“Улуғ хон қўриқнинг ёнида менинг улуғ онам — Эсон Давлатбегимнинг боғигаким, Қўш тегирмонга мавсумдир, тушди. Икки кундин сўнг Ўшдин келдим, Улуғ хонни Қўш тегирмонда кўрдим”.
(“Бобурнома”, 93 бет).
“Бобурнома”дан олинган ушбу иқтибосда гап Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг катта онаси бўлмиш Эсон Давлатбегимнинг Андижоннинг Қўш тегирмон даҳаси яқинидаги катта боғи ҳақида бормоқда. Бобур уни кўпинча “Чорбоғ” деб ҳам тилга олади.
Чорбоғ деганда девор билан ўраб олинган кўшк, тартиб асосида тузилган қўрғонли боғ тушунилади. Қўрғон девори атрофига бўйчан дарахтлар, сўнг мевали дарахт ва турли гуллар экилади.
Чорбоғ бино қилиш темурийлар даврида равнақ топган. Соҳибқирон Амир Темурнинг Самарқанддаги ўн тўрт боғи ҳам аслида чорбоғлар бўлган. Шунингдек, бобурийлар ҳам Афғонистон ва Ҳиндистонда кўплаб чорбоғлар яратганлар. XIX асрда Бухорода қурилган “Ситораи моҳи хосса”, Андижоннинг Ойим қишлоғида барпо этилган Моҳлар ойим чорбоғи шундай обод манзиллардир.
Бобурнинг катта онаси — Эсон Давлатбегим чорбоғи деганда Умаршайх Мирзонинг қайнонасига атаб, Андижон атрофида қурган ҳашаматли чорбоғни тушунмоқ керак. Ўша Чорбоғ ўрнини аниқлаш учун кўп саъй-ҳаракат қилишга тўғри келди.
Чорбоғ ҳақида “Бобурнома”нинг бир-икки ерида келтирилган қисқа хабардан бошқа маълумот учратмадик. Кексалар билан олиб борилган суҳбатлар, шу атрофда жойлашган маҳалла ва ҳовлилар оралаб юриб ўтказган текширишларимизда оз бўлса ҳам сақланиб қолган айрим эски бино қолдиқлари ва баъзи қадимий қабр-мозорлар, шунингдек, жой номлари синчиклаб ўрганилди. Чорбоғ ўрни Андижон шаҳрининг шимоли-ғарб томонида жойлашган “Қўшариқ” даҳаси атрофида экан. Тўғрироғи, Чорбоғ бугунги “Қўшариқ”нинг яна ҳам ғарброғида жойлашган. Изланишларимиз танаффуслар билан бир неча йилга чўзилди. Текширишларимизда шу нарса аниқландики, бугунги “Қўшариқ”нинг “Хўжа маҳалла” деб аталадиган мавзеси ва шу атрофдаги эски “Хўжалар қабристони” ҳам ўша даврдан қолган экан.
“Қўшариқ” даҳаси қарияларидан Мухтор қори Тожибоевнинг эслашича, бу қишлоқ XIX аср охирида кичрайиброқ қолган қадимий иккита ариқдан сув олиб, бирида “бир тошли” тегирмон ишлаб турган. Қадимий катта тегирмонлар аллақачон бузилиб кетган экан. Эндиликда кичкина ариқлар сақланиб қолган.
Эсон Давлатбегим чорбоғининг айнан Андижонда барпо бўлганининг сабаби устида ҳам бир оз тўхталиб ўтсак. Маълумки, Юнусхоннинг уч қизидан иккитаси Абу Сайид Мирзонинг икки ўғлига узатилган: катта қизи Меҳр Нигорхоним — катта ўғил Султон Аҳмад Мирзога, ўртанчаси Қутлуғ Нигорхоним эса — Умаршайх Мирзога никоҳ қилинган эди.* Катта куёв Султон Аҳмад Мирзо Самарқанд ҳокими эди, бироқ нега қайнона Андижонда — кичик куёв қуриб берган чорбоғда туриб қолди? Гарчи, манбаларда кўрсатилмаган бўлса ҳам, Умаршайх Мирзонинг Қутлуғ Нигорхонимга уйланиш тўйи, албатта Андижонда ўтгани шубҳасиз. Чунки Умаршайх Мирзонинг пойтахти Андижонда эди. Йўл-йўлакай шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, Абу Саид Мирзо Фарғона мулкини Умаршайх Мирзога берганида (1462 й.) Ахсикент пойтахт қилиб танланган эди. Бироқ уни мўғуллар босиб олади ва пойтахт Андижонга кўчирилади. Тўғри, беш йилдан сўнг Ахсикент яна қайтариб олинади, аммо Андижон пойтахтлигича қолади. Афтидан тўйдан сўнг қайнона Эсон Давлатбегим Андижонда туриб қолади.
Катта куёв Аҳмад Мирзо Меҳр Нигорхонимдан фарзанд кўрмаётган эди. “Мирзодан ҳеч ўғил ва қиз бўлмади” — деб ёзади Бобур. (Тўғри, бир ўғил туғилган эди, аммо бир ёшга тўлмасданоқ ўлиб кетган). Бинобарин, Эсон Давлатбегим ўғил набира илинжида Самарқандда эмас, Андижонда туришни маъқул кўрган бўлса керак. Куёв унга шаҳар шимоли-ғарбидаги Бобур тилга олган “Қўш тегирмон” мавзесида ҳашаматли чорбоғ қуриб беради. Қайнона эса оналарга хос орзу — ўғил набира умидида чорбоғда яшайди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Эсон Давлатбегимнинг ўртанча куёви бўлмиш Умаршайх Мирзо хонадонида туғилган биринчи ўғил набира, Умаршайхнинг ҳам тўнғич ўғли эди.
Тарихдан шуни биламизки, тахт ворисининг дунёга келиши подшоҳлар хонадонида катта воқеа ҳисобланади. Кобулда Ҳумоюн Мирзо туғилганда ҳам бу ерда шоҳона маросимлар ўтказилгани маълум. Чунончи, бу ҳақда Бобур шундай деб ёзади: “Беш-олти кундин сўнг Чорбоққа чиқиб Ҳумоюн валодатининг тўйи бўлди. Бек ва бегот, улуғ-кичик сочиқ (совға) келтирдилар, қалин оқ танга ўкулди (жуда кўп кумуш танга тўпланди), ондин бурун онча қалин оқ ёрмоқни бир ерда кўрилмайдур эди, хейли яхши тўй бўлди”. (“Бобурнома”, Т., “Шарқ”, 160-бет).
Бинобарин, Бобур туғилганда ҳам тантанали маросимлар ўтказилганини тасаввур қилса бўлади. Чақалоққа исм қўйиб беришни Умаршайх Мирзо пири Хожа Аҳрордан сўраб, унга махсус одам юборгани тарихдан маълум. Шу ўринда қуйидаги ҳолатга тўхталиб ўтсак. Бобурнинг Андижонда туғилгани аниқ. Аммо, шаҳарнинг қайси гўшасида туғилган: арк қўрғонидами ёки катта онасининг чорбоғидами? Эсон Давлатбегим Андижондаги чорбоғида истиқомат қилган экан, модомики, бўлғуси Бобур қайнонанинг биринчи ўғил набираси экан, демак, Қутлуғ Нигорхоним ҳам чорбоғда онаси билан бирга турган ва “бош қоронғулик”нинг сўнгги ойларини шу ерда ўтказган бўлиши мумкин. Бинобарин, мантиқан ўйлаганда, Бобур ҳам катта она чорбоғида туғилган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас.
Таниқли инглиз адибаси Маргарет Румер Годеннинг (1907-1998) Бобурнинг қизи Гулбаданбегимга бағишланган асарида берилган тўртта миниатюрадан бирида Бобурнинг катта она Эсон Давлатбегим билан суҳбати тасвирланган. Миниатюрада чорбоғ ички-ташқи деворининг дарвоза қисмлари акс эттирилган. Суратда ташқи девор дарвозасига пиллапояда кўтарилиб келаётган кишини дарвоза соқчиси кутиб олиб, нимадир тушунтирмоқда. Сўнгра ички девор қисми, унинг ҳам эшиги ва атрофида хизматчилар акс эттирлган. Энг тепада — кўшк айвонда Бобур, катта онаси билан суҳбатлашиб ўлтирибди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров Эсон Давлатбегим чорбоғини қуйидагича таърифлайди: “Шаҳарнинг шимолидаги кўркам чорбоғ баланд девор билан ўралган. Дарвозаларга соқчилар қўйилган”. Бу — миниатюрада берилган кўринишга айнан мос келади. Чорбоғдаги бинолар ёзувчи тасаввурида шундай намоён бўлади: кўшк, мармар ҳовуз, ҳовуз бўйида тиллакори шийпон, “эшиклари нафис ўймакорликлар билан безанган” хоналар, шунингдек Эсон Давлатбегимнинг махсус хонаси, дарсхона, мударрис хонаси. Миниатюрада гарчи барча хоналар тасвир этилмаган бўлса ҳам, қисман кўшк, ҳовуз ва баъзи ташқи бинолар тасвири бор.
Аммо, афсус ва надоматлар бўлсинки, асрлар шамоли, рўй берган бир қатор зилзилалар, бошқа табиий офатлар, қўли гул инсонлар яратган кўплаб маҳобатли обидаларни йўқ қилди. “Бобурнома”да тилга олинган машҳур катта “Намозгоҳ” масжиди қолдиқлари, шунингдек, Андижоннинг учта дарвозасидан бири ҳам сақланмаган. Бизнинг давримизда тарихий обида сифатида сақланаётган қадимий биноларнинг қолдиқлари, Бобур давридаги Андижон арки ҳам XVIII аср бошида ва 1902 йилнинг кеч кузида рўй берган зилзилалар оқибатида омон қолмаган…
Мухтор қори Тожибоевнинг эслашича, ўтган аср бошида “Қўшариқ” мавзесида “болалар чўмилса бўлгудек” (Қори ака ифодаси) иккита ариқ бўлган экан. “Ариқларнинг бирида тегирмон ишлаб турарди, яна бирида бузилиб кетган қандайдир иншоот излари кўриниб турарди, — деганди Қори ака. — Йўловчи аравакашлар отларини суғориб ўтар эдилар”.
Умаршайх ва Бобур Мирзолар даврида Андижонга кўпгина олим ва фозил кишилар ҳам келиб туриб қолишган. Ана шундай улуғ зотлардан бири Шамсиддин Сарбараҳнадир. Унинг тўла номи Саййид Шамсиддин Муҳаммад Мир Сарбараҳна. Хондамир “Хулосат-ул-ахёр” (”Хайрли кишилар аҳволидан хабарлар хулосаси”) асарида ёзишича, у зот асли андижонлик бўлган, кейинчалик Ҳиротга — Навоий хизматига кетиб қолгач, “Андижоний” номи билан машҳур бўлган. 1443 йили Ҳиротда вафот этган. Айтишларича, доимо бош яланг юргани сабаб “Мир Сарбараҳна” номи билан машҳур бўлган. Алишер Навоий ҳам “Мажолис-ун-нафоис” асарида уни тилга олиб ўтади.
Мухтор қори аканинг фикрича, у киши пайғамбаримиз авлодларидандир. Хондамир ҳам унга Бобур каби юксак таъриф беради: “Ўткир зеҳнли, замон фозиллари ва давроннинг зийрак кишилари орасида тамоман ажралиб туради. Сўзлари ширин, суҳбатлари ажойиб ва ғаройибдур”.
Мухтор қори аканинг айтишларича, Шамсиддин Сарбараҳна “Қўшариқ” даҳасининг “Хўжа маҳалла” мавзесида истиқомат қилган. Ҳиротга кетгунча Умаршайх Мирзонинг хизматида бўлгани аниқ. Мир Сарбараҳнанинг Ҳиротда вафот этгани шубҳасиз бўлса ҳам одамлар “Хўжалар қабристони”даги қадимий бир қабрни Шамсиддин Сарбараҳна номи билан боғлайдилар. Қабр сағаналари ислом динига ҳужум авж олган 1930-йиллари бузиб юборилган. Шундай хулосага келиш мумкинки, Мир Сарбараҳна Ҳиротга келмасдан ва Ҳусайн Бойқаро саройида садрлик лавозимини эгалламасдан илгари Андижоннинг Қўш тегирмон даҳасида истиқомат қилган.
Демак, Мирзо Бобур номи билан боғлиқ кўпгина тарихий обидалар қатори Андижоннинг ҳозирги “Қўшариқ” мавзесида бир пайтлар мавжуд бўлган Эсон Давлатбегим чорбоғи ҳам тарихий аҳамиятга молик қадамжодир. Бу чорбоғнинг ўрни ҳозирги “Хўжа маҳалла” атрофидаги сайҳонлик бўлиб, шу жойда ҳам Боғишамол тепалигидаги каби бирор мўъжазроқ боғми, хиёбонми барпо этилса, мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлаймиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 13-сонидан олинди.