Таниқли адиб Омон Мухторнинг «Навоий ва рассом Абулхайр» китоби инсон умрининг мазмуни, инсоннинг, инсонийликнинг моҳияти ҳақида. Адиб бу муаммоларни буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди мисолида ёритишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган. Навоий баҳона тарих ва замон, кеча ва бугун, одам ва олам, оталар ва болалар, шахс, жамият ва оила, виждон, ор ва номус, дўстлик ва аҳиллик, ҳушёрлик ва лоқайдлик ҳақидаги тушунча ва туйғулар ифодаси ўртага тушган.
Китоб иккита мустақил романдан ташкил топган. Шунга қарамай, айтиш жоизки, улар яхлит асарнинг икки бўлаги сифатида ўқилади, уқилади. Улардаги мантиқий алоқадорлик шундай хулосага имкон беради.
Биринчи асар «Ишқ аҳли», деб номланган. Романда хотира услубига устиворлик берилган. Бу услубнинг афзал жиҳатлари хусусида адабиётшуносликда минг йиллик тажриба тўпланган. Олдинданоқ айтиш мумкинки, Омон Мухтор учун бу усул жуда қўл келган.
Рассом Абулхайр ҳақидаги хотира шаклидаги дафтарларнинг биринчисида шундай битикларни ўқиймиз:
«Ёшим 60 га яқинлашди.
Шоирнинг бутун умри!
Ўзимни тоғ этагидаги чумолидек сезмоқдаман».
«Фақат меҳр билан ҳеч нарса қилолмайсан.
Фақат орзу билан иш битмайди».
«У – бир осмон.
У – бир Уммон.
Қамраш қийин!»
«Навоий тўғрисида юзлаб китоблар ёзилган.
Аммо кўнглим тўлмади.
Буларнинг аксарида у тирик одамдан кўра кўпроқ девордаги суратга ўхшайди».
Роман аввалидаёқ асар қаҳрамони билан муаллиф позициясининг уйғунлашиб кетганини, уларнинг нутқи бир бутунликни ташкил этаётганини ҳис этиш қийинмас. Дарҳақиқат, «Ишқ аҳли» анъанавий романчилик андозаларида ёзилган асар эмас.
Навоий даҳосини бадиий тадқиқ этиш осонгина амалга ошадиган юмушлар сирасига кирмайди. Бугун улуғ шоирнинг қиёфасини яратиш, уни бадиий жиҳатдан инкишоф этиш учун эса, ёзувчиликнинг ўзи камлик қилади. Бу ишда ҳақиқий жамиятшунос, тарихчи, файласуф, элшунос, руҳшуносларнинг салоҳияти ҳам тақозо этилади.
Қолаверса, бу мавзу биринчи марта қаламга олинаётгани йўқ. Навоий сиймосини яратишга уринишлар ўз тарихига эга эканлиги ҳам яхши маълум. Турли жанр ва йўналишлардаги шеърий асарлар, Ойбек, Иззат Султон, Уйғун сингари атоқли адибларнинг кенг эътироф этилган асарлари китобхонларимиз қалбидан муносиб ўрин олган. Демак, мавзуни ёритиш, истакдан ташқари, журъат ва қатъиятни ҳам талаб қилади.
«Ишқ аҳли»да Навоий тимсоли кенг қамровда кўрсатишга ҳаракат қилинган. Бунда аллома шахсияти тасвирига асосий урғу берилган. Инсон шахси оламдаги хилма-хил ҳодислар силсиласи билан боғлаб тасвирланган. Бу боғланишларсиз инсонни тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун бўлса керак, Омон Мухтор нигоҳимизни ҳазрат Навоий шахсиятининг ранг-баранг қирраларига тортади. Зеро, «бизнинг авлодимиз Навоийни яхши билмайди». Китобда бунинг сабаблари ҳам теран бадиий тадқиқ этилган.
Навоий даҳоси самовий мезонлар билан баҳоланиши лозим, заминий андозалар бунга камлик қилади. Ёзувчининг бизга бераётган биринчи хулосаси бу. Аммо у бу хулосага шунчалик келиб қўя қолмаган. Аниқроғи, хулосага китобхоннинг ўзи ҳам мустақил ҳолда етиб келиши учун муаллиф кўп тер тўккан, шунга шароит ва имконият яратган. Зотан, унинг улуғ шоир ижодиёти таҳлили ва талқинлари ўзи улкан меҳнат.
Биргина, Навоийнинг замондошларига, хусусан, Ҳусайн Бойқарога муносабатлари ҳозиргача жиддий ўрганишни талаб этадиган муаммолардан саналади. Бунга олимлар ҳам, ижодкорлар ҳам турли нуқтаи назарлардан ёндашишга ҳаракат қилиб келишади. Шунга қарамай, талқинларда кишининг кўнглини тўла қаноатлантира олмайдиган нуқталар кўплаб топилади. Омон Мухтор ҳам шу муаммога янгича нуқтаи назар билан қарагани очиқ сезилиб туради. Булар нималарда кўринади? Биринчидан, ёзувчи ҳодисанинг асл моҳиятини кўрсатишга, «ташқаридан аралашишлар»ни четлаб ўтишга ҳаракат қилади. Иккинчидан, энг тўғри талқин йўли сифатида ижодкор шахсиятига, унинг психологиясига теран назар ташлаш йўлларини излайди. Учинчидан, Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро муносабатларини Навоийлар оиласи билан темурийлар муносабати қамровида бадиий таҳлил қилади. Шу тариқа, Навоийнинг отаси ва темурийлар мавзусининг янги қирраларини кашф этиш асносида, Навоийнинг Ҳусайн Бойқарога ва Ҳусайн Бойқаронинг Навоийга муносабатларидаги кўз илғамас нозик жиҳатларни, мураккабликларни батафсил тасвирлашга ҳаракат қилади.
Очиқ айтиш керак, муаллифнинг бу уринишлари бесамар кетган эмас. Улар китобхонда катта қизиқиш ва табиий завқ уйғотади. Бунинг учун эса, ёзувчининг жуда катта ижодий меҳнатни амалга оширганини эътироф этиш керак. У тарихий ҳақиқат ва бадиий имконият ўртасидаги олтин оралиқни топишга астойдил уринган. Бунинг учун керак бўлса, тарихий ҳужжатларни, илмий, адабий манбаларни, халқ оғзаки ижодига мансуб афсона, ривоят ва латифаларни ҳам жалб қилган. Ўрни келганда айтиш керакки, мана шу «жалб этиш»ларда бироз меъёр чегараларидан ўтилган ҳолатлар ҳам учрайди.
Умуман олганда эса, романда буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг болалигидан бошлаб умрининг охиригача бўлган ҳаёт йўли кутилмаган янгича талқин ва услубда ёритиб берилган. Навоий руҳиятини идрок этиш учун, биринчи навбатда, унинг ўз асарлари моҳиятига кириш, уларнинг мағзини чақиш, улардаги реал ҳаёт излари ва хаёлот маҳсуллари уйғунлигини яхлит ҳолда тасаввур этиш лозим бўлади. Буларнинг ёнида тарихий воқеалар, бу воқеалар силсиласида эса, алоҳида олинган тарихий шахсларнинг ўрни, уларнинг ўзаро муносабатлари, ички кечинмалари, шахсий фазилатлари ҳам назардан четда қолмаслиги керак. Асарни ўқиган кишида бу талаблар ёзувчининг диққат марказида турганлигига ишонч пайдо бўлади.
«Ишқ аҳли»да Навоийнинг буюк шоир ва мутафаккир, фавқулодда йирик давлат арбоби, нодир Шахс бўлиб етишувидаги оилавий, маърифий, тарихий, илмий, ижтимоий муҳит синчиклаб таҳлил қилинади. Бунда ёзувчининг бадиият қонунларини четлаб ўтмасликка, ўша қонуниятлар меҳварида туриб ҳаракатланишга урингани эътиборлидир. Навоий ва оилавий муносабатлар, Навоий ва шахсий ҳаёт, Навоий ва алоҳида шахслар, Навоий ва жамият сингари йўналишлар китоб саҳифаларида меҳр билан тасвирланган. Булар асосида Навоийнинг оламга ва одамга муҳаббати, Навоий ва ишқ масаласи устивор мавқе тутади. Омон Мухтор ҳатто Навоий ва Гули мавзусини ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Бунда улуғ шоирнинг ўз асарларига мурожаат этиб, «даллилар»ни Навоийнинг ўз ижодий меросидан саралайди ва уларни гўзал, барқарор мантиқ тизимига келтиришга ҳаракат қилади.
Навоий шеъриятидаги «ёр»нинг манзилини аниқлаштиришга интилишлар ҳам табиий ва самимийлиги билан ажралиб туради. Унинг Оллоҳ, шоҳ, халқ, оддий гўзал инсон, маҳбуба сингари талқинлари мароқлидир. Айниқса, ҳозиргача Навоий тақдиридаги номаълум Гўзал талқинига бағишланган саҳифалар ўқувчини эътиборсиз қолдирмайди. Омон Мухтор ҳазрат Навоийнинг ўз асарларидан, шеърий мисраларидан ниҳоятда гўзал лирик ҳикоялар тузади. Уларни мантиқнинг таранг ипига маржондаги алоҳида дурлар каби битталаб териб чиқади, натижада том маънодаги янги ва ҳузурбахш бадиий олам яратилади.
Омон Мухтор тасвирлаган Навоий самимий ва доно, мутафаккир ва ошиқ, тиниб-тинчимайдиган ижод соҳиби ва зукко давлат арбоби, беҳудуд ҳайрат ва битмас-тугунмас завқ эгаси, нодонлик ва жаҳолатнинг душмани, қатъиятли ва кескин, айни пайтда босиқ, мулоҳазакор шахс сифатида намоён бўлади. Энг муҳими, ўқувчига бошқа хулосалар қаторида қуйидаги умумлашмалар ҳам ҳавола этилади: «Навоий шундай бир зотки, уни бир умр ўрганмай илож йўқ…».
Асарнинг тили ҳақида алоҳида тўхташ жоиз. Тарихий мавзулардаги асарларнинг кўпида эскирган сўзлармиз, тарихий сўзларимизнинг қалаштириб ташланишига кўп дуч келганмиз. Омон Мухтор бу борада ҳам меъёр мантиғига мустаҳкам таянган. У зарурий ҳолатлардагина мурожаат этиш билан кифояланади. Ифодаларнинг аниқлиги, ихчамлиги, мантиқий ўткирлига эса асарга фавқулодда таъсирчанлик бағишлайди: «Алишер Ҳусайн даврида яшаган шоир эмас, Ҳусайн – Алишер даврида яшаган шоҳдир!», «Умуман, улар бир-бирига сира ўхшамаган Икки Инсон эди…».
Китобдаги иккинчи роман «Буюк фаррош» деб номланган. Бу асар ҳам Навоий ҳақида. Навоий ҳақида ҳар куни, ҳар даврада гапириш керак. «Бизда бешикдаги бола ҳам Навоий номини билади». Бу «Ишқ аҳли»даги мантиқни инкор этадиган гап эмас. Бу — ҳаётий ҳақиқатнинг намоён бўлиш шаклларидан яна бири, холос.
«Буюк фаррош»да Навоий шахсиятидаги энг нозик нуқталар фавқулодда ўткир зеҳн ва савқитабиий билан топилганлигига иқрор бўлиш керак. «Ўз боши учун эмас, бошқалар учун ҳам! – дунёдаги барча айбу гуноҳлар учун ҳам ҳар қандай диёнатли инсон жавоб бериши керак».
«Буюк фаррош»да иккита ёнма-ён ҳодиса тасвири давом этади. Бу, бир томондан, бевосита ёзувчининг шахсий ҳаёти ва, иккинчи томонда, буюк Навоий тасвири. Шахсий ҳаёт тасвирининг ўзиёқ китобхонни лоқайд ва эътиборсиз муносабатда бўлишига йўл қўймайди. Зеро, инсон қалбига «тегиб кетадиган», уни жунбишга келтирадиган лавҳалар оз эмас (Шаҳриянинг бетоблиги, унинг касалхонадаги ҳолати билан боғлиқ тасвирлар).
Моддий ва маънавий ҳаёт уйғунлиги ҳақидаги жумлалар аслида ижодкор шахсига, муллиф нуқтаи назари орқали эса бутун инсониятга тегишли хулосалар сифатида жаранглайди. Асардаги лирик қаҳрамон тилидан айтилган: «Мен умримда кўп оғриқли шовқинларни эшитдим.
Мен умримда кўп нохуш манзараларни кўрдим.
Лекин мени Алишер ҒАФЛАТДАН УЙҒОТДИ» сингари эътирофлар китобхонни лоқайд қолдирмайди, балки уни фаол муносабатга, ҳаётга нисбатан, буюк Навоийга нисбатан катта меҳр ва муҳаббат билан қарашга ундайди, унда Навоий асарларини ўқиш учун буюк иштиёқ ва рағбатнинг уйғонишига сабаб бўлади.
Навоий учун «оламда ошиқлик — иш, ишқ — эш» бўлганлигини тасвирлашга романда салмоқли саҳифалар ажратилган. Тасвирга тортилган ҳодисаларнинг теран нигоҳ билан кузатилганини, ҳар бир кичик детал устида ҳам кучли мантиқ тарозиси ҳамда унинг рўпарасида нозик бадиият кўзгуси турганлигини ҳис этиш қийин эмас. Воқеаларнинг барчаси Навоийнинг Абдулла Ансорий мақбарасида «жорубкаш» мақомига интилиши ва шу жараёндаги ҳодисалар тасвири билан алоқадор. Навоийнинг ҳажга бориш истаги, унинг узлатни ихтиёр этиши сингари оддий ҳаётий воқеалар замирида ўша давр тарихий ҳодисалари қайта мушоҳада қилинади. Уларга бадиий-эстетик баҳо берилади.
Ҳиротнинг ўша пайтдаги маданият ва санъат маркази бўлганлиги қайд этилар экан, тасвирда шундай жумлалар ҳам учрайди: «Бу – қанчалик Ҳусайнинг ҳимматидан бўлса, шунчалик тенг Алишернинг шарофатидан эди».
Навоийнинг мамлакат ва юрт равнақи, унинг фаровонлиги, тинчлиги, осойишталиги учун олиб борган курашлари ҳаётий лавҳаларда кўрсатиб берилган. Илм-ҳунар эгаларига кўрсатган меҳри, шафқати, ҳомийлиги яхши ёритилган.
Қуйида келтирилаётган жумлаларда Навоий шахсиятининг бутун қамрови ўз зиддият ва силсиласи билан кўрсатишга бўйсундирилган: «Алишер аниқ мақсад, фидокор меҳнат, журъат-жасорат эгаси. Кучли, шиддатли, ҳатто исёнкор руҳ унинг ҳар бир сатрида барқ уриб турибди. У ўзини ҳам, бошқаларни ҳам аямайдиган муросасиз ҲАҚИҚАТПАРВАР. Шу билан бирга ўта шафқатли, чумолига озор етса, жони оғрийдиган инсон».
Китоб мутолаасидан келиб чиқадиган муҳим хулосалардан бири шуки, Навоий билан яқинлашган киши, Навоий асарларини мутолаа қилган қалб ёмонлик ва разолатдан узоқ бўлади, аксинча, эзгулик ва гўзалликка ошно бўлади. Унинг замондошларимизга, айниқса, ёшларга кўрсатадиган ижобий таъсири, тарбиявий имкониятлари ниҳоятда катта. Шулардан бири сифатида унинг юртдошларимизга буюк бобокалонимиз, сўз мулкининг шаҳаншоҳи бўлган ҳазрат Навоий ҳаёти ва ижодидан ўзига хос сабоқ беришини кўрсатиш мумкин.
Асардаги кўплаб қаҳрамонларнинг бадиий талқини замондошларимизни эзгу ва хайрли ишларга, олам ва одам ҳақида тегишли хулосалар чиқаришга ундайди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 23-сонидан олинди.