Жаҳон шеъриятида XIII асрда пайдо бўлган сонет жанри ўтган даврлар мобайнида янада сайқал топиб, турли шаклларга эга бўлди. Аслида илк сонетчилар қадим Прованс ўлкасида яшаган ўрта аср трубадур (провансча: trobador — топқир) шоирлар эди. XII аср охирида Италиянинг Сицилия ва Тоскане вилоятларига келиб қўним топган трубадурлар маҳаллий шоирлар билан ижодий ҳамкорликда янгича шеърий жанр — сонет (италянча: sonetto — аниқ қолипли жарангдор шеър)ни кашф қилдилар. Кейинчалик ”янги хуштаъб услуб” (италянча: dolice stil nuovo) дея ном қозонган бу шеърий жанрда буюк Данте севгилиси Беатричега бағишланган ишқий мисраларини битади. Унинг издоши Петрарка ижодида сонет янада юксакликка кўтарилди. Шоирнинг маҳбубаси Лаурага бағишлаб ёзган сонетлари ўз муаллифи номини жаҳон шеърияти шоҳсупасига олиб чиқди. XVI асрда сонет Францияга кўчиб ўтиб, Пйер де Ронсар ва дю Белле сингари гуманист шоирлар ижодида етакчи ўрин эгаллади.
Ниҳоят, XVI аср охирида сонет инглиз шеъриятига ҳам кириб келди. Томас Уайет, Филип Сидней ва Эдмунд Спенсер сингари гуманист шоирлар ўз ижодида сонет жанрини янада такомиллаштирдилар. Буюк шоир ва драматург Уильям Шекспир сонетнинг ”инглизча шакли”ни яратиш билан бирга, уни ҳам мазмунан, ҳам бадииян юксак даражага кўтарди. Масалан, Данте ва Петрарка давридаги ”классик сонет” шакли ўн тўрт мисрали бўлиб, у икки қисмга — актава (саккизлик) ва сестата(олтилик)га бўлинган. Ўз навбатида, актава иккита тўртликка, сестата эса иккита учлик(терцета)ка ажратилган. Сонетнинг Шекспир яратган янги шакли ҳам ўн тўрт мисра бўлса-да, кўриниши ”классик сонет”дан бирмунча фарқ қилади. Даставвал учта тўртлик, охирида эса хулосаловчи икки мисра алоҳида келади. Қофиялар ўрни эса биринчи тўртликда abab, иккинчисида cdcd, учинчисида efef ва охирги иккиликда gg кўринишида бўлади.
Cонет жанри қоидасига биноан, унда фақат бир сюжет ифодаланган бўлиши зарур. Дастлабки мисрадаёқ мазмун баён қилиниб, кейинги мисраларда у ривожлантирилади, образлар талқини, контраст ҳолатлар ва ишқий кечинмалар меъёрига етказиб таърифланади. Сўнгги икки мисрада эса воқеликнинг ечими қарор топади. Сонет муаллиф томонидан муайян бир шахсга: маҳбуба ёки дўстга йўлланган бўлиб, ўзида ишқий ёхуд ахлоқий мазмун касб этувчи яхлит кўринишдаги асардир.
Шекспирнинг “Сонетлар” (Sonnets) китобини илк бор 1609 йили ношир Томас Торп чоп эттирган. Шоир замондоши, адабиётшунос Франсиз Мерезнинг таъкидлашича, аслида Шекспир ўз сонетларини 1592—1598 йиллар орасида ёзиб тугатган. Бу тўпламга шоирнинг 154 та сонети жамланган бўлиб, асарлар мазмунидаги фалсафий теранлик, лиризм устуворлиги, кўтаринки кайфият ва мусиқавийлик ўқувчини ўзига ром этади. Лирик қаҳрамон, яъни шоир ўзининг алпжусса, хушсурат дўсти жаноб W.H.га садоқатини ва қорасоч, буғдойрангюз хоним(the Dark Lady)га муҳаббатини ошкора баён айлайди. Қизиғи шундаки, “Сонетлар” китобининг титул варағидаги “Ушбу сонетларнинг ёзилиши (begetter)га асосий сабабчи бўлган пинҳоний дўстим, жаноб W.H.га бахт-саодат ва узоқ умр тилаб қоламан”, деган жумла ечими устида шекспиршунослар ҳозирга қадар бош қотирадилар. Шоирнинг сир тутган садоқатли дўсти ким бўлгану, таърифини келтираётган маҳбубаси ”қорасоч, буғдойрангюз хоним” ким эди? Ҳозиргача Шекспир сонетлари ҳақида юзлаб мақола ва тадқиқотлар яратилган, Гёте, Вордсворд, Оскар Уайлд сингари сўз усталари уларни таҳлил қилиб, юқори баҳолаганлар. Бироқ улардан бирортаси ҳам шоир ўз сонетларида пинҳон тутган қадрдон дўсти W.H.нинг ёхуд кўнгли мойил бўлган хонимнинг исму шарифини аниқ айта олмаган.
Шекспиршунослар шоир сонетларини, одатда, икки қисмга бўлиб талқин қилишади. Биринчи қисмга 1-дан то 120-га қадар, яъни муаллифнинг ”сирли дўсти”га бағишлаган сонетлари, иккинчи қисмга эса 128-дан 152-гача, яъни ”қорасоч, буғдойрангюз”ли хонимга бағишланган сонетларини киритадилар. Олимларнинг кўпчилиги биринчи қисмга мансуб сонетларида Шекспир қадрдон дўсти ва саройдаги паноҳи граф Саутгемптонни таърифлаган дейишса, бошқалар шоирнинг кенжа замондоши граф Уильям Ҳерберт (W.H. — бу ҳарфлар инглизчада унинг исм-шарифига мос келади — М.Х.) тасвирланган, дея исботлашга уринадилар. Нима бўлганда ҳам сонетларда тасвирланган бу хушқомат малласоч йигитнинг шоир кўнглига яқин бўлгани сезилиб туради. Сонетларда таърифланганидек, шоир маълум вақт навқирон дўстидан йироқлашиб ”қорасоч, буғдойрангюз”ли хонимга эргашади. Ниҳоят маҳбубасининг бевафолигини англагач, ундан меҳри совийди, муҳаббати сўна бошлайди. Шоир 139-сонетида рашк ва изтиробини маҳбубасига тавозе билан шундай баён қилади:
Феълингда пинҳонки ноҳақлик, ёлғон —
Оқламоққа мажбур қилмоғинг бекор.
Ундан кўра синдир кучни куч билан,
Макр ила сен мени этма ярадор.
Ўзгани сев, аммо учрашган замон
Кўзларингни мендан олиб қочма ҳеч.
Ишқинг сақлагувчи кўксим беқалқон
Киприкларинг гарчи ялонғоч қилич.
Кўзларинг қудрати ўзингга аён.
Мендан нигоҳингни узиб, оқибат —
Ўзгаларнинг кўксин оларсан нишон,
Ки менга кўрсатмоқ бўларсан шафқат.
О, шафқатингни қўй! Нигоҳинг майли
Ўлдирса ўлдирсин ишқим туфайли.
(Русчадан Ю.Шомансур таржимаси.)
Охир-оқибат шоир севгисига номуносиб бевафо ва енгилтак хонимдан воз кечишга уриниб, ишқ азобида ғамуҳасрат чекади (142—152-сонетларда), қадрдон дўстига садоқатини исботламоқчи бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Шекспир сонетларининг аксар қисми мазмунан лирик қаҳрамоннинг муҳаббат йўлидаги иқрорини, таъбир жоиз бўлса, тоат-ибодатини мадҳ этади. Лирик қаҳрамон қалбида жўш ураётган ишқ туйғуси унинг маънавий қиёфаси ва ўзи яшаётган жамиятга муносабати билан уйғунликда тасвирланади.
Энди Шекспир сонетларининг тарихий тақдири ҳақида икки оғиз сўз. ”Сонетлар” китоби шоир ҳаёт даврида бошқа нашр қилинмайди. Ҳатто 1623 йили чоп қилинган Шекспир асарларининг тўлиқ нашрида ҳам сонетларга ўрин берилмаганди. 1640 йилга келибгина шоир Жон Бенсон Шекспир сонетларини китоб ҳолида қайта чоп эттиради. Бенсоннинг ёзишича: ”Шоир сонетлари унинг трагедия, комедия ва хроникалари каби китобхонлар даврасида шуҳрат қозонолмади. Сабаби, гуманистик кайфиятдаги бу сонетлар Ренессанс ғояларининг инқирозга юз тутаётган йилларида бирмунча эскирган, ўқувчида янгича кайфият уйғотаётган шоир Жон Доннинг мураккаб метафоралар талқинидаги лирикасига ўз ўрнини бераётган эди”.
Инглиз буржуа инқилобидан сўнг, аниқроғи, 1660-йилларга келиб бадиий адабиётда классицизм меъёрлари ҳукмронликни қўлга олади. Классицизм назариётчиси, драматург Жон Драйденнинг ёзишича, бу даврда Шекспир ва Жон Дон сингари мумтоз шоирлар унутила бошланди. Ҳатто уларни ўз асарларида инглиз адабий тили меъёрларини бузганликда айбладилар. Хуллас, мустабид монарх тузумининг ғоявий қуролига айланган классицизм адабиётининг қатъий қолипга бўйсунувчи қоидалари ҳур фикрли, эркин услубда битилган Шекспир сонетларини четга суриб қўйган эди.
XVIII асрга келиб Шекспир драматургиясига қизиқиш қайта уйғонган бўлса-да, унинг сонетлари ҳамон китобхон назаридан четда эди. Масалан, Шекспир ижодининг тарғиботчиларидан бири Жорж Стивенс 1793 йили адиб асарларини қайта нашр қилдираркан, тўпламга ёзган сўзбошисида: ”Биз бу нашрга Шекспир сонетлари ва поэмаларини киритолмадик. Сабаби китобхонда уларга нисбатан қизиқиш йўқ”, деган фикрни билдиради.
XIX аср бошида инглиз романтизми шоирлари саъй-ҳаракати туфайли Шекспир сонетлари ҳаётга қайтди, ўз ўқувчиларини топди. Романтизм шеърияти яловбардорларидан бўлган Сэмюэл Тэйлор Колриж ўзининг Шекспир ижоди ҳақида ўқиган маърузаларида, уни, аввало, шоир деб билишни, ”хуштаъб мазмунли” сонетларини қайта-қайта ўқиб, мағзини чақиб, сўнгра уларга ҳаққоний баҳо беришни таклиф этади. Яна бир романтик шоир Жон Китс биродарига йўллаган мактубида: ”Мен уч дона китоб харид қилгандим. Улардан бири Шекспир ”Сонетлар”и эди. Мен олдин ҳам ўзга шоирлар қаламига мансуб сонетларни ўқигандим. Бироқ улардан Шекспир сонетларидагидек илиқ таассурот олмагандим, завқланмагандим”, деб ёзганди. Хуллас, сўнгги икки аср давомида Шекспир сонетлари Европа ва ўзга қитъаларда машҳур бўлди, китобхоннинг эътиборини ўзига қаратди.
Ўтган асрда Шекспир сонетларини рус тилига Б.Пастернак, С.Маршак, А.Финкель сингари шоирлар маромига етказиб таржима қилдилар. Ҳатто Самуил Маршак Шекспир сонетлари таржимаси учун 1948 йили давлат мукофотига сазовор бўлди. Сонетларни таниқли шоирларимиз Мақсуд Шайхзода ва Юсуф Шомансур русча таржималардан ўзбек тилига ўгирдилар. Буюк сўз устаси Шекспир таваллудининг 445 йиллигини қарши оларканмиз, шоир сонетларидаги хуштаъблик, теран мушоҳада, муаллиф қалбини банд этган самимий муҳаббат ва эзгу истакларнинг бугун ҳам тириклигининг, китобхонни фикрлашга чорлаётганининг шоҳиди бўламиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 28-сонидан олинди.