Машҳур адибимиз Шуҳратнинг эллик ёшлик тўйи 1968 йил баҳорида ўтказилиши керак эди. Бир неча сабабларга кўра юбилей кечиктирилди. Шуҳрат ака волидаи муҳтарамаларини ниҳоятда ҳурмат қиларди. Ўзининг эллик ёшлик юбилейи тараддуди ҳақида сўз очилганида, у киши онам саксон ёшга тўляпти, аввал уларнинг тўйини нишонлайлик, кейин бир гап бўлар деб туриб олдилар. Оналари тўйи ниҳоятда файзли ўтди. Қариндош-уруғлар, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Уйғун, Зулфия опа, Шайхзода, Миртемир каби устозлар, шоирнинг тенгдош-сафдошлари, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Муҳаммад Али сингари ёш шоирлар янги қад ростлаган кўркам ҳовлига тузалган дастурхон атрофини тўлдириб ўтиришибди. Тўрида оппоқ рўмол ўраган кайвони онахон…
Онахон ва унинг ҳурматини бажо келтираётган ўғлон шаънига кўп илиқ гаплар айтилди, шеърлар ўқилди, куй-қўшиқлар янгради. Назаримда, маросимда энг чиройли сўзни Абдулла Қаҳҳор айтди: “Шуҳрат шеър битиш, роман ёзишнигина эмас, ҳовли-жой, оила қуришни ҳам қотиради, — дея сўз бошлади устоз. – У мўътабар удумларимизни ардоқлаш, онага эҳтиром кўрсатиш бобида ҳам яхши “ижодкор”. Мен кўп тўйларни кўрганман. Аммо Она тўйида биринчи бўлишим. Буни Шуҳрат “ижод этди”. Бу ташаббус анъанага айланиб кетса ажаб эмас…”.
Дарҳақиқат, бу тўй ўша кезлари ижодий зиёлилар оғзига тушди. “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги ”ЎзАС”) газетасида шоир Уйғуннинг бу ҳақда “Она тўйи” сарлавҳали чиройли мақоласи чиқди. Адиб орзуси ушалиб, энди юбилей тараддуди бошланганида, муҳтарам онахон оламдан ўтди; удумларимиз бўйича марҳумага ҳурмат-эҳтиром беками-кўст бажо келтирилди. Юбилей тадбири қайтадан кун тартибига қўйилганда, адибнинг “Жаннат қидирганлар” романи теварагида фитна-ғавғо бошланиб қолдию тадбир яна ортга сурилди.
Ниҳоят, 1971 йилнинг бошларида Иззат Султонов бошлиқ юбилей комиссияси тузилди ва тезда амалий ишга киришилди. Феврал ойининг охирларида раис бошлиқ Шуҳрат ака, Абдулла Орипов ва камина — тўртовлон юбилей учрашувларини ўтказиш мақсадида Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари бўйлаб сафарга отландик. Самарқанд ташрифи тўкин дастурхон атрофидаги шоҳона зиёфатлар, тантанавор қадаҳ сўзлари билан бошланди. Эртаси куни педагогика институтида адабий учрашув ўтказиладиган бўлди. Учрашув олдидан раис ўз хонасига мени маслаҳатга чақирди. Асосий маърузачи сифатида зиммамдаги масъулиятимни эслатди. Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти ҳузурида тор доирада кенгаш ўтгани, вилоятлардаги учрашувлар чоғи юбилярни “асраш-авайлаш”, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, ҳозирги сиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда иш тутиш зарурлиги, чунончи, Шуҳрат репрессияга учрагани борасида оғиз очмаслик, “Олтин зангламас” устида гап борганида асар бош қаҳрамони Содиқнинг фидойи курашчан коммунист эканига урғу бериш, яқингинада кўп шов-шувларга асос бўлган “Жаннат қидирганлар” романи хусусида эса индамай ўтиш маъқуллиги, нуқул Шуҳрат ҳақида эмас, Шуҳрат ижоди баҳона адабиётимизнинг бугунги ютуқлари тўғрисида гапириш лозимлиги уқтирилди. Шу гапларни Абдуллажонга ҳам етказиб қўйишим кераклиги айтилди…
Табиийки, бу гапларни эшитиб довдираб қолдим, маъруза режаларим ост-уст бўлиб кетди, шу сабаб ўша куни минбардаги гап-сўзларим узуқ-юлуқ, ҳиссиз, паришон бир тарзда кечди. Бошқаларнинг нутқи ҳам хийла расмий тусда бўлди. Фақат Абдуллажоннинг ёддан айтган ўз шеърларигина анжуманга алоҳида руҳ бахш этди.
Расмий учрашувдан сўнг яна кетма-кет зиёфат, тўкин дастурхон устида оташин қадаҳ сўзлари янграшда давом этди. Режалаштирилган бошқа учрашувлар негадир ўтказилмади. Учинчи куни чошгоҳ пайти Шаҳрисабзга отланиш олдидан раис хонасида тўпландик. Шуҳрат ака асабий вазиятда ўзига хос қатъият билан: “Иззат Отахонович! Мен бу ерга зиёфат, қадаҳ сўзлари эшитиш учун келган эмасман. Китобхонларим, халқим олдида ҳисобот бериш, уларнинг шеърларим, юрак қоним билан битилган романларим ҳақидаги дил сўзларини эшитиш учун келганман. Агар сафар шу руҳда давом этадиган бўлса, ҳозироқ уни тўхтатамиз, Тошкентга қайтамиз!”, дедилар. Учовлон бир дақиқа саросимада қолдик. Иззат ака дарҳол ўзларини ўнглаб олиб: “Ортга қайтиш йўқ! Бизни Шаҳрисабзда кутишяпти. Соат 5 да юбилей тантанаси бошланади. Етиб боришимиз керак. Машиналар кутиб турибди. Кетдик”, дея ташқарига отландилар.
Ноилож у киши ортидан эргашдик. Тахтиқорача довонидаги кузатув зиёфати совуққина ўтди. Қадаҳларнинг жаранги ҳам бояги совуқчиликни юмшатолмади. Қашқадарёлик мезбонлар тайёрлаб қўйган машиналарга жойлашиб йўлга тушдик. Олдинги машинада Иззат ака билан Шуҳрат ака, кейингисида эса Абдуллажон икковимиз хомуш кетиб боряпмиз. Ўнг томонда ўтирган шоир хаёл оғушида қиш охири, илк баҳор нафаси эндигина нишона кўрсатаётган манзараларга назар ташлайди, пастликда, тоғлар орасида шарқираб оқаётган сойга тикилган ҳолда хаёл суради, лаблари пичирлагандай бўлади. “Умарали ака, — дея оғиз очади шоир, — боядан бери кузатиб келяпман, тоғлар қанчалик сиқувга олса, сой шунчалар шитоб билан олға интиларкан. Шоирлар, ижодкорлар ҳам шундай…”. Шундай дедию яна хаёлга чўмди. Бир дам ўтиб қўйнидан ён дафтарини чиқариб, уни тиззасига қўйган ҳолда нималарнидир ёзди. Бир неча дақиқадан сўнг қуйидаги сатрлар битилган варақни ён дафтаридан йиртиб олиб қўлимга тутқазди:
Булбул ўгай эрур зоғлар орасида,
Югурик сув ўгай тоғлар орасида.
Муҳаббат дардидан бемор қалбларимиз,
Ўгай бўлсак не тонг соғлар орасида.
Бизнинг ҳозирги руҳий ҳолатимизни бундан-да аниқ-тиниқ, теран, энг муҳими, мухтасар тарзда ғоят таъсирчан ва гўзал ифодалаш мумкинми? Тўртлик сатрлари устида ўй сураман. Сўз санъатининг азалий ва мангу муаммоси — жамият, муҳит билан чин истеъдод орасидаги муросасиз зиддият, нафосатнинг носоғлом муҳитга бегоналиги, булбулнинг зоғлар орасида ўгайлиги — бу кўҳна жумбоқ қалбларни ўртайди. Шеърда фандаги бегоналашув (отчуждение) деб аталган тушунчанинг поэтик муқобили тарзида “ўгай” сўзининг қўлланиши ноёб топилма сифатида кишини қойил қолдиради. Шуҳрат ака бу сатрларни эшитса, ўқиса, қандай ҳолга тушишини ўзимча тасаввур этиб ҳаяжонланаман.
Дилимдагиларни ифодалашга муносиб сўз тополмай индамайгина тўртлик битилган варақни Абдуллажонга қайтардим, бироқ у олмади. “Сизга эсдалик. Шеър менга ёд бўлиб қолди. Кейинчалик уйга борганда ёзиб қўярман, — дея сўзида давом этди. — Шу сатрларни Шаҳрисабздаги учрашувда ўқисам қандай бўларкан?” Мен айни муддао бўлишини айтдим. Ҳозирча бу хусусда ҳеч кимга, жумладан, Шуҳрат акага ҳам оғиз очмасликка келишдик. Бу шеър юбиляр учун сюрприз — кутилмаган ноёб совға бўлажагига ишонардик.
Шаҳрисабзда бизни карнай-сурнай садолари остида кутиб олишди. Қўлларида гулдаста ва адиб китобларини тутган китобхонлар Шуҳрат акани қуршаб олиб, ундан дастхат олишга шошилардилар, ташаккур сўзлари, саволлар…
Бу ердаги жўшқин издиҳомни ҳаммамизга таниш кўркам аёл Сайёра Ҳақназарова бошқарди. Сайёрахон бир неча йил бурун ТошМИни битириб, она юртига қайтган; серғайрат, ташаббускор бу аёл раҳбарлик лавозимига кўтарилган экан. ТошМИда ўқиган кезлари у хонанда сифатида республикага танилган, айниқса, “Дугоҳ”, “Чоргоҳ”, “Сайдинг қўябер, сайёд” ашулаларини Ҳалима Носирова йўлида қойилмақом қилиб куйларди. Шуҳрат ака ҳам Сайёрахон қўшиқларининг шайдоси экан. У Шуҳрат акага қарата: “Олтин зангламас” романингизни уй ичимиз билан талашиб ўқиганмиз. Шахсан ўзим уни бир эмас, бир неча бор ўқиганман, кўп бобларини ёд олганман” деганида, адибнинг кун бўйи очилмаган чеҳраси бирдан ёришиб кетди…
Анжуманда Иззат ака ҳам, мен ҳам анча эмин-эркин сўзладик. Гал Абдуллажонга келди, Шуҳрат ака шеърияти, романлари ҳақида сўзлаб, сўнг яқингинада дунёга келган бояги тўртликни ёддан айтди…
60-йиллар “иккинчи миллий уйғониш даври” деб аталиши тасодифий эмас. Ўша йиллари фақат адабиётда эмас, миллат маънавиятида ҳам уйғониш юз берган, нозик дидли аломат бир шеърхон-китобхон шаклланган эди. Тўрт сатр қатига жо этилган шоир қалби туғёнлари шундоққина анжуман қатнашчилари қалбига кўчиб, бутун зални ларзага солди. Олқишлардан зал бамисоли зилзила ҳолатига тушди.
Раислик қилувчи охирги сўзни Шуҳрат акага берди. Шунда у: “Сайёрахон, қизим, Сиздан ўтиниб сўрайман, “Сайдинг қўябер, сайёд”ни айтиб берасиз… Агар айтмасангиз, мен ҳам сўзга чиқмайман” деб туриб олди. Раиса адиб сўзини икки қилолмади. Созандалар жўрлигида у машҳур ашулани қойилмақом қилиб ижро этди. Шуҳрат аканинг ёнгинасида кузатиб ўтирибман, боя Абдуллажон шеър айтганида, бу жанг кўрган, қатағон тўзонларидан омон чиққан матонатли инсон кўзида ёш қалқиганини кўрган эдим, энди Сайёрахон қўшиқнинг “Ол, домини бўйнидан, бечора экан мендек” сатрларини хониш қилганда, яна бир бор адиб кўзларига ёш олганининг гувоҳи бўлдим.
Мароқли учрашувдан сўнг одатга кўра зиёфатга йиғилдик. Биринчи бўлиб Иззат ака сўз олди. Кайфияти чоғ эди. Яйраб-ёзилиб, ҳазил-мутойибалар билан “Раис ҳам подшоҳдай гап, унинг сўзи — амри вожиб, — дея гап бошлади, — бугундан эътиборан ҳеч қандай чеклов йўқ, юбиляр ҳақида кимнинг кўнглида нима гап бўлса, бемалол айтаверади. Кемага тушганнинг жони бир. Бирор кор-ҳол бўлса, биргаликда жавоб берамиз…”.
Шаҳрисабз учрашуви, хусусан, анжуманда янграган тўртлик сатрлари сафаримизда бурилиш ясади — сеҳрли сўз ўз кучини кўрсатди, ҳаммани ҳушёр торттирди, ўринсиз ҳадикларга чек қўйди. Қарши, Бухоро, Шофиркондаги галдаги учрашувлар айни шу руҳда жўшқин ўтди; Шуҳрат, унинг мардона ҳаёт йўли, ижодий жасорати ҳақида бор гаплар баралла айтилаверди. Энг муҳими, бунинг учун ҳеч ким жабр кўрмади, ҳеч қанақа кор-ҳол юз бермади…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 11-сонидан олинди.