Йигирманчи аср ўзбек адабиётшунослигига салмоқли ҳисса қўшган заҳматкаш олим ва адиб Тўхтасин Жалолов «Гўзаллик оламида» китобида: “Отам Мулла Жалол Қоратепанинг тубжой аҳолисидан бўлиб, онам Хайринисо Шаҳрихон районининг Яккатут маҳалласидан бу ерга тушган экан. Отам мадрасада таҳсил кўрган, хатимкарда мулла бўлса ҳам, ота мерос ерларида деҳқончилик, боғдорчилик қилар эди. Тўғри, у кишининг мактабдорлик қилган йиллари ҳам бор, мен ўзим ҳам, беш ёшимда, биринчи сабоқни отамдан олганман, худди шу маънода у киши мен учун “Устози аввал”, албатта”, деб ёзган эди.
Бўлажак олим 1914 — 1918 йилларда эски усулдаги маҳаллий мактабларда, 1917 йилги октябр тўнтаришидан сўнг Фарғона шаҳридаги икки йиллик муаллимлар тайёрлаш курси(педкурс)да таҳсил олади. 1926 йилдан 1930 йилга қадар Шаҳрихон туманида ўқитувчи бўлиб ишлаб, Самарқанддаги Педагогик академияда ўқий бошлайди. Ёз ва куз ойларида бериладиган таътил чоғларида ўқитувчилик касби билан шуғулланади.
Одатда, ҳар бир инсон ҳаётида унинг келажагини белгилайдиган, тақдир йўлларини бошқа ўзанларга буриб юборадиган таъсири билан бир умр ёдда қоладиган кунлар, ҳодисалар бўлади. 1936 йил Тўхтасин Жалолов учун ана шундай қутлуғ йил бўлди. Ўша пайтдаги Ўзбекистон Маориф комиссарлиги уни Шаҳрихондан Тошкентга чақиртириб олади. Тошкентда у дастлаб қишлоқ хўжалик олий мактабида, кейинроқ республика маориф уйида ва ҳуқуқ институтида дарс бера бошлади. Пойтахтдаги нуфузли ўқув даргоҳларида муаллимлик қилиш билан бирга, педагогика институтига кириб ўқиди. У ерда йирик адабиётшунос олимлар — профессор Ҳамид Сулаймон ва Олим Шарафиддинов билан яқиндан танишди, уларнинг ўзбек адабиёти, антик дунё адабиёти, ўрта асрлар ва ғарб адабиётлари тарихидан ўқиган маърузаларидан катта маънавий озиқ олди. Институтни имтиёзли диплом билан тугатиб, илмий кенгаш қарорига кўра, шарқ адабиёти муаллими лавозимида ишлашга тавсия этилди.
Ана шу йилларда ўзбек халқининг улуғ фарзанди, давлат арбоби, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллуд топган куннинг 500 йиллик тўйи тантаналарига тайёргарлик ишлари бошланиб кетган эди. Алқисса, ана шу тўйга тайёргарлик чоғларида Олим Шарафиддинов Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида салмоқли рисола яратди. Мазкур рисола катта шов-шувларга сабаб бўлди, чунки бу рисола эълон қилингунга қадар шоир шахсига турлича баҳо бериб келинар эди.
Олим Шарафиддинов рисоласи Алишер Навоий ҳақидаги тор, бирёқлама қарашларни рад этди, улуғ шоир асарларини кенг ташвиқ қилиш, ижодини чуқурроқ ўрганиш каби жиддий масалаларни кун тартибига қўйди. Ёш тадқиқотчи Тўхтасин Жалолов устози Олим Шарафиддинов мадади ва кўмагига таяниб ҳамда маслаҳатларидан илҳом олиб, улуғ шоирнинг шоҳ асари — “Хамса” бўйича тадқиқот ишлари олиб борди. Бу изланишларнинг маҳсули ўлароқ юзага келган “Хамса” талқинлари” илмий асари адабиётшунослик майдонига ўзига хос истеъдод кириб келганидан дарак берди.
“Хамса” талқинлари” ёш олимнинг дастлабки жиддий тадқиқоти, ҳам эътиборга лойиқ салмоқли асарларидан бири бўлиб қолди. Йиллар ўтди. Бу қалдирғоч тадқиқот юзлаб, эҳтимол минглаб ёш адабиётшунослар қалбига ўт солди, уларда мумтоз адабиётимизга, Навоий ҳазратлари ижодига меҳр-муҳаббат уйғотди. Асарнинг 1968 йилдаги нашрига муаллиф мўъжаз кириш сўз ёзишни лозим топади ва унинг ниҳоясида жумладан шундай сатрларни битади: “Хамса” талқинлари” менинг адабиёт соҳасидаги биринчи қадамимдир. Мен бу даргоҳга улуғ бобомиз Навоийнинг муборак қўлларини ўпиб кирганман”.
Рисолада муаллиф “Хамса” эпопеясидаги ҳар бир достонни алоҳида-алоҳида таҳлил қилиш йўлини танлайди. Беш достонни батафсил таҳлил қилгач, “Хамса”нинг тилини ва бадиий хусусиятларини таҳлил қилишга ўтади, ғоявий-бадиий хусусиятларига эътибор қаратади, достонлар яратишда Навоий олдида турган мақсад ва вазифаларни ойдинлаштиришга интилади. Характерли жойи шундаки, шу муносабат билан ўша даврда тилга олиш ғоят хавфли бўлган Амир Темур шахсига ижобий муносабат билдиради.
Бу йиллар Тўхтасин акани илмий-адабий жамоатчиликка қалами ўткир журналист сифатида ҳам танитди. Олим дастлаб “Қизил Ўзбекистон”(ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида санъат-адабиёт бўлими мудири лавозимида ишлади ва Алишер Навоий юбилейига тайёргарлик ишларига бош-қош бўлди, Навоий даври адабий муҳити, бебаҳо асарлари тўғрисида мақолалар эълон қилди, шу билан бирга, олий таълим муаммоларига доир масалалар билан ҳам шуғулланди. Жумладан, 1939 — 1940 йилларда педагогика институтлари учун “Ўзбек адабиёти тарихи хрестоматияси (VIII — XV асрлар)”ни тузиб, нашр эттирди. Бу хрестоматия ўша йиллари ҳам, ундан кейинги йилларда ҳам мумтоз адабиётимизни ўрганишга қулайлик туғдирувчи манбалардан бўлиб қолди.
Бироқ шахсга сиғиниш даврининг ёвуз шамоллари Тўхтасин Жалоловни четлаб ўтмади, уни 1941 йил 6 июл куни қамоққа олишди ва роппа-роса 14 йил олим Сибир ва Узоқ Шарқдаги турмаларда, лагерларда, сургунларда сарсон-саргардон ҳаёт кечирди. Оғир уқубатли кунларни, азобу хўрланишларни бошдан кечирди. Юрмаган йўли, қилмаган иши қолмади.
Сталин ўлимидан бир ярим йил ўтгач, 1954 йил октябр ойида уни оқлаб, озодликка чиқаришади. Шундай қилиб, сарсон-саргардонликда ўтган 14 йилдан сўнг 1955 йил январида Т.Жалолов Тошкентга қайтиб келади. Бироқ мустабид ҳукмдор ўрнатган маъмурий-буйруқбозлик тизимининг ёзилмаган қонун-қоидаларига кўра, қамоқдан қайтган ва ҳатто оқланган бўлса ҳам, “собиқ сиёсий маҳбус”га нисбатан ишончсизлик кўзи билан қараш, масъул лавозимларга яқин йўлатмаслик кайфияти сақланиб қолган эди. Узоқ сансалорликлардан кейин, ниҳоят 1955 йил июнида уни «Ўзбекистон» давлат нашриётига ишга қабул қилишади.
Олимнинг сермаҳсул ижод даври эллигинчи йилларнинг ўрталаридан бошланади. У муҳаррир, илмий ходим, адабий ходим лавозимларида фаолият юритиб, турли мавзудаги мақолалари билан жамоатчилик назарига тушади, Миртемир таъбири билан айтганда “билгич олим ва таржимон” сифатида ном чиқарди. Бирин-кетин нашр этилган “Ўзбек шоиралари”, “Хамса” талқинлари”, “Паҳлавон Маҳмуд”, “Бону”, “Яшасин, табассум”, “Нафосат оламида”, “Гўзаллик оламида”, “Қизлар қасидаси” каби рисолалари эл-юрт меҳр-муҳаббатини қозонди, ўзига мухлислар орттирди.
Олим, аввало, янги давр навоийшунослигига улкан ҳисса қўшди. Иккинчидан, адабиётимиздаги аёл шоиралар ижодини ўрганиш ва тадқиқ этишга киришиб, муҳим натижаларга эришди. Кейинчалик яна шу мавзуни давом эттириб, замондош шоиралар ижодини ўрганишни бошлаб берди, янги истеъдодларни кашф этди. Учинчидан, жаҳон адабиёти ва қардош халқлар адабиётидан таржималар қилиб, ўзбек китобхонини мумтоз сўз санъати намуналари билан таништиришди .
Чинакам олим салафлари очган сўқмоқлардан илм-фан чўққилари сари юқори кўтарилишни ўзига эп кўрмайди, балки қийналиб бўлса-да, синалмаган сўқмоқлар очишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бу йўлда дуч келадиган машаққатларни енгиб ўтишда жасорат намуналарини кўрсатади, учрайдиган тўсиқларни енгиб ўтишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билади. Тўхтасин Жалолов фаолиятини кўздан кечирганда курашчанлик туйғуларини туйгандек бўлдик. Зеро, рубоий жанрида Умар Ҳайём билан бўйлаша оладиган Паҳлавон Маҳмудни, сеҳрли ғазаллар ва “Лайли ва Мажнун” достонини яратиб, устози Навоий билан ижодий мусобақа қилишга журъат этган озар Фузулийни кашф этиш, уларнинг назмий меросидан халқимизни баҳраманд этишга жаҳд этиш ҳамма тадқиқотчининг қўлидан келавермас эди. Тўхтасин Жалолов булардан ташқари ҳинд халқ китоби “Тўтинома” ва “ҳинд эртаклари”ни, машҳур тожик ёзувчиси Сотим Улуғзоданинг “Ёшлигимиз тонги”, “Восеъ” романларини, “Гавҳари шамчироқ” комедиясини, Садриддин Айнийнинг “Эсдаликлар”ини, рус адибаси В.Смирнова-Ракитинанинг “Абу Али ибн Сино қиссаси” асарини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди. Айниқса, улуғ ҳинд мутафаккири Робиндранат Тагор ижодидан қилинган таржималар ўзбек бадиий таржима санъатида янги саҳифа очди.
Булардан ташқари, бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб, кўп йиллар давомида “Олой маликаси” тарихий романи устида иш олиб борди, “Олтин қафас”, “Асл айнимас” номли автобиографик қиссалар ёзди, Алишер Навоий дунёқараши хусусида баҳс юритувчи “Фалсафий талқинлар” номли рисола тайёрлади.
Бу йил атоқли олим Тўхтасин Жалолов таваллудига юз йил тўлди. Афсуски, умр деганлари ўткинчи ва бебақодир. Тасалли берадигани шуки, олимдан сермазмун рисола ва китоблар қолди. Бу китоблар яна юзлаб таъби назм шогирдларни тарбиялаб вояга етказди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 44-сонидан олинди.