Маҳмуд Тоир. Ёғду ичра гуллаган сўз (2009)

Ёғду ичра гуллаган сўз — шеър бўлади. Бундай шеърнинг мазаси дардингга малҳам бўлади. Яхши шеър ёмон хаёлларингни сидириб ташлайди. Яхши шеър ўқисанг яйраб-яйраб, севиб-севиб яшагинг келади.
Шеърдаги оташ — сўздаги оташ. Очиқ кўз билан оташга ўзини отган одам шоир бўлади. Кўнгилда жунунлик кўз очган кун тошлар мумдек эрийди. Тиканлар товонингни тилмайди, силайди. Олам гулзорга, шоир булбулга айланади.
Сиз-у бизга ҳамнафас бўлиб юрган ана шундай булбул шоирлардан бири Сирожиддин Саййиддир. Сирожиддиннинг икки жилдли китобини ўқиб икки оғиз сўз айтгим келди. Шоирнинг шоир ҳақида айтгани булоққа булоқнинг қўшилгани кабидир. Бунда шоирлар эмас, шеърлар сўзлайди. Шеърлар сизни ўз йўлига, яъни сўз йўлига етаклайди. Бу йўл — гўзаллик йўли, муҳаббат йўли… Йўл бошида эса шоир турган бўлади.
Сўз йўли ирмоқлар йўли, сўз йўли чақмоқлар йўли. Бу ирмоқ сизни дарёга етаклайди. Сиз сўзлар дарёсида оқа бошлайсиз. Беихтиёр кўксингиз садоланади. “Эй менга дарёдай дил берган, Ватан”. Шоирлик Ватанни англашдан бошланади. Шоирлик сўзни сийлашдан бошланади. Сирожиддин кўксида Ватани бор шоир.
У она сиймосида, ота айвонида, ҳовлисида мунғайиб турган тандирда, борини шиғил-шиғил мева қилиб, барги хазон қилиб тўкиб бўлган, момосининг хотирасига айланган қари тутда, айвонида алёр айтиб турган қалдирғочларда Ватан кўради.
Шоир Сирожиддин Саййид Ватанни мадҳ этганда шабнамдек тўкилгиси, насимларга айлангиси келади. Бобо юртни иддаосиз, таъмасиз севади.

Юртим, менга зар керакмас зарларингдан,
Киприкларим ўпсалар бас гардларингдан.
Мен бир насим бўлиб келдим, мен бир насим,
Айтиб ўтсам дейман кўҳна дардларингдан.

Дарднинг кўҳнаси қандай бўлади? Давосиз дардми?.. Йўқ-йўқ, менимча, дарднинг кўҳнаси тиниқ дард, ширин дард. Унинг давоси ўзи билан. Зеро, дард берган Худойим шифосини бергани кабидир. Дарднинг кўҳнаси одамни одам қилади. Яна ҳам яқинроғи, ота-боболаримиздан бизга мерос Дард, асрлар оша аждоддан авлодга, вужуддан вужудга, дилдан дилга ўтиб келаётган дард — бу Муҳаббат дарди. Кўз очиб кўрганинг, ғоз-ғоз турганинг муқаддас тупроққа, Момо Ерга, Она-Ватанга муҳаббат. Бу дард билан оғриган одамнинг қалбига Ватан бор кенгликлари билан сиғади. Хаслари зарга, зарлари гулга айланади. Бу дард одамни шоир қилади.

Менинг шоирлигим, дўсту ёронлар,
Ёзилмиш майнглайимга бир замонлар.
Туғилмиш у ғаройиб паллалардан,
Онам бошимда айтган аллалардан.

Сирожиддин тоза тилакли шоир. Унинг қаламидаги қўрни яратган берган. Шу боис, бу чархи даврон қайси йўсинда айланишидан қатъи назар, шоирлик йўргакда юққан одам замонасоз бўла олмайди. Зеро, Қодирийни Қодирий, Чўлпонни Чўлпон қилган покиза иймон, юксак эътиқод, халқига, Ватанига ва қаламига бўлган муҳаббат дарди эди.
Дарднинг кўҳнаси Навоий ҳазратларидан қолган дард. Бу дунёда одамзот сўзда айтиши мумкин бўлган дардларнинг барчасини қалам аҳлининг пири комили айтиб кетгандек гўё. Буни теран ҳис қилган шоир:

Шоир кимдир —
Мир Алишер бобонинг
Биринчи ва мангу муовинидир —
Дейди.
Ёки:

Ҳазрат Навоийга етмоқ-чун эй дил,
Яна беш юз йиллар юрмоқ керакдир.

Зеро, бу дунёда ўзини, ўзлигини таниган одам бахтли одамдир. Бахтли одамлар эса илму ҳикмат, дину диёнат, меҳру муҳаббат билан яшайди. Ўзгаларни ҳам бахтли яшашга чорлайди. Сирожиддин сўзни кўнгил кўзгусига солиб шеър ёзади. Сўзни танлаб-танлаб, сизлаб, эркалаб шеър ёзади. Ватан остонадан бошланади, деган кўҳна гап бор. Сирожиддин учун Ватан тол бешикдан, айвондан, тандирдан бошланади. Ватан дилдан бошланади.
Дил нима ўзи?
Шоир кўзи билан кўрсанг, юрак — ёғду, узоқроқ тикилсанг кўзингни олади. Юрак — оташ. Юрак билан дил ўртасида нима бор? Юрак дилга айланадими? Дил — кўзи йўқ кўзгу. Дил кўрганини кўз ҳарчанд очиқ бўлсин, кўролмас. Шоир қачон шеър ёзади? Дил осмон бўлганида ёзади, дил ёмғир бўлганида ёзади.

Ёмғирлар йиғлашиб сел бўлди, Она,
Соғинчлар бирлашиб йил бўлди, Она.
Тўпланиб-тўпланиб барча оғриқлар,
Менинг кўкрагимда дил бўлди, Она.

Она — дилнинг остонасидаги дилбар посбон. Фарзанд дили қулфининг калити ҳам, дил дардининг малҳами ҳам оналар қўлида. Шу боис, она мадҳида шоирнинг дил шароби шеър бўлади. Зеро, бешик бошидаги бедор дил—она! Аллалари тунги тиловатга айланган — она! Айтинг, соғинчнинг расми борми? Уни чизмоқчи бўлган мусаввир қуёш бодроқ сочиб чарчамайдиган юрт — Сурхон диёри, Сариосиё туманининг чека бир қишлоғида, пастқамгина ҳовлида, остонада йўл кутиб ўтирган, Сирожиддин Саййидни шоир қилган онанинг расмини чизсин. Бу энг гўзал, энг мукаммал Соғинчнинг расми бўлади.
Шоирни шоир қилган туйғуларнинг биттаси — соғинч. Соғинган дил талпиниб яшайди, интилиб яшайди. Ўзи шаҳарда яшаса ҳам пода боққан қирлари, ётиблар ичган сувлари жонини жимирлатиб-жимирлатиб қўяди.

Сиз мен учун — мангу қасам,
Кўнглим келиб бир чайқасам,
Оламда қолмас ташвишим,
Ётиблар ичган сувларим.

Сирожиддин сийлаган сўзларнинг биттаси — айвон. Зеро, азал-азалдан ота-боболаримиз иморат қурганда кунгай қилиб, айвонли қилиб қуришни маъқул кўрганлар. Ўтмишда, бугунги данғиллама иморатлар тушларимизга кирмаган пайтлар бир паркентлик онахон иморатини мақтай туриб: “Бир уй солдик, бир уй солдик… икки уй, бир айвон, яна бора-боргунча пешайвон”, деган эканлар. Чунки айвони бор уйнинг файзи бўлак. Тонгда кўз очган одам ёруғ оламга ўз айвонидан боқади. Айвонда ўтириб ёғаётган қорни томоша қилиш, ёмғирлар қўшиғини тинглаш, бўғотингизда бир-бирига мўлтираб ўтирган бир жуфт беозор мусичани кўриш қандай завқли. Тумшуғида лой ташиб, айвонингиз пештоқида ўз “қасрини” қуришга киришган қалдирғочларнинг ҳаракатини бефарқ кузатиб бўладими?.. Буларнинг барчаси тирик жонзотларнинг ташвиши. Қолаверса, ҳаракатда баракат бор, деган чорлов бу.
Айвонида ўтирган одамга қуёш юз очади. Гулу райҳонларнинг ислари димоғини қитиқлайди. Онангиз айвонда ўтириб йўлларингизни пойлайди. Болангиз айвонда мўлтираб келишингизни кутади. Уйингизнинг айвони — умрингизнинг айвони.

Кийгин энг чиройли кўйлакларингни,
Ифор эт умримнинг йўлакларини.
Бу тонг қалдирғочлар айвонимизга
Келтиргай қалбимнинг бўлакларини.

Қалбининг бир парчасини ўз айвонида қолдириб кўчага чиққан одам уйида бахти бор одам. Уйида бахти борлар кўчада қоматлари тик, юзлари ёруғ юрадилар. Бу дунёда инсон зоти учун бебаҳо дамлар ота-она бағрида, ота уйида ўтган йиллар ҳисобланади. Шоир бежизга: “Онам айвонидан келдингми, баҳор?”, дея энтикмайди. Ёки ота уйнинг деворларини дил билан оқлаб беришни хаёл қилиш шоирона жунунлик эмас. Балки ота-она олдидаги фарзандлик масъулиятини ҳис қилишнинг ёрқин эътирофидир.
Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, болаликнинг тийрак нигоҳига муҳрланган, шоир шеъриятида бўртиб турадиган сўзлар шодаси — ёғоч сўри, бешик, эски тандир Ватан суратларини чизишда гўзал тимсолларга айланади. Бу тимсолларда дил соғинчлари, орзиқишлари, изтироблари шабнамдек тўкилиб туради. Шабнам поклик тимсоли, болалик поклик тимсоли. Демак, болаликни қўмсаш покликни қўмсашдир. Шеър эса, ҳамиша пок қалбнинг меваси бўлиб келган. Яхши боғбон илк пишган меваларни аввал болаларга бўлиб беради. Шу ўринда Сирожиддин Саййидни дарёдил боғбонга менгзагим келди.

Менинг шеърим бир бола, уни
Бешикдаги бола ўқисин.

Шеърни шарҳлаш олимларнинг иши. Шоирни эса ўтли сўз асир этади, оҳанг эргаштиради. Оҳанги ўзи билан келган мисра ўқувчи дилини мафтун этади. Шеърнинг шакли, шеърнинг вазни — бу кўнгилнинг шакли, кўнгилнинг вазнидир. Шеърга оҳанг қайдан келади, кўкданми? Нечун шоир шеър ёзаётганда ўзини унутади? У қайси самода учади? Армонлар, изтироблар, соғинчлар, дийдорлар самосидами? Шоир қайси самода учмасин унинг оёғи Момо Ердан узилмайди. Чунки шоир киндик қони томган ер фарзанди.

Дилим ҳар бир дарахт, боғ бирла ўсди,
Шу эл бирлан, шу тупроқ бирла ўсди.

Шоирнинг кўнгли гурунгни тусайди. Гоҳида тош билан, гоҳида кўнгил кўзидаги ёш билан тиллашади шоир. Биттагина бойчечак қошида тиз чўкиб ўтирган шоирни кўрганмисиз? Бойчечак тилини бойчечакка айланган одам билади. Сиз майсага қараб эгилсангиз, майса сизга қараб бўй чўзади.

Қуюнлар ичра ўсган бир қизил гул,
Куйиб кетсам, кўкаргай сўз бўлиб кул.

Кулнинг кўклаб кетишига сизни фақат шоир ишонтира олади. Чунки хуш ният кўнгилни хушлайди. Кўнгилда одамийликдан ифтихор, ҳузур уйғонади. Шеър ўқиб ҳузур қилмоқ баъзан тотли таом роҳатидан аълороқ эканини, эҳтимол, шоирлар бир-бирларини ўқиганида теранроқ ҳис қилишар. Мен сўзимнинг аввалини “шеърнинг мазаси”, деган ибора билан бошлаган эдим. Дил изҳоримнинг поёнида эса Сирожиддин Саййиднинг “Сўз йўли” номи билан “Шарқ” нашриёти-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририятида чоп этилган икки жилдли сайланмасини ҳузур ва ифтихор билан ўқидим, мазза қилдим, деган сўзни баралла айтгим келди.
Зотан, сўз йўлидан топган асил гулу гиёҳинг фаслларни тан олмагай. Чунки кўнгил тупроғида ўсган гиёҳ қуриш билмас, ниҳол эса ўсиб, ўзга кўнгилларда чинорлардек япроқ ёзгай. Сирожиддин шеърлари япроқ ёзгувчи шеърлардир. Унинг бобо шоирларнинг қутлуғ сўз йўли — аруздаги оромбахш ғазаллари, кўҳна шеъриятимиз, маърифатимизнинг улуғлари ижодидан ҳамда рус шеъриятидан қилган дилтортар таржималари ҳам таҳсинга лойиқ.
Шоирни шоирдан олган илҳоми ҳам булоқ жилғаларининг бир-бирига қўшилгани кабидир. Сўз йўлининг чироқбардорлари, улуғ бобокалонларимиз Чўлпонлар, Қодирийлар, Усмон Носирлар, Беҳбудийлар орзу қилган давру даврон мустақил юрт ижодкорларига насиб этди. Бир-биримизга тутилган елка, бир-биримизга тутилган нарвон миллат маърифати, миллат адабиёти учун қўйилган нарвондир. Пири комилларимиз руҳи покини шод этмоқ, ётган жойларини ёритмоқ учун ёқилган чироқдир. Илоҳим, шу чироқ ҳеч қачон қўлимиздан тушмагай. Сирожиддин Саййиднинг қўш тўплами сизу бизга, ўзбек адабиётига муборак бўлсин.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 14-сонидан олинди.