Шуҳрат. Оташнафас шоира (1971)

Жаҳон адабиёти тарихи атоқли шоираларга жуда ҳам бой эмас. Шу жиҳатдан мақтанса арзийдиган шоираси бор халқ адабиёти омадлидир. Леся Украинка украин классик поэзиясининг муносиб намояндаларидан бири. Ҳатто уни Иван Франко: “Ўз давридаги украин адабиётининг бирдан-бир эркак шоирасидир… Шевченкодан кейин ҳеч ким Украинада шу заиф ва бемор қизчалик қудрат ва оташнафас билан шоирона сўз айтолмаган эди”, – деган.
Леся Украинка (асл исми Лариса Петровна Косач) буюк украин қўбизчиси Тарас Шевченко вафотидан ўн йил кейин – 1871 йилнинг 26 февралида туғилган, ўз халқининг шеърият байроғини даст кўтарган ва янги босқичга олиб чиққан. У ҳам ўз салафидек украин халқининг тутқунлигини, дард-аламини, забунлигини ёниб куйлаган.
Украинага бўлган оташин севги шоира лирикасининг мағзини ташкил этади. Лекин бу муҳаббат бахтсиз она юртнинг қора тақдиридан нола чекиш, оҳ-воҳ уриш, фарёд кўтаришдангина иборат эмас. Унинг муҳаббати исёнкор, фаол ва оёққа турғизадиган муҳаббат. Чернишевский тили билан айтганда, “олий патриотизм”. У ватан шаъни-шукуҳи учун курашда енгилишни айб санамайди, балки душман қошида таслим бўлишни, курашдан чекинишни кечирилмас гуноҳ ҳисоблайди. Ватан душманлари билан муросасозликни, қуллик ва эрксизликни олиб келадиган юраксизлик, журъатсизлик, лоқайдлик ва хоинликни жон-жаҳди билан лаънатлайди. Фидойилик, матонат, изчиллик, сабр ва бардош – унинг олий нияти. Шунинг учун шоира Прометейни ўзига севимли образ қилиб олади, уни Ватан озодлиги ва номуси учун курашчи сифатида талқин қилади.
Леся Украинканинг лирикаси ижтимоий лирика эди. У ўзининг ижодини ижтимоий курашдан четда тасаввур этолмайди. “Шоир қалбини ёндириб турган нарсалар ҳақида сукут сақлаши мумкин эмас”, деган эди шоир. Чиндан ҳам у ўзи “сукут сақлаб” турмаган. Замонининг энг долзарб мавзуларида ва бутун вужуди билан, ҳис-ҳаяжон билан барча маҳоратини ишга солиб астойдил ижод қилди. Кенг китобхон қалбига эркин етиб бориш учун турли шакллар излади, ҳатто ўз ниятларини эркинроқ ифодалаш учун қўшни халқларнинг шеърий шаклларидан ҳам фойдаланишни лозим топди. Шу мақсадда кўплаб таржималар қилди.
Шоирнинг ижодий юксакликларга кўтарилиши бесабаб эмас эди. У зиёли оиласида дунёга келган, ота¬си таниқли маърифатпарвар, онаси “Олена Пчелка” лақабли адиба эди. Бу аҳил оила болаликдан бедаво дардга чалинган қизига (Леся суяк сили эди) мукаммал тарбия берадилар, бир неча тилларни ўрганишига кўмаклашадилар. Шоира Байрон, Шиллер, Мюссе, Лишкевич, Гейне асарларини аслида мутолаа қилди, шу тариқа фикри кенгайди, дунёқараши ўсди.
Бўлажак машҳур шоира ижодга ёшлигидан киришади. Унинг илк шеъри матбуотда чиққанида эндигина 13 га қадам қўйган эди. Шу ёшдан бошлаб то умрининг охиригача бетўхтов ижод қилди: шеърлар, поэмалар, пьесалар, турли мавзуда мақолалар ёзди. Гарчанд касаллиги туфайли унинг ҳаёти ташқи воқеаларга бой бўлмаса ҳам, унинг ички дунёси бениҳоя кенг ва тийрак, юксак ғояларга тўлиқ бўлган. Унинг ҳаёти эса, сабр-матонат ва қаҳрамонликнинг ажойиб намунаси: у умр бўйи мамлакатма-мамлакат юриб ўз дардига даво излади ва умр бўйи бетиним ижод қилди.
Шоира узоқ яшамади, лекин ўзидан узоқ яшайдиган асарлар қолдирди. Бу асарлар халқининг гавҳар меросига айланган. Ватандошлари уни ўқийди, ўрганади ва буюк мамнуният билан хотирасида сақлайди. Шу кунларда нишонланаётган туғилган кунининг юз йиллиги ана шу ҳурмат ва эҳтиромнинг бир кўринишидир.
Бу сана Ўзбекистонда ҳам шоира хотирасига катта ҳурмат билан нишонланмоқда. Чиндан ҳам шоира бундай эътиборга лойиқ ижодкордир. Унинг оташнафас шеърлари, поэмалари ва пьесаларида украин халқининг ўша пайтдаги тутқунликдан чеккан нолалари, ҳасрат-аламлари янграйди, миллий мустақиллик учун курашчиларнинг жанговар нидолари жаранг­лайди. У ўз асарлари билан кишиларда яхши ниятлар, келажакка умид уйғотади, уларни покликка ва самимийликка чақиради.

* * *

Леся Украинка илк шеърлариданоқ ўз олдидаги мақсадини очиқ-ойдин ва ошкор баён этади:

Не фойда йиғламоқ зулм ичра ёниб?
Ўтмишга боқишдан не фойда, нечун?
Яхшиси қўлларга тиғ, қурол олиб
Ҳужумга кирайлик порлоқ иш учун!

Ҳа, у озодлик учун чинакам курашга чорларди. Лекин шоира қуруқ курашга чақиришнинг ўзи билан чекланиб қолмай, нима учун курашмоқ кераклигини ҳам бадиий изоҳлаб беради. Бу шоиранинг аччиқ алам, ўкиниш билан тўла ғамгин шеърларида ўз ифодасини топган. Леся Украинканинг лирикаси украин халқининг қалбида ишонч ва умид учқунлари уйғотган. Бу аччиқ ҳаётни бутун фожиаси билан фош этиш, ёниб куйлаш Т.Шевченкодан кейин фақат унга насиб этди.
Тўғри, ўтмишдаги бошқа украин шоирларида кўзёши, фарёд кўп учрайди. Аммо уларнинг кўпчилигида заифликдан нола чекишга, мажолсизликдан йиғлашга ўхшайди. Леся Украинка ана шундай кўзёши билан сатрларини тўлдирадиган заиф шоирларга қарши чиққан:

Ярамиз қайтадан ўтланар, ёнар,
Битишга қўймайди аччиқ кўзёши,
Кўзёшдан занжирлар баттар зангланар,
Лекин у узилмас тугаб бардоши.

Украин халқининг бўйнидаги тутқунлик ва зулм занжирини кўзёшлари билан узиб ташлаш мумкинмаслигини яхши билган шоира, уни чинакам ижтимоий курашга чақиради.
Миллий озодлик учун кураш – Леся Украинка ижодининг ўқ томири деган эдик. Бу мавзу шоиранинг жўшқин лирикасида эмас, унинг поэмалари ва пьесаларида ҳам ўз ифодасини топган. Шоира украин халқининг ўз тарихидан озодлик учун кураш лавҳаларини куйлаш билан чегараланиб қолмай, илғор халқлар ҳаётидаги воқеалардан олиб, китобхонга ибрат қилиб кўрсатади, миллий озодлик учун кураш ҳар бир ўзини таниган халқнинг муқаддас бурчи эканини таъкидлайди.
Чиндан ҳам шоиранинг қалби халқнинг қалби, унинг нияти халқнинг нияти, унинг орзуси халқнинг орзуси эди. Ўз ижодининг самараси бир кун келиб барқ уриб яшнашига унинг имони комил бўлган:

Суягим – қилич, жангчи тайёр эрта-кеч,
Биз бекорга ҳалок бўлиб кетмаймиз ҳеч.
Балки сени мен билмаган азиз дўстлар,
Ёв бошига қилич қилиб, эркни кўзлар!

Леся Украинканинг жанговар, оташнафас шеърлари унинг вафотидан кейин ҳам миллий истиқбол учун мардонавор жангга кирган украин халқининг руҳий қуролига айланди.
Шоира “Менинг йўлим” шеърида:

Қўшиқ билан бошлагандим йўлни илк бор,
Қўшиқ билан тугатаман уни зинҳор, –

деган экан. У сўзининг устидан чиқди. Хаста ҳаётининг сўнгги дамигача ёниб ижод қилди. Лекин шоира:

Эрку тенгми, қардошимнинг олтин нурли,
Кошки эди булут оша кўрсам бир бор,

деган олий ниятини кўролмай кетди. Шундай бўлса ҳам, шоира ҳаётининг бутун мазмунини ташкил этган бу олийжаноб ниятни у жонидан севган, бутун умрини бағишлаган украин халқи рўёбга чиқарди. Шунинг учун украин халқи шоиранинг юз йиллигини кенг кўламда улуғворлик билан нишонлади.

* * *

Леся Украинканинг шеърларини эшитганимда ҳали унинг тўпламини кўрмаган, шунинг учун ижодидан бехабар эдим.
Бу 1941 йилда бўлган эди.
Мен Бокудаги ҳарбий мактабнинг курсанти эдим. Микола Зубенко деган курсдошим бор эди. Ўзи иқтисодчи, лекин жуда кўп шеърларни ёд биларди. Шевченкони тўлиқ ёд ўқирди десам, ишонаверинг!
Бир куни у мендан:
– Сенда шоиралар кўп ўтганми, – деб сўраб қолди. Мен билган шоираларимни санаб бердим. Микола бундан мамнун бўлиб, ўзига хос майин ва ёқимли товуш билан қисқагина бир шеър ўқиди. Кейин деди:
– Тушундингми?
Мен чала-чулпа тушунган эдим, очиғини тан олдим. Зубенко яна бир шеърни секинроқ, мен тушунадиган қилиб ўқиди. Охирида:
– Леся Украинка, – деди.
Гарчанд яхши тушунмаган бўлсам ҳам, бу икки шеър нимаси биландир мени мафтун қилиб қўйган эди. У Овчаренко деган украин дўстига ҳам шеър ўқиб берганини кўрдим. Сўрадим:
– Шоира жуда машҳурми?
– Машҳур бўлганда қандай? Шевченкодан кейин шуни ўқишади. Лекин бечора ногиронликда умр кечирган.
Зубенко унинг қисқа, аммо сермазмун ҳаётини ачиниб ҳикоя қилиб берди. Шунда менда ҳам нотаниш шоирага ачиниш уйғонди. Имкон бўлиши билан унинг китобини топиб ўқишни кўнглимга тугиб қўйдим, лекин тезда бунинг имкони бўлмади. Урушга кириб кетдим. Микола ҳалок бўлди, Овчаренко ярадор бўлиб госпиталга кетди. Сал вақтдан кейин мен ҳам яраландим… Госпиталь бир мактабга ўрнашган эди. Мактабда кутубхона бўлишини эслаб, Леся Украинка китобини суриштирдим. Бахтимга бор экан. Мириқиб ўқидим. Зубенко ёдлаб юрганича бор экан, чинакам шоир экан.
Уруш тугади. Яна ижодга киришар эканман, бу оташнафас шоира китобини топиб қайта ўқидим. Яна ўшандай таассурот қолдирди. Мавриди келиб унинг шеърларидан таржима қилдим. Бу сафар учун унинг ижодини яна ҳам синчиклаб ўргандим. Чунки чин шоирни кўз илғамас фазилатлари таржималарида юзага чиқади, ўша вақтида сезилмаган ингичка ва нозик ҳис-туйғулари таржима чоғда бўртиб кўринади, шоир руҳини чуқурроқ англаш имконини беради.
Шу тариқа Леся Украинка қалбининг чуқурлигига, фикрининг теранлигига, завқининг баландлигига қойил қолдим. Бундай шоира наинки, бир халқнинг, бутун башариятнинг фахридир.

1971 йил, февраль.