Огаҳий таваллудининг 200 йиллиги олдидан “Таъвиз ул-ошиқин” девонининг Сайфиддин Сайфуллоҳ томонидан нашрга тайёрланаётганлиги таҳсинга сазовор. Олим “ЎзАС”нинг 2009 йил 4-сентябр сонида Огаҳийнинг ҳозирга қадар чоп этилмаган ғазалларидан бир нечтасини эълон қилди. Биз уларни қониқиш билан мутолаа қилдик. Шу билан бирга, ғазаллар матнидаги нуқсон ва иштибоҳларни кўриб, бироз ташвишландик: бир неча ғазалда аҳвол шу бўлса, девоннинг ялпи матнида сифат қандай бўларкин? Зеро, девоннинг имкон қадар нуқсон ва иштибоҳлардан холи, юқори савияда чоп этилиши тарафдоримиз. Шу боис, эълон қилинган ғазаллар матни юзасидан мулоҳаза ва таклифларимизни баён этишни лозим топдик.
Ғазаллар матнидаги камчиликлар, асосан, форсий изофали бирикмаларни тўғри қўлламасликда, форсий “ё”ларни бир-биридан фарқламай ишлатишда, оддий ўзбекча сўзларнинг араб ёзувидаги шаклини янглиш ўқишда, матнни ҳозирги ёзувга кўчиришда аруз вазнининг қатъий талабларини инобатга олмасликда, ўзбек мумтоз адабиётидаги айрим сўзларни ҳозирги ўзбек имлоси қоидалари меъёрларига мувофиқ акс эттирмасликда, мумтоз ғазал матнининг замонавий мухлисга тушунарли бўлиши учун тиниш белгилари қўллаш имкониятидан етарли фойдаланмасликда кўринади.
Давлатий васлидин эл ичра Сулаймонлиғ топиб,
Ҳалқаи бахти қави илкимда хотамдур манга.
Ушбу байтда “давлати васл” форсий изофали бирикмаси нотўғри қўлланган. Кейинги йиллар матнчилигида пайдо бўлган изофани шундай ёзиш тамойили бу ўринда ҳам сезилиб турибди. “Давлат-и васл” — (васл давлати)даги “-и” қаратқич-қаралмиш муносабатини ифодалашга хизмат қилади. Унинг охирига “-й”ни қўшиб ёзиш хатодир. Чунки бу “-й” — “-и” изофаси билан бирикиб, нисбий сифат қўшимчаси “-ий” шаклини олади ва мухлисни чалкаштириб, матнни нотўғри ўқиб тушунишга олиб боради. Демак, форсий изофа эски ўзбек ёзувида “ё” билан ёзилса ҳам, ҳозирги ўзбек ёзувида “-ий” шаклида эмас, балки “-и” тарзида ёзилади. Иккинчи мисрада тўғри ёзилган “ҳал- қаи бахт” изофали бирикмаси фикримизнинг далилидир.
Изофани акс эттиришнинг нозиклиги шундаки, у аксарият ҳолларда эски ўзбек ёзувида ифодаланмайди, яъни уни ифодалаш учун изофали бирикма таркибида “ё” ёзилмайди. Изофанинг бундай ифодаси тушуниб ўқишга мўлжалланган. Мухлис ёки мутахассис бирикмада изофа борлигини матн мазмунидан келиб чиқиб, билиб ўқиши ёхуд кўчириши лозим. Бу ҳол матнчиларни адаштиради. Натижада, улар бирикмани изофасиз ўқиб кўчирадилар. Қуйидаги байтда ана шундай ҳол юз берган:
Жаҳолат бир давосиз дард эрур жоҳилға, билгилким,
Қулоқ солмас илож дардига гар очса Луқмон лаб.
Бироқ касални иситма ошкор қилганидек, иккинчи мисрада изофа етмай турганини оҳанг сакталиги сездиради. Мисрада изофанинг йўқлиги мазмун аниқлигини хиралаштириб турибди. Мисра таркибида “илож-и дардига” изофали бирикмаси бор. Изофа жойига қўйиб ўқилиши билан мазмун равшан тортади.
Матнларда изофанинг “-и” белгисини “вов” – “у” ҳарфи билан алмаштириш ҳоллари бор.
Ҳар тун келиб қошимға очиб юзинг гулини
Жаннат киби етургил базмимға зеби оро.
Ушбу байтда “зебу оро” боғловчили бирикмаси “зеби оро” изофали бирикмасига айлантирилган. “Зеб” билан “оро” сўзлари орасида эски ўзбек ёзувида “вов”, ҳозирги ўзбек ёзувида “у” ҳарфи борки, у изофани эмас, балки тенг боғловчи “ва”ни ифодалайди. Бу ҳам матнчилигимиздаги типик хатолардан бири бўлиб, унга баъзан қўлёзмаларда изофа ўрнида “вов” ҳарфини ёзиб, котибларнинг ўзлари ҳам сабабчи бўладилар. Лекин матн тадқиқотчиси мазмунга зарар етказувчи бундай қусурни нуктасанжлик билан илғаб олиши ва янги матн яратишда уни ислоҳ этиши лозим.
Форс тилида саккиз хил “ё” бўлиб, матнчилик ва матншунослик уларнинг маънолари ҳамда қўлланиш хусусиятларини яхши фарқлашини тақозо этади. Ўзбек мумтоз матнларида энг кўп қўлланадиган “ё”лардан бири изофа “ё”си бўлса, яна бошқа бири “ё”-йи ваҳдат ва “ё”-йи накарэ”, яъни “бирлик ва ноаниқлик “ё”-йи”дир. Ушбу “ё” ҳам сўз охирида келиб, сўз ифодалаётган нарса-тушунчанинг бирлигини, ягоналигини, айрим ҳолларда, “қандайдир бир” маъносида ноаниқлигини билдиради. Жумладан, у қуйидаги байтда “замоне” сўзида қўлланган бўлиб, “қандайдир бир замон” маъносини англатишга хизмат қилган:
Керакдур хизмат аҳлиға замони қилмаса таъхир,
На хизмат амриға тебратса гар ҳар гоҳ султон лаб.
Мазкур “ё”ни Порсо Шамсиев каби атоқли матншуносларимиз изофа “ё”сидан фарқлаш учун ҳам, эълон қилинган матндагидек “-и” шаклида эмас, балки “е” шаклида ифодалашни мақсадга мувофиқ, деб топганлар.
Мумтоз матнларимизда “хўй”-“хай”, ”киби”- “кеби”, “ўйла”- “уйла” сингари турли шаклдаги сўзлар кўп учрайдики, уларнинг қайси шаклини қўллаш маъқуллиги ҳақида матнчилигимиз ва матншунослигимиз ҳамон ягона ҳамда қатъий тўхтамга келган эмас. Уларни турлича қўллаш эса, мумтоз адабиётимиз матнларини тушунишда қийинчилик туғдиради. Таҳлил этилаётган матнлардан қуйидаги байтдаги “хўй” сўзининг қўлланиш хусусиятларига тўхталайлик:
Кулбам сари, нигоро, келгил шитоб айлаб,
Гулдек узоринг узра хўйдин гулоб айлаб.
Байтдаги “хўй” сўзи “тер” маъносини англатади. Бу сўз мумтоз матнларимизда “хай” шаклида ҳам қўлланади.
Тун оқшом келди кулбам сори ул гулрух шитоб айлаб,
Хироми суръатидин гул уза хайдин гулоб айлаб.
Гарчи сўз “хойи хутти” (х), “вов” (в) ва “ё” (е) ҳарфларидан таркиб топиб, “хуй” ёзилса ҳам, маълум сабабга кўра, у “хўй” ва “хай” деб ўқилади. “Навоий асарлари луғати”да ҳам сўзнинг “хўй” ва “хай” шакллари берилган (671-бет). Бунинг сабаби шуки, сўзнинг айнан шундай ёзиладиган – “хў”, “хўй” пароними бор. У одат, феъл-атвор, табиат маъноларини англатади.
Лаҳза-лаҳза чиқтиму чектим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаю, ул шўхи бадхў келмади.
“Бадхў” сўзи “ёмон феъл-атворли”, яъни “ваъда бериб, ваъдасига вафо қилмайдиган” маъносини ифодалаб турибди. Матншуносликда “тер” маъносидаги “хўй”дан “феъл-атвор” маъносидаги “хўй”ни фарқлаш мақсадида “хай” шаклини қўллаш тажрибаси юзага келган. Биз мумтоз матнларимиз нашрида унификация, яъни бир хилликка эришиш мақсадида ҳам “тер”ни ифодаловчи сўз ўрнида “хай” шаклини қўллаш маъқул, деган фикрдамиз.
Оддийгина ўзбекча сўзни янглиш ўқиш ҳолати қуйидаги байтда намоён бўлган:
Олмашгали нечаким дилкашдурур,
Бўлмади себи занахдонингча хўб.
“Олмашгали” сўзи байтнинг мазмунини мавҳумлаштириб турибди. Мазмун ва мантиқ нуқтаи назаридан диққат билан мутолаа қилинса, иккинчи мисрада “себи занахдон” – маъшуқанинг силлиқ, нафис, дўмбоқ бағбақаси ҳақида тавсиф бор. Бундан биринчи мисрада шунга монанд бир нарса қиёсан таҳлилга тортилганлигини англаш мумкин. Матнга шу нуқтаи назар билан синчиклаб разм солсак, “олмашгали” аслида “олма шакли” деб ёзилганлигини кўрамиз.
Олма шакли нечаким дилкашдурур,
Бўлмади себи занахдонингча хўб.
Мана, энди байт саҳиҳ ҳолатга келди. Ундан: “Олма шакли ҳар қанча дилкаш бўлса ҳам, гўзалликда сенинг бағбақангчалик дилтортар бўла олмади” мазмуни тўғри ва тўлиқ англашилди.
Иштибоҳли ўринларга келсак, “Бўлғон дуоси мақбул арбоби фақр ҳақи” мисрасида вазн охирги сўз яна бир “қ” қўшиб, “ҳаққи” ёзилишини талаб қилади.
Ҳусн ичра сен қуёшсен, тегрангда ул дилраболар,
Саргашта заррадурлар юз изтироб айлаб —
байтида “ул” сўзи ортиқчалиги сезилади. “Хиром айлардаҳу сўзларда чун қадду лабин кўрдум” мисрасида “ҳу” ўрнида “ву” ёки “ва” боғловчилари қўлланиши тўғри бўларди.
“Ким муъийн ул сарфарози насли одамдур манга”, “Токи ёр эҳсонидин шаъни муъаззамдур манга” ҳозирги имло қоидалари меъёрига мувофиқ ёзилса, “Ким муайян ул сарафрози насли Одамдур манга” ва “Токи ёр эҳсонидин шаъни муаззамдур манга” каби тушунарлироқ ҳолатга келарди. Бунда аслиятдаги мазмун ва бадиият ҳам тўлиқ тикланарди.
Қуйидаги мисраларда ундалма билан боғлиқ тиниш белгиси қўллаш қоидасига риоя қилинмаган:
Огаҳий, ул ой қилибму илтимосимни қабул…
Ҳолимға қил тараҳҳум, эй соқийи дилоро…
Қил Огаҳий дуосин мақбул, Кирдикоро.
Кулбам сари, нигоро, келгил шитоб айлаб…
Раҳм этмас, Огаҳий, ул золим агар йўлида…
Зидловчи боғловчилардан олдин вергул қўйиш қоидаси қуйидаги мисраларда унутилган:
Назокат махзанида оғзидур дурри адам, лекин…
Ошиқинг кўбдур, вале эрмас бари…
Матнларда яна бошқа турдаги тиниш белгиларини қўлламаслик ёки ўринсиз қўллаш ҳолатлари мавжуд. Керакли ўринларда тиниш белгиларини, албатта, ишлатиш матн мағзини чақиш ва ўзлаштиришга ёрдам беради.
Кейинги пайтларда соҳанинг қилни қирқ ёрадиган мутахассисларидан маслаҳат олмай китоблар чиқариш тамойили пайдо бўлди. Бу илм кишиларига ярашмайдиган ҳол.
Рафиддинов Сайфиддин Сайфулло ўғли кейинги йилларда ўнлаб китоблар нашр эттириб, жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди. Унинг ўтган йили чоп эттирган Атойи “Девон”и ҳам матншунослигимизда сезиларли ҳодиса бўлди. Умидвормизки, Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин” девони ҳам юқори сифат ва савияда китобхонларимиз қўлига етиб боради.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 43-сонидан олинди.