Салом ҳурматли Наим ака!
Сиз ўзбек адабиётшунослиги, хусусан, чўлпоншунослик соҳасида эътирофга лойиқ ишлар қилган олимсиз. Илм аҳлига «Истиқлолни уйғотган шоир», «Чўлпон» номли асарларингизни яхши маълум. Зеро, бугунги чўпоншунослик соҳасида мунозарали нуқталар, теранлашуви лозим ўринлар борлиги ҳам Сизга кундек равшан.
Мен Чўлпоннинг шеърлари деб эълон қилган («ЎзАС», 2008 йил 3-октябр сони) матнларга эътироз сифатида муносабат билдирган эдингиз («ЎзАС», 2008 йил 28-ноябр сони). Яқинда, гарчанд орадан уч-тўрт ой ўтган бўлса-да, ҳалиги «топилдиқ» ва Сизнинг эътирозингиз хусусида менга адабиёт муҳибларидан бири: «Кимнинг фикри тўғри? Ўша шеърлар Чўлпонникими, ё…?», деган мазмунда савол берди. Ўйлаб қарасам, мен андиша қилиб, жим кетишим билан Сиз ёзган фикрни тасдиқлаган бўлар эканман. Ўша чўлпонсеварнинг гапи баҳона бўлиб, ушбу мактуб орқали ўз муносабатимни билдиришни мақбул кўрдим.
Биринчидан, Чўлпонга оид деб берилган:
Мани ўлсин деган ўлсин,
Балоға мубтало бўлсин,
Қўлига косасин олиб,
Кўчаларда гадо бўлсин —
мисраларининг 1972 йили чоп этилган «Оқ олма, қизил олма» китобида мавжудлигини таъкидлабсиз. Лекин Чўлпоннинг ушбу мисралари халқ орасида, «Эй, гўзал Фарғона» шеърига ўхшаб, ўзингиз эътироф этганингиздек, «оғиздан-оғизга, қишлоқдан-қишлоққа, шаҳардан-шаҳарга кўчиб» юрмаганмикан? Жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуд шундай бир фикрни ёзади: «Ҳеч бир достон, мақол, топишмоқ, ашула йўқки, йигирма киши ўйлашиб тўқуғон бўлсун ёки басталағон бўлсун. Ҳар бир достон, мақол, топишмоқ, ашула асосан бир киши томонидан чиқариладир. Ва сўнгра умумийлашиб кетадир.
Туркистоннинг сўнг шоирларидан Муқимий, Фурқат, Ҳазиний парчаларидан шундайлари борки, агар аллақайси қаронғу токчалардан, чуруб қорариб кетган баёзлардан кўруб эгаларини билган бўлмасақ, уларни эл адабиётидан ҳеч вақт ажрата олмас эдик».
Чўлпон қайсидир шеъри таркибида халқнинг ушбу мисраларидан фойдаланган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Назаримда, баъзан бундай ёки бошқачароқ илмий мулоҳаза ва ўринли тахминлар ҳам ўзининг яхши натижасини беради.
Иккинчидан, биринчи тўртликнинг «манбаи» топилганидан илҳомланиб, Сиз кейинги тўлиқ бўлмаган иккита шеърни ҳам, гарчанд асоссиз бўлса-да, халқ оғзаки ижоди намунаси сифатида баҳолагансиз. Ҳолбуки, «этсаммикин», «кетсаммикин» қофияларининг фолклордаги «ёри бўлсаммикин» билан «берсаммикин»га оҳангдошлиги бу шеърни Чўлпон ёзмаганига далил бўла олмайди. Чўлпондек дарвештабиат, қаландарсифат шоиргина — шеърда ифода этилганидек — «маърифат дарёсига чўкиш»ни ёки тоғ-тошга бош олиб кетишни истайди. Устига-устак шеърларнинг «мазмун-моҳияти ва мусиқий оҳанги»да «аёл қалбининг нолалари», «аёл қалбидан отилиб чиққан»лигини, «мунис ўзбек аёлларининг изҳори диллари»ни илғайсиз ва, ажабланарлиси, уларни эркак зоти ёзганига шубҳа қиласиз. Тўғриси, муаллифи номаълум асарнинг қайси ижодкор жинс вакилига тегишлилиги юзасидан бу тарзда содда фикр юритишни Сиздек улкан олимдан мен кутмаган эдим.
Л.Толстой “Анна Каренина” ҳам менинг бир бўлагимдан бино бўлган” деган, Зинаида Гиппиус эркакча (музаккар) тахаллуслар билан шеърлар ёзган, Абдулла Қодирий «Думбилниса» тилидан сўйлаган — буларни Сизга эслатиш ортиқча иш. Айниқса, Чўлпон лирикасида аёллар ноласи масаласини Сизга айтишим икки бора ортиқчадир. Германиялик олима Зигрид Клаймихелнинг «Чўлпон шеърларида тутқун аёллар ва Клеопатра» мақоласини ҳам биласиз. Биз эълон қилган шеърларда аёллар ноласи борлиги, эҳтимол, уларни чиндан ҳам Чўлпон ёзганига яна бир қўшимча асосдир. Шоир «Чиммат қўшиғи» шеърида:
— Чимматимни кўтариб кўрди хушторим,
Дедим: «Тирикликда шудир мозорим!»
Чимматимнинг қиллари юзимга ботар,
Бу қафаслар ичида қачон тонг отар?
Чиммат теккан юзларим сўлиб боради,
Кўнгилдаги умидларим ўлиб боради…
дея аёллар дардини халқона оҳангда ёзади.
Гоҳида хато айтилган фикр илмда янги уфқларни очади. Бизнингча, бадиий асарларни жинс руҳияти, гендерпсихологик нуқати назардан ўрганиш ҳам лозим.
Учинчидан, Сиз қатағон даврининг руҳий таҳликаларини чуқур биласиз. Республика миқёсида шу даврда қурбон бўлганлар меросини синчиклаб ўрганиб келаяпсиз. Энди мулоҳаза қилайлик. Миржамол ака отаси Мирбилол Жамилов тилидан бу шеърларни қачон ёд олган? Бизнингча, ота ўғлига уларни «халқ душмани» саналган Чўлпоннинг ҳали номи ҳам расман оқланмаган бир даврларда айтиб беради. Хўш, «халқ оғзаки ижодининг намунаси»ни Чўлпон шеърлари сифатида ўқиб бериб, ўз ҳаётини ҳам, фарзандлари ҳаётини ҳам таҳликага қўйишнинг бу инсонга нима зарурати бор эди? Қолаверса, суҳбатдошимиз Миржамол аканинг ўша шеърлар боис шуҳрат манфаати йўқ, у холис бир шеърсевар инсон, холос.
Тўртинчидан, аслида, теран услубшунос, Чўлпон шеърий оламини, «шоир муҳри»ни чуқур биладиган олим сифатида Сизнинг эътирозингизни эътироф этишни истагандим. «Домла ҳақ», дегим келди. Бироқ аввалроқ ўқиганим «Чўлпон» номли маърифий романингизнинг (2003) бир неча саҳифасида Элбек ёзган «Қуролга!» шеърини Чўлпонга нисбат бериб: «Чўлпон бу жанговар сатрлари билан ўзбек йигитларини Шўро давлатини мустаҳкамлашга эмас, уни ағдаришга, мустақил ўзбек давлатини барпо этишга чақирмоқда»(240-бет), «…Чўлпон бу шеърни тасодифий кайфият кучи билан ёзмаган, албатта. Унинг бу шеърни ёшлар олдида ўқигани ва уларни курашга чорлагани сир эмас» (386-бет), деб ёзганингиз эсимга келиб, «Биз эълон қилган шеърлар услубини аниқлашда Наим Каримов ҳам адашаётгандир», деган иштибоҳ пайдо бўлди.
Ҳолбуки, 20-йилларда жуда машҳур бўлган Элбекнинг «Қуролга!» шеъри, Сиз эслагандек, тўрт сатрдан иборат эмас, балки жами олти банддан таркиб топган тугал бир асардир. Бу шеър:
Қурол, оҳ! Қандайин гўзал бир сўз
Ол, қўлингга сен ани, эй бояқиш!
Сен йиқилдинг букун заволли йигит
Сабабин билмас эсанг, тингла, эшит! —
деган элбекона сатрлар билан бошланади.
Баҳарҳол, Сизнинг Чўлпон услуби ва руҳи билан Элбек шеърий оламида адашиб қолишингиз, менинг шоир ижодий меросини бойитиш иштиёқимга анча яқин, деб ўйлайман. Зарурат тақозосига кўра «сархуш кишининг чўпчакларига ўхшаб» кетадиган айрим хотиралардан ўша «уйдирма гаплар чангини пуфлаб ташлаган» ҳолда фойдаланиш чўлпоншуносликда бор гап.
Замондош ёки қариндошлари тилидан ёзиб олинган, аммо расмий матбуотда чиқмаган Чўлпоннинг тўлиқ-тўлиқсиз шеърларидан ўн иккитаси «Танланган асарлар»ига киргани маълум. Нима бўлганидан қатъи назар, Чўлпоннинг ҳозирланажак янги лирик тўпламларига шоирга нисбат берилган шеърларни киритиш ёки киритмаслик масаласини алоҳида ўйлаб кўриш фойдалидир.
Ҳурматли Наим ака! Аслида арзимасдай кўринган бундай масала устида тортишиш, кимдан хато ўтганини баҳс мавзусига айлантиришдан кўра, чўлпоншунослар зиммасида улканроқ вазифалар турибди. Чўлпон шеърларида матний фарқлар, турли чалкашликлар бор. Шоирнинг «Меҳнаткашлар товуши» газетасининг 1921 йил 10 мартида босилган «Ўзбак қизи» (ўз оғзидан) шеъри 1924 йилда нашр этилган «Гўзал ёзғичлар»даги нусхасидан фарқли. Ёки «Эй, гўзал Фарғона»дек машҳур шеърининг ҳалига қадар биринчи марта қачон ва қаерда эълон этилгани ноаниқ. Масалан, бу шеър дастлаб «Янги Туркистон» журналининг 1927 йил 2 — 3-қўшма сонида «Фарғонали: А» (араб алифбосидаги «айн», Абдулҳамиднинг бош ҳарфи) имзоси билан босилганига гувоҳ бўлдим.
Умуман олганда, Чўлпоннинг матбуотда сочилиб ётган барча асарлари ҳануз тўла-тўкис тўпланган эмас. Шунинг учун бугун бизда тугал сақланиб қолмаган, аммо Москва каби шаҳарларнинг марказий архив, кутубхоналаридан мавжуд вақтли матбуот саҳифаларини варақлаш фойдалидир. Бунда оғзаки нусха шеърларнинг матбуотдан асоси топилиш эҳтимоли ҳам бор.
Қолаверса, барча илмий изланишлар натижаси сифатида Чўлпоннинг «Тўла асарлари тўплами»ни тайёрлаб нашр қилдириш, шоир меросини тугал бир ҳолатда ўқувчиларга тақдим этиш вақти аллақачон етилди. Энг муҳими, Сиз чўлпоншуносликка оид бу каби бир қанча масалаларни ҳал этишда ёшларга ибрат, ўз билим ва тажрибангиз билан маслаҳатгўй бўлишингизга ишонаман.
Ушбу мулоҳазаларни холисона ва зарурат юзасидан ёзилган мактуб ўрнида қабул қиласиз, деган умиддаман.
Эҳтиром ила Баҳодир КАРИМ
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 15-сонидан олинди.