уч киши бўлиб қайтиб келишди. Орқа борт очилди. Брезент бир томонга қайириб қўйилди. Юк туширилди. Хира лампочка ёруғида қоғозларни расмийлаштиришга анча вақт кетди.
— Эминжон ака, — деди дўкон мудири ҳайдовчига, — қайтишда Толмозор орқали кетганингиз маъқул, йўл анча яқин бўлади.
Сотувчи шундай деб ҳайдовчига икки шиша вино узатди.
“ЗИЛ” гуруллади. Кечки салқин таъсирими ё уйга қайтишаётганиданми, мотор бир маромда ишлай бошлади.
Машина Толмозордан ўтиб, яна катта йўлга бурилганида ҳайдовчи ашулани варанглатди. “Андижонлик укам”дан сўнг “Сочининг савдоси тушди”, кейин “Қаро кўзим”ни ўзича қойиллатиб хиргойи қилди. Бир-икки жойида овози хириллаб қолди, сўзларини адаштириб юборди, аммо буни машинадан бошқа ҳеч ким сезмади.
Ой ораси эди. Ҳаммаёқ қоп-қоронғи. Йўл четидаги дов-дарахтлар машина фаралари ёруғида липиллаб ўтишади, гоҳо ваҳимали кўринишади ҳам. Машина буни ҳайдовчининг олазарак кўзларидан билади.
Бир пайт машина билан ёнма-ён чопиб бораётган бир нима кўзга ташланди. Ҳайдовчи ашуласини тўхтатди. Аслида у тунги қўрқувдан чалғиш учунгина ўзини ашула айтаётган қилиб кўрсатаётган эди.
— Ие, бу нима бўлди экан, — хаёли сесканди ҳайдовчининг. Орадан бироз ўтгач, ўша нарса ўзини тўла намоён қилди. У навқирон, етилган, ёллари силкиниб турган, бўйни узун, ўйноқлаб чопиб бораётган оқ тулпор эди. Машина билан худди басма-басига чопишаётгандай эди. Ҳайдовчи унга қараб, диккайган қулоқларини кўрди, ёли машинадан тушаётган ёруғда олтин каби товланар, одамнинг хаёлини ўғирларди.
Ҳайдовчи оқ тулпордан қолмаслик учун тезликни оширди. Тулпор ҳам бошини баланд кўтариб, янада тез чопа бошлади. Шунда кутилмаган воқеа юз берди. Тулпор бирданига чап томонга бурилди. Машина ҳам…
Ҳайдовчи жон-жаҳди билан тормозни босди. Не кўз билан кўрсинки, олдинда чуқур жарлик турарди. Машинаси билан пастга шўнғишига сал қолган холос…
Қаттиқ сўкиниб, машинани орқага қайтарди. “ЗИЛ” “Кўзингга қарасанг бўлмайдими”, дегандай ғўлдираб овоз чиқарди.
Йўлга тушишди. Ҳайдовчи рулга деярли ёпишиб олган, пешонасидан эса муздек тер оқаётганди. Атроф қоронғи, фаралар ёруғида яна аввалги манзара — йўл четидаги дов-дарахтларнинг беўхшов кўланкалари. Худди оқ тулпор ёки бошқа бир нарса орқасидан қувиб келаётгандай… Кўнглини хавотир босди.
Бу ҳолат машинага ҳам таъсир қилдими, у силкиниб-силкиниб, худди бўралаб сўкинаётган одамдай беўхшов ҳаракат қила бошлади. Ҳайдовчи бундан жаҳлланиб, гоҳ газ, гоҳ тормоз педалини босади.
Йўлда яна бир воқеа содир бўлди. Машина ё ўзи силкиниб тўхтади, ё бўлмаса ҳайдовчининг оёғи тормоз педалини эзғилаб юборди. Йўлнинг ўртасида бир нарса худди узала тушган девдай ястаниб ётарди. Ҳайдовчи кўзларини катта-катта очиб қаради. Нима бўлиши мумкин. Ҳалиги тулпор деса, йўқ, ўхшамайди. Сигнал бермоқчи бўлди, аммо юраги дов бермади. Тура солиб ташланиб қолса-чи…
Бироз ўйланиб турди, яна папирос тутатди. Кейин фараларни ёқиб, тикилиброқ қаради. Беш-олти қоп нарса. Бирорта юк машинасидан тушиб қолган.
Кабинадан тушиб, оёғи билан туртиб кўрди. Адашмабди. Бирорта тадбиркор катта бозордан улгуржи харид қилган турли хил егулик, ширинликлар…
— Бундай “ўлжа” ҳар куни ҳам учрайвермайди, олиш керак, — деди ҳайдовчи ўзига ўзи. Бу гапни овозини пастлатиб, машина эшитиб қўйишидан хавотирланиб айтди. Машинасига қараган эди, у “Қўй, бировнинг ҳақи, буюрмайди”, дегандай унга унсиз қараб турарди.
— Нима, мен ўғрилик қилаяпманми? — деди ҳайдовчи машинага қараб, — сен ҳориган бўлсанг, мен ҳам ҳоридим. Насибамиз экан, йўлимиздан чиқди. Эртага бирортасига ўтказамиз, пулига сенга запчаст оламан, ейилиб кетган баллонларингни алмаштираман. Билдингми, нима, мени инсофсиз деяпсанми? Гапни кўпайтирма.
Ҳайдовчи худди биров келиб қоладигандай, атрофга олазарак қараб, қопларни тез-тез машина бортига жойлади. Кабина эшигини очиб, жойига ўтирмоқчи эди, кутилмаганда оёғи тойиб, ерга қулади. Товонининг бир жойи жизиллаб кетди, пешонасини эса эшик рахига уриб олди. Бўралаб сўкинди, машина ҳам, қоп ҳам эшитадиганини эшитди. Кейин бир амаллаб, оғриқ оёғини аста кўтариб, жойига ўтирди. Мурватни буради. Аммо машина миқ этмади. Жим тураверди. Роса уринди, фойдаси бўлмади. Машина умрида бир қадам ҳам юрмаган фалаж одамдай, ҳайдовчининг сўкинишларини, капотни шарақлатиб очиб-ёпишларини эшитмаётгандай, ўт олмади. Унга ўша йўлдаги беш-олти қоп юк оғирлик қилганди…
Бундан оғир юкларни миқ этмай кўтарган машина шу қопларга келганда “бў…” деб юборди чоғи…