Бир неча йил муқаддам Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейига юзи нурли, қиёфаси улуғвор бир аёл кириб келди ва музей экспозицияси билан танишиш истагида эканлигини айтди. Навоийга эҳтироми юксак зийрак нигоҳли бу аёлдан суҳбат давомида кимлигини сўрашга истиҳола қилдим, аммо хаёлимдан у озарбойжонлик машҳур олима Жаннатхоним Нагиева бўлса керак, деган ўй ўтаверди. Адашмаган эканман…
Опа кўргазмаларни томоша қилар экан, Навоий ижодини ўрганган олимлардан профессор Ҳамид Сулаймон ва академик Ҳамид Орасли суратлари олдида бир муддат маъюс туриб қолди. Сўнгра залдан чиқар эканмиз, нимтабассум билан: «Азбаройи Алишер Навоий ижоди билан узоқ шуғулланганим ва бу ҳақда кўп чиқишлар қилганим учун мени Озарбойжонда “Навоийнинг қизи” дейишади», деб қолди.
Филология фанлари доктори Жаннат Нагиева Озарбойжонда Алишер Навоий ижоди билан кўп йиллардан бери изчил шуғулланиб келаётган ва бу борада салмоқли тадқиқотлар қилган олимадир. Унинг Навоий асарларининг Озарбойжондаги қўлёзмалари ва Навоийнинг озарбойжон адабиётига таъсири ҳақидаги докторлик диссертацияси ҳимоясида таниқли ўзбек навоийшунослари ҳам қатнашган эдилар.
Ж.Нагиеванинг Навоий ижодий мероси юзасидан ўнлаб мақолалари ҳамда “Бакинские рукописи Алишера Навои” (Боку, 1986) ва “Навои и азербайджанская литература (XV — XIX вв.)” (Тошкент, 1990) китоблари чоп этилган. Олима изланишларини давом эттириб “Озарбойжонда Навоий” номли салмоқли тадқиқотини ҳам эълон қилди.
Китобнинг мундарижаси жуда бой. Тадқиқотда Навоийга бағишланган аввалги илмий ишларига кирмаган янги маълумотлар, янгича мулоҳазалар айтилган, салмоқли манбалар қамраб олинган. Китобнинг “Навоий Низомий ҳақида” фаслида Низомий даҳосининг ҳазрат Навоий тафаккуридаги ўрни ва, албатта, бу мавзудаги аввалги тадқиқотларда айтилган фикр-мулоҳазаларнинг мантиқий хулосаси ўрин олган.
“Навоий асарлари қўлёзмаларининг Озарбойжонда тарқалиши масаласига доир”, “Алишер Навоий шеърлари жунг(баёз)ларда” ва “Озарбойжон классикларининг асарлари Навоий кутубхонасида” номли фаслларда манбашунослик нуқтаи назаридан жуда қимматли маълумотлар келтирилган. Масалан, Низомий асарларининг энг гўзал ва нодир нусхалари Навоийнинг кутубхонасида сақланганлиги ҳақида айрим қимматли фактлар келтирилган.
Тадқиқотнинг кейинги қисмларидаги “Навоий ва XV — XVII аср озарбойжон адабиёти”, “Кишварийнинг Алишер Навоийга муносабати”, “Навоий ва Фузулий”, “Содиқий Китобдорнинг Навоий билан яратувчилик алоқасига доир”, “Навоий ва XVIII — XIX асрлар озарбойжон адабиёти”, “Навоийнинг XVII — XIX асрлар озарбойжон адабиёти билан алоқасини шартлантирган жиҳатлар”, “ХХ асрда Озарбойжонда Навоийга муносабат”, “Навоий даҳосининг Озарбойжонда ўрганилиш тарихига доир” ва “ХХ аср озарбойжон шоирларининг Навоий ижодиёти билан алоқаларига доир” фаслларнинг номидан ҳам кўриниб турибдики, китоб олиманинг адабий алоқалар масаласи доирасидаги муҳим илмий кузатувларидан таркиб топган. Шунингдек, китобдаги бир неча фактлар ўзининг янгилиги билан аҳамиятли бўлиб, улар олиманинг зукко назаридан далолат беради. Мисол учун, Содиқ Китобдор ва унинг тазкираси ҳамда шу орқали Навоий ижодиёти билан алоқадор ўринлар ёки Фузулийнинг Навоий асарларидан ўрганган жиҳатларини ёритишда Ж.Нагиева ўзининг дақиқ кузатишларини китобхон билан ўртоқлашади. Бир ўринда олима шундай ёзади: “Шеърда санъаткорлик масаласига келсак, Фузулий ўз устози (Навоий назарда тутилмоқда — О.Ж.) анъаналарини давом эттириш билан бирга, лиризмнинг энг гўзал намуналарини яратди. Фузулий Навоийдан олган ҳар бир фикрни поэтик жиҳатдан оригиналлаштириб, янги лирик ва романтик оҳанг билан муайянлаштирди”.
Китобнинг баъзи ўринларида муаллиф XIX аср ўзбек шоирларидан Амирий ва Адо ҳақида ҳам тўхталади. У Амир Умархон давридаги адабиётга бўлган юксак эътибор, жумладан, Фузулий асарларининг нусхаларидан бир нечаси ўша вақтда кўчирилгани ва улар ҳозирда Озарбойжон ФА Қўлёзмалар институтида сақланиши ҳақида маълумот беради. Яна шу фонддаги Султонхон Адо Аҳрорий (вафоти 1836 йил) томонидан тартиб берилган бир манба ҳақида ҳам хабар беради. Шуниси эътиборлики, асосан, рубоийлар жамланган бу нодир қўлёзмада Навоий ва Фузулий рубоийларидан бир нечаси Адо тарафидан рубоий-мустаҳзод қилинган экан. Масалан, Навоийнинг:
Соқий, мени хор-хордин айла халос,
Кел, гул юзунг оч, баҳордин айла халос.
Ё май беру интизордин айла халос,
Ё ўлдурубон, хумордин айла халос —
рубоийсини Адо шундай рубоий-мустаҳзодга айлантирган:
Соқий, мени хор-хордин айла халос,
эй сода юзум.
Кел, гул юзунг оч, баҳордин айла халос,
жон афрўзум.
Ё май беру интизордин айла халос,
оғриди кўзум.
Ё ўлдурубон, хумордин айла халос,
эшит бу сўзум.
Ж.Нагиева тадқиқотида озарбойжонлик бир қатор мумтоз ва замонавий шоирларнинг Навоий ижодиётидан бағоят таъсирланганликлари кўплаб мисоллар ёрдамида кўрсатиб берилган. Китоб ниҳоясидаги иловада эса “Озарбойжон машҳурлари Навоий ҳақида” ва “Навоий ғазалларига мумтоз озарбойжон шоирларининг тахмисларидан” (Кишварий Табризий ва Нобари Қора Алиевнинг бештадан мухаммаслари, Микоил Сайдининг икки мухаммаси, Ҳайдарий Табризий, Киромий ва Ҳусайннинг биттадан мухаммаслари) намуналар ўрин олган. Бу каби жиҳатлар олима тарафидан алоҳида эътиборга олинишининг нақадар тўғри бўлганлигини унинг қуйидаги фикри ҳам кўрсатиб турибди: “Навоийнинг юзага чиқиши билан озарбойжон — ўзбек адабий алоқаларининг тарихида янги ва мароқли ҳодисалар бўй кўрсатганини кўрдик. Навоийнинг тили, истеъдоди, санъаткорлик қудрати, асарларининг руҳи, шакл ва мазмуни уни озарбойжон халқига боғлади, севдирди…”.
Навоийшунос олима Жаннат Нагиеванинг бу китоби нафақат Озарбойжон, балки Ўзбекистондаги аҳли илм учун ҳам муносиб туҳфа бўлди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 28-сонидан олинди.