Шарқнинг қадимий маданий марказларидан бири Ҳирот узоқ йиллар темурийлар давлатининг пойтахти бўлибгина қолмай, кўплаб буюк зотлар бешиги ҳамдир. Темурийлар саройининг эътиборли мулозимларидан бирининг хонадонида дунёга келган ҳазрат Алишер Навоий умрининг кўп қисмини ана шу шаҳарда ўтказди ва шу шаҳарда дунёдан ўтди. Шу билан бирга, тақдир тақозосига кўра, Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг кўплаб шаҳар ва қишлоқларида бўлишига тўғри келганлиги маълум. Зотан, “Маҳбуб ул-қулуб”да Навоий ёшлигининг дастлабки давридан қариликнинг бошланишига қадар даврон воқеаларидан, айланувчи осмон ҳодисаларидан, фитначи дунё ўзгарувчанлигидан кўп муддат ва узоқ пайт ҳар хил ҳолат, турли йўсинда, турли тарзда югурганлигини қайд этади. Бир ўринда эса, гоҳо тоғлар чўққиси тураржойи бўлганлиги ва гоҳо саҳро этагидан паноҳ топганлигини, гоҳо эса, бу қийинчилик ва қаттиқ кунлардан қутулиб, яна ватанга қайтганлигини ёзади: “Ва гоҳ жибол қулласи оромгоҳим бўлди ва гоҳ саҳро этаги паноҳим бўлди. Гоҳ бу шиддарлардан азми ватан қилдим”. “Азми ватан қилдим”, деганда Навоий она шаҳри Ҳиротга қайтганлигини назарда тутган, албатта.
Навоийнинг турли вилоят ва шаҳарларда бўлгани ҳақида шоирнинг бошқа асарларида, замондошларининг китобларида ҳам маълумотлар учрайди. Ана шу маълумотлар асосида олимларимиз томонидан шоирнинг ҳаёт йўли схематик харитаси тузилган. Дастлаб А.А.Семёнов томонидан тузилиб, кейинчалик Иззат Султонов тўлдирган бу харита Иззат Отахоновичнинг 1969 йили нашр этилган “Навоийнинг қалб дафтари” номли китобида илова тариқасида берилган.
Навоийшунослигимизда кейинги йиллари майдонга келган ишлар, тарихчи олим Бўрибой Аҳмедов томонидан Мирхонд ва Хондамир қаламига мансуб тарих китобларининг Султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврига оид қисмлари таржима қилиниб нашр этилганидан кейин мазкур схематик харитага яна тўлдиришлар киритиш имконияти юзага келди.
Зотан, Алишер Навоий ҳаёт йўли схематик харитасини янги далиллар билан такомиллаштириш, унга аниқликлар киритиш шоирнинг ижодий ҳамда ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳақида тасаввуримизни бойитади.
Навоийнинг “Муншаот” асари устида тадқиқот олиб борганимизда ушбу асар ҳамда бошқа адабий-тарихий манбалардан буюк мутафаккирнинг таржимаи ҳолига доир янги лавҳалар ва саналарни аниқлашга муваффақ бўлгандик. Бу эса, Навоий ҳаёт йўлининг янги нуқталарини белгилашимизга асос бўлади, деб ўйлаймиз. Шунга кўра, олимлар томонидан тузилган схематик харитага қўшимча ва тўлдиришлар киритишни мақсадга мувофиқ топдик.
Шоир мактубларидан бирида унинг давлат ишлари билан Нишопурда тургани маълум бўлади: “Қуллуқ арзадошт улким, сафар ойининг ғуррасида, шанба сабоҳи Нишопурдин бир манзил Сабзавор сари Абушужоъ Ансорий мазори бошида юқоридан келган пиёдарав муборак нишонниким, бу банданинг мужиби сарафрозлиғи эрди – еткурди”.
Шоҳдан келган мактуб ўзи учун қанчалар қадрли ва ардоқли эканлигини шоир гўзал бир байт билан ифодалайди:
Жонда қўйдум чирмағон мактубини ҳижрон аро,
Билмон, ул мактуб эрур ёхуд “алиф”дур жон аро.
Мактубда қайд этилаётган “сафар ойининг ғурраси”, яъни сафар ойининг боши шанба кунига тўғри келиши фактидан ушбу воқеанинг қайси йили содир бўлганлигини синхрон жадвал орқали осонгина аниқлаш мумкиндек туюлади. Бироқ, бу жадвалга кўра, Навоийнинг ўттиз йиллик ижтимоий фаолияти даврида (1470-1500 йиллар орасида) сафар ойининг боши шанба кунига тўғри келиши беш марта такрорланади: 1471 йил, 20 август; 1479 йил, 24 апрель; 1487 йил, 27 январ;, 1494 йил, 1 октябр ва 1499 йил, 7 сентябр. Шундай бўлса-да, биз мазкур воқеа ана шу йилларнинг қайси бирига тўғри келишини белгилай олиш имконига эгамиз.
Навоийнинг ўзи томонидан тузилган иккинчи девони “Наводир ун-ниҳоя” шоирнинг 1476-1486 йиллар орасида яратилган шеърларидан иборат эканлиги ва у 1486 йили тартиб берилганлигини навоийшунос олим Ҳамид Сулаймон ишончли далиллар асосида аниқлаган эди. Ана шу девонда юқоридаги байт билан бошланувчи ғазал мавжуд. Бундан маълум бўладики, шоҳ (Ҳусайн Бойқаро)дан келган номага жавоб мактуби ёзиш асносида юзага келган матлаъ байтга яна байтлар улаб Навоий тугал ғазал яратган ва уни навбатдаги иккинчи девонига киритган. Модомики, мазкур ғазал биринчи девон “Бадоеъ ул-бидоя”нинг эмас, “Наводир ун-ниҳоя” девони саҳифасидан ўрин олган экан, у 1476-1486 йиллар орасида яратилган бўлиб чиқади ва, бунга кўра, ғазалнинг матлаъи ўрин олган жавоб мактубининг ёзилиш санаси юқорида биз келтирган бешта йилнинг иккинчиси – 1479 йилга тўғри келиши ўз-ўзидан аёнлашади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, давлат ишлари билан Нишопурда турган Навоий 1479 йилнинг 24 апрели, шанба куни Ҳусайн Бойқаро мактубини олган ва эртаси – 25 апрел куни жавоб мактубини ёзиб султонга йўллаган. Шунга кўра, энди биз шоирнинг ҳаёт йўли схемасини тўғри қайд эта оламиз. Ҳолбуки, бу харитада Нишопур шаҳри остида фақат 1496 йил кўрсатилган эди.
Навоийнинг Ҳиротдан ташқари энг узоқ вақт яшаган ва кўп бор бўлишига тўғри келган шаҳар Машҳаддир. Подшоҳ Абулқосим Бобур даврида борган ва ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёш Алишер бу шаҳарда саккиз йил фақирона ҳаёт кечиради. Унинг дунёқараши, ижтимоий ҳаётга муносабати, шоирлик иқтидори асосан ана шу шаҳарда шаклланиш палласига кирган. Схематик харитада Машҳад шаҳри остида ана шу давр, яъни 1456-1464 йиллар ва яна 1498 йил қайд этилган. Бизнинг аниқлашимизча, кейинчалик ҳам, яъни Ҳусайн Боқаро саройида ижтимоий-сиёсий фаолиятини бошлаганидан то умрининг сўнги кунларигача Навоийнинг яна бир неча бор бу шаҳарда бўлишига тўғри келган.
Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асаридан маълум бўлишича, ҳижрий 874 йилнинг бошларида Мирзо Ёдгор Муҳаммад Хуросонни қўлга киритиш пайига тушади. Шунга кўра, эндигина Хуросон тахтини эгаллаган Ҳусайн Бойқаро бир тўда амирлар бошлиқ қўшинни душманга қарши юбориб, улар орқасидан ўзи ҳам жўнайди. Унинг қўшини Машҳадда бир муддат тургач, яна юришни давом эттириб, бир неча масофани босиб ўтганида душманнинг яқинлашгани ҳақида хабарлар келади. Бу пайтда Ҳусайн Бойқаро ёнида бўлган Навоий вақтни ўтказмай, зудлик билан душманга зарба беришни маслаҳат кўради. Пировардида, Чинорон деган жойда Ҳусайн Бойқаронинг қўли баланд келади.
Демак, ҳижрий 874, милодий 1469 йилнинг куз ойларида Навоий Ҳусайн Бойқаро билан биргаликда Машҳад шаҳри ҳамда унинг атрофларидаги мавзеъ ва кентларда, хусусан, Чиноронда бўлган.
Мазкур воқеа Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асарида кенгроқ ва батафсилроқ ҳикоя қилинади ва шунинг давомидан воқелар баёнига кўра, зафар билан Ҳиротга қайтган Ҳусайн Бойқаро қишни “Боғи сафид”да хуррамлик билан ўтказади. Мағлубларча чекинган Мирзо Ёдгор Муҳаммад амир Ҳасанбек томонидан ёрдам тариқасида юборилган 4000 кишилик қўшин билан яна Хуросонда пайдо бўлади ва Сабзаворни ишғол қилади. Бу хабарни эшитган Ҳусайн Бойқаро рамазон ойининг биринчи куни, яъни 1470 йилнинг 4 мартида Ҳиротдан Сабзаворга қараб юради. Унинг келаётганини эшитган Мирзо Ёдгор Муҳаммад бу шаҳардан Бистомга қараб жўнайди. Сабзаворда ғолиблик байроғини ўрнатган Ҳусайн Бойқаро ғанимини таъқиб этиб, Жожирм яқинида унинг лашкарларини маҳв этади. Жожирмдан қайтиб Машҳад орқали Пули хотин деган жойга келганида пойтахтда ғавғо бошлаганлиги хабарини эшитади — девонни бошқарувчи амалдорларнинг зулмкорликларига чидолмаган шаҳар халқи ғалаён кўтарган эди. Ҳусайн Бойқаро ёнида бўлган Навоийни одиллик билан иш кўрган ҳолда халқни тинчитиш учун Ҳиротга юборади…
Демак, Навоий Ҳусайн Бойқаронинг бу галги юришида ҳам у билан бирга 1470 йил баҳорида Жожирм, Сабзавор ва Машҳад шаҳарларида бўлган. Шунга кўра, схематик харитада бу санани ушбу шаҳарлар остида қайд этиш ўринлидир.
Дарвоқе, Жожирм шаҳри номи юқоридаги муаллифлар тузган схематик харитада кўрсатилмаган. Унда Фарёб ва Маймана шаҳарларининг номларини ҳам кўрмайсиз. Ҳолбуки, “Макорим ул-ахлоқ”даги бир ҳикояда шундай дейилади:
“Мирзо Ёдгор Муҳаммад Ҳирот пойтахтини эгаллаган пайтда Султони Соҳибқирон замон тақозосига кўра Маймана ва Фарёб томонга йўлланди. У бир куни шу вилоятда тадбирли ва йўл кўрсатувчи Амирни (яъни Навоийни) яширин бир жойга чақириб, маслаҳат йўли билан унга шундай деди…”.
“Равзат ус-сафо”да Ёдгор Муҳаммад пойтахт Ҳиротни ҳижрий 875 йил муҳаррам ойининг олтинчисида (милодий 1470 йил, 6 июл) аммаси Поянда Султонбегим ёрдами билан эгаллаганлиги айтилади.
Демак, Навоий бу сафар ҳам султон Ҳусайн Бойқаро билан биргаликда 1470 йилнинг ёзида Балх вилоятининг Маймана ҳамда Фарёб кентларида ва яна Мурғобда ҳам бўлган. Шунга кўра, харитада бу номларга ҳам чизиқ чиқарилиб, мазкур санани қайд этиб қўйиш керак.
“Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарининг “Учинчи мақолат”ида ёзишича, Навоий устози Жомий вафотидан бир неча кун аввал Имом Али Мусо ар-Ризо зиёратидан қайтади:
“Бу фақир Имом Али Мусо ар-Ризо (Алайҳит-таҳиййа ва вас-сано) зиёратидан ҳамул йилким нақл қилдилар, шаҳр (Ҳирот — Ю.Т.) келдим. Маъҳуд тариқ била аввал алар хизматиға туштум…”.
IX асрга оид бу зиёратгоҳ мақбара Машҳад шаҳридадир. Шундай экан, Навоий Жомий вафот этган йили, яъни 1492 йили ҳам Машҳадда бўлган.
“Равзат ус-сафо”да ёзилишича, Мўмин мирзонинг қатл қилинишидек мудҳиш воқеа содир этилганида Навоий Машҳадда эди:
“Ушбу мусибатдан уч кун ўтгач, Имом Мусо ар-Ризо ҳазратларининг мазори зиёрати учун Машҳадга кетган амир Алишер шаҳарга қайтди ва бу оғир хабарни эшитиб изтироб денгизига чўмди, кўзи жўйборидан қон селобини оширди…”.
Бу ёзилганларга кўра, ушбу воқеа юз берган 1497 йилни ҳам Машҳад шаҳри остида қайд этиш жоиз.
Яна Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарига мурожаат қилайлик. Унинг “Олтинчи мақсад” бўлимида ҳикоя қилинишича, ҳижрий 904 йили, яъни милодий 1499 йили Ҳусайн Бойқаро мамлакатнинг баъзи-бир манфаатини кўзлаб Марвда туриб қолган эди.
Бу кезлари узоқ вақтлардан бери кўнглида орзу бўлиб келган муборак ҳаж амалини адо этиш тараддудига тушиб қолган Навоий ана шу сафарга ижозат сўраб Ҳусайн Бойқаро ҳузурига Мавлоно Низомиддин Абдулҳай табибни юборади. Бунга ҳам қаноат қилмасдан унинг кетидан ўзи ҳам бир қанча мулозимлари билан ўша томонга жўнайди. У Машҳадга етиб бориши баробарида султон ҳузурига юборган кишиси – Низомиддин Абдулҳай табиб ҳам Ҳусайн Бойқаро томонидан ёзилган жавоб мактуби билан ана шу шаҳарга етиб келади. Бу Навоийнинг Машҳадда сўнгги бор бўлиши эди.
Ҳикоя давомида Навоийнинг Марвга, Ҳусайн Бойқаро ҳузурига йўл олгани, аммо Сарахс теварагига етиб келган пайтида у томондан подшо ҳам етиб келганлиги айтилади. Ана шу маълумотга кўра, схематик харитани тузувчилар Сарахс ва Марв шаҳарлари номлари остида 1499 санасини кўрсатишган. Бироқ бошқа манбалардаги маълумотлардан Навоийнинг бундан аввал ҳам Марвда бир неча бор бўлганлиги аён.
“Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида Навоий “Туҳфат ул-афкор” қасидасининг юзага келиши тарихини ҳикоя қилади. Ҳикояда айтилишича, Ҳусайн Бойқаро Марвда қишлашга тараддуд кўра бошлайди. Бир неча кундан кейин бу шаҳарга жўнашга киришилади. Подшоҳ билан бирга кетаётган Навоий хайрлашмоқ учун Жомий ҳузурига боради. Устози унга Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Даръёи аброр” (Яхшилар дарёси) қасидасига жавоб тариқасида ёзган “Лужжат ул-асрор” (Сирлар теранлиги) асарини кўрсатади. Марв томон йўлга тушган шоир от устида бораркан, унда устозининг ана шу асарига жавоб тариқасида бир қасида ёзиш фикри туғилади ва ўша ондаёқ хаёлига ёзилажак қасидасининг матлаъси келади. Уни ўзининг бекларидан бири орқали Жомийга юборади. Нияти – матлаъ устозига мақбул бўлса ва бу мақсадини маъқулласа, асарни ёзишга киришиш эди. Жомий ўша бек орқали “албатта, ёзиб тугатсин” деган мазмунда мактуб юборади. Навоий Марвга етиб боргунча ўзининг “Туҳфат ул-афкор” қасидасини ёзиб тугатади. Асарда унинг ёзилиб тугалланган вақтини кўрсатувчи таърих мавжуд. Арабча имлодаги “явми жомеъ шаҳри ражаб” жумласидаги ҳарфларни абжад ҳисобига кўра сонларга айлантириб ҳисоблаб чиқилса, 880 санаси чиқади. Айни чоғда ушбу жумладаги ражаб ойининг жума куни таъкидланишига кўра, асар ражаб ойида ёзиб тугалланганлиги ҳам англашилади. Ҳижрий 880 йилнинг ражаб ойи милодий 1475 йилнинг ноябр ойига тўғри келади.
Демак, 1475 йилнинг ноябр, декабр ойлари ва 1476 йилнинг январ, феврал ойларида Навоий Марвда, подшоҳ Ҳусайн Бойқаро ёнида бўлган.
Уларнинг бу маскандан баҳорнинг бошларида Ҳиротга қайтганликларини “Макарим ул-ахлоқ”даги бир ҳикоядан билиб олиш қийин эмас. Унда айтилишича, қишлаш пайтида Навоий яшаб турган чодирга бир фохта (ғуррак) кириб юради ва, ҳеч ким унга халал бермаганлиги боис, шу ерга уя қуриб, тухум ҳам қўяди. Ҳут ойи тугаб, ҳамал бошлангач, подшоҳ пойтахтга қайтиш тараддудига тушади. Ғуррак ҳали тухумини очмаган эди. Шунга кўра, Навоий ғуррак тухум очиб, болалари учирма бўлмагунича чодирни бузмасликка қарор қилади ва бир мулозимини (Хожа Ҳасан Бахтиёрни) шу ерда қолдиради, токи фохта болаларини учирма қилиб, уяни тарк этганидан кейингина чодирни йиғиштириб, пойтахтга қайтсин.
Тарихий манбаларда кўрсатилишича, Ҳусайн Бойқаро 1487 йилнинг қишини ҳам Марвда ўтказган. Чунончи, Хондамир “Равзат ус-сафо”да “ҳижрий 892 йилнинг қишида олиймакон хоқон Марви шоҳижаҳонда қишлаб турган эди… ”, деб ёзади. Бу сафар ҳам Навоий хоқон ёнида эди ва Ҳусайн Бойқарода Журжон (вилояти) ҳокими бўлиб турган амир Мўғулни ёнига чақириб олиб, салтанат устуни ва мамлакат таянчи бўлмиш дўстини эса, Астрободга ҳоким этиб тайинлаш раъйи туғилди. Навоий аввалига бу таклифни қабул қилмайди. Хоқоннинг кўп қистов ва илтимосларидан кейингина мажбуран бунга рози бўлади. Бу ҳақда унинг ўзи Астрободга жўнаш олдида шаҳзода Бадиуззамонга йўллаган мактубида ёзган эди:
“Бу учурда юқоридин бу фақир хизматиға рақаме тортилди ва хитоби сидқдин ўзга билилмади… Ҳосил, шаввол ойининг йигирми олтисида, душанба куни ижозат бўлуб, Марвдин Астрободга азимат иттифоқи тушди”. Ҳижрий 892 йил “шаввол ойининг йигирми олтиси, душанба куни” милодий 1487 йилнинг 15 октябрига тўғри келади.
Демак, ана шу икки маълумотга кўра, схематик харитада Марв шаҳри остидаги 1499 санаси олдига 1475-1476 ва 1487 йилларни ҳам ёзиб қўйиш ўринли бўлади.
Дарвоқе, “Марвдин Астрободға азимат иттифоқи тушган” экан, ўз-ўзидан хаёлга бир мулоҳаза келади. Яъни Марвдан Астрободга йўл, асосан, Сарахс, Машҳад (ва эҳтимолки, Тус), Нишопур, Сабзавор каби тарихий шаҳарлардан ўтган. Бу йўлдан юриш, табиийки, қисқа, бироқ овлоқ ерлардан юришга қараганда хавфсиз ва қулай бўлган. Шундай экан, Навоий Мозандарон ўлкасига ана шу шаҳарлар орқали борганлиги ҳақиқатга яқин. Қолаверса, Абулқосим Фирдавсий, Имом Али Мусо ар-Ризо, Фаридуддин Аттор, Муҳаммад Ғаззолий, Шайх Аҳмад Жомий каби буюк зотларнинг қабрлари ана шу шаҳарлардадир. Навоийнинг гўзал ва ибратли фазилатларидан бири ўтган азизлар турбатини зиёрат қилиш, тавоф этишни канда қилмаслиги эди. Бинобарин, унинг йўли шу томонга тушган экан, бу азизлар қабрларини зиёрат қилмай ўтиш ўз одатига қарши бориш бўлур эди. Зотан, шоирнинг:
Авлиёуллоҳ мазори Тус вайрони аро
Кўпдурур, йўқ бок агар тавфида кўрса кимса ранж.
Мунчаким вайрона кездим, ганж бир ҳам йўқ эди,
Бўйла вайрон ким кўрубдур онда мадфун мунча ганж —
каби эҳтиросли мисралари ўшандай улуғ зотларга бўлган ихлосу эҳтиромларининг ифодаси сифатида юзага келганлиги, шубҳасиз.
Биз асосан Навоийнинг турли сабабларга кўра Марв, Машҳад ва Нишопур шаҳарларида бўлишига доир янги аниқланган саналар хусусидагина сўз юритиш билан кифояландик. Ўйлаймизки, шунинг ўзи ҳам буюк давлат арбобининг “мураккаб сиёсий воқеа ва қайноқ маданий ҳаётнинг марказида бўлган”лигидан (С.Ғаниева) етарлича гувоҳлик бера олади.
Юсуф Турсунов,
филология фанлари номзоди, ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги
Давлат адабиёт музейи катта илмий ходими
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 5-сонидан олинди.