Халқ барча давр ва замонда ҳам гўзал хулқ, эзгу фикр ва тушунчалар бардавом бўлишини истаган. Тарих билан замонни ўзаро боғлаб турадиган олтин бир халқа ана шу боқий истакдир. Хоҳласин, хоҳламасин, инсон тарихдан ажралолмайди: қайси бир тарзда бўлса ҳам у аждодлар фикр ва туйғу ҳаётини қайта яшайди. Адабиёт тарихи намуналари фақат мозийга мансублиги учун эмас, орадан кўп вақт, узоқ давр ўтишига қарамай, маъно, моҳият қимматини сақлаб қолганлиги учун қизиқарли. Сўз йўли, бирда маъни, тушунча йўли бўлса, бирда хотира ва тарих йўли. Илдизи олис ўтмишга узанган сўз ё атама мазмунини замонавий фикр-қараш доирасида тугал изоҳлаб бўлмайди. Уларни тўғри англаш, тарихий маъноси ила қабул қилишнинг чораси мушоҳадада оқсамасликдир.
Шарқ мутасаввиф шоирлари асарларида “маъно” калимаси ҳақиқат, маърифат, руҳий билим, нукта, олам мазмунларида ишлатилган. Маънонинг энг асосий сифати, охиригача уни очиқ-ойдин ифодалаб бўлмаслигида. Демак, маънода нимадир ҳамиша яширин қолади. Шунингдек, маъно охирги ҳукм мазмунидаги гапларни ҳам тан олмайди. Унга қизиқишнинг сусаймаслиги шундан. Даъво эса маънонинг зидди, яъни — қуруқ, эътиборсиз илм, ҳақиқати пуч иддаодир.
Сўнгги пайтларда адабиётшуносликда, хусусан, мумтоз адабиётга доир ишларда даъвокашлик боис “илмий тўқима” кўпайиб кетди. Таҳлил ва талқинлардаги сохталик, хатоликларни майли, қўя турайлик. На бадиий ижод табиати, на санъаткорлик шуурига мувофиқ келадиган диний-маърифий, тарихий-сиёсий характердаги айрим бир асарларни ҳам адабий ҳодиса ўлароқ ўрганилишига нима дейсиз? Адабиётни ҳис қилиш ва англашдан наҳот биз шунчалик йироқлашдик? Ўзбошимчалик, ғайрилмийликка ён берилаверса адабиёт ва адабиётшуносликнинг ҳоли не кечади? Буни жиддий ўйлаш керак. Сен менга тегма, мен сенга тегмайман – бу хосиятсиз қаноат. Ҳамма жабҳада бўлганидек, илм-фаннинг истиқболи ҳам ёшларда. Ёшлик ғайрати, дадиллиги, эркин изланишларини қўллаб-қувватлаш лозим. Фақат дадиллик ўзбилармонликка, изланиш уйдирма тўқишга айланмаслиги зарур. Бадиий ижоддаги каби ёзишда табиий эҳтиёжни ҳис қилиш илмда ҳам алоҳида ҳолат. Акс тарзда мақсад холис бўлгани билан натижа мағзсиз, яъни пуч бўлади. Андижон давлат университети докторанти Валижон Қодировнинг “Бобур Навоий билан адашми?” (“ЎзАС”, 2009 йил, 13 феврал) номли мақоласини ўқиб, мен яна бир карра бунга ишонч ҳосил қилдим.
Ҳар қанақа шахсий фикр-мулоҳазада ҳам ўқувчини, оздир, кўпдир, ҳақиқатга инонтирадиган чўғ керак. В.Қодиров эса бор-йўғи тахминга суянган. Ва “англатган маъноларига кўра” Бобурнинг, устози Алишер (Навоий)га “номдош”лигини исботлаш учун асоссиз гапларни илгари сурган. Ҳолбуки, Ҳазрати Алининг тарихий ва маноқибий ҳаёти билан чуқурроқ қизиққанида, ҳеч шубҳасиз, масалага бутунлай ўзгача нигоҳда қарар, ёзиш керакми шу мавзуда, йўқми — буни ҳам ўзи холис ҳал этарди.
Аввало шуни айтиш жоизки, Алий, Али дейилганда ҳамма пайт ҳам Ҳазрати Али назарда тутилмаган. Баланд, олий, юксак сифатини англатган бу сўз Ҳақ таоло номларидан бири. Алимардон – одамларнинг энг аълоси, комили, деган мазмунни ифодаласа, Алиқул – Оллоҳнинг олий хулқли қули демак. Бас, шундоқ экан, Ҳазрати Алини хотирда тутмасдан, Худонинг шери бўлсин, деган ният ила Алишер деб исм қўйиш мумкин бўлган.
Тўғри, мусулмон оламида Ҳазрати Алининг обрў-эътибори ниҳоятда юқори кўтарилган. У — жасурликнинг пири, матонат пешвоси, Шер янглиғ қўрқмас шахс. Асрлар мобайнида уни чинакам фидойилик, садоқат, мурувват тимсоли сифатида шарафлашган. Бироқ ҳамиша ва ҳамма жойда ҳам шундай бўлмаган. Машҳур араб олими ва сайёҳи Ибн Фазлон “Саёҳатнома”сида ёзади: “Хоразмда шаҳарга бир кунда бориладиган Ардакў номли бир қишлоқ бордир. Аҳолисига кардалилар дерлар… ҳар намоздан кейин Амир ал-мўминин Али бин Абу Толибни улар лаънатлайдилар”. Балки бу қавм имон ила шубҳа оралиғидаги бир ҳолга таяниб мутазила ақидасига инонганлардир, балки шиа мазҳабига қарши эътиқод вакиллари бўлишгандир. Гап шундаки, ҳеч қандай салбий муносабат ва танқид Ҳазрати Али шони-шавкатига соя сололмаган. У муртазо (Оллоҳ ризосига ноил бўлган), асад Аллоҳ ал-ғолиб (Оллоҳнинг енгилмас арслони), шери Яздон (Худонинг шери), шоҳи валоят, шоҳи мардон сингари кўпдан-кўп лақабу унвонлар билан шарафланган. В.Қодировнинг “кашфиёт”ига мен танқидий муносабат билдирилмас, деб ўйлагандим. Ҳайрият, тахмин нотўғри чиқди. “Акс-садо” рукунида филология фанлари доктори Нусратулло Жумахўжанинг “Адаш”тирманг” номи ила (“ЎзАС”, 2009 йил 11 сентябрь) луғатга мурожаат этилса, хатога йўл қўйилмасди, мазмунидаги ихчам мақоласи эълон қилинди.
В.Қодиров ўқувчиларни чалғитишга урингани рост. Буни тан олиш зарур. Бироқ у “Ғиёс ул-луғот”, “Фарҳанги забони тожики” каби луғатларга мурожаат қилиб, Бобур сўзининг маъносини “шер” эмас – “йўлбарс” деб англаганда нима ўзгарарди? Бу ҳайвонларнинг ҳар иккаласи ҳам мумтоз адабиётда куч-қувват, жасорат, енгилмаслик рамзи. Хато қалқиб чиққан “замин” эса олдин тилга олганимиз “илмий тўқима”дадир.
“Пайғамбаримизнинг кўп сафдошлари, — деб ёзади В.Қодиров, — диннинг таянчи сифатида тан олинганлар, лекин ана шу тан олинганлар ичида ёлғиз Ҳазрати Али Оллоҳнинг шери сифатида улуғланган. Демак, Бобур исмида Алишер каби айнан шу зотга иқтибос бор”.
Ўз-ўзидан савол туғилади: ёлғиз Ҳазрати Али нима сабабдан Оллоҳнинг шери сифатида улуғланган? Ва қачондан бошлаб? Ҳазрати Алига бағишланган шеърлар, унинг номи билан боғлиқ талмеҳларни тўғри талқин қилиш учун ҳам ушбу саволарни жавобсиз қолдириб бўлмайди. Бундай пайтда тасаввур ё тахайюлга суянмоқ жуда-жуда зиён.
Биринчи бўлиб Ҳазрати Алини “Шери яздон” — Оллоҳнинг шери деб таърифлаган зот пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом. Аммо В.Қодиров изоҳлаган сифат ва хусусиятлари учунмас, албатта. Нақл қилинишича, пайғамбар Меърожга кўтарилиб, Оллоҳ даргоҳига яқинлашганларида бир баҳайбат шер йўлларини тўсади. Сарвари коинот шунда қўлларидаги узукни олиб шернинг оғзига ирғитганлари ҳамон у йўлдан четлашади. Меърождан қайтиб Ҳазрати Али билан кўришгач, қарасаларки, ўша узук унинг бармоғида турибди. Бундан ҳайратланган расулуллоҳ: “Эй Али, Оллоҳнинг шери сенсан…”, дейдилар. Шу-шу Али Оллоҳнинг шери эканига кўпчилик ҳеч шубҳаланмайди. Чунки у ҳаётда ҳам шерюраклигини қайта-қайта намойиш этади.
Бундан ташқари, Сулаймон пайғамбар узугига муқобил бир узук орқали Ҳазрати Али валоят, каромат соҳиблигини кўрсатади. Бобил атрофида бир асрлон пайдо бўлиб, ёшу қарининг кўнглини қўрқувга чулғаганда, халойиқ нажот истаб амир-ул мўминин ҳузурига келади. Узукни у бир кишига бериб, арслонга кўрсатишни буюрибди. Арслон эса узукни кўрибоқ ғойиб бўлибди. Ҳазрати Алининг кашфу кароматлари беҳисоб. Улар орасида унинг бир ўликни тирилтириши ҳам нақл қилинганки, унда Исо пайғамбарга уни тенглаштириш мақсади яширинган. Булардан хабардор қайси одам Алишер каби Бобур исмида ҳам ҳазрати Алига “иқтибос бор”, деган хулосага инонади? Инонадиганлар топилар, дейлик. Илмга бундан нима наф етади?
Мумтоз адабиёт шўро даврида масъулиятсиз, худком тадқиқотчиликдан ҳаддан зиёд азият чекиб, жавр кўрган. Уларнинг ўндан бирини ҳам биз ҳали тугал англаб етганимиз йўқ. Янгилик сифатида маъқулланиб, мақталаётган ишларнинг аксарияти эски хато ва нуқсонларнинг бошқача шаклда такрорланишидан ўзга бир нима эмас. Ҳозир энг долзарб масала мумтоз адабиёт тарихини умуман ўрганишмас, бадиий матнни қандай тадқиқ этишни бехато аниқлашдир. Бу — қийин меҳнат. Шу хусусда мулоҳаза юритган хорижлик адабиётшунослардан бири шундай дейди: “Баъзи бировлар шахсий ҳисларига сунъий илм тўнини кийдирмоқ бўладилар. Афсуски, бу тўн — замоннинг оғир синовлари бир ёнда турсин — илмнинг элементар мантиғига ҳам дош беролмайди”. “Сунъий илм тўни” нечоғли яхши кўринмасин, унинг “мода”га айланишига ҳеч бефарқ қолмаслик керак.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 43-сонидан олинди.