Домла Ғулом Каримовни биринчи марта 1961 йил баҳорида университет филология факултетидаги бир анжуманни бошқараётган пайти кўрганман. Ўшанда устоз мажлисни қатъият билан олиб борган, нигоҳлари ўткир, гаплари салмоқли, фикрлари теран эди. Кенг пешона, қирғий бурун, сочлари бир оз сийрак алломасифат инсоннинг халқимиз тили билан айтганда, салобатли ва файзли одам экани шундайгина билиниб турарди. Навбатдаги нотиққа сўз бергани ўринларидан турганда, тингловчиларни назорат қилгандек, бир сония тин олиб, баланд ва келишган қоматларини тиклаб, кейин гапирар эдилар.
Ғулом Каримов мумтоз ўзбек адабиётининг энг сўнгги босқичи – “ХIХ аср иккинчи ярми ва ХХ аср бошлари ўзбек адабиёти” курсини ўқирдилар. Биринчи бор “экспансия сиёсати” деган гапни улардан эшитганман. Биз таҳсил олаётган йиллар чоризмнинг Туркистонга қилган босқинчилик уруши ҳақида ижобий маънода гапириш одат эди. Аввало, “босқинчилик уруши” ўрнига “ихтиёрий қўшилиш” тушунчасини қўллаш маъқул кўрилган. Аммо домламиз юрак ютиб, “экспансия сиёсати”, яъни босқинчилик режаларини аниқ далиллар билан исботлаб бергандилар. Бу ўринда Петр I 1722 йили Муравьёв исмли капитанни Хоразмга юборгани ҳамда 1863 йилда Вамберининг Ўрта Осиёга қилган саёҳатини шарҳлаш орқали бу сафарлардаги ҳарбий мақсад тафсилотлари, жаҳон бозоридаги мураккаб вазиятлар оқибатида юртимизга қилинажак тажовуз режалари маърузачи эътиборидан четда қолмаганди.
Айни чоқда Муқимийнинг “Московчи бой таърифида”, “Вексел”, “Воқеаи Виктор бой” каби сатирик асарлари шоир дунёқарашидаги “ихтиёрий қўшиб олинишга” бўлган муносабат сифатида таҳлил этилган. Капитализмга тайёр бўлмаган ўлканинг турфа янгиликлардан нафаси бўғилгани очиқ айтилганди. Домла сиёсий лириканинг XIX аср ўзбек адабиётига хос намунасини Муқимийнинг “Сайлов” ғазали мисолида кўрсатиб берганлар. Шеърда ифодаланган ўша давр сайлов тизимига доир иллатлар демократ шоирнинг дунёқараши сифатида кўрсатилганди.
Ғулом ака маърузаларидаги бир фазилатни асло унутмайман. Хусусан, устоз бирор шоир ҳақида маълумот берганда кўпинча санъаткорнинг шахсий одат ва хусусиятларини ҳам ҳикоя қилардилар. Муҳими, бу ҳикоялар маърузанинг расмий оҳангидан ҳоли бўларди. Улар аслида кимдандир олинган маълумот эмас, балки шу воқеанинг иштирокчисидан эшитилган хотира сифатида қадрли эди. Хусусан, Муқимийнинг ниҳоятда улфат, дилбар шахс эканини таъкидлаш учун устоз шоирнинг ош дамлаш усулини айтар эдилар. Ғулом ака курсимизда яхши ош дамлайдиган Ёмғир Ўрозовдан (Бурчмуллага фольклор экспедициясига чиқилганда у бир неча бор ош дамлаган эди) “Гуруч неча марта ювилади”, деб сўраб қолдилар. Ёмғир: “Уч марта”, деб жавоб берди. Шунда домла: “Ана, кўрдингизми? Уч марта… Муҳаммад Аминхўжа ошнинг гуручини етти марта ювинглар”, деган дея мийиғларида кулиб қўйдилар. Бу кулгининг сабабини мен кейин тушундим: университетда ишлай бошлаганимдан кейин Ғулом ака билан жуда кўп гап-гаштакларида қатнашган бўлсам, улфатчилик учун ош дамлаганда ҳар сафар гуручни етти марта ювиш кераклигини айтардилар. Домла маърузаларида Фурқатнинг Тошкентдаги ҳаёти, шоир Муҳйининг ижоди, Завқийнинг косиблиги ҳақида ҳам жуда кўп қизиқарли воқеаларни айтиб берганлар.
Талабалик йиллари Ғулом Каримовнинг Муқимий ва унинг адабий муҳити мавзусидаги докторлик диссертацияси ҳимоясида катта қизиқиш билан қатнашганмиз. Ўшанда Ойбек домлани шу ерда илк бор кўрганман. Ҳимоянинг бошидан охиригача ҳар бир чиқишни эътибор билан тинглаб, бирор маъқул гап айтилганда кўзларини янада чарақлатиб: “Яхши, яхши”, деб қўяр, бутун вужуди билан Ғулом Каримовни қувватлар эди. Мен бу таассуротни талаба ва ўқувчиларга Ойбек ижодидан сабоқ берганда ҳануз айтиб юраман.
Ғулом Каримов ўзбек адабиёти кафедрасига раҳбарлик қилар экан, кейинчалик факултетда замонавий адабиёт, адабиёт назарияси йўналишидаги кафедралар ташкил топишида ҳам хизматлари беқиёс бўлган. Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмов, Анвар Ҳожиаҳмедов, Умарали Норматов, Бегали Қосимов каби адабиётимизнинг таниқли арбоблари домлага шогирдликни ифтихор билишган. Кафедра аъзолари қатъий интизомга бўйсунишган. Айни пайтда бирон марта домланинг ўзлари топшириқ бериш билан банд бўлиб, ишдан четда турганларини сезмаганмиз. Бир гал менга Иззат Султоннинг “Адабиёт назарияси” китобига тақриз ёзиб келишни буюрдилар: “Маданият газети билан гаплашдим, иккаламиз мақола қилиб берамиз”, дедилар. Саккиз-тўққиз бетлар чамаси мақола ёздим. Келишилган куни домланинг қўлларида ҳам шу мавзуда ўн саҳифадан ортиқ мақола нусхасини кўрдим. Бир хонага кириб уч соатга яқин ишладик. Мен ёзганимдан қайси ўринлар қолишини белгилаб чиқдик, шу принцип домланинг қўлёзмасига ҳам тегишли бўлди. Кейин иккала матнни менга топшириб, таҳририятга топшириладиган нусхани тағин кўриб чиқишимизни айтдилар. Келгуси ҳафта яна икки соатга яқин ишладик. Ҳар бир жумла, ҳар бир сўз қайтадан назардан ўтди. Анвар Ҳожиаҳмедов ва кафедрадаги бошқа ходимлар ҳам ҳали-ҳануз домланинг бундай ибратли иш услубини эслаб юрадилар. Шу тариқа биз илмий иш устида ишлаш ва шогирдларга сабоқ беришни ўзлаштирдик, айни чоқда, биров ёзган мақолага ўз номимизни тиркамайдиган бўлдик.
Бир куни одатдагича бир дарс муҳокама қилинадиган бўлди. Кафедранинг ҳамма аъзолари машғулотнинг ижобий жиҳатини таърифлай бошлашди. Одатга кўра мажлиснинг якуний хулосасини кафедра мудири айтиши керак эди. Ғулом ака: “Мен сизларга ҳайронман, — деб гап бошладилар. — Шу машғулотни дарс деяпсизларми? У талабаларнинг ташқарида юрмаслигини таъминлади, холос. Агар ҳаммамиз шундай дарс ўтсак, ишни йиғиштириб қўяйлик. Алишер Навоий ижоди ҳақидаги маъруза бошқача, илмий бўлиши керак”, дедилар ва мулоҳазаларини исботлаб бердилар. Маърузага қўйиладиган илмий талаблардан тортиб, нотиқ нутқидаги ҳар бир сўзнинг ўрни, ҳатто талаффуз қоидаларигача вазмин оҳангда тушунтирдилар. Домла ҳамкасблари машғулотларига мана шу тарзда қатнашиб, фикрларини рўй-рост айтиб турардилар.
Яна бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. “Ўзбекистон маданияти” газетасида Муқимийнинг қайсидир ҳужжат учун тушган расми эълон қилинди. Ҳамма Муқимийнинг расми топилганидан хурсанд, бироқ домланинг кайфияти йўқ эди. Асаблари таранглигини сезиш қийин эмасди. Сабабини сўраганимизда “Расмдаги Муқимий эмас, бу одам бир деҳқон бўлса керак, — дедилар. — Муқимийнинг қиёфаси тамоман бошқача бўлган”. Тўрт-беш ой ўтгач, тағин ўша газетада “Менинг отам нега Муқимий бўлиб қолди?” деган мазмунда раддия босилди. Шундан кейин мен Ғулом Каримов илмий тадқиқот олиб бориш жараёнида Муқимий қиёфасини аниқ тасаввур қилганликларини англагандай бўлдим.
Домла шахматни хуш кўрар, кафедрадаги самимий муҳитнинг сақланишида бунинг аҳамияти катта эди. Кўпинча Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, баъзан Раҳматилла Иноғомов ва мен ўзига хос мусобақа ўтказардик. Домла ютуқларимиздан қувониб, шахмат тарихидан қизиқарли воқеаларни ҳикоя қиларди. Бир подшоҳ шахматни қиморга ўйнар экан. Бир куни бутун давлатию бойлигини ютқазиб қўйибди. Охири гаровга Дилором деган севикли ёри қўйилибди. Таассуфки, бу сафар ҳам шоҳдан омад юз ўгирибди. Ночор аҳволда қолган шоҳ жонига қасд қилай деб турганида, қўшни хонадан қўшиқ эшитилибди. Унда: “Ду рух бидеҳу аспи Дилороми мадиҳ”, деб куйланаётган эмиш. Маъноси: иккита рухни қурбон қилиб, от билан Дилоромингни сақла”, экан. Шоҳ шахмат тахтасига зеҳн солса, олдинма кейин рух билан шох бериши, рақиб рухларни мажбуран олганидан сўнг от билан мот қўйиш йўли бор экан. Шоҳ ёрининг маслаҳати билан ҳам уни, ҳам давлатини сақлаб қолибди. Дилоромнинг қўшни хонадаги яширин тирқишдан ўйинни бошидан охиригача кузатиб турганини айтган домла юртимизда аёллар ҳам шахматини яхши ўйнаганликларини ғурур ва ифтихор билан таъкидлаганди.
Устознинг оилавий ҳаётлари ҳам ибратли эди. Маъфират аянинг Ғулом акага бўлган меҳри ва ҳурмати чексиз эди. Аввало, мудом хонадонлари эшиги очиқ эди. Қайси фасл бўлишига қарамай дастурхонларида ҳамиша норин бўларди. Қимматбаҳо атирдан бўшаган идишда сирка, майда тўғралган мурчли пиёз канда бўлмасди. Домламиз келган меҳмоннинг ёши ва унвонидан қатъи назар келин аямиз билан хизматда бўлар эдилар. Ғулом Каримов суратию сийрати билан ҳақиқий ўзбек зиёлиси эди.
Устознинг саъй-ҳаракатлари боис XIX аср иккинчи ярми ва ХХ аср бошлари ўзбек адабиётини ўрганиш бўйича ҳақиқий илмий мактаб яратилди. Биз ўзимизни Ғулом Каримов шогирди дейишдан фахрланамиз. Устоз ва келин аямизнинг охиратлари обод бўлсин.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 22-сонидан олинди.