Таниқли ёзувчи, публицист ва таржимон Мирзакалон Исмоилийни биз тенги таниш-билишлари ихчамгина қилиб “Мирза ака”, деб атар эдик. Камина ҳам бир оддий китобхон, қолаверса, мунаққид сифатида унинг қалами остидан чиққан ҳар бир асарини мунтазам ўқиб, кузатиб борардим. Уларнинг айримлари ҳақида ёзганман, радио ва телевидениедаги эшиттириш-кўрсатувларда қатнашганман. Айни пайтда, бир неча бор Мирза аканинг суҳбатларини олганман.
Адиб туғилган куннинг юз йиллиги муносабати билан матбуот ва телевидениедаги қатор чиқишлар, хусусан, Зуҳриддин Исомиддинов, Шодмонбек Отабоевнинг мақолалари кўплар қатори менда ҳам яхши таассурот қолдирди. Айниқса, Тоҳир Маликнинг “Озод инсон ҳақида қўшиқ” қиссасини мароқ билан ўқиб чиқдим.
Мирза аканинг айни шу номдаги уруш даврига оид очерки билан аталган бу ҳужжатли қисса, аслида, адиб тўғрисидаги хотиралардан иборат. Халқимизда “Жигар — жигар, дигар — дигар”, деган нақл бор. Яхши хотира ёзиш учун, аввало, маҳорат керак, маҳорат билан баробар хотиранавис қаҳрамонининг шахсияти ва ҳаётини яқиндан биладиган, балким, унга шахсан дахлдор зот бўлиши даркор. Айниқса, қалам аҳлига яқин ижодкор одамнинг у ҳақида ёзганлари ўзгача шукуҳ касб этади. Бунга жаҳон адабиётида ҳам, ўзимизда ҳам ёрқин мисоллар кўп. Чунончи, “Отам ҳақида”, “Қодирийнинг сўнгги кунлари”, “Ойбегим менинг”, “Чорак аср ҳамнафас”, “Шоиранинг феруза олами” каби Ҳабибулла Қодирий, Зарифа Саидносирова, Кибриё Қаҳҳорова, Саид Аҳмад қаламига мансуб хотира асарлари бу даъвони тўла тасдиқлайди. Мирза аканинг жигари — жиян ва шогирд — таниқли ёзувчи Тоҳир Маликнинг “Озод инсон ҳақида қўшиқ” қиссаси ҳам, менингча, ўша асарлар қаторидан ўрин олишга ҳақли.
Қисса тил, ифода, бадиий талқин, сюжет-композиция тузилиши жиҳатидан ўзига хос. Воқеа-ҳодисаларни ифодалашда муаллиф замонавий адабиётда кенг урф бўлган ретроспектив — ортга назар ташлаш усулидан унумли фойдаланади, қаҳрамон умрининг сўнгги сарҳисоб дақиқаларидаги тиғиз руҳий ҳолат ифодаси орқали кечмишга қайтиб, бот-бот унинг умр дафтарини варақлаш, аниқроғи, ҳаётидаги энг ҳаяжонли драматик лавҳаларни бирма-бир кўз олдимизда гавдалантириш йўлидан боради. Ҳаётда бўлиб ўтган реал воқеалар, аниқ шахслар билан боғлиқ ҳодиса-ҳолатлар ҳам бош қаҳрамон, ҳам муаллиф тасаввурида уйғунлашган ҳолда ғаройиб полифония ҳосил этган, оғир хаста ҳолда гоҳ ҳушига келиб, гоҳ беҳуш ётган одамнинг хаёлидан ўтган кечинмалар унга ниҳоятда яқин шахс — муаллиф тасаввурлари орқали берилиши хотира-қиссанинг ҳужжатлилик хусусиятини сақлаган ҳолда асарнинг бадиий уфқини хила кенгайтирган.
Қисса мутолааси жараёнида беихтиёр Мирза ака билан мулоқотларим чоғида бу кўпни кўрган ўта тортинчоқ, камтарин, камсуқум одамнинг ўзим шоҳид бўлган айрим хислатлари, унинг ўзи менга айтиб берган саргузаштлари, айниқса, қиссага кирмай қолган қамоқхона ҳаётига оид бир ҳаяжонли воқеа ёдимга тушди.
Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари охирлари, илиқ куз фасли. Семашко номидаги шифохонада даволанаётган эдим. Мирза ака ҳам шу ерда эканлар. Бир неча кун тушлик ва кечки таомдан сўнг шифохона биноси орқасидаги кўркам боғда у киши билан бирга сайр этиб, соатлаб суҳбатлашган эдик. Университетда ўқиган йиллари, дарс берган машҳур олим-домлалар ҳақида ғоят қизиқ ва қимматли хотираларини тинглаб, уларни китоб қилиш мумкин-ку, деганимда, “Вақти келар, ёзарман”, деган эдилар… Мирза ака негадир хонасига киришни хоҳламасди. Бир гал сабабини сўраганимда, хонада тўрт бемор туришини, ҳамхоналари орасида уни тушунадиган зот йўқлигини, боз устига, бу ерда даволаниш баробарида ижодий режалар билан келгани, ишлаш учун эса бу ердаги шароит ночорлигидан шикоят қилди. Шунда мен: “Ижод аҳлини ниҳоятда ҳурмат қиладиган фан доктори, профессор, кардиология кафедраси мудири Зиёд Долимовга учрашиб, қулайроқ шароит яратиб беришни илтимос қилсангиз бўлади-ку”, дедим. Мирза ака бир оз ўйланиб туриб: “Мен Зиёдни яхши биламан. У ҳам мени ҳурмат қилади. Икковимиз деярли тенгдошмиз. Аммо мен ҳеч кимдан, ҳатто яқин одамларимдан ҳам ҳеч қачон ҳеч нарса илтимос қилмасликка онт ичганман”, — деди қатъий қилиб. Сўнг Қарағандадаги қамоқхонада бўлиб ўтган бир воқеани ҳикоя қилиб берди. Қарангки, ўша куни кечаси уни ён дафтаримга ёзиб қўйган эканман, асл ҳолида Сиз азиз ўқувчиларга тақдим этаётирман, ўқиб кўринг-а:
…Қарағанданинг қаҳратон қиш чилласи. Бир ҳафтаки қор бўрони кўз очирмайди. Совуқ йигирма-ўттиз даражадан пастга тушмайди. Туфланган туфук муз парчасига айланиб, ердаги қор қатламини ўйиб ичкари кириб кетади. Турадиган масканимиз — ёғоч барак билан иш жойимиз — шахта ораси беш-олти чақирим йўл. Айниқса, ишдан қайтиш чоғи танамдан дармон кетиб оёқларим каловланиб, юролмай қоламан. Ҳамроҳларим икки қўлтиғимдан суяб аранг баракка олиб келишади. Ўшандай кунларнинг бирида ёши мендан улуғроқ, аммо чайир дўстим: “Мирза, бу кетишда ё бедаво дардга йўлиқасан, ёки нобуд бўлиб кетасан. Яқинда лагерга янги раҳбар келган. Ўқимишли, зиёли одам дейишади. Ахир сен журналист-ёзувчисан, русчага, ёзув-чизувга устасан, котибликка ҳам ярайсан. Ҳузурига кир, аҳволингни тушунтир, илтимос қил. Лагерда сенбоп иш топилади”, — деб маслаҳат берди. Бу гап менга маъқул тушди. Эртаси эрталаб янги раҳбар ҳузурига кирдим. Ёшгина, кўринишидан зиёлинамо йигит экан. Яқин олиб дардимни — арзимни айтдим. Бирдан қовоғи уюлиб, қаҳри қўзғаб, истеҳзо билан отаси тенги одамга — менга чақчайиб, сенсираб: “Ҳали журналистман, дегин, боз устига ёзувчиман, дегин!.. Қани ўша ёзадиган қаламинг, менга бер-чи!” — дея ўрнидан туриб, бирдан тепамда ҳозир бўлди. Чўнтагимдан қаламимни олиб узатганимда, уни икки қўллаб шартта синдирди-да, хона бурчагидаги саватчага ирғитди, шу заҳоти бор овоз билан ўкирганича адъютантини чақирди ва унга курак олиб келишни буюрди. Ҳаял ўтмай у айтган матоҳни келтирди. Бошлиқ куракни унинг қўлидан силтаб олиб менга тутқазди-да, қатъий буйруқ оҳангида: “Илтимосинг қондирилди, бугундан бошлаб шахтага қатнамайсан, барак билан ҳожатхона орасидаги йўлакни қордан тозалаб турасан. Агар йўлакда бир кафт қор туриб қолса, кўрадиганингни кўрасан. Уқдингми?! Жўна!” — дея гапни чўрт кесди.
Қўлимда темир куракни тутиб каловланган ҳолда хонадан чиқарканман, гўё “Бой ила хизматчи”даги Ғофирнинг “Ялинма, бу итларга!” деган наъраси шундоққина қулоғим остида шанғиллаб эшитилиб турарди. Нега бу маҳлуққа ялиндим, ундан нажот кутдим?! Бунақа хўрликдан кўра кўплар қатори улар орасида юриб ўша шахта йўлларида ўлиб кетсам бўлмасмиди, дея афсус-надомат оловида ўртанардим… Шу-шу “илтимос”, “ёлвориш” деган сўзлардан ҳазар қиладиган бўлганман…
Ажаб саодатки, орадан икки кун ўтиб Мирза акани хотиржам, хуррам ҳолда учратдим. Суриштириб билдим, Зиёд домла беихтиёр Мирза аканинг шифохонада эканидан хабар топиб, у кишини ҳузурларига чорлаб, иш кабинетларини вақтинча бўшатиб, адибнинг даволаниши, ижод билан шуғулланиши учун ҳамма шароитни муҳайё этиб берибдилар. Мирза аканинг тортинчоқлик билан ҳай-ҳайлашларига қарамай “Сиздек адибнинг бу даргоҳда даволаниб, ижод қилиши — шифохонамиз учун катта шараф”, деб туриб олибдилар.
Шундан кейин Мирза ака боғ сайрига чиқмай қўйдилар. Икки ҳафта давомида даволаниш баробарида ижод оғушида хотиржам яйраб нафас олдилар.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 19-сонидан олинди.